6-қисм.
МАҒЛУБЛАР.
...Куз ўтиб қирчиллама қиш келди. Тоғда совуқ қаттиқ бўлади. Ҳаммалари уй ичида қалин кийиниб сандал, ўчоқ атрофида уймалашишади. Саломат хола эчки юнгидан арқоғида ип йигириб ўтириб фарзандларига турли халқ лапарлари, ҳикматлар ва эртаку афсоналар айтиб берарди. Уларни жон деб эшитишарди.
Баъзан қўшиқларни ёд олишиб, чирманда билан хўр бўлиб, ўйин ҳам
қилишарди.
Муштарий ҳам рўмол тўқишни шу соҳага ихтисослашган Маданият қишлоғидаги холасиникида яхши ўзлаштирганди. Маданиятлик баъзи ишбилармонлар рўмолларни аҳолидан тўплаб олиб шимолий ўлкаларга олиб кетишарди. Умуман тоғликлар эчки юнгидан тайёрланган ипдан аёлларнинг иссиқ юнгли рўмоли, қишки уст боши, пайпоқлар тўқишга одатланишган бўлиб уларни маданиятлик воситачиларга улгуржи арзон нархда ўтказишар ва тушум пулини қизлари учун сеп тайёрлашга сарфлашарди.
Муштарий рўмол тўқиб ўтираркан баъзан дафтарига муҳаббат, соғинч, хижрон ҳақидаги ишқий шеърлар битарди.
Хафа бўлманг, баҳорлар мендан,
Сизни қўйиб кузни куйласам,
Яхшиликка бурканса олам,
Мен нотавон кузни изласам.
Хафа бўлманг, баҳорлар мендан,
Ахир хуш дамларим унда бўлакча.
Хазон тўла ўша йўлакча,
Барглар сузиб юрган кўлмакча...
Хафа бўлманг, баҳорлар мендан,
Қачон нолам ёрга етади?
Дилдан хижрон қачон кетади?
Телба кўнглим кузни нетади?
Кўзлар ёниб тушганда кўзга,
Илк бор бизлар учрашдик кузда.
Ҳафа бўлманг баҳорлар мендан,
Куз фаслида изласам сизни.
Қиз жўнатмаса ҳам Ҳасан акасига ўзича мактублар битар, уларни қайта-қайта
ўқир, баъзан эса ўзига жавоб мактуби ёзиб ҳам кўрар, бундан завқланар, шу
зайл гўё ижодий маҳоратини кун сайин ошириб борарди.
ТОҒЛАРГА БАҲОР КЕЛДИ.
Ҳадемай қорлар эриб, тоғларда баҳор таровати уфура бошлади. Мудраётган тоғлар уйғониб, бойчечаклар бош кўтарди. Чуст қишлоқларининг осмонини дошқозонларда тайёрланаётган сумалакларнинг хушбўй ҳиди ва наврўз қўшиқларининг ёқимли оҳанглари эгаллади. Яна наврўз одамлар қалбига қувонч олиб келди. Ҳар йилгидек бепоён тоғ олди даштларини яна бойчечак термоқ учун тўдалашиб бораётган болалар, лола сайлига чиққан ёшлар, тулпорларини чоптираётган чавандозлар, эшагу ёки араваларда сайр қилаётган кексалар билан тўлиб тошди.
Наврўз мусобақаларини бошлаб берадиган спорт ўйини – бу футбол бўлиб, унинг дастлабки босқичи ҳам бошлаб юборилди. Бу йилги футбол ўйинлари ҳар йилгидан ҳам завқли ўтадиган бўлди. Чунки мусобақада Олмос, Парда Турсун, Чуст ва Тўрақўрғон жамоалари ҳам иштирок этишни ихтиёр этишди.
Беллашув бошланишидан аввал жамоа сардорларини аниқлаб олиш керак эди. Шу туфайли Ариқбўйи қишлоқ оқсоқоли Иброҳим оға тоғлик Сарбардин тоға хонадонига ташриф буюриб, Ҳасаннинг ўрнига мусобақа жамоасига Муштарий бошчилик қилиб туришини илтимос қилди. Маълум бўлишича бу ҳақида Ҳасан сафар олдидан тайинлаб кетганмиш.
Шундай қилиб Муштарий Ариқбўйига, Сардорнинг акаси Беҳзод Маданиятга, Бекмирза Балиқчига, қолаверса, аскар йигит Тўлқинбек Ғова жамоаларига сардорлик қиладиган бўлишди. Айтишларича, Тўлқинбек чегара қўшинларида яхши хизмат қилгани учун Наврўз пайтида унга таътил беришганмиш. Шу туфайли у ўзининг ташаббускор, шижоаткорлиги ва ҳарбийча интизоми билан бошқалардан кескин ажралиб турарди.
Ҳар йилгидек мусобақалар тартиби, ҳакамлар ҳайъати, бериладиган совринлар ва бошқа ташкилий шарт-шароитлар келишиб олинди. Тўлқинбек бу йил Ариқбўйи жамоаси билан қаттиқ беллашишга ва Ҳасандан “ўч олишга” қатъий аҳд қилганди. Аммо кутилмаганда унинг ўрнини Муштарий эгаллаганини кўриб танг қолди, режалари чалкашиб кетди.
Шундай бўлсада, қизнинг олдидан бир ўтиб мусобақаларда қандай қилиб ўзаро ҳамкорлик қилиш, жилла қолса, унга кўмак бериш, шу тариқа унинг кўнглига қўл солиш, агар рўйхушлик берса ҳарбий хизмати даврида совчиларини юбориб,
қайтишига тўйни тахт, келинчакни нақд қилиш ҳақида ўйларди. Бундай эзгу мақсадларни амалга оширмоқ учун, аввало, у ўз жамоасининг устунлигини кўрсатмоғи, якка курашларда эса, албатта ғолиб чиқмоқлик зарур деб биларди.
“От пойгасидачи? – Савол берди у ўзига-ўзи.
– Уни енга олармиканман, ёки яна ютқазаманми? Ҳар ҳолда вазиятга қараб
ҳалол ўйнаганим дуруст”.
Йигит ўз жамоасига турли йўл-йўриқлар бериб тиниб-тинчимаётган Муштарийни зимдан кузатди ва кўнглидан “Ажойиб қиз”, – деган ўй ўтди. “Нима бўлса ҳам унинг муҳаббатини қозонмоғим керак. Қизиқ, қаерда тураркин, Маданиятдами ёки
Ариқбўйидами? Бугун унинг изидан бораман, манзилини аниқлайман. Эҳтимол, эртага отлиқ маҳалласига ўтиб бирга ҳамсуҳбат бўлиб келарман.
Ўтган йили муносабатимиз жуда яхши эди. Эссиз, унга яқинроқ бўлиб уй манзилини билиб олишим, кейин хат ёзиб турсам бўларди. Лекин ҳалиям кеч эмас
шекилли, қолаверса, бу сафар пачакилашадиган Ҳасан йўқ.”.
Муштарий футбол жамоаси Маданиятликлар билан, Тўлқинбекники эса Олмосликлар билан тўп суришди. Ариқбўйиликлар маданиятликлар устидан ғалаба
қозонишди. Ғоваликлар бўлса, Олмосликлардан енгилишди.
– Хафа бўлманг, Тўлқин ака, тўп думалоқда, – деди Муштарий қочирим қилиб.
– Мен учун чиндан қайғураётган бўлсангиз сиз аввало Олмосликларни, албатта, енгишингиз керак, – деди Тўлқинбек унинг далдасидан тўлқинланиб.
– Олмосликлар жамоаси жуда кучли. Лекин сизлар руҳан бизга мададкор бўлсангизлар, уруниб кўрармидик.
– Биз улар билан илгари ҳечам ўйнамагандик. Қайси ўйинчи қанақа ўйнаши
бизга номаълум-да.
– Эндичи, билиб олдингларми?
– Ҳа, ҳар ҳолда...
– Унда финалгача ўйин кўп, яна учрашишларинггиз мумкин.
– Ҳа тўғри, “Яхши от кейин чопади” деганларку.
– “Тўн кийганники, от минганники” деган гап ҳам бор. Сизга омад ёр бўлсин, – деди қиз ва ширин табассум ҳадя қилиб жўнаб қолди.
“Нима от минганники” – дедими? Бу билан “Отингизни қамчиланг” демоқчи бўляпти, шекилли. Мен унга томон йўл қидираяпман, унинг ўзи бўлса менга қочиримлар қиляпти. Демак, у ҳам менга бефарқ эмас. Отингни қамчила, Тўлқин, дадил бўл!” – деди у ўзига ўзи.
Кейинги ўйинларда ғоваликлар анча устунликка эриша бошлашди, биринчи ўринда Олмос, иккинчида Ариқбўйи ва учинчи ўринда Ғова футбол жамоалари борарди. Ярим финалда ариқбўйиликлар олмосликлар билан, ғоваликлар Парда Турсунликлар билан белашадиган бўлишди ва Муштарий башорат қилганидек ғоваликлар олмосликлар билан финал босқичига чиқиб яна юзма-юз бўлишди.
Ариқбўйи ва Олмос ўйини ғоваликлар учун жуда муҳим эди. Шу туфайли Тўлқинбек жамоасининг ўйинни зимдан кузатишди ва сардорнинг буйруғига кўра, ариқбўйиликларни ишқибоз сифатида қўллаб туришди. Ўйин жуда қизиқарли ва кескин курашлар тусида ўтди. Иккинчи бўлимда Ариқбўйининг асосий ҳужумчиси ҳисобланган Обид сариқ оёғидан қаттиқ жароҳат олди ва майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Аммо унинг ўрнини эгаллаш учун захирада ўйинчи йўқ эди. Шу туфайли ҳеч иккиланмай майдонга Муштарийнинг ўзи чиқди. Қиз боланинг футбол майдонига чиқиши қишлоқда кутилмаган воқеа бўлди. Лекин Муштарийнинг ўғил болалар билан бирга бемалол тўп суришини ва тинмай қичқириб жамоага йўл-йўриқ кўрсатиб, жон куйдираётганини кўриб, ишқибозлар қўйиб беришди. Сардор қизнинг сайи-ҳаракати билан 2:1 хисобида ютказаётган ариқбўйиликлар кўп ўтмай ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди ва фақат сўнгги дақиқалардагина ҳимоячининг айби билан дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишди.
Ариқбўйиликлар енгилган бўлишса-да, яхши ўйин кўрсата олишгани учун ўйин кўргани келган барча ҳамқишлоқлари улардан мамнун бўлишди. Улар орасида Ҳасаннинг отаси Шокарим ака ва укаси Ҳусан ҳам бор эди. Шокарим ака чаққон ва латофатли Муштарийнинг бошқа мусобақалардаги иштирокини ҳам жон дили билан кузатиб, беихтиёр “Балли, қизим! ” – деб ишқибозлик қилиб турди.
Ота хотини Руқия холани Ҳасаннинг топшириғига кўра, кеч кузда тоққа – Усмон ота қўрғонига олиб борган ва ундан бир-икки бор хабар олганди. Шунда Муштарийнинг бемор аёлига нисбатан қилаётган хушмуомаласи, айланиб ўргилишини кўриб, “Қани энди шу қиз менинг келиним бўлсайди”-деб ҳавас қилганди. Қизнинг мусобақалардаги иштирокини, унга халқнинг ҳурмат эътибори тушаётганини кўриб қизиқиши янада ортди. “Яхши қиз экан, одамлар ҳавас қиладиган чаққон келин бўлади, соғлом, бақувват фарзандлар туғиб беради. Уни қўлдан чиқармай, албатта, ўғилларимдан бирига келин қилишим керак” деб ўшанда ният қилганди. Сўнгра бир-икки бор майда-чуйда қилиб Сарбардин чўпон билан чақ-чақлашиб ҳам келди. Охирги боришида ош дамлаётган Муштарийга ишора қилиб “Худо насиб қилса, агар йўқ демасангиз, мана шу қизингизни Ҳасан-Ҳусан ўғилларимдан бирига келин қилиш ниятим бор”-дея ошкора айтди.
– Қаний, тақдир насибда, ошна. Ҳали қизим ўқишга кираман, деяпти, – деди Сарбардин тоға самимий.
– Ҳа албатта. Ёшларни ўз ихтиёрларига қўйиб берамизда. Барибир қиз болани узоқ ушлаб туриб бўлмайди. Ўғлим Ҳасан Россияда ишлаяпти. Ҳали келсин, ёшлар бир-бирини кўришсин, ўшанга қараб иш кўрамизда. Бўлмаса мана укаси Ҳусан шу ердаку. Қизингизга бир ҳавасим кетди-да. У аёлим Руқиягаям жуда ёқиб қолди, – деди Шокарим ака чин дилдан кулиб.
– Э, шунақами? Ҳа, албатта ўша кунлар келаверсинчи. Нима бўлса ҳам бизлар бир қавмданмиз, ота-боболаримизниям руҳлари шод бўлади. Сиз билан қуда бўлмасак, ким билан бўлардик, – дея кулиб жавоб берди чўпон.
Бу суҳбатдан Шокарим аканинг кўнгли тоғдай кўтарилди.
Ҳусан бўлса Муштарийга нисбатан бутунлай бефарқ, ҳатто мусобақаларда кўриб, қиз ҳақида “Ўғил бола чалиш қиз эканми, намунча чиранмаса?” деган ўйга ҳам борарди. Уй-рўзғор ишлари билан қаттиқ банд, ювошгина, айтганини қиладиган қизга уйланишни орзу қиларди.
Ниҳоят футбол мусобақалари якунланай деб қолди. Асосий рақибларини енга олишгани ва биринчиликни қўлга киритгани учун Муштарий Тўлқинбекдан беҳад қувонди ва уни биринчилар қаторида қутлади.
– Қойил, Тўлқин ака! Ғалаба муборак!
– Раҳмат Муштарий. Сизнинг гапингиз бизга далда бўлди-да.
– Қолган ўйинларда ҳам сизларга омад ёр бўлсин!
– Раҳмат, лекин мен энди бу ёғига қатнаша олмайман.
– Нега?
– Тез чақиртириб қолишди. Эртага хизматга қайтаман.
– Вой, эссиз... Нима, натижаларни кутмайсизми?
– Йўқ. Энг муҳими мен учун футбол эди. Кейин...
– Нима?
– Сизни далдангиз.
– Хўп. Унда яхши боринг.
– Муштарий, узр, сизда бир оғиз гапим бор эди.
– Қанақа гап?
– Агар йўқ демасангиз хат ёзишиб турсак, дегандим.
– Менинг манзилим йўқда.
Йигит бу сўзни ҳазилга йўйиб кулибди.
– Мен ҳалиги, беҳазил...
– Мен ҳам жиддий айтяпман. Биз тоғда яшаймиз. У ерда на почта бор, на телефон, ҳатто электр чироғи ҳам бормаган.
– Э, шунақами. Унда қўрғонларингиз қаерда жойлашган ўзи!
– Хизматга кетаётган аскар учун бунинг нима аҳамияти бор.
– Ҳа энди, қайтиб келгач, бир ўтсамми, дегандим-да?
– Сизни тушундим, Тўлқин ака. Қўрғонимиз бепаён тоғлар орасида. Лекин мени ўз кутаётганим бор.
– Нима?!
– Эшитганингиз.
– Мабодо анави Ҳасан эмасми?
– Эҳтимол... Шунинг учун хафа бўлманг, хўп? Бу сафар ҳам мағлуб бўлдингиз.
– Йўқ. Энди мени мағлуб бўлишга ҳаққим йўқ. Сиз менга ёқасиз, Муштарий!
– Узр, Тўлқин ака, мен бировга сўз бериб қўйгандим, бир оз кечикдингиз.
– Ахир у...
– Хўп хайр. Яхши боринг. Мендан хафа бўлманг-га. Сиз яхши йигитсиз.
Бир дилбар қизни албатта бахтли қиласиз, – дея қиз қатъий ва отини бепоён
қояли тоғлар томон буриб чоптириб кетди. Тўлқинбек ҳам аввалига унинг ортидан
бормоқчи ва у қаерда истиқомат қилишини билиб олмоқчи бўлди.
Аммо “Мен бировга сўз бериб қўйгандим” деган гапини эслаб шаштидан қайтди. Шундай бўлсада, қизнинг қайси дарага кириб ғойиб бўлишини ва тахминан
қаерда истиқомат қилишини англамоқ мақсадида то у кўздан ғойиб бўлгунга
қадар кузатиб қолди.
Майдалаб ёмғир ёға бошлади. Тоғларда бетўхтов чақмоқлар чақар,
момоқалдироқларнинг бетиним гумбирлашлари йигитни масхара қилаётгандек туюлар, лолақизғалдоқлар гўё “Қўй хафа бўлма” дегандай силтаниб алвон
баргларини оёқ пойига сочар, майин еллардан кўтарилаётган гиёҳ тўзғоқлари
бўлса, йигитнинг аламли юз-кўзларига аста урилмоқда эди.
Тулпори ҳам ҳамроҳига ҳамдардлик билдиргандай бошини сарак-сарак қилиб, гоҳ-гоҳ пишқириб қўярди.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1