Лола Аслбекка турмушга чиққанида навниҳол қиз эди. Эндигина ўн саккизни қаршилаган соҳибжамол. Аслбек эса ундан беш ёш катта, оиласининг тўнғич ўғли. Бир кўришдаёқ Лолани ёқтирди. Севги нималигини ҳали тўлиқ англамаган қиз ҳам кўз очиб кўрган ёрига кўнгил қўйди. Уни бошидаги тож, деб билди. Қайнонаси мард аёл экан. Ёлғиз ўзи икки қиз ва бир ўғилни вояга етказган. Лолани яна бир қизим деб қабул қилди. Билмаганини ўргатди.
Кексалар таъбири билан айтганда, Лола бу уйда туб қўйиб, палак ёзишга интилди. Келинчак қадами қутлуғ бўлиб, Аслбек мансаб пиллапоясидан кўтарилди.
Бир йил ўтмай ўғли туғилди. Аслбекнинг муҳаббати икки кара ошди. Қолеварса, чақалоқ ҳам ўзи билан омад олиб келди. Отанинг мартабаси яна кўтарилди.
Лола қайнонасини ҳам, қайнсингилларини ҳам ўз жигарлари қаторида билди. Беминнат хизмат қилди. Улар ҳам ўз навбатида келинни қадрига етишарди. Бирин-кетин қизлар узатилди.
Йиллар ўтиб борарди. Аслбекнинг ишлари юришгандан юришди.
Лола келин бўлиб тушган уч хонали пастқам уйлар қасрмонанд иморатларга алмашди. Ҳовлида қўшалоқ машиналар турарди.
Лоланинг ҳам бир боласи уч бўлди. Қайнонасининг йўлидан кетди. Бир ўғил ва икки қизнинг онасига айланди.
Ҳаммаси яхши, ҳаммаси чиройли эди...
Лекин кутилмаганда Аслбек иккинчи хотинга уйланиш ҳақида сўз очди.
- Сен онам билан яшайверасан. Мен унга “дом” олиб бераман. Бориб келиб яшайвераман, - деди эри. Лола шу вақтгача эридан тарсаки емаганди. Мана шу гап унга тарсаки ўрнини босди. Жим эшитди.
- Ойижонга нима дейсиз? - деб сўради Лола.
- Онамга индамаймиз, - деди Аслбек. - Онам билиши шартмас. Фақат Севаранинг ота-онаси кўнмаяпти. Шу сабаб сен совчи бўлиб борсанг... менимча улар рози бўлишади.
Бу гап ҳаммасидан ошиб тушди. Аёлнинг ичидан нимадир узилгандек бўлди. Ўғли ўн олти, қизи ўн бешга, кенжаси ўн иккига кирай деганда, эрининг бу ишидан кўнгли ранжиди. “Ўзинг совчи бўлиб борасан!” бу нима дегани? Қайси аёл бахтини бўлишгиси келади? Қайси аёл кўз очиб юмганини ўз қўли билан ўзга аёлнинг қучоғига топширолади?
Аввалига Лола кўнмади. Йиғлаб-сиқтади. “Болалар катта бўлишяпти. Бу шаштингиздан қайтинг”, деди. Йўқ, эридаги истак сўнмади. Қайтанга янага аланганланди.
“Эрини бошқа аёлга уйлаб қўйган аёл жаннатий бўлади. Сен жаннатий аёл бўлишни танламайсанми? Мен сендан рози бўламан шунда”, деб қўшимча қиладиган бўлди.
Бир ой Лоланинг ҳаёти азобда ўтди. Ташида кулиб юргани билан, ичидан адойи тамом бўлаёзди. Бир-икки қайнонасига оғиз очгиси келди-ю, лекин айтолмади. Она ва боланинг орасини бузиб қўйишдан чўчиди.
Ва ниҳоят Аслбек ғалаба қозонди. Лола чорасиз рози бўлди. Ўзига оро бериб, эри учун совчиликка борди.......
Бўлажак кундошининг дарвозасидан кириб бораркан, ичи тутдек тўкилди. Ҳеч бир аёл бундай азобни татимасин. Бу шундай заҳарки, ичишга ичасану, кейин ўлиб ўлолмай юрасан.
Қиз бўлмишнинг онаси шаҳарда номи чиққан бойваччага қиз беришга қаршилиги йўқлигини билдирди.
- Қизимизни берсак, Аслбекдек йигитга берамизда. Фақат сиз томондан қаршиликлар, қандайдир ёмонликлар бўлмайдими, ишқилиб, ўргилай? Ҳар холда, эр бермоқ жон бермоқ, дейишади, - синовчан тикилди қизнинг онаси.
Лола титраб кетди. “Шу жойгача келганим камми? Бу аёл устимдан кулаяптими? Эҳ, Асилбек ака, шу кунларни ҳам раво кўрдингиза?” Ичидан сим-сим тўкилди сўзлар... лекин сиртида сездирмади. Доимгидек ним табассум билан тураверди.
- Опажон, шу ергача келганим Севарахонга муносабатимни билдирмаяптими? Бегимиз истаптилар, биз қандай қаршилик қиламиз? – аёл Лоланинг кўзларига қаттиқ тикилди. “Алдамаяпсанми? Ичингда адо бўлаяпсанку”, деган маъно бор эди унинг нигоҳларида...
Лола бошини хам қилди.
- Ҳа, энди сўрадим қўйдим. Йигирма бешга кирса ҳам қизимни кундошликка бергим йўқ эди. Аслбекни таниганимиз учун, Севарахоннинг кўнгли унда бўлгани учун қаршилик қилмадик.
Хуллас, патир ушатилди. Розилик берилди. Лола эрини хотинли, ўзини кундошли қилишга шайланиб қайтди. Бир ҳафтадан сўнг тўй белгиланди. Аслбек миннатдорчилик билдириб, занжир совға қилди. “Зўрсанда, Лола! Манави совчилик қилганинг учун”, деб қўлига тутқазди эркак. Илгаригидек қучишлар бўлмади. Шунчаки ўзига оро берганча, бўлажак келинникига ошиқди эри. Уни кўриб баттар эзилди аёл. Лекин сиртига чиқармади.
Охирги бир ҳафта Лоланинг юраги оғриб юрди. Ҳаммасини ичига ютиш Лоланинг танасига оғирлик қилди. Юраги кўтаролмади.
Ўша куни эрталабдан эри барвақт уйғонди. Ҳафсала билан соқол қиртишлади. Ўзига оро берди. Янги костюм-шимни кийди. Лола эрини жим кузатаркан, ўзларининг илк келин-куёвлик пайтини эслади.
Ўшанда Аслбек унинг ёнида парвона эди. Ниманидир баҳона қилиб, ичкарига чақирволарди. Тушликка ҳам, кечки овқатга ҳам, албатта ўз вақтида кириб келарди.
Мана энди эса... бу эркак бошқа келинчак томон ошиқмоқда.
Аёлнинг юраги ўзининг борлигини сездириб, нотинч урди. Симиллаб оғриган кўксини қўллари билан босди. Ойнадан жуфтини кузатаркан, кўзларидан икки томчи ёш думалади.
Ҳамма нарса тайёр. Аслбек уйдан чиқишга шайланиб турган маҳал, дарвозанинг кичик табақаси зарб билан очилди.
Аввал қайнонаси, сўнг катта қайнсингил кириб келишди.
- Аслбек! – боласини бақириб чақирди она. Важоҳатидан от ҳуркарди. Ўн саккиз йил бирга бир уйда яшаб қайнонасини бундай ҳолатда кўрмаганди. – Қаердасан, Аслбек!
Эр-хотин уй ичидан югуриб чиқишди.
- Нималар қилиб юрибсан, бола? – Малоҳат опа боласига жуда қаттиқ тикилди. – Нималарни бошлаб юрибсан? – кўзи Лолага тушди. – Сизчи, Лолахон, нималар қилаяпсиз? Мен ўлганманми? Бир уйда бир том остида яшаб, мендан шунчалик сир тутдингизми? Сизни қизларим қаторида кўргандимку, Лола...
- Ойижон, нима қилибман? - довдираб қолди аёл.
- Қайси юз билан эризга хотин сўраб бордиз? Бир оғиз манга айтдизми? Ўзизча оналик қилиб эризни уйлантириб қўймоқчи бўлдизми?
- Ойижон, бу киши... – эрига қараб ўзини оқлашга уринди.
- Бас, сиз ўзизча иш қиладиган бўлдизми? Онамга билдирмасдан бунақа ишлар қиладиган бўлсангиз, боринг уйингизга... болалар шу ерда қолишади, сиз кетинг, - деб ўдағайлади катта қайнсингил.
- Уятсиз, қўлингга уч-тўрт сўм пул тушиб, босар-тусарингни билмай қолдингми? Болларинг бўй етганда яна хотинсираб қолдингми? Мен нега ёлғиз қолганим, ёдингдан чиқдими? – Малоҳат опанинг йиллаб қалби тубига кўмилган аламлар фарёд янглиғ отила бошлади. – Отангни татар хотинга уйланиб кетгани учун ажрашгандик, эсингдами? Хиёнат менинг ҳаётимдан бир марта бўлади, қайта такрорланмайди. Менинг оиламда бу иш бир марта қилиндими, икинчи марта қилинмайди.
- Ойижон, - тушунтирмоқчи бўлди Аслбек........
Ойижон, демайсан, агар ҳозир остона ҳатлаб кўчага чиқсанг, ана ўша қизга уйлансанг... мани она дема. Ўша ерга йўқол... умман қорангни кўрсатма. Болаларни ўзим катта қилволаман. Отангсиз ўлиб қолмадим. Сенларин қандай катта қилган бўлсам, сенсиз ҳам ўлиб қолмайман! Отангданг кечдимми, сендан ҳам кеча оламан! Ёдингда тут, шу остонадан қадам ташлаб, бошқасига уйланаркансан, мени онам дема! - Сиз эса кетинг, кўзимга кўринманг. Катта хотин бўлиб ўзича эрини уйламоқчи бўлганмиш... болалирингизни ўйламадизми? – қайнонанинг нигоҳлари унга қаратилди.
Лоланинг юраги дош беролмади. Ўзига нисбатан айтилган гаплар шусиз ҳам узилиб турган баргни узиб юборди. Юрагини чангаллаганча ҳушини йўқотди. Ўлдим, деб ўйлаганди. Йўқ, болаларининг бахтига Худо уни қайтариб берди. Охирги ой ичидаги юрак сиқилишлар асабийликлар натижасида микроинфаркт ташхиси қўйилди.
Тўй бўлмади. Қайнона бўлмиш қуда томонга бориб, ҳаммасини тугатиб келди.
Лола ўн беш кунга қадар касалхонада даволанди.
Касалхонадан чиққан куни Аслбек уни худди янги келинлигидек кутиб олди. Уни касалхонадан олиб, тоғ бағрига олиб кетди. Қўлларини тутиб, узр сўради.
- Болалигимда онамнинг кўп йиғлаганини кўрардим. Билардим, отам туфайли эканлигини... бироқ онам ажрашгандагн сўнг умуман кўз ёшини кўрсатмади. Жуда кучли аёлга айланди. Мен сени ҳам кучли аёлсан, деб ўйлабман. Мени кечир... сенга берган озорларим учун кечир”, деганча бағрига босди.
Лола индамади. Майин табассум қилди холос.
Ҳовлида қучоқ очиб кутиб олган қайнонасининг бағрига бош қўйиб йиғлади. Кечирим сўради. “Борингизга шукр! Раҳмат”, деди.
Орадан бир йил ўтиб, Лола ва Аслбекнинг хонадонида чақалоқ йиғиси янгради...
ТАМОМ.
Саида Қорабоева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6