Холанинг яқинда умра қилиб келганларидан хабарим бор эди.
Йўқлаб келган ҳожи оналардан бири "умра Ҳаж эмас, Бухоро, Самарқанднинг зиёратидақа зиёрат холос"-деб сал писанда гап қилгандек бўлибди.
Шу баҳона яқиним менга савол бериб қолди. "Опа, умра ҳам кичик Ҳаж шекилли!"
Юртимизда Ҳожилик ўзгача бир мартаба саналиши ҳеч кимга сир эмас.
Азал-азалдан шундай.
Чунки...
Авваллари Ҳаж қилиб, узоқ йўлларда машаққат чекиб, йўлтўсарларга таланиб, бор-будидан айрилиб, қаерлардадир қўлга тушиб, жони хатар остида уриб яна юртга соғ-омон қайтиб келиш ўзига яраша азоб-уқубатли бўлган.
Ҳозирда Ҳажга бориш учун пул бўлса, соғлиқ кўтарса, шароит тақазо этса бўлди. Аммо Ҳажга бориб келиб ҳам аввалги ҳаёт тарзини давом эттираётганларни тез-тез кўриб қоляпмизки, уларнинг баъзисидан инсон сифатида ҳам ихлосимиз қайтган.
Бир эшитганим бор эди, Аллоҳ ўз Байтига чорлаган ҳожилар бўларкан. Улар Ҳаж амалларини бажаргач, муқаддас тупроқда омонатини Ҳаққа топширар экан.
Бундай ҳожиларни "Аллоҳ чорлаган ҳожилар" дейишаркан.
Байтни қурган Иброҳим Ҳалилуллоҳ чорлаган яна бошқа тоифа ҳожилар бўларкан. Улар Ҳаж амалини бажаргач, гуноҳларидан покланиб юртига қайтаркан ва умрининг охиригача аҳдига содиқ қолиб тақво билан сўнгги нафасгача яшаб ўтаркан.
Биз номини эшитсак, ичимиз бир шувиллайдиган Шайтон чорлаган ҳожилар ҳам бўларкан. Улар гуноҳу маъсиятдан бойиб, Ҳажни обрў учун ихтиёр этиб, у ердан қайтгач, аввалги ҳаёт тарзини давом эттириб, гуноҳларга яна ботганча ботиб, ишратга берилганча берилиб, одамларнинг ихлосини қайтариб яшашда давом этаркан.
Ҳажга бордингизми, энди бировларни оёқ учида кўрсатишни бас қилинг! Билмайсизки, сиз назар-писанд қилмаётганлар ичида тушида ҳар куни Ҳаж қиладиганлар бор.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриб, юзма-юз турадиганлар бор. Қачондир у ҳам Ҳажга боради. Балки Аллоҳ пайти келишини билиб, чорламай кутиб тургандир...
Қайнонам раҳматли ойижон бир воқеани айтиб бергандилар. Кам одам Байтга юзлашган йилларда наша сотадиган хола Ҳажга борибди. Маҳалла кўй азбаройи Ҳаж таассуротларини эшитиш учун Ҳожи онани кўргани кирибди.
"Байтуллоҳ қанақа экан? Жамаротда одам кўпми?" деган саволлар бўлибди.
Хола эса жавоб берибди: "Билмайман, менга бу уйқу қаёқдан келди? Борганимдан бошимни кўтаролмай қолдим. Бир ухлабман, бир ухлабман..."
Ҳажга бориб Ҳақни кўрмай келаётганлар қанча? Кимнинг ҳажи қабул бўлди-ю, кимники қабул бўлмади, билмаймиз...
Шукур Жабборнинг саҳифасида таъсирли бир ҳикояни ўқиб қолгандим.
Лайлакни Худо дейдиган бир одам бор экан. Қишлоғидагилар эътиқодини тўғрилаш ва дунёқарашини кенгайтириш учун пул йиғиб шу одамни ҳажга жўнатишибди.
Ҳатто ҳаж амалларини тўлиқ бажарсин, назорат қилгин деб бир одамни ҳам ёнига қўшиб беришибди.
Эътиқоди бузуқ одам ҳажга бориб-келибди. Одамлар “Ҳожи ака-ҳожи ака” деб йўлига пойига пояндозлар солиб, ҳурматини жойига қўйиб кутиб олишибди.
Эртаси куни "қани, энди тушундимикан?" деб узоқроқдан кузатиб туришса шу одам дарвозасидан чиқиб уйининг олдидаги симёғочга қўниб турган лайлакка қараб гап бошлабди:
“Уйингни кўриб келдим. Қора ёпинчиқлар ёпилган туппа-туззук уйинг бор экан яна нимага столбага қўнволдинг?!”
Яратган Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин. Қуръони каримда ёзилганидек, қулоғи яхшиликни эшитмайдиган, тили Ҳақни гапирмайдиган, кўзи Ҳақни кўрмайдиган, қалбига муҳр тушган гуноҳкорлардан бўлиб қолмайлик.
АЗИЗАХОН ИСМОИЛОВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3