УМР МАКТУБЛАРИ.
11-қисм.
...Муштарий Ҳусан билан бир ёстиққа бош қўйганидан кейин бу изтиробли ҳаётга аста-секин кўника бошлади. Кечираётган турмушини тақдирга йўйди.
Кўпроқ қайнонаси Руқия опага суяниб қолди. Ҳомилали бўлди. У дарди, изтироблари ва ҳасратларини оқ дафтарга туширадиган одат чиқарди. Шеърларида –
ёшлиги, қайноқ муҳаббати, соғинч ва армонларини баён қиларди.
Шу билан ўзини овутар, шеърлари унинг йўлдоши, сирдоши, яқин ҳамроҳига
айланиб қолганди.
Мана улардан бири:
Орзулар армонга айланди,
Висоллар хижронга айланди,
Тақдирим ўзгага бойланди,
Мен кутган шоҳзодам келмади.
Бу телба юрак ҳеч кўнмади,
Уни зор кутишни қўймади,
Ўзга ёр кўнглимни билмади,
Мен кутган шаҳзодам келмади.
Юзларим сарғайди хижрондан,
Юрагим минг пора армондан,
“Бахтлиман” дейману ёлғондан,
Мен кутган шаҳзодам келмади.
Бир кун паймонам тўлади,
Қабримда у йиғлаб туради,
Афсусу армонлар қилади,
Мен кутган шаҳзодам келади.
Баъзан эса туғилажак гўдагига кўйлаклар, бешик учун ёстиқчалар тикиб, ўзи
билган халқ ўланларидан куйлаб ўтирарди:
Қошингни қаросига пайвастаман,
Сени бир кўрмоқликка ҳавасдаман.
Сени бир кўрмоқлик мушкул экан,
Тўти қушнинг боладай қафасдаман.
Тош қўйган тарновнинг томчисиман,
Олис кетган ёрим қамчисиман.
Олис кетган ёримнинг йўли бўлсин,
Янги чиққан шойидан тўни бўлсин.
* * *
Олис юртларда Ҳасан бўлса, юрса ҳам турса ҳам, ишласа ҳам, қишласа ҳам,
тишласа ҳам қўшиқлар хиргойи қилишни, давраларда гитара билан муҳаббат
ва армон хақида куйлашни одат қилди.
Уни қўшиқ завқи, куй сеҳри овутар, санъат унинг йўлдошию қўлдошига айланиб борарди.
Гитаранинг мунгли оҳанглари олов атрофида ўтирган дарахт кесувчиларнинг
ҳам дилларига жо бўлар, ўз тақдирлари, узоқларда қолган яқинларини, интизор кутаётган севикли ёрлари-ю фарзандларини, ҳаётида кўрган-кечирган хуш–
нохуш онларини кўз олдига келтирардилар:
Қайдасан севгилим, гўзалим?
Сен менинг борлиғим, асалим.
Сен ҳали юракда сўнмаган,
Чироғим, битмаган ғазалим .
Ой бўлиб тунларингда отдим,
Нур бўлиб, кўзларинга ботдим.
На қилай, бу тавқи дунёда,
Мен сени топдиму, йўқотдим...
Красноярск ўлкасининг дарё бўйидаги Заречная қишлоғида тез орада Ҳасаннинг номи яккахон хонанда сифатида кўрина бошлади.
У дарди-аламини дилдан куйлагани сайин ўзи билмаган ҳолда қўшиқ уммонига
ғарқ бўлиб кетар, гитара чалиш маҳорати ҳам тобора ошиб борарди. Маҳаллий аҳоли унинг қўшиқларини доимо олқишлар билан кутиб оладиган бўлишди.
Қарсаклар унга қанот бағишларди. Кўп ўтмай у эл орасида танилиб қолди.
Ишдан сўнг уни клублар, мусиқали кечалар ва бошқа тадбирларга ҳам таклиф
қилишадиган бўлишди.
У Владимир Высоцкий услубига яқин оҳангда куйласа-да аммо ўзининг Осиёча лаҳжаси мусиқага шарқона шукуҳ бағишлаши билан ўзига хос овоз соҳиби
сифатида ажралиб турарди. Қўшиқлари армонли ва дардли бўлиб, матнларини, асосан ўзи тўқир ва ўзи куй басталарди.
Ҳар якшанба дарёнинг у соҳилидаги кенгликда “Ярмарка” деб аталган улкан халқ тадбири бўларди. Бу ерга ўлканинг турли тарафларидан одамлар келишиб олди-сотти қилишар, сўнгра рус халқ миллий фольклор қўшиқлари ва рақсларини ижро этиб ўз маҳоратларини намойиш этишар, кечгача мириқиб дам олиб кетишарди. Ёз фаслида дарёни паром ёки қайиқ билан кечиб ўтилса, асосан узоқ давом этадиган қиш кунлари дарё сирти қалин муз билан қоплангани учун одамлар от, ит ёки буғи қўшилган чаналар ёки қор чанғиларида пиёда ўтиб боришарди.
Хасан ҳам орқасига гитарасини осиб олган ҳолда чанғида учишни ва ўтиб бораётган бирор чанага илиниб олишни ёқтирар, бу эса унга ўзгача завқ
бағишларди.
Кўп ўтмай Ҳусан ўғилли, Ҳасан жиянли бўлди. Ҳасан укасини ҳам ўзи қўним
топган рус қишлоғига чақириб олди.
Эгизаклар бир ерда бирга бўлишгани учунми дастлаб руҳиятлари баланд,
кайфиятлари кўтаринки даражада эди. Умрида қишлоғидан четга чиқмаган Ҳусан учун дунё янги кашф этилгандек туюлди. У кутилмаганда сезиларли
даражада ўзгара бошлади. Акасининг юракдан айтаётган қўшиқлари, мусиқа
нолалари унинг ҳам дил торларини чертмай қўймади.
Қўшиқлар унга ҳам маъқул бўлди ва баъзида беихтиёр қўшилиб кета бошлади. Ака-укаларнинг жўр овози қўшиқларга янада файз киритди. Айниқса, уларнинг
ўхшаш чеҳрали экани томошабинларни завқлантира бошлади.
Буни сезган Ҳасан укасида яшириниб ётган истеъдод қирраларини кашф этишга ва уни ҳам зерикарли ҳаёт домидан тортиб олишга қатъий бел боғлади.
Саъйи-ҳаракатлари беҳуда кетмади. Кўп ўтмай улар дуэт ҳам ижро этишга уриниб кўрдилар. Ҳусан синтезаторни жон деб ўргана бошлади. Шундай қилиб Заречнаяда ака-ука Ҳасан-Ҳусанлар дуэти пайдо бўлди. Ҳасан ҳам ўзини янги оилага кириб бораётгандек ҳис қилди. Эски дард ва армонлардан чалғиди.
Энди унинг қўшиқлар репертуари завқли рус халқ қўшиқлари билан ҳам бойий
бошлади. Топиш-тутишларига ҳам барака кирди.
Ака-укалар қишлоқда қолган ота-онасини, айниқса, бемор оналари ҳақида кўп
қайғуришар, яхшигина топиб-тутаётганларини ота номига юбориб туришарди.
Шокарим ака укасини ўз тарибиясига олгани учун Ҳасандан жуда миннатдор эди.
У ўғилларидан тез-тез хат ёзиб туришларини, мактублари оналарига қувват
бағишлаётганини уқтирарди. Йигитлар ҳам ота илтимосини ерда қолдирмас,
бир Ҳасан, бир Ҳусан навбатма-навбат хат ёзишдан чарчамас эдилар.
Хатларнинг ҳаммасини оналарига Муштарий ўқиб берар ва уларнинг номига
ҳам ўзи жавоб битарди.
Айниқса, она номидан битадиган жавоб мактублари жуда ҳам таъсирчан ва
чуқур мушоҳадали бўлиб, йигитларга ўзгача кайфият, руҳий қувват ва қанот
бағишларди. Хатларда, деярли, Муштарийнинг номи тилга олинмас кўпроқ
кичкинтой Сардорбекнинг қилиқлари ҳақида ёзиларди.
Бир гал ака-укалар ўзларининг кичик саҳнада қўшиқ ижро этаётган пайтдаги
суратларини юборишди. Ҳар иккиси ҳам бир хил уст-бош ва бўйинларига капалак нусха бўйинбоқ тақиб олишибди. Уларни кўриб лол қолишди.
Айниқса Ҳусаннинг бунчалар тез ўзгаргани кутилмаган ҳол эди. Шу туфайли
Муштарийда энди эрига нисбатан илиқлик пайдо бўлди. Айниқса, кун сайин
улғайиб бораётган гўдак, ришталарини янада мустаҳкамроқ боғлаб борарди,
меҳрларини тобларди.
Ўғилчаси, ширинсухан қайнонаси, орзуларга йўғрилган шеърлари ва тунлари
айтадиган аллалари энди келинчакнинг доимий ҳамроҳига айланди.
Алла оҳанглари қуш каби майин парвоз қилар ва тоғлар ортига ботаётган
қуёшнинг заррин нурлари қўйнига сокин кириб кетарди:
Улғай болам, гул ватанда-ё, алла
Ботир бўлиб ўсгин қўзим-о, алла
Сени кўриб бу чаманда, аллаё
Яйрай-қувнай, юлдузим-о, алла
Болам қувнаб ўсасан-о, алла
Доим сенга бахтинг ёр-о, алла
Ғам-кулфатни билмайсан-о, аллаё
Она юртинг Ўзбекистон-ей, алла
Суқсур деган қуш бўлар-о, алла
Тортсам пати бўш бўлар-о, алла
Отангдан гар хат келса-ё, алла-ё
Менинг кўнглим хуш бўлар-о, алла.
Шокарим аканинг энди фикр-ўйи Ҳасанни уйлантиришда бўлиб қолди.
Бироқ Ҳусан қишлоққа, оиласидан хабар олгани ҳар йили бир бор меҳнат
таътилида келиб кетарди-ю, бироқ Ҳасан турли баҳоналар қилиб келмаётгани
отани ташвишга солмоқда эди
. “Бу жин ургурга нима бўлди, ўзи? Мундоқ ота-онасини кўриб кетай ҳам демайди-я. Бунақада қачон уйланади? Укаси яқинда иккита фарзандли бўлади.
Бу тенгилар, эҳ-ҳе...” деб қўярди у чуст дўпписини қўлига олиб бир қоқиб
қўяркан.
Муштарийнинг иккинчи фарзанди қиз бўлди. Унга Меҳрибон деб исм қўйишди. Шу муносабат билан бу сафар ака-укалар бирга келишди. Ҳусан туғриқхонага
икки-уч марта бориб келди. Ниҳоят кечки пайт уни Ҳасан йўқлади.
– Сизни кўргани яна хўжайинингиз келди, – деди ҳамшира.
– Вой, у киши яқинда келиб кетувдилар-ку?
– Билмасам. Жуда ҳам посон бўлиб кийиниб олибди. Нима бало, косметика қилганми дейман, юзлариям сип-силлиқ, оппоқ.
– Йўғе, эримнинг унақа одати йўқ.
– Ана боринг ҳовлида, ўриндиқда сигарета чекиб ўтирибдилар.
– Эрим сигарета чекмайди.
– Ўзларидан сўранг-да, тавба...
Муштарий ташқарига чиқса нариги томонга ўгирилиб сигарета чекиб ўтирган
эрига кўзи тушди... Бирор зарур гапи бормикин-а?
Ё акаси билан менинг ёшликдаги муносабатларимиздан хабар топдимикан, –
дея ўзича нохуш мушоҳадага борди.
– Ҳа, келинг дадаси, тинчликми? – сўради Муштарий йигитнинг рўпарасига
ўтаркан ва Ҳасанни таниб қолиб қизариб кетди, – Ие, сизмидингиз?
– Ҳа мен... Қизча муборак бўлсин!
– Қутлуғ... Узр, танимабман.
– Тўғрисини айтинг, тўйда ҳам шунақа янглишганмидингиз?
– Йўқ. Сизни кутгандим.
– Қанақасига?
– Билмасам. Ака-укалар шунақа келишиб олгансизлар деб ўйлабман-да.
Яъни ўрнингизга куёв ролини бажариб туришни укангизга илтимос қилиб тургансиз дебман. Табриклаганингизни эшитиб ўзимдан кетиб қолгандим...
Энди бу ёғини айтишга ҳожат йўқ.
– Ҳа, тақдир бизни учраштирмади. Энди бўлар иш бўлди...
Орага жуда оғир жимлик чўкди. Муштарий ўзини шундай ноқулай ҳис қилмоқда
эдики, гўё игна учида ўтиргандай эди. Орада Ҳасан яна бир сигарета олиб
тутди-да, оғир хўрсиниб қўйди.
– Ҳасан ака, сиз тезроқ уйланинг, – деди Муштарий аста.
– Йўқ. Ҳали уйланмоқчи эмасман. Ўзимга келолмаяпман. Ўша тўй кунини эсласам, бу дунёга келганимга баъзан ачиниб кетаман. Яхшиям Тўлқинбек бор экан
бир-икки мушт тушуриб эсимни киритди.
– Вой, нега уришдинглар, ўзи?
– Сизни деб. У ҳам сизни яхши кўраркан. Лекин йўлида мен бўлганим учун тўсиқ бўлолмабди. Ҳусанга тегаётганингизни кўриб жуда алам қилибди.
Ана шунақа гаплар. Энди буларни ҳаммасини унутайлик. Биз энди сиз билан
ака-сингилмиз. Мен эртага жўнаб кетаман, Ҳусан кейинроқ борар. Жиянчамни
ўпиб қўйинг. Мен унга ул-бул олиб келгандим, олиб қўярсиз, – деди у целофан
халтани узатиб ва ўрнидан оғир қўзғалди.
– Кўришмасак хайр, яхши қолинг.
– Хайр Ҳасан ака, яхши боринг. Хат ёзиб туринг.
– Ҳа, албатта. Энди бизни фақат шу хатлару хотираларгина боғлаб туради
халос, – деди Ҳасан зўраки табассум қилиб. Унинг кўзларида бир олам дард акс этиб турарди.
Ким билади, эҳтимол шу онда унинг юрагида яна бир янги қўшиқ басталангандир. Ҳар ҳолда у кеч бўлсада, мардларча орани очиқ қилди, гўё ораларидаги деворни қулатиб ташлади. Муштарий ҳам мунг тушган куйи қанча туриб қолганини билолмади. Ҳамшира қиз “Ҳой, болангиз йиғлаяпти!” деб чақирганидагина ўзига келди. Ҳасан акаси олиб келган халтани қўлига олди. Унда чақалоқ учун бир дунё совға бор эди. Ичидан бир рўмолча ҳам чиқди.
Бу ўша, Муштарий тош курсида совға қилган, ўз қўли билан тўқиган бежирим
рўмолча эди... кўзларидан ёш думалади, юракда бир шеър битилди:
Муҳаббатим ўйин қилдингиз,
Тақдиримни қийин қилдингиз,
Келажагим тайин қилдингиз,
Севганимми, айбим, айтинг сиз?
Пинҳон севги армон бўларму,
Соғинчлари ёмон бўларму,
Хижронлари ёлғон бўларму,
Севгагимми айбим, айтинг сиз?
Васлингизни хайрон қилдингиз,
Ишқ қасримни вайрон қилдингиз,
Мени нечун сарсон қилдингиз,
Севганимми, айбим, айтинг сиз?
* * *
Ниҳоят Ҳусан ҳам жўнаб кетди. Муштарий икки гўдаги ва “учинчи гўдаги” –
қайнонасига парвона бўлиб қолаверди. Қиш ўтиб яна баҳор келди.
Бир Ҳасандан, бир Ҳусандан она номига хатлар кети узилмади. Аммо Муштарий кейинги хатлардаги ёзувнинг бир ҳил эканига, яъни улар айнан Ҳасанники эканини сезиб қолди. Аммо бу ҳақида ҳеч кимга чурқ этмади. “Қизиқ нега Ҳусан акам ёзмай қўйдилар? Бунинг боисини, албатта, таътилга келганларида ўзларидан сўраб биламан”.
Ҳаш-паш дегунча ёз ҳам келди. Ўғилчасини тили чиқиб ҳадеб “Дад-да” дея бошлаган кунларнинг бирида, ярим тунда Ҳусан кириб келди.
У тўғри кириб Муштарий ётган уйни тақиллатди. Муштарий эри келганини сезиб ички кўйлакда чопиб чиқди.
– Вой, нега тақиллатяпсиз, дадаси? Киравермайсизми? Яхши келдингизми?
– Мен Ҳусан эмас, Ҳасанман.
– Вой ўлмасам, – деди Муштарий ва хиёл очиқ кўкрагини яшириб тез ичкарига
қайтди ва устига халатини ташлаб чиқди.
– Ҳусан акам қанилар, тинчликми?
Ҳасан лабига “жим” ишорасини қилди-да, оғир хўрсиниб қўйди.
– Болалар ухлаяптими?
– Ҳа.
– Ичкарида ҳоли гаплашайлик. Муҳим гап бор.
Улар ичкари хонага киришди. Муштарий тез кўрпача солди ва чой қуйиш учун
тараддудланди.
– Ҳеч нимага уринманг, келин, – деди Ҳасан.
Гапининг оҳангидан олисдан жиддий иш билан келгани маълум эди.
– Тинчликми, ака? – сўради Муштарий бетоқат.
– Йўқ, синглим. Фақат бир илтимос, сиз оғир бўлинг.
– Нега?
– Бу гап ўртамизда қолиши керак. Ойим, ҳатто, отам ҳам, умуман, ҳеч ким
билмаслиги керак, тушунарлими?
– Йўқ, очиқроқ гапираверинг.
Ҳасаннинг кўзидан шашқатор ёш оқиб кетди. Унинг юраги тўлиб “Илтимос
Муштарий, сиздан ўтиниб сўрайман”, – дея олди холос. Келиннинг юраги така-
пука бўла бошлади.
У кап-катта, эсли-хушли йигитнинг йиғлаётганини кўриб довдираб қолди.
– Нима гап Ҳасан ака? Мундоқ тушунтирсангизчи!...
Ҳасан даст ўрнидан туриб эшикни ёпиб келди. Панжарали деразани ҳам ёпмоқчи бўлди аммо ҳовли томон қарагани учун тегмай қўя қолди.
Бу ҳолат аёлни янада хавотирга солди ва ўрнидан турди.
– Бўлди, бўлди, ўтиринг. Фақат ўзингизни қўлга олинг. Лекин онам асло эшитмаслиги керак. Эшитсалар бунга дош беролмайдилар.
У киши яна яшашлари керак. Биз Ҳусан билан бу ҳақида келишиб олганмиз.
– Ўлай агар, ҳеч нимани тушунмаяпман.
– Ҳозир-ҳозир, – деди Ҳасан қўллари билан ишора қилиб, – Ҳозир сизга ҳаммасини тушунтириб бераман. Бир кружка сув олиб келсангиз, илтимос.
– Совуқ чой бор, бўладими?
– Бўлаверади.
Муштарий минг бир хаёл билан қўллари қалтираб чойнакдаги чойни олиб кирди. Қопқоқ қурғур пиёла ичига тарақ этиб тушиб баттар чўчитиб юборди.
Қопқоқни олиб совуган чойни тез қайноғасига узатди. Умуман у келин бўлиб
шунча йиллардан буён қайноғасига илк бор чой узатиши эди...
– Айтаверайинми? – сўради йигит келиннинг кўзларига маъюс қараб.
– Ҳа...
– Укамни... бериб қўйдик.
– Нима?!... – деди Муштарий ва қўрқинчдан кўзлари катта-катта очилиб ўтириб
қолди. Қўлидаги чойнак эса қўлидан тушиб кетиб қаттиқ тарақлаб кетди.
Дастаси синди. Ичкаридан болаларнинг безовталанган овози эшитилди.
– Илтимос Муштарий, ўзингизни қўлга олинг, онам хаққи, йиғламанг,. Йиғи-сиғи
керакмас, ўтинаман сиздан! Ялиниб-ёлвораман! Менга ҳам хозир жуда оғир,
тушунинг. Онамга раҳмингиз келсин. Эшитса юраклари дош беролмайди.
Бу гап отамга ҳам оғир ботади.
Муштарий довдираб “А-а...!” дея йиғламоқдан бери бўлиб гарангсий бошлади.
Ҳасан келиб аста унинг оғзини ёпди... Энди ойимдан ҳам айрилиб қолмайлик,
Муштарий. Ахир бунинг иложи борку. Мен Ҳусанга ўхшайманку, ахир!...
Бир Ҳасан бўлиб, бир Ҳусан бўлиб келиб кетавераман. Майли, жиянчаларим
мени бир гали “дада”, бир гали “амаки” деб чақира қолишсин. Мақсадим ойимизнинг умрига-умр қўшиш, холос. Ўз вақти соати келиб ойимизнинг умрлари тугаганида, бу ҳақида ҳаммага маълум қиламиз. Сўнгра ҳар иккисини узоқ сафарга бирга жўнатамиз, бўптими, Муштарий?!
Сиз фақат “Хўп” денг, илтимос. Бу сир фақат иккимизга маълум бўлади. Мен
бунинг учун бир умр уйланмасдан ўтишга ҳам розиман. Жиянларимни ўзим
катта қиламан, сизларни ҳеч қачон ташлаб қўймайман. Ҳудо ҳаққи, қасам ичаман, – деди Ҳасан ва қалтираб, қаҳшаб тили айланмай турган келинпошшанинг пойига тиз чўкди.
– Онамнинг ҳаёти сизнинг қўлингизда, Муштарий. Агар сиз Ҳусаннинг ўлганини ҳозир хабар қилиб қўйсангиз...
Ҳасан бошқа гапиролмади. Унинг томоғига оғир бир нарса тиқилиб келиб нафаси қисилиб қолгандай туюлди. Кўзларидан тўхтовсиз ёш оқа бошлади.
– Ака! – деди Муштарий ва унсиз йиғлаб Ҳасаннинг кўксига бошини қўйди.
– Сизни тушундим, ака! Лекин мен бунга қандай чидайман?! Қандай чидайман, ахир...?!
– Илтимос келин. Бардошингизга ишонаман. Мен шунинг учун келдим. Бўлмаса, Ҳусаннинг номидан ҳали ҳам хат ёзишда давом этаверардим.
Муштарий ярқ этиб қаради.
– Нима?! Наҳотки сиз...
– Ха. Бу ишга уч ой бўлди. Айни баҳор музлари эриётган пайт эди. Биз Ҳусан
билан чанғида дарёнинг у юзига кўпчилик қатори музлик устида ўтиб борардик. Тўсатдан музлар ёрилиб кета бошлади. Мен бир музни, Ҳусан эса бошқа бир
муз устида қолиб йиқилдик. Ҳар иккимиз совуқ сувга тушиб кетдик. Сўнгра бир биримизни чақириб аранг илиниб чиқа бошладик.
Мен укамга “Ҳусан, агар менга бир гап бўлса, уйимизга бир ўзинг бўлиб, бир
мен бўлиб бор. Онамизнинг юраги дош беролмайди!
У киши яна узоқ умр кўришлари керак!” – деб қичқирдим.
У ҳам “Акажон, агар менга бир гап бўлса, сиз ҳам менинг ўрнимга бир Ҳусан бўлиб, бир Ҳасан бўлиб боринг, илтимос. Онамни, болаларимни эҳтиёт қилинг!” деб қичқирди. Одамлар бизларни қутқаришга ошиқишди. Шу маҳал бир ёш бола
мус устидан сувга йиқилиб тушди. Ҳусан ўша болани қутқаришга чоғланди. Сўнгра болани одамларга узатган маҳал бир муз парчаси урилиб уни сув қарига ғарқ қилди. Бошқа муз менга ҳам келиб урилди. Бизлар, ҳар иккимиз сув остига ғарқ бўлдик. Сув тагидан чиқишга кўп уриндим. Лекин музларни кўтара олмадим.
Кейин ўзимдан кетдим. Кўзимни очсам касалхонада ётибман. Турибоқ Ҳусанни чақирдим, аммо ғаввослар уни ҳали топишмаганини, мени топганларига уч кун бўлганини айтишди. Ана шунақа гаплар... – дея Ҳасан бошини аламли силтаб жим қолдида, кўз ёшларини артиб олиб сўзида давом этди.
– Мени худо асради, лекин... Мен укамни асраб қололмадим. Уни на тириги, на жасади топилди.
Ҳасан “Ука!!” – деб бақириб юборай деди ва шарт ёстиқни олиб оғзига ёпди-да, шу алпозда ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади.
Муштарий ҳам ўзини ўриндиқ устига отиб юзини ёстиққа босган ҳолда узоқ юм-юм йиғлади. Оғир жудолик ва тирикларни асраш маъсулияти ҳар икки ёш дилига жо бўлган, шу туфайли ҳам “Дод!!” деб юборишдан ўзларини аранг тийиб туришар, шу онда сабр-бардош деган буюк туйғу уларга хайрихоҳ ва ҳамроҳлик
қилмоқда эди.
– Бўлмаса келин, келишдик-а? – деди Хасан анчадан сўнг ўзини босиб олиб.
– Мен меҳмонхонада ётаман. Ҳусаннинг спортча кийимларини олиб келганман. Сиз эрталаб турингда ота-онамга эрингиз келганини маълум қилинг. Кейин ҳеч
нима бўлмагандек ўз ишингизни қилаверинг, хўпми?
– Хўп...
– Худойим сизга сабр берсин.
– Сизга ҳам...
Ҳасан оғир қўзғалиб чиқиб кетаркан “Сабрли бўлайлик Муштарий” – деб қўйди.
Эрталаб Ҳусан ролидаги Ҳасан онаси билан кўришишди. “Дада!” деб чопқиллаб келаётган Сардорбекни меҳр билан бағрига босиб, уни қучоқлаб кўтариб юрди.
– Вой, Ҳусанбой, шу ростдан ўзингмисан? – деди она негадир ишонгиси келмай.
– Нега унақа деяпсиз, ойи?
– Ҳасанбойга ўхшаб оқариб кетибсан-да, гапларинг ҳам бошқача, ё атай қиляпсизларми-а? Вой шумтакалар-ей. Ҳеч болаликларингиз қолмас эканда-а.
Кичкиналикларингдаям бизни кўп довдиратардиларинг.
Ҳасанни бу мушкулотдан чой кўтариб келган Муштарий қутқаришга эришди.
– Вой ойижон, шимолий ўлкаларни совуқ дейишади-ку, у ёқларда қуёш кам
чиқаркан. Қуёш бўлмагандан кейин ҳар қандай одам ҳам оқарадида. Дадаси,
чойдан ичинг.
– Хўп-хўп, хотин, раҳмат… – деди довдираб Ҳасан.
– Ҳа ишқилиб, омон бўлинглар. Энг ёмони ўлим бўлмасин, – деб қўйди Руқия
хола. Негадир унинг кўнгли ғаш эди.
– Ҳа, қизим. Отангиз қанилар? Ўғлим билан кўришдими?
– Йўқ. Саҳар кўчани супираётгандим. Аллақаерда хатна оши бор дедилар.
“Ўғлингиз келдилар” десам “Қўяверинг, дамини олаверсин”, – дедилар.
Аммо ўша куни ҳеч қандай хатна оши йўқ эди. Шокарим ака шунчаки, тўғрироғи юраги сиқилганидан, қолаверса, қон босими кўтарила бошлаганидан, ўзини нохуш сезиб пахтазор далалари, тутзорлар қўйнига урди. Шудринг қоплаган ажриқлар устига ўтириб паст овозда “Вой болам!” деб юм-юм йиғлади. Негадир шу топда у Ҳусанни кўргиси келаётганди...
У ҳаммасини эшитди. Тунда ховлига чиққанди. Ҳусаннинг уй деразаси ҳовли
томонда эди. Тўсатдан эркак кишининг овозини эшитиб қолди ва... Эх, гап пойлашнинг оқибати шунчалик ёмон бўлишини билганида эди ва ўша тунда у ҳовлига чиқмаганида бундай изтиробда куйиб ёнмаган бўларди.
Фарзанд доғи уни адойи-томом қилди. Аммо суюкли хотини Руқиянинг ҳаётини
сақлаб қолишга бўлган ёшларнинг саъйи-ҳаракатларини кўриб уларга тан берди. Муздай ажриқлардан бир сиқимини юлиб қайноқ юзига босди.
Ота ўша тун ухламаганди. Ўғли Ҳусаннинг ўлими ҳақида эшитди-ю “Воҳ!” дея
юрагини чангаллаб, шафтоли танасига суяниб қолди. Очиқ деразадан ҳамма
гап эшитилиб турарди. Сўнгра бу томонга Ҳасан ўтиб қолиши мумкинлигини ўйлаб аранг ўрнидан турди-да, ётоғига етиб олди. Сўрида ўтириб Ҳасаннинг кўришиш учун кириб келишини кутди.
Аммо у меҳмонхона чироғини ёқди-ю, ўчириб ётди. Бу уйда мўйсафид, сал наридаги уйда Муштарий, меҳмонхонада бўлса Ҳасан ўша тун мижжа қоқишмади.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1