Айтиб бўладими... эрта ё индин
Изимдан изласа анвойи гуллар.
Онажон, уларни овутиб тургин,
Токи йўқлигимни билмасин улар.
Айтиб бўладими... саболар – дайди
Мени излаб келса бир куни беҳос.
Шаҳарга кетган деб алдагин майли,
Уларни кўнглини олиб тур холос.
Айтиб бўладими... айвонда қушлар
Мени сўраб қолса кутмаган пайтинг.
Ҳасратинг билдирмай, ўзингни ушлаб,
Ҳозир келади деб йиғламай айтгин.
Айтиб бўладими... ҳув ўша минг - минг
Тошлар ҳам сўроқлаб келса қошингга.
Кечикиб келса ҳам, умидлар бергин,
Болишлар бўлгиси келган бошимга.
Айтиб бўладими... кўкдан юлдузлар
Сўраб келса мени бир кунмас бир кун.
Уларни ранжитма, улар – ҳур қизлар,
Фақат сен уларга таскинлар бергин.
Айтиб бўладими... гўзал мажнунтол
Сочларин қирқ ўриб келса ҳам агар,
Йўқлигим сезмасин, кулиб қарши ол,
Унинг хам бошини сила шу қадар...
Айтиб бўладими... айтиб бўларкан,
Мана мен айтдим-ку сезганларимни.
Дунёдан ҳар кимса бир кун кетаркан,
Йиғлатиб кетгим йўқ Севганларимни...
Айтиб бўладими...
Эрта ё индин...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев