4-қисм.
-- Ҳасан ака кетайлик.
– Йўғе, яна бир оз ўтирайлик.
– Ҳали тушишингизниям ўйланг. Чиқишдан тушиш қийин. Камида икки соат
кетади, кеч бўлиб қолди. Уйдагилар мени қидириб қолишади.
– Бўпти, кетдик. Бошқа бирор кун келармиз.
– Ҳа, насиб қилса, – деди қиз. Аммо унинг кайфияти негадир суст эди. “Ёмон
булоқ, унга қилинган ният, эгиз тошлар ва улар орасидаги улғайган дарахт,
дарахт тагидаги заҳарли гиёҳ. Қизиқ, булар нимадан дарак бераркин?
Охири баҳайр бўлсинда, ишқилиб”, – деди қиз хаёлан.
Улар пастга жуда қийинчилик билан тушдилар. Ҳасаннинг яп-янги туфлиси
деярли дабдала бўлди. Қиз ўзи билан калиш кийиб олган экан, деярли
қийналмади. Булоқ ёнига аранг етиб олишди-да, сувдан яна тўйиб-тўйиб
ичишди.
Муштарий отига минаркан негадир кўнгли бир ғашликни туяр, камгап бўлиб
қолганди. Унинг чеҳрасига фақат қўрғонларига яқин қолганидагина майин
табассум инди.
– Анави бизнинг қўрғонимиз, – деди қиз бир тоғ оралиғидаги булоқ атрофидаги
қалин дарахтзор ва тошдевор билан ўралган қўрғонни кўрсатди.
– Эҳ-ҳе, жуда ажойибку! – дея ҳайратини яшира олмади Ҳасан.
– Шу ер ҳали менинг ватаним бўлади денг.
– Ҳа!
– Бахтли қиз экансиз. Нима учун айтайми?
– Айтинг.
– 200 йил аввал катта бобонгиз ўз севган ёри бўлмиш катта момонгизни шу
ёқларга олиб келиб, у билан ширин ҳаёт қуриб, мана шундай ажойиб
масканлар барпо қилишибди. Уларни авлодларига қолдиришибди.
Сиздай гўзал зуриёдлар пайдо бўлишига сабабчи бўлишибди. Қойил! Мен катта бобонгизга тан бераман ва у кишига ҳозир чиндан ҳам ҳавасим келаяпти.
– Сиз ҳам яхши ният қилаверинг, “Орзуга айб йўқ” деганлар., – деди Муштарий ширин табассум қилиб.
– Албатта. Бўлмаса яна қачон учрашамиз? Менга бор-йўғи иккита булоқ
кўрсатдингиз холос-ку. Унинг бири яхши, бири ёмон экан.
– Сизга яна қанақаси керак, ўзи?
– Зўри керак, “Импортный” бўлсин, – деди Ҳасан ҳазил қилиб.
– Ундан ҳам зўри бор. Лекин бир шарт билан.
– Қанақа шарт?
– Ҳозир сиз ҳам, мен ҳам имтиҳонларга таёрланяпмиз. Энди “тест жавоблари”
чиққан кунининг эртаси келасиз. Ўшанда сизни Терагистон дарасига олиб
бораман.
– Хўп, келишдик!
Улар бир-бирларига омад тилаб хайрлашдилар. Ҳасан пастлик томон отини
чоптириб кетди. У ниҳоятда хурсанд эди.
РЎМОЛЧА.
Кунлар шу қадар тез ўтдики, Муштарий Наманган педагогика институтига, Хасан бўлса Фарғона Политехника институтига тест имтиҳонларини топшириб келишди.
Жавоблар чиқишига бироз муддат бор эди.
Аммо йигит билан қиз бир-бирларини шундай кўргилари келмоқда эди.
Улар ҳали дил изҳори қилиб улгуришмаган бўлсалар-да, ҳар иккисини ҳам тош курсининг оҳанграбоси ўзига тинимсиз чорлайверди.
Ҳасаннинг сабри чидамади. Ҳеч бўлмаса курсида бир бор ўтириб, узоқдан
бўлсада, Муштарийларнинг қўрғонини кўриб келмоқчи бўлиб, йўлга отланди.
От бир маромда борар, унинг туёқ товушларига монанд Ҳасан ҳам халқ
термаларидан бирини куйлаб борарди. У бўш пайтларида ва умуман қўшиқ
куйлашни ёқтирарди:
Олма отгим келади,
Беҳи тотгим келади,
Суйиб қолган ёримни-ей,
Олиб ётгим келади.
Ёрим келади яшнаб,
Зар кокилини ташлаб,
Хипча белини ушлаб-ей,
Шакар лабини тишлаб...
Муштарий ҳам энди негадир уй ичига сиғмай қолди. Юрса ҳам, турса ҳам фикри хаёли Ҳасанда эди. Эчкини соғаётганида ҳам, булоқларидан сув олаётганида
ҳам, отига миниб тепаликларни сайр қилаётганида ҳам, узоқ-узоқларда хиёл
кўриниб турган ўша чўққидаги эгиз қояга кўзи тушганида ҳам негадир бўлган
гапларни ёдига олар, йигитни қўмсарди.
Энди бўш пайтлари тош курсига бориб рўмолча тўқиб ўтиришни ва кутган
йигитининг тўсатдан келиб қолишини пойлашни одат қилди. Онасига ҳам ҳар
доим “Мен тош курсида бўламан” деб айтиб қўярди-да, кетарди.
Саломат хола ҳам узоқдан қизининг иш қилиб ўтирганини кўриб хотиржам эди.
Кунлардан бир куни рўмолчасидаги гул шохида ўтириб сайраётган булбул
суратини ип билан безаб, қўшиқ хиргойи қилиб ўтирганида Кумуш ҳузурида
Отабек мисоли Ҳасан пайдо бўлди.
Ҳасан аста сездирмай бориб, курсининг орқасига ўтириб олди-да, севиб қолган қизининг нолаларини мароқ билан тинглай бошлади.
Муштарий ҳам халқ қўшиқларидан мароқ билан куйларди:
Сув келар гулдур-гулдур,
Суйганим қизил гулдир.
Суйганим топилмаса-ё,
Ўлганим ўшал кундир.
Хасан энди чидай олмади ва “Воҳ!” деб юборгани ўзи ҳам сезмай қолди.
Қиз бир чўчиб тушди.
Унинг завқига яна завқ бағишлаш учун йигит халқ лапарини қолган жойидан
давом эттирди:
Сув айланиб оқмайди,
Ёр қайрилиб боқмайди,
Ёр қайрилиб боққанда-ё,
Бир қулоғи ёқмайди.
Қиз ҳам энди ташабуссни ўз қўлига олди:
Олма берсам олмайсан,
Беҳи берсам олмайсан.
Айтчи қайси боғдансан-о,
Куйдирмоқни ўйласан?
Йигит ҳам бўш келмади:
Мен боғингга бормайман,
Олма берсанг емайман,
Энди ақлим кирибди-ё,
Бошқа билан юрмайман.
Қиз “Ҳо!” деб қўйди-да, давом этди:
Ака отинг кўкмиди?
Кўк бедаси йўқмиди?
Мунча менга қарайсан-о,
Қора кўзинг йўқмиди?
Аммо Ҳасан кутилмаганда шундай якун ясади:
От минсам ҳам ўйлайман,
Минмасам ҳам ўйлайман,
Севиб қолган ёримга-ё,
Минг боқсам ҳам тўймайман
– Э яшанг, қойил сизга! Истеъдодингизга гап йўқ! – деди Муштарий йигитни
алқаб.
– Сиз ҳам чакки эмассиз.
– Бу соҳада ҳам беллашсак бўларкан, тўғрими?
– Ҳа албатта, яхши фикр. Мен халқимиз термаларини яхши кўраман.
Уларни тўплаб, ёзиб юраман, кейин хиргойи қилиб дегандек.
– Шеър ҳам ёзасизми?
– Йўқ. Нима эди?
– Мен оз-моз машқ қилиб тураман-да.
– Ўҳ-ҳў, ростданми? Бир эшитайликчи, қани.
– Унчалик яхшимасда. Ўзим учун ёзиб юраман холос.
– Энди бундан буёғига мен учун ҳам ёзинг, бўптими?
– Бўпти... Мана эшитинг бўлмаса:
Куздан сўнг баҳор келмас,
Бу ёшлик такрор келмас,
Ҳеч қачон ашъор келмас,
Севмаган кўнгилларга.
Гулми, тикан бари-бир,
Унга бил, фарқи надир?
Вафосизликдан гапир,
Севмаган кўнгилларга.
Хасан қарсак чалиб юборди.
– Э, яшанг! Қойил! Сиз тайёр шоира экансиз-ку.
Шеърларингизни туманимиз газетасига ҳам бериб турасизми?
– Э, йўқ. Бир борувдим, ҳафсаламни совутишди.
– Нимага?
– Бир сўхтаси совуқ бўлим мудири бор экан. Шеърларимни қўлига узатсам
“Яхши қиз, маълумотингиз қанақа?” деб сўради.
Мен “Маълумотимни шеър ёзишга нима дахли бор?” – дедим.
У бўлса “Ие, билиб-билмай ҳар нарсани ёзаверадими? Аввал ўқинг, диплом
олинг, кейин ёзинг”, – деди.
Мен “Ака, шеър ёзиш учун диплом керакмас, ахир у юракдан ёзилади-ку” десам шеъримни ўқимай туриб “Менга ақл ўргатманг”, – деб қўлимга қайтариб берди.
– Оббо, ифлосей. Демак у шеър, ижод, истеъдод нималигини тушунмайдиган
бир молфаҳм амалдор эканда.
Хафа бўлманг, энди шеърларингиз халқ сайлларида, йиғинларида ўқиб беринг ёки қўшиқ қилиб айтинг. Айтмоқчи, жуда яхши овозингиз ҳам бор экан-а?
– Сизники ҳам чаккимас.
– Хўш, шоирахон айтган зўр булоғингизни энди кўрсатасизми?
– Э йўқ. Бугун эмас. Ахир мен сизга нима дегандим?
– Имтиҳонлар натижаси чиқсин, дегандингиз.
– Ҳа ўлманг. У ер анча узоқ, ул-бул егулик олволиш керак бўлади-да.
– Э бўлди, сизни тушундим. Битта эшакдай қўйни пишириб олсам бўладими?
– Йўғе, қуёндек товуқ ҳам бўлаверади, – деди қиз жилмайиб.
– Яхши. Унда сочма ўқли милтиғим ҳам бор, қушларни ов қиламиз.
– Э, йўқ. Ундай қилмайлик. Шундоқ ҳам қуш бечоралар камайиб кетяпти.
– Бўлмаса бундай қиламиз. Уйда битта қари хўрозим бор. Уни олиб келиб қўйиб юборамиз, кейин орқасидан росса қувлаймизда, кейин тутиб олиб кабоб
қиламиз, қалай?
– Чархпалай!
Ёшлар мириқиб кулишди. Шу маҳал узоқдан бир аёлнинг чақирган овози
эшитилди.
– Ие, вой яширининг! – деди Муштарий.
– Бу киши онам бўладилар, бизни узоқдан кўриб қолибдилар, шекилли.
Хасан тош ортига яширинди. Қиз қўрғонлари томон рўмолини силкитиб
“Мана хозир бораман!” – дея қичқирди.
– Бўпти, Ҳасан ака. Бошқа куни гаплашармиз-а?
– Мени кўриб қолишган бўлса, нима дейсиз?
– Анави қўшни яйловдаги Асқар деган чўпон бола дейман, яхши боринг.
– Қўлингиздаги нима?
– Рўмолча тўқиётувдим.
– Нега?
– Нега бўларди. Ахир урф-одатларимизни яхши биласизку.
– Ким учун тўқияпсиз?
– Бўлғуси ҳаёт йўлдошим учун-да.
– Ростданми?
– Ҳа.
– Чиройли экан менга берақолинг – деди Хасан ўсмоқчилаб.
– Бўпти. Беш дақиқа ўтириб туринг бўлмасам, битиб қолди.
– Маъқул. Беш дақиқа эканку, керак бўлса бир умр кутганим бўлсин.
– Оҳ-ҳо, яхши ният қилинг.
– Худо хоҳласа ўқишга кириб кетсак, учрашиб турамиз, хўпми?
– Йўқ. Хаёлни чалғитмай ўқиш керак бўлади.
– Оббо, худди онамга ўхшаб насиҳат қиласиз-а.
– Айтмоқчи, у киши тузукмилар?
– Ҳа раҳмат. Яхши эслатдингиз, у кишини қачон опкелсам бўлади?
– Истаган пайтингизда. Мехмонхонага жой қилиб қўяман.
– Муштарий, рўмолчангиз битгунича шеъларингиздан айтиб беринг, илтимос.
– Хўп, фақат битта шарт билан. Сиз ҳам битта қўшиқ айтиб берасиз.
– Бор овозим биланми?
– Ҳа.
– Унда онангиз эшитиб қолсаларчи?
– “Қўл магнитафоним эди” дейман.
– Бўпти, аввал сиз айтинг.
Муштарий қора қалам қошларини нозланиб бир чимириб олди-да,
шеърларидан бирини ифодали қилиб айтиб берди:
Баҳорлар йўқламас боғман, мен,
Оҳулар тарк этган тоғман, мен,
Осмонга сиғмаган моҳман, мен,
Бағрингизга яширинг, мени.
Ой парилар олиб кетмасдан,
Умр поёнига етмасдан,
Фурсатингиз кўлдан кетмасдан,
Бағрингизга яширинг, мени.
– Вой-дод!...
– Қалай?
– Чархпалай!
– Сиз ҳам қўшиғингизни айтинг.
– Эшитинг. Сизга Зебижонни айтиб бераман. Халқ қўшиғи, халқ куйи, ижро
этади халқнинг битта вакили, яъни каминаи камтарин! – деди йигит хурсанд
томоғини бир қириб оларкан дўпписини доира қилиб олиб, гўё
“даранглатиб” чалди ва завқ билан куйлай бошлади:
Зебижон, ҳайда, қўйингни боқаман,
Лабларингда писта-бодом чақаман.
Лабларингда писта-бодом чақмасам,
Эшигингда чашма бўлиб оқаман.
Зебужон, жон Зебу, Зебужон
Зебужон, Зебужон –
Зебижонни боғи бор, боғбони йўқ,
Юрак оғриқ дарди бор, дармони йўқ.
Зебижон боғингга боғбонинг бўлай,
Юрагингни дардига дармон бўлай...
– Э, яшанг! Зўр айтаркансиз, Ҳусан ака!
– Ҳусан эмас, Ҳасанман. Нима бало укамни кўрмай туриб ҳозирдан бизни
адаштириб қўйяпсизми?
– Вой, узр. Укангиз ҳам қўшиқ айтадими?
– Ҳа. У ландовур ҳам баъзан қовоқарига ўхшаб ғинғиллаб туради.
– Бирга айтсанглар, жўровоз бўлиб зўр чиқса керак-а?
– Эҳтимол. Лекин болалигимизда биргалашиб йиғлаганимизда биздан бутун
маҳалла безор бўларди.
Муштарий кулиб юборди. Шундай кулдики, тўсатдан онаси эсига келиб
тўқиётган рўмолчаси билан оғзини ёпди.
– Ҳой, бўлдими? – сўради Ҳасан бетоқат.
– Ҳа, мана, – деди қиз ва қайчисини олиб ортиқча ипларини қирқиб текислади. Мана, марҳамат, насиб қилсин.
– Ишқилиб Дездемонаники эмасми? – сўради йигит ҳазил қилиб.
– Йўғе, бизлар у даражага бормасмиз.
Ҳасан рўмолчани олиб ўзида йўқ шодланди... Уни узоқ ҳидлаб турди-да
“Э-ҳе-ҳе-ҳей!!” дея ҳайқирди.
– Ҳой жинни, бақирманг, жўнанг тез!
– Муштарий, раҳмат сизга…
Қиз ерга қаради.
– Арзимайди.
– Арзийди. Бу мен учун энг азиз совға бўлади, – деди йигит ва пастлик томон
қуш каби парвоз қилди. У жуда бахтиёр эди.
Чунки берилган рўмолча Муштарийнинг унга бефарқ эмаслигини эслатувчи
нишона ҳисобланади.
Қиз ҳам ширин орзулар оғушида қўрғонлари томон “парвоз” қилди.
Орадан кунлар ўтди. Ниҳоят тест жавоблари чиқди.
Афсуски ҳар икки қалби қайноқ ёшларга олий ўқув юртига кириш насиб этмади ва бу ҳол кутилмаганда ҳаёт тақдирларининг кескин ўзгариб кетишига сабаб
бўлди.
Хафа бўлган Муштарий эртаси ўша келишилган жойда Ҳасанни кутиб тош
курси тепасида тиззаларини қучоқлаганича хомуш ўтирарди.
Унинг фикри-ўйи Ҳасан акасида бўлиб, “Ишқилиб у киши кириб олган
бўлсинларда, йўқса Россияга кетиб қолишлари мумкин. Менку янаги йили
ҳаракат қилиб кўраман. Аммо ўшанда ҳам кира олмасам отам мени турмушга
узатиши аниқ. Чунки синглим Сурайё ҳам кейинги йили мактабни томомлайди. Қолаверса, бизникини совчилар ҳам топиб келишлари мушкул.
Шундан чўчишади… ”
– Салом ! – деди шу пайт тўсатдан Ҳасан ва қизга бир даста атиргулни
узатди, – Манави сизга!
Қизнинг баҳри дили очилиб кетди ва нохуш ўйлари шу ондаёқ барҳам топди.
– Вой, раҳмат! Нима бўлди?! – сўради у шоша-пиша.
– Бўлмади, – деди йигит.
Бироқ у жуда хотиржам эди.
– Контрактга илинишим мумкин экан, лекин керакмас. Яхшиси ишлагани
кетаман, тўй учун пул ишлаб келаман.
– Ҳм-м, тўй учун денг…, – деди қиз хаёлан ва кўнглидан “Ишқилиб келин сизни
кутармикан” деган ўй ўтди.
– Ўзингизчи? Нима бўлди?
– Бўлмади, – деди қиз лўнда қилиб. Лекин негадир йиғлагиси келиб кўзлари
намланди.
– Хафа бўлманг, ҳали ҳаёт олдинда. Яхши тайёргарлик кўринг, янаги йили,
албатта, кирасиз.
– Хўп, – деди қиз гулдастани юзига босиб тўйиб ҳидларкан.
Гулларнинг муаттар ҳиди уни ҳам хотиржам қилди.
– Кетдикми?
– Кетдик!
– Хўрозингиз қани?
Ҳасан хуржунга ишора қилиб:
– Қувиб хўрозни қийнамайлик дедим-да, уни қозонда беш соат қайнатдим.
Шўрвасини шифо бўлсин деб онамга бердим.
– Яхши қилибсиз.
– Борадиган жойимизда сув борми, ишқилиб?
– Бўлганда қандоқ, билакдай сув отилиб чиқади, чиқади-ю икки метрдан кейин
яна тошлар орасига сингиб кетади.
– Қизиқ. Ўша ерни боғ қилса бўларканда-а?
– Бўлади. Лекин у булоқ асосан чорваларни суғориш учун хизмат қилади.
– Жўнадик, бўлмаса.
– Лекин Ҳасан ака, бугун тезроқ қайтамиз-а? Ўтган сафар уйдагилардан хийла
гап эшитувдим, – деди қиз ўз тулпорига чаққонлик билан миниб оларкан.
– Майли. Мен ҳам кечки пайт Красноярск билан телефон орқали
гаплашмоқчиман.
– Ким билан?
– У ерда амакиваччам бор. Мен ундан шароитларни сўраб, “Кел”деса тезроқ
кетмоқчиман.
Муштарий индамади. Кутилаётган айрилиқни ўйлаб алланечук бўлиб кетди.
“Қуриб кетсин, тоғда на почта бор, на телефон” деб фикран ранжиган бўлди.
“Хат ёзиб турасизми?” деб сўрамоқчи ҳам бўлди. Лекин хатни қаерга, кимга ҳам ёзарди.
Бу тоғга ким ҳам уни олиб келиб берарди. Шуларни ўйлаб оғиз очмай қўяқолди.
Ўртадаги жимликни фақат беозор отларнинг туёқлари бузар, улар баъзан ўзаро маъноли пишқириб қўйишарди. Йигитнинг ҳам хаёлида турли ўйлар ғужғон
ўйнарди.“Муштарий мени кутасизми?” деб сўрагиси келар, аммо юраги дов
бермаётганди.
Ниҳоят лоп этиб бошқа бир таклифни ўртага ташлади:
– Муштарий...
– Ҳа, лаббай.
– Мен билан Россияга кетмайсизми?
– Вой! Мен у ерда нима қиламан?
– Бирга юрамиз. Аёлларга ҳам иш топилади. Эҳтимол ўша ерда ўқирмидингиз?
– Йўқ. – дея кескин жавоб берди қиз. – Биринчидан, отам-онам рухсат беришмайди, иккинчидан, рус тилини мутлақо билмайман. Сиздан илтимос, бу хақида
бошқа гаплашмайлик.
– Хўп. Лекин сизни соғинаман...
– Соғинсангиз тезроқ қайтасиз-да.
– Кутасизми?
– Билмасам. Бу менга боғлиқ эмас. Чунки мендан кейин синглим бор.
Агар ўқишга кириб олганимда эди, турмушга Сурайёни узатаверишарди.
– Ҳм-м, шунақами?
– Ўзингизчи? Бормасангиз бўлмайдими?
– Нима десам экан. Гапнинг тўғриси тўй қилишга имкониятимиз йўқ, Ҳусан
иккимиз бир вақтда уйланишимиз керак бўлади. Кейин икки синглимиз ҳам бор. Бунинг устига онамизнинг юраги хаста...
Отамиз бўлса уста эди, томдан йиқилиб тушиб ногирон бўлиб қолганлар.
– Тушундим. Демак, сиз оила бошисизда-а?
– Ҳа, шунақароқ...
– Қачон кетмоқчисиз?
– Бугун амакиваччам билан гаплашайинчи. Шунга қараб Наманганга чипта
олгани бораман.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев