ЭГИЗ ҚАБР.
15-қисм.
Қуёш мотам нолаларидан куйиб-ёниб, бўзариб, чарчаб Чотқол тоғларининг
ортига ёнбошлаётган маҳали Ҳасан етиб келди.
У кела солиб оқ чойшабга
ўраб-чирмаб қўйилган онасидан, қолаверса, марҳуманинг бошида кулиб турган сурати ва уст-боши қўйиб қўйилган укаси Ҳусандан минг бад узр сўраб фарёд
қилди:
– Онамизни бериб қўйдик, укажон! Васиятингга рози бўл! Берган умрингга рози бўл, укажон! Кечиринг, мени онажон! Умрингизга яна умр қўшолмадим. Ҳусаннинг ўлимини сиздан яширдим. Бу гуноҳим учун мени кечиринг, онажон!
Мени кечир, эй парвардигори олам!...
Воқеадан бохабар бўлган масжид имоми Эсон қорининг ҳам боши қотди.
У тез маҳалла фаолларини чақиртириб муаммоли масалани ўртага баён қилди. Кўп ўтмай бу ерга Нодирбек ва ҳозиргина Россиядан етиб келган жияни
Ҳасан билан бирга ташриф буюришди.
Ҳасан ўн йил муқаддам юз берган ўша ҳодиса тафсилотлари чоп этилган газеталарни тўпланганлар эътиборига ҳавола қилди. Уларнинг бирида қўшиқ куйлаётган Ҳасан-Ҳусанларнинг сурати босилган бўлиб, “Заречная севимли қўшиқчисидан айрилди”, “Ҳасан-Ҳусан паркида монумент” сарлавҳали мақолаларни кўриш мумкин. Рус тили муаллими Олимжон ака мақолалардан бирини овоз чиқариб ўқиб эшиттирди, йили ва кунини ҳам айтиб ўтди. Эшитувчилар шу ердан олис
ўлкаларга бориб обрў-эътибор топган ака-укаларга таҳсинлар айтишди.
Сўнгра Ҳасан ўртага бир тугун қўйди.
– Бу нима? – сўради имом-хатиб.
– Укамнинг кийимлари. Кейин биз яшаган ўша Заречная қишлоғининг тупроғи,
чой ичган идиши, ўқиган китоби, – деди Хасан тугунни ечиб нарсаларни бир-бир кўрсатаркан.
– Ўзи нима бўлганди? У қандай ҳалок бўлди?
– Заречная қишлоғининг ўртасидан катта дарё оқиб ўтади.
Соҳилнинг у юзида ҳар якшанба куни ярмарка ўтказилади. Мен кўп йиллар ярмаркада қўшиқ айтардим. Ўн йил аввал Ҳусанни ҳам чақириб олиб бирга “Леспром”да ишлай бошладик. Кейин унга ҳам қўшиқ куйлашни ўргатдим. Жўр овозли қўшиқларимиз маҳаллий ахолига жуда маъқул бўлди. У ерда қиш узоқ бўлгани учун одамлар ярмаркага доимо дарёдаги музлик устидан қатнашарди.
Кўпчилик музларни тешиб балиқ ҳам овлашади. Лекин кун тез қизиб кетгани бизга панд берди. Синоптиклар огоҳлантиришганди. Лекин биз концертдан кеч қолаётгандик. Кўпчилик қатори чанғида, от-аравада ўтиб бораётгандик. Бирдан ҳалокат юз берди. Кўз олдимизда музлар тарс ёрилиб, одамлар сувга думалай бошлашди.
Мен ҳам, Ҳусан ҳам сувга ағанадик, сўнгра жон-жаҳдимиз билан муз бўлакларига ёпишдик. Сув жуда ҳам совуқ экан. Бир илож қилиб катта муз бўлакларига илиниб олдик. Бизни муқаррар ўлим ўз домига тортмоқда эди. Шунда мен Ҳусанга қараб “Ҳусан, сен эҳтиёт бўл! Сен яшашинг керак! Мабодо мен ҳалок бўлсам, илтимос онамга билдирма, юраклари дош бера олмайди. Ўрнимга Ҳасан бўлиб бориб тур!” деб қичқирдим. Ҳусан мени тушунди, у ҳам менга жавобан “Ака, агар мен ҳалок бўлсам сиз ҳам шундай қилинг, онамни, болаларимни олдига Ҳусан бўлиб бориб туринг! Онамиз яна яшашлари керак!” деб қичқирди.
Шу маҳал орқадан катта муз келиб урилди. Сув мени ўз домига тортиб кетди.
Қулоғимга укамнинг “Акажон!!!” дея қичқиргани эшитилди, холос.
Жон ҳолатда музлар орасидан чиқиб кетишга уриндим. Лекин иложи бўлмади.
Ўпкам сувга тўлди. Ўзимдан кетдим. Кейин кўзимни очсам касалхонада эканман. Мени ғаввослар қутқариб олиб чиқишибди.
Ҳусан бир ёш болани қутқараман деб ўзи ҳалок бўлибди. Унинг жасади топилмабди. Ўшанда кўпчилик ҳалок бўлди...
Кейин касалхонадан чиқиб бу ерга Ҳусан бўлиб келдим ва бўлган воқеа ҳақида фақат Муштарийга айтиб, ундан буни онамнинг умри охирига қадар сир сақлашини илтимос қилдим. Биз мана ўн йилдирки...
Ҳасан бошқа гапира олмади. Ўпкаси тўлиб кетди. Ўтирганлар “бай-бай-бай,
астағфуриллоҳ” дея бош силташарди.
– Келинимиз Муштарий янгамизни ўз онасидай кўриб меҳр билан парваришлади. Охирги саккиз йил шол бўлиб қолганди, уни ўзи ювиб-таради, – деди
Нодирбек.
– Отасига раҳмат ўша келинни. Катта савобга қолибди, – деди Эсон қори тан бериб. – Сизга ҳам ўғлим, катта раҳмат, волидаи муҳтарамангизни шунча йил умрини узайтиришга эришибсиз. Бу билан укангиз марҳум Ҳусанбойга ҳам, ўзингизга ҳам жаннатни энг мўътабар жойларидан муносиб жой ҳозирлабсиз.
Илоҳим волидаи муҳтарамангиз, қолаверса, укангиз Ҳусанбойнинг борган жойлари обод бўлсин! Сўнгра имом-хатиб ва Қуръон тиловат қилди.
– Таъзияни қай вақтга чақирайлик, мулла ака? – сўради маҳалла оқсоқоли
Ҳакимбек.
– Бугун энди кеч бўлди.
Эртага жума. Худо хоҳласа, тазияни жума масжидида жума номозидан кейин ўтказсак. Онадек мўътабар зотнинг умрига-умр қўшиш нақадар савоб эканини барча уламолар ҳам эшитишсин. Ҳасанбой ўғлимиз, Муштарий келинимиз ўз фарзандлик бурчини қандай адо этганлари барча мўмин мусулмонлар учун ибрат бўлмоғи керак. Айтинглар, қабр ҳам ёнма-ён қўшалоқ тайёрлансин!
Ўша кунлари Муштарий қаттиқ таъсирланди ва вафот этган, ўз онасидек бўлиб
қолган, қайнонасига бағишлаб бир шеър битди:
Фасллар айланар, баҳор йўқ,
Ёз ғамгин, тонг ёлғиз, наҳор йўқ,
Муштипар, мададкор, рухсор йўқ,
Энди бу дунёда онам йўқ.
Қалбимнинг тахтида армон шох,
Кўксима сиғмайди соғинч, ох,
Кўзларим излайди сизни, вох,
Энди бу дунёда онам йўқ.
Бир зум ҳам беташвиш юрмаган,
Халоват нелигин билмаган,
Ўзичун ўйнаб-а кулмаган,
Энди бу дунёда онам йўқ.
Вайрона кўнглимнинг кулбаси,
Кўринмас меҳримнинг шуъласи,
Ҳеч кимнинг ўлмасин онаси,
Энди бу дунёда онам йўқ.
Ҳасаннинг онаси ва укасининг қазоси билан боғлиқ маросимлари бир-бир
ўтказила бошланди: маракаси, еттиси, йигирмаси...
Аммо Ҳасан қирқига қолаолмаслигини айтиб, амакиси Нодирбекдан ўзи бош-қош бўлиб туришини илтимос қилди.
– Ие, қизиқмисан, жиян?! Биз биттамас иккита ўлик чиқардик...
Одамлар нима дейди?
– Мени тушунинг, иш жойимдан фақат йигирма кунга жавоб беришганди холос. Биз давлат ташкилотида ишлаймиз, ахир.
– Қайси давлатни?
– Россиянида.
– Россияда пишириб қўйибдими?!
Ўз юртимизнинг қаери кам? Билиб қўй, йигит кишининг ватанини йўқотгани – ўлгани, тушундингми?! Мана, сен ўша ёққа кетмаганингда Ҳусан ҳам кетмасди, ҳалок бўлмасди, болалари етим қолмасди. Тавба, ҳайҳотдай ҳовлида биргина
келиннинг ўзи ўтирса-я. Юраверасанми уйланмай, лаллайиб?!...
Бирор дардинг борми, ё?... Тўхта-тўхта, сен ҳали ўша ёқда уйланиб олмадингми, ишқилиб? Менга қара, агар ўша ёқда уйланиб олган бўлиб, қайтиб келмасанг Муштарийнинг ҳам жавобини бериб юбораман. Ёш аёл бу ерда нима қилади, умрини ҳазон қилиб? Ундан кўра бирортага тегиб олгани яхши эмасми?
Ҳовли-жойни бўлса сотиб юбораман!
– Йўқ ундай қилмайсиз, амаки!
– Бўлмаса келгинда. Кел, яша! Лекин айтиб қўяй, агар бир йилгача келмасанг,
ҳалиги гап, нима қилишни ўзим биламан, тушундингми?
– Ҳа, тушундим.
– Унда бор кетавер. Ана, катта кўча, оқ йўл! – деди Нодирбек кесатиб қўлини бир силтади.
Бир ёқда хотини Светланани ўйлаб сиқилиб юрганида амакисининг бунақа гаплари ортиқча бўлди.
У Ҳусаннинг ўлимида барибир Ҳасанни айбдор деб биларди.
Шу туфайли амакиси билан ортиқ баҳслашиб ўтирмади. Қандай қилиб бўлмасин Муштарийни олиб кетиш ҳақида ўйлади. Уни олиб бориш хотинининг сўнгги
илтижоси бўлиши мумкин эди.
– Муштарий, – деди келинни бир четга чақириб.
– Лаббай, ака.
– Сизда муҳим гапим бор эди.
– Қанақа гап?
– Юринг, бирор ҳоли жойда гаплашайлик...
Улар ошхонага киришди. Муштарий хотиржам чой дамлади.
У хозирда Ҳасаннинг тасалли беришини кутарди.
– Мен билан кетмасангиз бўлмайди, Муштарий, – деди Ҳасан кутилмаганда у
узоқ жимликдан сўнг.
– Нима? Қаёққа?
– Света сизни кўрмоқчи. Унинг меҳри сизга бўлакча.
– Нима? Кечирасиз ака, лекин бундай гапларнинг хозир мавридимикин? – деди аёл таклифдан ранжиб.
– Ҳа, тўғри айтасиз. Лекин ҳар қандай инсон ўз умри тугаётганини ҳис қилиб
турса дилидаги армонини кимгадир айтишга хақли-ку. Шундай эмасми?
Муштарий ялт этиб қаради. Унинг бу нигоҳида “Нима демоқчисиз, ўзи?” деган
саволни англаш қийин эмасди.
– Билсангиз, Светлана жуда оғир дарга чалиниб қолган. – деди Ҳасан оғир
хўрсиниб.
– Ҳозир унинг аҳволи ёмон. Сизни бир бора кўриш истаги унга тинчлик бермаяпти. Мен бу ерга келаётганимда у шундай хайрлашдики, кўзлари...
Ҳасаннинг кўзидан беихтиёр ёш думалаб тушди. Охирги сўзлари ҳам гўё оғзидан беўхшов тўкилиб тушди.
– Қизиқ, яқингача бунақа гап йўқ эдику? – Ҳайрон бўлиб сўради Муштарий.
– Ҳа, унинг дарди маълум бўлганига атиги уч ой бўлди. Ўтказиб юборибмиз...,
кечикибмиз Муштарий.
– Кечаги ҳафта мен ундан сиз билан тушган суратни олдим. Унинг чеҳраси кулиб турибдику?...
– Мен уни ўша ерга кўтариб олиб боргандим. Ўша ёдгорлик Ҳусанга аталган
ҳайкал бўлади. Ўрик дарахти танасидаги аёл эса бу сиз. Бунда ўша фақатгина
иккимизга маълум бўлган эгиз қоя акс этган.
Муштарийнинг ҳайратдан кўзлари катта-катта очилиб кетди.
– Демак, аслида у бизнинг муносабатимизга бағишланган ҳайкал бўлади денг?
– Ҳа, шунақа. У бизнинг тақдиримиз – ҳаётимиз қўшиғи. Светлана сизни умидвор кутмоқда. Айтадиган муҳим гапи бор, шекилли. Хуллас мен унга сўз берувдим. Йўл ва бошқа харажатлардан кўнглингиз тўқ бўлсин. Фақат болаларингизга қарашга уйга тоғдаги онангизни чақиртирсангиз бўлгани.
Муштарий жиддий ўйланиб қолди. Борса унинг оқибати нима бўлиши ҳақида ўйларди. Қишлоқда турли гап-сўзлар кўпайиши табиий.
– Эшитган қулоққа қандай бўларкин? – Ўсмоқчилаб сўради ниҳоят Муштарий.
– Сиз бекорга эмас, эрингизга қўйилган рамзий қабрни зиёрат қилгани кетяпсиз. Ҳусан чўккан дарё ва “Ҳасан-Ҳусан” боғидаги ёдгорлик пойида марҳум эрингиз руҳи покларига бағишлаб тиловат қиламиз. Менинг оилам, фарзандларим билан танишасиз.
– Яхши. Лекин мен Наманган шахридан нарига бормаган бўлсам...
– Ҳа, дунё кенг, аммо муҳаббат учун у жуда ҳам тор. Бунга сиз тўлиқ амин бўласиз.
– Бўпти. Борганим бўлсин. Лекин қайнонамнинг қирқларигача қайтиб келамизми?
– Агар тинчлик бўлса, Света соғайиб кетса уни ва болаларни ҳам олиб келамиз. Кейин бирга Қурбон булоққа, Терагистонга чиқамиз. Бу Светанинг армони. Мен унга сиз ва ҳаётим ҳақида батафсил гапириб берганман.
* * *
Шундай қилиб қайноға билан келин узоқ сафарга отланишди. Ҳасан қайнотасига қўнғироқ қилиб, боришаётганликлари ҳақида хабар қилди. Светлананинг аҳволи янада оғирлашганмиш. Унга касалхонадан ҳам жавоб бериб юборишди. Туну-кун Ҳасанни йўқлаётганмиш...
Ҳасан йигирма кун аввалги хотинини таний олмади.
У озиб-тўзиб, юзлари баттар сарғайиб, қоши кўзи билан бирлашиб кетгандай, жуссаси қартайиб қолгандай туюлди. Муштарий бўлса уни бутунлай танимади.
Чунки у суратда кулиб турган қизга асло ўхшамасди. Айнан ўша суратни катталаштириб деворнинг кўринарли жойига осиб қўйишибди. Ёнида Муштарийнинг
яқинда юборган сурати ҳам бор эди.
Светлана Ҳасаннинг қўлини оҳиста силаркан аранг “Яхши бориб келдингми,
жоним?” – деди. Сал нарида қизнинг ота-онаси хомуш ўтиришарди.
Она Муштарийга ўтиришга жой кўрсатди.
Муштарий рус тилини яхши билмасди. Ҳасан билан Светлана ўртасидаги
сўзлашувни тушунмаётган бўлса-да, аммо улар ўртасидаги мулоқот нима
хақида эканини қалбан ҳис қилиб турарди.
Бу жуда оғир лаҳзалар, бахтли оиланинг бошига тушаётган мусибат юракни
ларзага солмоқда эди.
– Мен Муштарийни олиб келдим, – деди Ҳасан узоқ кўришиб дардлашганларидан сўнг.
– Вой, растданми?! – деб юборди қиз мовий кўзларини катта-катта очиб.
Чамаси у узоқни ҳам кўра олмай қолганди. Гўё сўниб бораётган аланганинг бир чўғи лоп этгандек туюлди. “Қани у?” дегандек ингичкалашиб бораётган титроқ қўлларини кўтарди. Қўллар бир лаҳза ҳавода муаллақ осилиб қолди.
– Муштарий келинг, бир кўришиб қўйинг, – деди Ҳасан.
– Где она? Пусть… – деди Светлана аланглаб.
– Мана мен шу ердаман, айланай Светахон, – деди ўзбекчалаб Муштарий ва
ётган қизни қучоқлаб олди.
– Ты Муштарий, да. Ангелина ты моя. Вот наконец мы увиделись...
– Да… – деди Муштарий бемор аёлнинг сариқ сочларини меҳр билан силаб
қўяркан.
– Ҳусана похоранили, да? Хороший был парень… Бедная, и маму похоронила… Я очень сочуствую вас. Иди сюда, я тебе что скажу…
Муштарий тушунмади. Аста «Что?» деб қўйди.
– Қулоғингизга бир гап айтмоқчи, шекилли. Эшитинг-чи.
Муштарий қулоғини тутди.
– Муштарий, – деди қиз пичирлаб, – Я тебя очень ждала, понимаешь?...
– Нет, – деди Муштарий секин.
– Ладно, потом... Мама! – дея онасини чақирди.
– Да, доченька. Хочеш, что нибудь?...
– Гостям, накройте стол, пожалуйста и все тут присят-те.
– Хорошо дочка. Пойдемте Ҳасанчик. Пошли Муштарий.
– Пусть она со мной немного останится-а.
– Сиз ёнида қолиб бир зум ўтираркансиз.
– Сизчи, қаёққа?
– Мени нариги хонага таклиф қилишяпти. Кейин бирга тушлик қиламиз Света
сиз билан ҳоли гаплашгиси келяпти, чоғим.
– Майли, харакат қиламан.
Муштарий қизнинг ёнида қолди. Светлана унинг қўлини маҳкам қисди.
Бир-бирларига илиқ табассум ҳадя қилишди. Нигоҳлар тўқнашди. Қизнинг
мовий кўзлари алланималар демоқчидай жовдирарди.
– Эҳ, Муштарий. Я про тебя все знаю. Ты такая прекрасная, мужественная.
– А, ты красавитса, – деди Муштарий ҳам рус тилида гапиришга харакат қилиб.
– Спасибо. Но сейчас я болная и страшная.
– Скоро, ҳалиги…, будеш здорова и поедим к нам, хорошо?
– Нет Муштарий, я умераю, – деди Светлана ва кўзларидан ёш думалаб тушди. – Но я очень хочу жить и поехать с тобой.
– Не плачь. Мы обязательно поедим… Без тебя я никуда к-кетмайман…
Улар бир-бирларини қучиб олдилар. Муштарий ўзидан қойил қолди. Чин дилдан айтмоқчи бўлган сўзлари ич-ичидан рус тилида чиқиб келарди. Бу мўжиза эди,
албатта. Умрида биринчи марта кўриб турган, Ҳасаннинг ҳам қалб қўрғонини эгаллаган мана шу қизга меҳри тобланди, уни энг яқин одами деб билди. У негадир Светлана билан узоқ-узоқ суҳбатлашгиси, дардлашгиси келмоқда эди. “У менинг ҳаётим ҳақида яхши билади, тақдиримдан қайғуради. Демакки, бу қиз ҳам менинг яқин одамим, энг яхши дугонам.
Бизлар бир-биримиз билан олисда яшасак-да, фикримиз, меҳримиз яқин экан. Афсус энди шу яқинимни ҳам ўлим ўзига чорламоқда. Қуриб кетгур қаро ер,
шунча мурда сенга камлик қиляптимиди.
Ахир бу бечора қизнинг гуноҳи нима?...” – деган ўйлар Муштарий хаёлини банд этганди.
– Меҳмон юринг, тушлик тайёр, – деди шу маҳал Светлананинг онаси. – Света,
сен ҳам овқатланиб оласан, хўпми?
– Йўқ, ойижон. Мен ҳеч нима емайман.
– Емасанг бўлмайди, қизим.
– Борақол Муштарий, кейин кирарсан.
Муштарий негадир қизни ташлаб кетгиси келмаётганди.
– Я тебя кушать дам, хорошо, – деди Муштарий.
– Бўлмаса сизнинг овқатингизниям шу ерга олиб келаман, хўпми? – деди аёл Муштарийга.
– Хўп, ойижон. – деди Светлана унинг ўрнига жавоб бериб, – Агар мени Муштарий овқатлантирса, еганим бўлсин.
Она овқат қуйилган мис товоқни кўтариб кираркан, қовоғи билан “Албатта егизинг, хўпми” деб қизининг тарелкасига ишора қилди ва кетаётиб “Кечадан буён туз тотмади, бечора” – деб пичирлаб қўйди.
Муштарий дугонасининг бўйнига сочиқча тутиб худди гўдак болаларни алдаб
егизгандек, ўзбекча эркалаб егиза бошлади.
– Манави даданг учун, – деди у қошиқни олиб бориб – Ана!... Манависи ойинг учун... Ана!... Манави Ҳасан акам учун ... Ана!... Вой айланиб кетай сендан,
асалим...
– Бўлди. Бошқа емайман, – деди қиз ўз тилида.
– Мен учунчи?... Это же за меня... Ана!... Мана оз қолди. Энди ким қолди? Э,
ахир Ойдиной, Темуржонларни унутибмиз-ку. Улар қани-а? Где эти ҳалиги,
дети-а?
– В школе. Сейчас придут.
– Вот тепер за Ойдина будем...
– Э, юк-юк, – деб юборди Светлана ҳам ўзбекчалаб.
– Тогда за Темуржон будим. Он хороший мальчик, да? У Суннат қилинганми?
– Что-что?
– Ҳалиги, чушш..., – Қўлини қайчи қилиб кўрсатди у.
– Что за чушь? – ҳайрон сўради бемор қиз.
Муштарийнинг кўзи қайнатилган сосискага тушди. Бунақа нарсани умрида
емаганди. Хурсанд бўлиб кетди ва уни олиб гўё ўғил боланинг булбулчасига
ўхшатиб кўрсатди. Светлана кулиб юборди ва тўхтовсиз йўтала бошлади.
Бироздан сўнг ўзига келди. Муштарий унинг юз-кўзини артиб қўйди.
– Значит у вас эта “чушь” да?
– Да, – деди Муштарий ва пичоқчани олиб уни иккига бўлиб кўрсатди.
– Эту чушш, вот так режут.
– Тепер тебя понела, как у Ҳасана-да?
– Если понила тогда давай кушать, – деди Муштарий ва сосискани ярмини унинг оғзига солиб, қўйиб қолганини ўзи ея бошлади.
– Значить будем делиться, – деди Светлана бу ҳаракатларни ҳазилга йўйиб.
Светлана руҳан анча тетиклашди. Овқат егани учун танасига бироз қувватга
кирди. Уни кўриб ота-онаси қувонишди. Светлана меҳмоннинг шарафи учун
оқшом барча яқин қариндошларни тўплашни, у ерга иложи бўлса ўзи ҳам
ўтириши мумкинлигини айтиб, илтимос қилди.
– Албатта қизим. Сен истаган дугоналаринг, дўстларингни ҳам чақирамиз. Фақат ўзингни яхши ҳис қилсанг бўлгани.
Муштарий ҳеч ким йўқлигида бемор қизнинг таглигига қўлини солиб текшириб кўрди.
– Нима қиляпсан, Муштарий?
– Хоҳласанг сени чўмилтириб қўяман. Қайнонамни шундай қилардим. Энди сени ўзим қарайман, хўпми?
– Вой қандай яхши. Онам ҳам мени деб ишига боролмаяптилар. Ойи, ойижон!!
– Ҳа, нима дейсан, қизим?
– Бугундан бошлаб менга Муштарий қараркан. Сиз бемалол ишингизга бораверинг. Илтимос, дугонамни ҳаммом, ҳовли-жойимиз билан таништириб чиқсангиз.
– Хўп бўлади, жоним болам. Юринг. Сизни бизга парвардигорнинг ўзи жўнатди. Қизим анча тузук тфу-тфу, кўз тегмасин! Бу докторлар бизни ғафлатга солиб қўйишдида, – деди она.
– Ҳечқиси йўқ. Света яхши бўлиб кетади. Мана кўрасиз. Халиги, сизнинг эчкингиз борми?
– Йўғу, уни қўшнилардан топамиз, нима эди?
– Уни соғиб янги сутидан ичириб туриш керак, – деди Муштарий ҳовли-жой
билан зимдан танишаркан.
Муштарийга Светлананинг ёнидан жой қилиб беришди. Ҳамшира келиб осма
уколини қилиб, қизнинг ҳароратини ва қон босимини ҳам ўлчаб қўрди.
Ташқаридан болаларнинг дупир-дупири эшитилди.
Улар секин-аста кириб ойиларини бир-бир ўпиб қўйишди. Оналари “Ўзимнинг
қуёшчаларим” деб эркалаб қўйди.
– Анави холаларинг билан ҳам кўришингларчи, қани. У меҳмон, Ўзбекистондан
келган, – деди у Муштарийни кўрсатиб.
Болалар чуғурлашиб саломлашишди. Муштарий уларни бир-бир қучоқлаб, ўпишиб кўришди. Қизалоқ Ойдин тўртинчи, Темур эса биринчи синфда ўқиркан.
– Сиз менинг дадамни синглиси бўласизми? – деб сўради Ойдин.
– Ҳа... – деди Муштарий.
– Сизни ҳам болаларингиз борми? – сўради Темур.
– Бор. Ўғлим Сардорбек еттинчи, қизим Меҳрибон бешинчи синфда ўқийди
– Ўғлингиз футбол ўйнашни биладими? – сўради Темур шоша-пиша.
– Албатта. У зўр ўйнайди.
– Болалар, ойиларинг энди дам олмоқчи. Ўз хоналаринга боринглар, – деди
шу маҳал кириб келган ҳамшира.
Ойдин ширин қилиб “Юринг биз билан” деб шивирлаб Муштарийни етаклаб
чиқиб кетди.
Унинг қўнғироқ малла сочлари кўз қошларини тўсиб ўзгача жозиба бериб турар, худди қўғирчоқлар каби ширинтой эди. Светлана уларнинг ортидан мунгли қараб қолди. Осма уколдан оқаётган томчига умид билан тикилди.
“Наҳотки болаларим етим қолишса. Ўтиб кетсам уларнинг аҳволи не кечади?
Уларга бир она керак. Муштарий албатта уларга яхши она бўла олади. Аммо
унинг ўз болалари бор. Кейин у Осиё аёли, бу ерга кўника олмайди. Болаларимчи? Улар жануб қуёшига аста-секин кўникишлари, тилни ўрганишлари мумкин.
Оталари ҳам барибир бу ерларда доимий қололмайди.
У ўз ватанига қайтиб кетади. Эҳ, Ўзбекистонни бир кўрмадимда. Эркаклари
Ҳасандек, аёллари Муштарийдек бўлишса, демак бу юртда яхши одамлар
яшайди. Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ, гуркираб тараққий этаётган давлат
дейишади. Бу ҳақ гап. Ватан уруши даврида Россияликлар Ўзбекистонда паноҳ топишган.
У ер қадимдан илм-фан ривожланган юрт. Демак болаларим у ерга бориб ўқиб-
улғайишса кам бўлишмайди”.
Светлана ана шундай ўйлар билан укол томчилари қачон тамом бўлганини ва
қачон пинакка кетганини сезмай қолди. Туш кўрди.
Тушида у, Ҳасан, болалари ва Муштарий Ўзбекистонда, пахтазорлар, боғлар
ичида юришганмиш. Сўнгра тоғ ён бағрида оқаётган сой бўйида Ҳасан билан
ўтиришганмиш.
У гитарасини чалиб Светанинг энг ёқтирган қўшиғини ижро қилаётганмиш:
Қайдасан севгилим, гўзалим,
Сен менинг борлиғим, асалим
Сен ҳали юракда сўнмаган,
Чироғим, битмаган ғазалим.
Ой бўлиб тунларингда отдим,
Нур бўлиб кўзларингга ботдим.
На қилай, ўткинчи дунёда,
Мен сени топдиму, йўқотдим?!
Светлана кўзини очганида тепасида Хасан гитара чалиб шу қўшиғини ғамгин
куйлаб ўтирар, кўзлари намли эди.
– Ҳасан... – деди қиз оҳиста.
Ҳасан куйлашни бас қилиб хотини унинг юз-кўзидан ўпди.
– Ҳа жоним, тузукмисан?
– Мен ҳозир туш кўрдим. Тушимда Ўзбекистонни кўрдим.
Биз у ерда болаларимиз билан бахтиёр яшаб юрган эканмиз...
– Яхшику. Биз албатта кетамиз...
– Биз билан Муштарий ҳам бирга экан. Кейин мен бирдан йўқолиб қолибман.
Сизлар бирга қолибсизлар, анави эгиз қояга чиқибсизлар. Мен бўлса осмонга
қуш бўлиб учиб кетибман.
Сизлар ва болалар менга қараб қўл силтаётганмишсизлар. Ҳасан...
– Лаббай, жоним.
– Қулоғинга бир гап айтаман.
– Эшитаман, нима дейсан?
– Мен ўлимимни кўраяпман, Ҳасанчик ...
– Йўқ ундай дема. Мени қўрқитма...
– Муштарий яхши аёл экан. Энди кўнглим тўқ. Болаларимизни унга топширсак, нима дейсан?
– Болалар бизники, иккимизники-ку?... – деди Ҳасан қайғуриб бошини сарак-
сарак қиларкан.
– Бечора, ўн йил Ҳусаннинг руҳи билан яшади. Унинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи борку, ахир. Бу умр дегани жуда қисқа бўларкан. Лекин мен яшаган ҳаётимдан
нолимайман. Мен бахтли яшадим. Ўз севганимга етишдим.
Лекин Муштарий-чи?
Унинг юраги яраланган. Фақат Осиё аёлларига хос сабр-бардош уни жисман
соғлом қилиб кўрсатади. Унинг юрагига фақатгина сен малҳам бўла оласан,
жоним.
– Йўғе, нималар деяпсан?
– Бу менинг васиятим. Болаларимни фақат шу аёлгагина ишонаман. Сен ҳали
ёшсан, барибир тоқ ўтмайсан. Муштарийга уйлан, илтимос. Болаларимни бу
ердан олиб кетинглар... – деди Светлана аранг ва тўсатдан юраги ҳаприқа
бошлади.
– Светлана, ҳой, тинчлан! Сенга нима бўлди? Ҳой ҳамшира, қанисиз?!
Нариги хонада овқатланиб ўтирган ҳамшира югуриб кирди ва тезлик билан тинчлантирувчи укол қилди. Бир соатлар чамаси ўтгач, Светлана яна ўзига келди.
Бу пайтда Муштарий болалар хонасида оила албоми билан танишмоқда эди.
У ерда Ҳасан билан никоҳланган кунлари ва Ҳусан билан тушган суратлари ҳам бор экан.
Сўнгра Ҳасан ва Светлананинг пляжда, тушган суратларига кўзи тушди. “Қадди қомати келишган қандай гўзал қиз...” – деб қўйди Муштарий пичирлаб.
Аммо ҳозир унинг озиб, қартайиб қолганини кўриб афсусланди. Болалар унга
қариндош-уруғларлари ва ўзларининг суратлари билан ҳам таништиришди.
Меҳмонни ташқи ҳовлига олиб чиқиб товуғу кабутарларигача кўрсатишди.
Шу маҳал Ҳасан ичкаридан хомуш чиқиб келди.
– Муштарий, Светани кийинтириш керак экан.
У бир жойга олиб бориб келишимизни сўраяпти.
– Майли, ака. Болалар ҳам борадими?
– Йўқ. Улар билан кейин...
Муштарий шошиб кирди. Света кийим шкафига ишора қилди. Кийимларни битта-битта олиб кўрсатди. Спортчаси маъқул бўлди. Уни бир амаллаб кийинтириб
одеалга ўрашди. Григорий Тимофеевич ногиронлар аравачасидан топтириб
қўйганди.
– Боғ узоқми? – сўради Муштарий.
– Йўқ унчалик эмас.
– Ишқилиб беморни уринтириб қўймасмиканмиз?
– Сизга ёдгорликни ўзи кўрсатмоқчи. Нима ҳам дердим.
Хасан қизни кўтариб чиқиб аравага ўтқазди.
– Светлана, ўзингни ёмон ҳис қилсанг дарров айт, ортга қайтамиз, хўпми?
– Хўп.
– Ҳамшираниям олволайликми?
– Йўқ. Керакмас. Айт, кетаверсин.
Улар текис ва озода, дарахтларга бурканган, яшил тўсиқлар ранг-баранг
безатилган пиёдалар йўлаги бўйлаб оҳиста кета бошлашди.
Светлана бир қўли билан аравани итариб келаётган эрининг иккинчи қўли билан ёнма-ён келаётган Муштарийнинг қўлини ушлаб олди. Кайфияти анча яхши эди.
“Парк имени Ҳасана-Ҳусана” деган пештахтадаги ёзувни кўриб Муштарийнинг
юраги хапқириб кетди.
– Наҳотки бу рост бўлса, кўзларимга ишонмайман, – деб юборди у.
– Ҳозир бундан ҳам антиқасини кўрасиз, – деди Ҳасан узоқда, боғ ўртасида
ўрнатилган ёдгорлик хайкалини кўрсатиб.
– Вой, мен уни тезроқ кўргим келяпти. Тезроқ юрсам, майлими?
– Майли... Пусть она побежит.
– Беги Муштарий! Это твоя судьба, твоё счастье!... – деб қўйди Светлана
пичирлаб.
Муштарий ўткан-кетганни ҳайрон қолдириб ҳайкал томон чопди.
У худди ўша ўрикли чўққидаги эгиз қояга ўхшаб кетарди. Фақат дарахтнинг
танасини йўғон қилишибди ва унга илтижо қилаётган аёл тимсолини
жойлаштиришибди
Муштарий унинг қаршисида лол бўлиб қолди.
У шундай ҳайратда эдики, ортидан Ҳасан етаклаган араваси билан етиб
келганини ҳам сезмай қолди.
– Муштарий, – деди Светлана – Кел, сени бағримга босай.
Айтгандай қилишди. Светлана жуда ҳаяжонда эди.
– Сен ўзингга ҳайкал ўрнатдинг, Муштарий.
– Раҳмат Светахон, Ҳасанака! Мен жудаям хурсандман! Бунақасини ҳечам
кутмагандим!... – деди Муштарий ҳаяжон билан.
– Ҳасан, сендан бир нарсани илтимос қилсам майлими? – сўради Светлана бир оз ўтгач.
– Сўрайвер жоним, бемалол.
– Муштарийни бағрингга бос, илтимос.
– Э йўғе, нималар деяпсан. Ахир у...
– Мен учун, йўқ дема. Хафа бўламан-а.
– Қизиқмисан, бизлар ахир ёш бола эмасмизку.
Светлана терс ўгирилиб олди ва аразлаганнамо астагина “Да, ладно” деб
пичинг қилиб қўйди.
– Ҳа, Ҳасан ака, у нима деяпти?
– Э қўяверинг, сал эркалик қиляпти. Жа, оширворди.
– Ундай деманг. Кўнгли жудаям нозик экан. Ҳозир унинг айтганини қилишингиз
шарт.
– Шунақами? Мана бўлмаса, – деди Ҳасан ва тўсатдан Муштарийни қучоқлаб
олди. – Вот Света смотри.
– Вой қўйворинг! Нима қиляпсиз, жинни?!...
– Хотинимнинг илтимосини бажаряпман. Ўл деса ўламан. У сизни қучоқлашимни сўраяпти.
– Энди ўпишинглар, – деди Светлана бамайлихотир.
– Э йўқ, буниси энди ортиқча, – Эътироз билдирди Ҳасан.
– Нима деяпти? – сўради Муштарий.
– Ўпишинглар деяпти, ярамас қиз!
Муштарий Ҳасаннинг оғушида, юраги дукурлаб урмоқда эди. “Белимни қўйворинг, ўзим...” деди у аста Светланага қараб “Ты этого хочеш, да?” деб сўради.
– Да, пожалуйста. Ради меня. Очень прошу...
Муштарий Ҳасаннинг лабидан оҳиста ўпиб олди. Света ёш боладай қарсак чалди.
– Ур-ра, дуранг бўлди! – деди у.
– Қанақа дуранг? – сўради Муштарий ҳайрон.
– Тўйим куни мен сенинг эрингни шунақа қилиб ўпганман.
Ҳасан бўзариб довдираб қолди ва Муштарийни оҳиста қўйиб юборди.
– Қанақасига? – Сўради Муштарий қизнинг олдига чўккалаб ўтириб оларкан.
– Шундай, адаштириб қўйганман-да. Сен ҳам тўйингда уларни адаштириб қўйган бўлсанг керак-да-а?
Муштарий ўзини ноқулай сеза бошлади. “Ҳақиқатдан ҳам бу жа эрка қиз эканку. Бу билан нима демоқчи, тавба...” деб қўйди.
– Майли, – деди ниҳоят Светлана жимликни бузиб. – Мавзуни ўзгартирамиз.
Ҳасан, илтимос, фотографни чақир, суратга тушайлик.
Суратчи чопиб келди. Юрагидаги ҳаяжони босилмаган ХҲасан хотинини даст
кўтариб олиб ҳайкал пойига ўтқазди. Икки ёнига ўзлари туришди. Муштарий
рўмолини эпақага келтирган бўлди. Бемор қиз ўртада, Муштарий ва Ҳасан унинг қўлларини ушлаб олишди.
– Кулиб туринглар, қани... Ана бўлди. Яна бир марта. Энди узоқлатиб оламан.
Жилмайинглар, бўлди! Эртага тайёр бўлади, – деди суратчи.
“Эрка қиз” Ҳасаннинг бўйнига осилиб олди. У эрини жуда соғинганди.
Ҳасан қизни орқасига опичлаган ҳолда кўтариб олиб, боғнинг сўлим кўчалари
бўйлаб кета бошлади.
Ортларидан аравани етаклаб Муштарий эргашди.
Ҳозирда у кутилмаган ғайриоддий фикр-ўйлар оғушида қолганди.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3