УМР МАКТУБЛАРИ.
13-қисм.
Маракага Ҳасан етиб келди. Аммо Ҳусаннинг не сабабдан келмаганини одамлар тушунишмади. Шу туфайли кўпчилик Ҳасанга “Қанақа ўғилсизлар, ўзи? Отанинг ўлимига ҳам келмайдими?” деб дашном беришди. Ҳасан қизариб изза бўлди ва узрини айтди. Аммо онанинг ёнига уст-бошини тез-тез алмаштириб бир Ҳасан, бир Ҳусан бўлиб кириб турди. Бўйлари етилиб қолган сингиллари Гулчирой билан Гулҳайриларга ҳам акаларини биргаликда кўриш “насиб этмади”.
Бир пайшанба отани ёдга олиб Муштарий ош дамлади.
Ҳасан тиловат қилмоқчи бўлди.
– Ҳасан ака тўхтаб туринг, ҳозир Ҳусан акам ҳам чиқсинлар, – деб қолди бир
пайт Гулчирой.
– Бор, Хайри Ҳусан акамни тез чақир.
– У киши нодир акамникига кетувдилар, – деб юборди тўсатдан Муштарий.
– Ҳа, майли қўявер, Гулхайри...
...Ҳасан отасининг йигирмасини ўтказгандан сўнг Муштарий билан хайрлашгани кирди.
– Ҳасан ака, сиз қачон уйланасиз? Тезроқ қайтмасангиз бўлмайди, шекилли.
– Ҳа тўғри. Лекин буни ҳозирча иложи йўқ.
– Кўп эмас, озроқ топарсиз. Ўзи келиб-кетишингиз, пул юбориб туришингиз билан қандай етказяпсиз, ҳайронман.
– Тўғри айтасиз. Бир ўзимнинг топишим ҳеч нима бўлмай қолди. Тўғрисини айтсам, менинг аҳволимни тушуниб, доим маблағ билан таъминлаб тураётган яна бир одам бор.
– Нима? Қанақа одам? У ким бўлди?
– Света, яъни хотиним. Бирга ишлаймиз. Бир қизчамиз ҳам бор, исми Ойдин.
Муштарийнинг бошига томдан тараша тушгандек танаси ларзага келди.
– Нима, ахир қандай қилиб? “Онамнинг орзу ҳаваслари нима бўлади?
Ахир у киши туну-кун сизни дуо қилиб тўйингизни кутиб ётибдилар-ку.
– Ҳа. Лекин нима қилай у қиз мени қаттиқ севиб қолганда... Мен унга ҳаммасини тушунтирдим. У барига рози.
– Шу ёққа келишга ҳамми?
– Ҳа. Лекин мен ўзим бунга қарши бўлиб келдим. Ота-онамга бу ҳақида қандай
айтишни билолмадим.
– Тўйингиз бўлганми? – сўради Муштарий ўсмоқчилаб.
– Ҳа. Унда Ҳусан ҳам қатнашган эди.
– Кейин буни биздан сир тутибсизларда-а?
– Ҳа. Шунақа. Энди бу сир бу ёғига иккимизнинг орамизда қоладиган бўлди. Ишонаманки ...
– Вой, мени сир сақлашни билмайди, деб ўйлаяпсизми? Бўлар иш бўлибди.
Майли бир шартим бор.
– Қанақа шарт?
– Ўша Света менга хат ёзиб турсин. Сиз борсиз-ку. Таржима қилиб бераверасизда.
– Бўпти. Келишдик, – деди Ҳасан.
Унинг кўнгли бир оз ёришгандай бўлди.
Улар самимий хайрлашдилар.
Орадан бир неча йиллар ўтди.
Светлана яна бир ўғил кўрди. Унга Темур деб исм қўйишди.
Светлана қишлоқ зиёлилари хонадонидан бўлиб, унинг отаси Григорий Тимофеевич Заречная қишлоғидаги ўрта мактабнинг директори, онаси Мария Ильична рус тили ва адабиёти ўқитувчиси эди. Светлана оила фарзандларининг кенжаси бўлиб, унинг катта акаси Дмитрий ака-ука Ҳасан-Ҳусанлар ишлайдиган ташкилотда бригада бошлиғи эди.
Дмитрий Педогогика институтини тамомлаб мактабга ишлаш учун қайтган
Светлананинг туғилган кунига “Сюрприз” қилиш мақсадида ўша пайтларда
эстрада қўшиқчилиги билан донг таратаётган Ҳасанни таклиф қилганди.
Бу кеча балоғат ёшидаги Светланада катта таассурот қолдирди.
Дастлаб қўшиқларини, сўнгра ўзини ёқтириб қолди. Кунлардан бир куни қиз ундан “Ҳасанчик, нима учун қўшиқларинг бунчалар дардли?” деб сўраб қолди.
Шундан сўнг йигит ўз тарихи ва қишлоқда қолган келини Муштарий ҳақида сўзлаб берди. Светлана кўзларига ёш олиб, “Ахир бу савдога қандай чидадинг?
Нахотки тўйни тўхтатмадинг, номардлик қилибсан!” – деди куйиниб.
– Йўқ, – деди Ҳасан изтироб ўтида тўлғониб, – Бундай қилолмасдим.
– Нега? Нима шунчалик журъатсизмисан?! – сўради Светлана таажжубланиб.
– Онам оғир бетоб эди.
У ўша пайтда инфарктнинг иккинчи қўзғалишини бошидан ўтказгандилар.
Мен бу ердан тўғри бориб аввал онам билан кўришдим. Онам аввал мени бошимни силаб “Умрингдан барака топ, болам. Мана энди менга қарайдиган келин олиб бердинг. Энди мен анча хотиржамман”, дедилар. Агар тўйни бузганимда нима бўларди? Унда тўй азага айланиши мумкин эди-ку!...
Светлана Ҳасаннинг иродасига тан берган эди, ўшанда...
Шундан сўнг рус қизи хушсурат, кўркам, истеъдодли, меҳнаткаш ўзбек йигитини чиндан ҳам севиб қолди. Улар клубларга, рақс кечаларига, ҳатто, нариги соҳилдаги ярмаркаларга ҳам бирга боришадиган, бирга чанғибозлик қилишадиган, ойдин тунларда дарё соҳилида ўтириб орзуларга берилишадиган ва уларни қўшиқларида ифода этадиган бўлишди. Қишлоқ кичкина эди. Албатта мактаб директорининг қизи бир осиёлик йигит билан учрашиб юргани ҳақидаги гап тез тарқалди. Шу туфайли Григорий Тимофеевич ёшларни ҳузурига чақиртириб “Агар муносабатларинг жиддий бўлса, чўзиб ўтирманглар, ҳар хил гап сўзлар кўпаймасин. Бу ҳол оиламиз обрўсига путур етказиши мумкин”, – деди ва қизининг кўнглини сўради. Қиз бўлса “Мен Ҳасанни севиб қолдим, ота.
У қалби тоза йигит. Бунинг устига унинг қишлоғига бутунлай қайтиб бормаслиги учун асос бор экан. Мен бу ҳақида ойим икковингизга кейинроқ алоҳида гапириб бераман. Хуллас, келгуси ҳаётимни бу йигитсиз тасаввур қилолмайман.
Мени кечиринг, ота”, – деди.
– Хўш, йигит сиз бунга нима дейсиз? Қизимнинг бошини тоза-а...? Ишқилиб, уни тузоғингизга илинтириб олмадингизми? – сўради Гриша амаки атайин “сиз”лаб.
– Светлана бизнинг ўзбек қизларидек қалби покиза қиз. Сиз унга яхши билим ва тарбия берибсиз. Шу туфайли у менга ҳам ёқади. Агар сиз рози бўлсангиз қўлини сўраган бўлардим.
– Хўп. Айтайлик розиман. Фақат бир шарт билан.
– Қанақа шарт экан?
– Аввало ота-онангнинг розилигини оласизлар. Иложи бўлса, улар бир келиб кетишсин.
– Бунинг ҳеч иложи йўқ-да, – деди Ҳасан.
– Нега?
– Дада, буни мен сизга кейин тушунтириб бераман, дедимку! – деди Светлана гапга аралашиб.
– Сен аралашмай тур! – ўшқирди отаси.
– Ота-онам қариб қолишган. Онам оғир касал, узоқ йўл босиб келолмайди, – деди Ҳасан.
– Унда ичкуёвим бўласан. Ҳозирча эл-юрт оғзини ёпиш учун чоғроқ тўй қиламиз. Хўш розимисан?
– Хўп де, Ҳасанчик. Тўйни клубда, ишчи дўстларинг билан бирга ўтказамиз. Ўзинг мен учун қўшиқ айтиб берасан! – дея севиниб қичқирди Светлана.
– Йўқ. Иккимиз дуэт ижро этамиз.
– Бўпти. Келишдик!
– Намунча шошилмасанг, қизим, – деди ота қувониб, – Менинг ахир айтадиган шартим бор.
– Яна қанақа шарт?!
– Тўйда эгиз уканг ҳам иштирок этиши керак. Кейин у ҳам шу ерда ишлайверсин. Унга ҳам бирорта келинчак топилиб қолар.
– Дада, илтимос, сал ўйлаброқ гапиринг. Ахир укаси уйланган-ку, боласи ҳам бор. Кейин тушунтириб бераман.
– Э, шунақами?
– Ҳусан келади. Биз бирга бўлсак яхши ишлаймиз, бир-биримизни руҳан қўллаймиз, – деди Ҳасан.
– Яхши. Унда бахтли бўлинглар. Мен розиман. Якшанба куни сени оиламизда кутамиз. Дмитрий ҳам бўлади.
– Дада, ойимни ўзингиз йўлга солинг, хўпми? – деди Светлана нозланиб дадасининг пешонасидан ўпиб қўяркан.
– Хўп қизим. Тўғрисини айтсам, сизларни ҳузуримга чақиришни ойингни ўзи маслаҳат берувди. Бизга миллатнинг фарқи йўқ, энг муҳими, ўртада соф ва самимий муҳаббат бўлсин, инсонпарварлигимиз йўқолмасин. Сизларга бахт тилаймиз! – деди ота ва келиб куёв бўлмиш билан қучоқлашиб кўришди.
Кейин тўй куни белгиланди. Тўйга Ҳусан етиб келди ва ҳеч кутилмаганда акасини уйланаётганини кўриб ҳайрон бўлди. Уни бир четга тортиб сўроққа тутган бўлди:
– Нега отам, онамдан бемаслаҳат уйланяпсиз, ака? Ахир улар бир-икки қизга оғиз солиб қўйишган-ку.
– Шундай бўлиб қолди, ука. Аслида иккимизнинг тўйимиз бир пайтда бўлиши керак экан. Мен ёлғизланиб қолувдим. Мана шу Света жонимга оро кирди. Бир-икки йил яшагач, албатта уни Ўзбекистонга олиб кетаман. Фақат бу ҳозирча орамизда сир бўлиб қолиши керак. Ахир тушун, онам эшитсалар тўғри келмайди.
– Қачондир эшитиб қолишлари мумкинку, ахир.
– Йўқ. Сен-мен айтмасак ҳеч ким билмайди. Энди иккимиз ишлаймиз. Уйга кўп-кўп пул жўнатамиз. Онамизни каттароқ шифохонада даволатамиз. Бунинг учун кўп пул керак бўлади, ука. Энг муҳими, у кишининг ёнларида ҳозирча қарайдиган сенинг аёлинг бор. Кўрасан, ҳаммаси жойида бўлади, хўпми, ука?
– Хўп, куёвтўра, сиз нима десангиз шуда. Ўрис кеннойим билан мени яқинроқ таништирарсиз.
– Бўпти, ҳозир синаб кўрамиз. Қани, ажрата олармикан?
– Хўп. Нима қилишим керак?
Ҳасан укасининг қўлига бир рюмка шампан виносидан узатди.
– Тўғри бориб келиннинг ёнига ўтир. Қўрқма, дадил бўл, – деди Ҳасан ва ўзи пардалар ортига яшириниб олди.
Қиёфаси акаси билан деярли бир хил бўлган Ҳусан тўғри келиннинг олдига борди. Кимдир “Вой, манави бодринг намунча аччиқ?” дея кесатди.
Шу маҳал «Горька, горька!» («Аччиқ-аччиқ!») дея меҳмонлар руслар таомилига кўра, қичқира бошлашди. Светлана шарт ўрнидан турди-да, Ҳусаннинг лабидан муҳаббат бўсасини олди. Ҳасан бўлса бу ҳолатга дош беролмади ва тезлик билан дастурхон тўрига етиб келди. Меҳмонлар “Ув-в!!” деб қийқириб юборишди.
– Ҳусан, бас қил! – дея қичқирди Ҳасан ўзбекчалаб.
Меҳмонлар қиёфадош йигитларни кўриб қарсак чалиб юборишди. Светлана бўлса, уялганидан шолғомдек қизариб кетди, аразлаб ичкари томонга чопди.
Гулдонлар ағанади. Ноқулай вазият юзага келди. Ҳусан нима қиларини билмай довдираб турарди. Қишлоқдан келган йигит учун бу кутилмаган синоат эди,
албатта.
Ҳасан келиннинг ортидан чопди. Қуда бўлмишлар хижолатпозликка барҳам бериш учун Ҳусанга илтифот кўрсата бошладилар. Ҳасан келин олдида пайдо бўлди.
– Ҳа, сенга нима бўлди, жоним. Нега қочиб кетдинг?
– Сиз кимсиз?
– Мен Ҳасанман.
– Мени ким ўпди?
– Мен ўпдим.
– Ростданми?
– Ҳа рост. У келган, укам Ҳусан эди.
– Қизиқ, одамлар шунчалар ҳам бир-бирларига ўхшаш бўладими?
– Бўсамизни қайтарайинми?
Қиз оҳиста “ҳа” ишорасини қилди. Улар хотиржам, узундан узоқ бўса билан бир-бирларини сийлашгач, ичкаридан яна ҳеч нима бўлмагандай очилиб-сочилиб, чиқиб келишди. Яна “Горъка!!” дея қичқириш бошланди. Бу сафар келинпошша адашмади.
* * *
Шундай қилиб она қишлоғидан йироқда яқинларини фироқда қолдириб Ҳасан ўзбошимчалик билан уйланиб олди. Ҳусан учун бир ҳужра ажратиб беришди. Эгизаклар яна бирга ишлаб, бирга ҳаёт кечира бошладилар. Улар нонуштадан то кечки овқатгача, тонги бадантарбиядан то тунги қўшиқларга қадар бирга бўлишар ва фақат Светлана исмли сариқсоч хилқат уларни айро қиларди. Қиз шу қадар бахтиёр эдики, гўё исмидек жисми ҳам ойга монанд сертабассум, серсепкил, арчилмаган олма каби юзидан оппоқ нур сочарди.
– Ҳусан сен ҳам хотинингни олиб кел, шу ерда биргаликда яшайверайлик, – деб қолди Светлана бир куни.
– Бунинг иложи йўқ. У онамга қараяпти.
– Эссиз, мен ўғилчангни бир кўрмоқчи эдим. У кимга ўхшайди-а? Сенгами ё Муштарийгами?
– Менга ўхшайди.
– Қизиқ, менинг болам кимга ўхшаркин-а? – деди қиз қорнига ишора қилиб.
– У ҳам менга ўхшайди-да, – деди Ҳусан ҳазил қилиб.
– Бекорни айтибсан!
– Нима, акамга ўхшасинми, бўлмасам?
– Йўқ, у менга ўхшашини хоҳлайман.
– Унда сап-сариқ, пучуқ қиз бўладими?
Светлана Ҳусаннинг юзига ҳазиломуз бир туширди.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1