1-қисм.
Азиза 22 ёшида яхши ниятлар билан ота-онаси хоҳлаган йигитга турмушга чиқди. Тўйи ўзи орзу қилгандек чиройли ўтди. Аммаси орага тушгани учун, ота-онаси тайинли жой, деб узатишди. Икки томон хам тўйга тайёр бўлгани учун 15 кун ичида тўй бўлиб ўтди. Тўйни эртасига қишлоқ қизлари келин кўришга келиша бошлашди. Янги келиннинг чиройли, соппа-соғ эканлигини кўриб ажабланиб қўйишарди. Азиза аввалига бу ҳолатни тушунмади, токи қўшни қиз билан гаплашмагунча. Тўйдан 4-5 кун ўтиб, эрта тонгда кўча супураётиб қўшни қиз билан гаплашиб қолишди:
-Янга, қандай яшаяпсиз эрингиз билан?- деб сўради у.
-Яхши, нега сўраяпсиз?- деб сўради Азиза кўнгли алланечук бўлиб.
-Асрор акани касали бор, баҳор ёки куз ойларида ўзини билмай жинни бўлиб қолади,-бу гапдан Азизанинг ичи музлаб колди. Қўшни қиз эса гапида давом этди,- Қишлоғимиздан ҳеч ким қиз бермаганди. Сизни бирор жисмоний нуқсонингиз йўқ, демак сиз билмай теккансиз унга.
Янги келин нима килишни билмай бу ҳақда овсинидан сўради.
-Йўғе-е, озроқ боши оғрийди, парво қилманг ҳар хил гапларга,- деб гапни чалғитди. Азиза анча хотиржам тортди. Тақдир чархпалагининг ёз парраклари айланиб, куз чамбараклари ҳам етиб келди. Азиза бу орада хомиладор бўлиб, кўнгли беҳузур бўлиб юрган кунларда, эри ўзгара бошлаганини сезди. Куёв бола кечалари ухламай чиқар, айтаётган гапини ўзи билмасди. Азиза шу пайтда қўшни қизнинг айтганларини эслади. Демак, қўшни қиз рост гапирган экан!
Бир куни кечки пайт хотинига зуғум қила бошлади.
- Ичингдаги бола отамдан бўлган. Униям, сениям ўлдираман! – деди.
Азизанинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. “Э Худо, бу қандай гап! Одам Ўз отасигаям рашк қиладими, ёки ақли ноқислиги шундан маълумми? Жиннига тараф йўқ, ухлаб ётганимда бир нима қилиб қўйса-я? Ёки ортимдан пойлаб бошимга бирон нима билан туширса нима қиламан?” Келин туни билан илхоқ бўлиб ухлолмай чиқди.
Эрталаб ота уйига боришга қайнонасидан рухсат олиб уйга кетди. Бор гапни онасига айтди.
-Воҳима қилма,- деди,- Эркаклар шунақа рашкчи бўлади қизим. Ўлдираман деса қўрқиб ўтирибсанми? Ўзингга тўғри бўл, ҳеч нарсани ўйлама.
-Ойи, соғ одам ўз отасига рашк қиладими, тамом, қайтиб бормайман у ерга,-деб йиғлаб юборди. Онаси уни юпатиб, оғир бўлишини, оғир тошни сув олмаслигини тайинлади. Орадан уч кун ўтиб қайнона-қайнотаси келиб, Азизани олиб кетишди.
-Дадангни юраги касал биласан она қизим. Борақол уйингга, даданг билмасин. Турмуш муштли бўлади,- деб онаизор қизини жўнатиб юборди. Аммо, билса эди, қизини азобли кунларга жўнатганини...
Кун сари ҳатти-ҳаракатлари ўзгариб бораётган куёв бола хотинини қўрқитишда давом этар, энди қўлига ростдан ҳам пичоқ ушлаб оларди.
-Сен онангни уйига бориб ким билан учрашиб келдинг?- деб хотинининг бўғзига пичоқ тиради. Келин қўрққанидан гапиролмай турар, икки қўли билан қорнини ҳимоя қилиб турарди. -Гапир, ким билан учрашгани бординг?
Келин пичоқ бўғзига қаттиқроқ ботаётганини ҳис қиларкан, “Энди ўлдим” деган гап миясида акс садодек янграй бошлади. Шу пайт кимдир ташқарида эрини чақириб қолгани жонига оро кирди. Жаллоддек хезланиб турган Асрор исмини эшитиши билан пичоқни ташлаб ташқарига югурди.
Азиза қаттиқ қўрқдими ёки кўп ўйлаганимданми 3 ойлик ҳомиласи (ҳомила жуфт экан) нобуд бўлди. Келин қайнонасига бўлган воқеаларни айтиб берганди, қайнота- қайнонаси йиғлаб насиҳатлар қилишди. Сабрли бўлишини, ҳали ҳаммаси яхши бўлишини айтиб ишонтира бошлашди. Келин пешанамда бор эканда деб, эрини Самарқанддаги псих больницада олиб ётди. Бояқиш, ота-онаси билан телефонда гаплашаркан қариношлариникида меҳмондорчиликда юрибмиз деб ёлғонлади. 18 кун ётиб, касалхонадан чиқиб уйга қайтишганда гўёки Асрор яхшидай эди.
Орадан бир-икки кун ўтиб онаси қўнғироқ қилиб қолди.
-Асроржон бугун уйга келди қизим. Шунақа гапларни гапирдики умуман ақлга сиғмайди,- деди ажабланиб.
-Онажон, ҳеч кимга индаманг, куёвингизни даволатябман. Пешонамда шу кунларам бор эканда,-Азизанинг кўзлари ёшланди.
Кунлар ўтди, ойлар ўтди, келин иккинчи марта ҳомиладор бўлди.
2-қисм.
Келинининг иккинчи марта юкли бўлганинидан хабар топган қайнона қувонганидан бир жойда ўтиролмай қолди. Қўшниларнинг гапи билан қаерда “дами ўткир” муллани номини эшитса ўша ёққа чопди. Қаерда фолбин бўлса бориб келди. Хуллас, қилмаган чора-тадбири қолмади. Чопди- югурди, орасида келинини духтирларга ҳам кўрсатиб келарди. Хуллас, қайнона келиним кетиб қолмасин деб роса югурди, чопди. Келин бу ҳолатлардан баъзида жаҳли чиқса баъзида раҳми келарди. Бахтига қайнона-қайнотаси яхши, меҳрибон одамлар эди. Қайнонаси бир куни келини билан ёлғиз қолганда ичидагини тўкди:
-Қизим, биздан ранжиманг. Ўғлимни қаратмаган жойимиз қолмади. Охири уйламаймиз, кимнидир қизига жабр бўлмасин деган қарорга келувдик. Аммо, охирги олиб борганимиз Бахмаллик табиб “Балки уйланса ўнгланиб кетар, тарихда шунақа ҳолатлар ҳам бўлган” деб бизга умид берди. Шундан кейин келин қидиришга тушдик. Қайнсинглим аммангиз билан бирга ишларкан. Сизни топишганда ўғлим тенгидир деб ўйлагандик. Мана сиз эса соғлом экансиз. Жон қизим, ўғлимни ташлаб кетманг. Эрингизда анча ижобий ўзгаришлар бор. Авваллари бу хуруж даври оғир ўтарди. Ҳеч кимни танимай қоларди, ҳозир анча яхши. Тажоввузкор бўлса ҳам, одам таниябди. Ажабмас, Худойим бахтимизга шифо бериб юборса!
-Бўлди, онажон, йиғламанг!-келин меҳр билан қайнонасини бағрига босди.
Азиза вақти соати етиб, қиз фарзандини дунёга келтирди. Ёз ойи бўлгани учунми эрининг руҳий ҳолати яхши эди. Тегирмони бор бўлиб, шу ерда ишларди. Аммо, сентябрь ойи иккинчи ҳафтасида яна ўзгариш сезила бошлади. Кўзлари бежо, ҳаракатлари маъносиз. Отаси ҳар эҳтимолга қарши тегирмонга ўғлини киритмай қўйди. Куёв бола 15-сентябр куни эрталабда кўчага чиқиб кетди. Азиза эрталабки нонуштадан кейин чақалоқни бешикка боғладида, уй юмушлари билан машғул бўлди. Бир пайт эри девонадек гандираклаб кириб келди. Бешикда ётган болани бешиги билан кўтарибҳовлидан оқиб ўтган маҳалла ариғига ташлаб юборди.
-Вой болае-е-ем !!!- Азиза яланг оёқда чинқирганча ариққа югурди. Ярим йўлга етганда эри тутволди-да, қулоқ чаккасига шапалоқ тортиб юборди. Икки думалаб ўрнидан турган келин ўзини ариққа отганди, сув белига чиқди. Чалоп-чулуп интилиб бешикка етди. Ўзбегимнинг бешигидан айланай! Худди қайиқдек, болага сув теккизмай оқиб борябдия, воажаб!
Ҳовлидаги шовқин -сурондан қўшнилар ҳам йиғилишди. Азиза дарров онасига сим қоқди:
-Онажоним, агар мен керак бўлсам, бир соатни ичида олиб кетинглар. Йўқса, бошим оққан томонга кетаман, аммо, бу ерда ортиқ қололмайман!
Султон қачон суягини хўрлабди, уйидагилар дарров етиб келишди. Она бола ачомлашиб юм-юм йиғлаб олишди.
-Бизни кечир қизим, сени яхши суриштирилмаган одамга бериб хато қилибмиз. Обкетаман қизим, пешонангда борини кўраверасан.
Шу билан икки ярим йиллик турмуши бузилган Азиза, қизини олиб ота уйига қайтиб келди. Бу орада куёв томондан келмаган одами қолмади: маҳалла раиси, қишлоқ раиси, эшон бобоси, пошша холаси, хуллас олти ой қатнашди “яраштирайлик” деб. Бу сафар ота бир сўзда туриб олди:
-Мен мажбур қилмайман, ўзи билади!
Ҳикоямиз бошида айтиб ўтдикми, ё йўқми, келинимиз Медицина техникумини битирган, ўқишни битирган-у, кейин ишлашга улгурмай узатиб юборишганди. Азиза қизи икки ёшга кирганда жавонда ётган дипломининг чангини қоқди. Касалхонага ишга кириб, икки йилча ишлади. Бир куни хамкасбларидан бири уни четга тортиб гап очди:
-Қайнонамиз ўлиб кетган, қайнотам яхши одам. Опа агар рози бўлсангиз орага тушиб совчи бўлай. Сиз айни бизга керакли аёлсиз,-деб кўзига тикилди. Азиза ўйланиб қолди.
Шу куни касбдоши эри яъни Азизани сўраган одамнинг катта ўғли билан совчиликка келишди. Бу сафар амма-холалар разведкаси обдон ишлади. Натижада, яхши одам, дурадгорлик цехи борлиги, икки ўғли билан цехда эшик-ром ясашларини аниқлашди. Азиза оғзи куйган эмасми, икки марта бўлажак эри билан гаплашиб, ўзидан 23 ёш катта одамга иккинчи марта турмушга чиқишга рози бўлди. Асли, энди турмуш қилмайман деб ўйлар, аммо, вақт ўтган сари чиққан қиз чийриқдан ташқари эканини ҳис қилиб юрар, шундай юраверишга эса, қишлоқда “қайтган қиз” номи остида яшашга ўзининг ҳам кўнгли бўлмасди. Дом олиб чиқиб кетишига ака-укалари ор қилиб, рози бўлмас, биз билан яшайсан деб кўнишмасди. Азиза, оиласидагиларнинг меҳридан ийиб кетсада, қачондир, ота-онасидан кейин, ака-укаларимга юк бўлмайманми деган хавотирни ичидан чиқаролмасди. Мана шу хавотир ила бўлажак эрининг яхши инсон эканига ишониб, турмуш қуришга қарор қилди.
Иккинчи эри қизи йўқлиги учун Нигорани худди ўз қизидай қабул қилди. Икки ўғли, икки келини бор оилада Азиза кенжа келин билан яшай бошлади.
Бошида ҳаммаси яхши эди келин билан опа-сингилдай киришиб кетди. Унинг икки қизи Азизани буви деб чақирар, ёшгина бувимиз бор, деб ҳазил қилиб юришарди.
Беш ой яхши ҳаёт кечиришди. Ҳаммаси, Азиза юкли бўлгани ошкор бўлган кундан бошланди. Арзимаган нарсадан баҳона топиб, кенжа ўғил жанжал чиқарар, ҳатто Нигорани уришгаям борди. Азизанинг онаси “қизим тинч бўлгин” деб қизини кайтариб олиб кетди.
Бироқ, жанжаллар кўпайса кўпайдики камаймади.
-Туғмайсан, аборт қилдир!- деб жанжал қилди.
Эри бир марта орага тушганди.
-Ёш хотин олиб ота бўлишни хоҳлайсизми дада, қариган чоғингизда биз шарманда бўламиз-ку! Невараларингизданам ёш бўладими болангиз?
Бечора эр эса икки ўт орасида қолди. Аборт қилдир деса Худодан қўрқади, туғавер деса, хотинига кун бермайди.
-Биз шу уйдан чиқиб кетайликми ўғлим, меросдан хавотирдамисан?- деб гап бошлаган ота юрагини чангаллаб йиқилиб қолди. Касалхонада давленияси кўтарилиб инфаркт бўлибди, деб ташхис қўйишди. Эр касалхонада, хотинига эса болалари умуман кун бермай қўйишди. “Шум қадам” деб турткилай бошлашди. Бир неча бор ўз жонига қасд қилишни ўйлади, аммо, жон Аллоҳга омонат экани фикридан қайтарди. Кейин эрининг тинчлиги, ўзининг “БАХТИ” учун уч ойлик нишонани олдириб ташлади. Абортдан сўнг кичкина келин Азизанинг тепасига келди:
-Туғиб нима қиласиз, қайнотамга бола керак эмас,- деди. Ҳаммаси тушунарли. Азиза қайноталари ўтгунча хизматкор бўлиб, омонатгина юрса бўлди экан. Кетишга чоғланди, аммо, касалманд эрини ташлаб кетишга виждони қўймади.
Кейин қанча ҳаракат қилмасин, ўғлининг кўнглини тополмади. Икки йил азобда яшади. Кечалари давленияси ошиб кетганда ўзи муолажа қилар, ҳамширалиги қўл келарди. Эри тез-тез даволанишга ётадиган бўлиб қолди. Охирги марта давленияси чиқиб касалхонага ётқизишмоқчи бўлиб, кардиалогия бўлимига ўз оёғи билан борган одам оламдан ўтди. Ёш бошига “бева” деган номни олган Азиза эрининг “қирқини” ўтказгунча ҳовлида қолди. Шундан кейин акаси ота уйига олиб келди.
Азизанинг миясида “Ростдан ҳам шумқадам аёлманми” деган совуқ гап айланадиган бўлиб қолди. Онасини қучиб “Онажон, бошқа турмуш қилмайман” деб ўксиб-ўксиб йиғлади. Ота ҳовлида қолган укаси ва отаси агородни иккига бўлиб ярмини Азизанинг номимга ўтказиб бердилар.
-Опажон, кўнглинг тўқ бўлсин, шу ер энди сеники!
Мана уч йилдирки Азиза катта келинойисининг синглиси билан Москвада ишлаб юрибди. Ишлаб жўнатган пулига, уйидагилар иморат тикка қилишди. Беш хоналик уй битди ҳисоб, фақат ички безаклар берилса яшашга тайёр ҳолатга келади.
*****
Мана, Дониёр ака бошимдан ўтганларини айтиб бердим. Агар ёзишни лозим кўрсангиз исмимни ёзманг илтимос. Аллоҳга шукр мана, тинчгина ишлаб юрибман.
“Ҳурматли синглим Азизахон ! Сутдан куйган қатиқни пуфлаб ичаркан. Афсуским қатиқдан ҳам оғзинг куйган экан. Сен бошида менга айтганингдек “ШУМҚАДАМ”ҳам “БАХТСИЗ” ҳам эмассан! Аллоҳга шукр қил, қондошларинг яхши инсонлар экан, хорланиб қолмайсан! Эрсиз оила тебратаётган битта сен эмас! Бахтингга қизинг соғлом экан, аммамнинг бузоғидек бўшашиб “АРҚОННИ” ўйлайверма! Қолган ҳаётинг энди қизингники, шу норасида учун ҳаётда курашиб яшашдан чарчама!”
Сенга Яратгандан куч-қувват тилаб-
Дониёр Ахмаджонов.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2