7-қисм.
Муштарийга Тўлқинбекдан ташқари яна кўплаб йигитларнинг назари тушди.
Бири ошкора, бирлари яширин қиз ҳақида суруштира бошладилар.
Қишлоқлардан йироқда бўлса-да, Сарбардин отанинг ҳузурига совчилар
ташриф буюра бошлашди.
Қиз уларнинг ҳаммасини албатта қайтарар, чунки бу фақат Шокарим аканинг
одамлари келишига умидвор эди.
Шокарим акага спортчи бу қизни сўраётганлар кўплиги, лекин негадир у ҳеч
кимга кўнмаётгани ҳақида миш-миш гаплар ҳам етиб келди.
Ўша кунлари Руқия опанинг яна мазаси қочиб бир неча бор “тез ёрдам”
чақиришга тўғри келди. Бу ҳол Шокарим акани янада ташвишга солиб қўйди.
У туман марказига бориб Ҳасан билан телефон орқали гаплашди:
– Ўғлим, ойингни аҳволи ёмон. Сен тезроқ уйланмасанг бўлмайди шекилли,
нима дейсан? – деб сўради ота.
– Мен “Леспром”да эндигина иш ўргандим, ўқувчи ҳисобидаман. Аввалига бир
оз пул ишлай, ҳеч бўлмаса ўз тўйим учун, сармоя йиғай...
– Сен учун бир қизни мўлжаллаб қўйгандик, ахир.
– Мен учун ташвиш қилманглар, қаллиқни ўзим топаман.
– Хўп, ўйлаб кўр, онангни ўйла. Ахир у ғанимат, сен билан укангни тўйини
кўролмай армонда кетмасин, тағин.
– Хўп ота, мен ўйлаб кўраман.
Орадан бир ой ўтди.
Руқия опа анча ўзига келиб қолган бўлса ҳам фикр-ўйи эгиз ўғилларини тезроқ
уйлантириш бўлиб қолди. Шу туфайли асабийлашиб, Шокарим акани хавотирга солмоқда эди. Шокарим ака “Сарбардин чўпон қизини бирортага бериб
юбормадимикан?” деган ўйда, майда-чуйда қилиб яна тоғдаги қўрғонга ташриф буюрди.
Муштарий уни “Ҳасандан бирор ҳабар олиб келган шекилли” деган умидда
қизариб-бўзариб кутиб олди. Чўпон қўй-молларни қорли тоғ этакларига то кузга қадар олиб кетган экан. Саломат ҳола қизига жуда кўп совчилар келаётганини
ва эри яйловдан қайтса, албатта, тўй қилишларини айтди.
– Қизим ҳадеб совчиларни қайтараяпти. Қаёқаям борарди, пешонасига ёзилган биттасига кўнадида. Бу ёғда синглиси ҳам бўйига етиб қолди, – деди аёл
Шокарим аканинг мақсадини фаҳмлаб.
– Тўғриси, мен шу масалада, яъни Муштарийхонни ўғилларимдан бирига
келинликка сўраб келувдим. Сарбардин ҳам ёшлар бир-бирларига маъқул
бўлса, қарши эмаслигини айтувди.
– Ҳа, хабарим бор. Энди бу ёғи тақдир насиб-да. Қизим билан бир гаплашиб
кўраман, рози бўлса совчи бўлиб келаверсизларда.
– Хўп бўлади, – деди Шокарим ака қуллуқ қилиб ва “Ҳасан ўйланишга кўнмаган тақдирда, бу қизни албатта Ҳусанга унаштирамиз” деган ўйга борди. Унинг
фикрича, Ҳусан акасига ўхшаган қайсар эмас, топганига йўқ демайдиганлардан эди.
Шундай қилиб ота узоқ юртдаги ўғлига навбатдаги қўнғироқни қилди:
– Ҳасанбой, ўғлим. Гапимга қулоқ сол. Бу сафар гапим жиддий. Сен бола унақа қайсарлик қилаверма, тез етиб кел, уйланасан-да, кейин яна қайтиб
кетаверасан.
– Ота тушунинг, қўлимга энди пул тушаяпти. Қандай ташлаб кетаман? Аммо...
– Онанг бир жойда бўлиб қолди, ахир. Унга қарайдиган бир чаққон келин керак. Сингилларинг ўқишда, кейин улар ҳали ёш. Аёлни аёл қараши керак-да,
тушун, ўғлим.
– Бўпти ота, жа шунчалик бўлса ана укам Ҳусанни уйлантираверинглар.
– Сенчи? Эгизаклар бирга уйланишса яхши бўлади-ку.
– Иккита келин учун маблағчи? Қийналиб қоламизку, ота.
Ундан кўра мен ҳозирча топганимни сизларга жўнатайин-да, сизлар укамни
уйлантираверинглар.
– Сенга ҳам бирорта келин топаверайликми?
– Йўқ. Менинг ўз ваъдалашганим бор. У қиз мени кутаяпти. Хижолат бўлманг, ота.
– Бўлмаса укангни уйлаш ҳаракатида бўлаверайликда-а?
– Ҳа, дедимку.
– Тўйга эртароқ келасанми?
– Ҳаракат қиламан.
– Қанақасига ҳаракат қиласан? Ахир у укангнинг тўйи-я, келмасанг бўлмайди,
ўғлим.
– Аввал келинга бўлаверингларчи...
– Келин нақд, ўғлим.
– Яхши. Кейин тўй кунини белгилаб менга хабар қилинглар. Мен ўша кунга
самолётда етиб бораман. Бўладими?
– Бўлади, ўғлим?
– Сизлар ҳаракатни бошлайверинглар, мен ойлик маошларимнинг ҳаммасини
жўнатаман. Ойимга шундай денг. Мен, албатта, у кишига ёқадиган қалиққа
уйланаман. Соғ бўлишсин, умрлари узоқ бўлсин.
– Хўп ўғлим, бу гапингни албатта онангга етказаман. Сен ҳам омон бўл!
* * *
Саломат хола ҳам қизининг кўнглига қўл солиб кўрди.
– Анави Шокарим ака сени ўғлига сўратиб келибди. Нима дейсан-а, қизим?
Муштарийнинг юраги “жизз” этиб кетди. “Хайрият Ҳасан ака отасига айтган
шекилли”, деб қўйди қиз хаёлан ва ич-ичидан қувониб кетди.
– Сен у кишининг ўғилларини кўрганмисан, ўзи?
– Ҳа, кўрганман.
– Унда нима дейсан, розилик бераверайликми?
Қиз нима деярини билмай қизариб-бзарди. Сўнгра “ҳа” дегандай онасини
қучоқлаб ўпиб олмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин орият қилди ва аста “Билмасам ...
” деб қўя қолди.
– Яхши одамларга ўхшайди. Ўзимизнинг уруғлардан экан. Кейин ўтган сафар
келганида отанг билан ҳам гаплашиб кетганди.
– Отам нима дебдилар? – Дабдурустдан сўради қиз ва ўзининг саволидан ўзи
чўчиб тушди.
– “Агар ёшлар бир-бирларини кўриб рози бўлишса, қаршилигим йўқ” деганмиш.
Қиз ич-ичидан гўё мусобақада ғолиб бўлганидек “Ур-ра!” деб қўйди. Эртаси
бўлса, худди уйга қамалиб қолиб, дераза ойнасидан чиқиб кетмоқчи бўлаётган
қуш каби патирлай бошлади.
– Нима деярини билмай ҳаяжондан довдираб турган қизини маҳкам бағрига
босаркан, – “Она қизим, бўйларингдан айланай. Мана сен ҳам улғайиб қаторга
кириб қолдинг. Илоҳим бахтинг очилсин...
Бўлмасам, мен қизилтошга келган Олмослик асаларичиларга бориб айтай, улар Шокарим аканикига тушиб бизнинг розилигимизни билдириб қўя қолишсин.
Хўпми, она қизим? – деди, она.
– Хўп... – деди қиз базўр ва онасини қучоқлаб севинганидан кўз ёши қилиб олди.
Она бола шу куйи анча маҳал йиғи-сиғи қилишди.Шундан сўнг уларда қандайдр шижоат пайдо бўлди ва кўтаринки руҳ билан тўй тайёргарлигини бошлаб
юборишди.
Ҳадемай совчилар ҳам келишди. Улар асосан эркаклардан иборат эди.
Руқия опа дардман бўлгани учун келаолмапти. Қуда томон хотин-халажлари
фотиҳа қилинадиган кунга келишадиган бўлишди ва унинг кунини ҳам белгилаб олишди. Тўй кунини бўлса, Сарбардин аканинг тоғдан қайтадиган кунлари
аниқлашадиган бўлишди.
... Ва ниҳоят тўй 20 августга белгиланди. Бу хушхабар ҳақида Шокарим ака
шошилиб, Красноярскдаги ўғли Ҳасанга қувониб маълум қилди.
– Тўйлар муборак бўлсин, ўғлим!
– Э, раҳмат сизга ҳам қутлуғ бўлсин!
– Сеникиниям қўшиб ўтказиб юборсак зўр иш бўлардида, ўғлим!
– Тўғри, лекин сиз билан келишдик-ку ота.
– Сен иложи борича эртароқ келавер, бизни илҳақ қилма.
– Хўп ҳаракат қиламан. Анави охирги юборган 200 долларни ҳам олдингизми?
– Ҳа, ўғлим. Илоҳим умрингдан барака топ. Уканг ҳам сенинг тўйингга, худо
хоҳласа, ишлаб берар.
– Янаги ҳафтада яна 500 жўнатаман. Ишхонамдан қарз олаяпман. Кейин ишлаб беравераман. Тўйни қўрқмай каттароқ қилаверинглар.
– Хўп ўғлим. Ўзинг тўйдан бирор ҳафта олдин келсанг яхши бўларди.
Келинникига юкни ўзинг олиб борармидинг, ўртоқларингни ҳам айтардинг.
– Ҳаракат қиламан. Лекин Ҳусанга айтинг у “таклифнома” ёздириб анави нариги қишлоқлардаги ҳамма оқсоқоллар, сардорлар, ҳакамларни тўйга айтиб келсин. Қишлоғимиздаги фольклор ансамблининг бошлиғи Насиба опаниям айтсин.
У киши ансамбли билан хизмат қиламан, деб менга ваъда беришган.
– Хўп ўғлим, Насибахонни ўзим айтаман. Демак дастурхонни каттароқ
қилаверарканмизда-а?
– Ҳа. Мен эртароқ борсам кураш ҳам ташкил қиламиз, видеочиниям айтиб қўйинглар, хўпми?
– Хўп, тушунарли ўғлим. Ҳаммаси яхши бўлади. Тезроқ ҳаракатингни қилавер бўлмаса. Хайр, омон бўл.
– Хайр ота, ойимга, бошқа яқинларимизга мендан салом айтинг.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1