Чол-кампир кексайиб қолди.
Беш қиздан кейин кўрганлари ёлғиз ўғил рўзғорни баҳоли қудрат эплаб ўтирибди. Кексаларнинг нафақа пули ўзидан ортмайди. Қуда-анда, борди-келди дегандек. Бир кун чол кампирига ёзғириб қолди.
— Каримқулнинг ўғли отасига ойига бир миллион нафақа ажратар экан...
Кампирга чоли ўксингандек кўринди, нима дейишини билмай
—Ўғли ёғлироқ жойда ишласа керак-да, Худойим бизнинг Умиджонимизга ҳам берсин, деб қўйди.
Кейинги ой Умиджон ҳам отасига нафақа ажратди. Тўғри, бир миллион эмас-ку, беш юз минг сўм.
Чол узоқ дуо қилди. Кейин пулни кампирига берди.
—Ма, бу сенга, мани пенсиям ўзимга етади, сенинг юришинг кўп!
Кампир ҳеч иккиланмай кеча ўғлига ўз нафақасидан "Отангга бер, хурсанд бўлиб қолади, ойлигимдан ажратдим деб айтгин",- деб қайта-қайта тайинлаб берган пулини қайтариб олди.
Чол жума куни ўртоқлари билан чойхонада ўтирар экан, оғзини тўлдириб мақтанди:
—Умидга қўй десам ҳам қўлимга пул тутқазиб ўтирибди, мен пулни нима қиламан, кампиримни хурсанд қилиб қўйдим...
Кампирнинг нафақасидаги беш юз минг сўм пул ҳар ой шу тариқа қўлига айланиб қайтиб келадиган бўлди.
Феруза Салходжаева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3