11-қисм.
НОТАРИУС БИЛАН "ТЎҚНАШУВ.
Омонулла режалаштирган ишларининг бу ёғи хамирдан қил суғуриб олингандан
сўнг пиширилган чучварани ютилганидай осон кечди.
Эрта тонгда Кўпайсиновнинг шахсан ўзи нонуштага бир коса янги қаймоқ ва тўрт дона иссиқ кулча нон билан қуллуқ қилиб кириб келди. Қолаверса, бир папка "нуқсоннома" ва "бир дипломат"ни ҳам эринмай ташлаб кетди, "бечора"...
Нонуштадан сўнг Олимиддин Аҳаджон билан ғиз-ғиз юришиб қурилиш бўйича
шартномаларга ҳам имзо қўйдириб, муҳрлатиб келишди. Нотариусга эса Омонулланинг ўзи борадиган бўлди.
– Олимиддин, сиз "келди-кетди"ни ўзингиз эплаб туринг. Мен бориб "ҳомий"
дўстимизни кутиб оламан. Ўзим уни тўғри нотариусга бошлаб бораман. Ҳар ҳолда ҳужжатлар қонуний бўлгани яхши-да, нима дедингиз?
Хуллас, банкка бир талай нақд пуллар топширилиб, қишлоқ қурилиш трестининг
ҳисоб рақамига ўтказилди ва бу ҳақда шапалоқнинг ярмидан ҳам кичикроқ паттани қўлга тутқазишди.
Нотариус мудираси чиройликкина аёл экан. Айниқса, унинг қошларини чимириб
жиддий гаплашиши Омонуллага маъқул бўлди. Худди қўғирчоқнинг орқасидаги калитни бураб қўйгандек бошини қимирлатиб бир хил гапни ҳадеб қайтаравераркан. Қандай ажойиб..
– Давлат божи 7 сўм 32 тийин, хизмат ҳақи 1 сўм 21 тийинни банкка тўлаб,
паттасини олиб келасиз. Кейин машинисткага хизмат ҳақига 20 тийин ташлаб кетасиз. – деди у "автоматик" тарзда бидирлаб.
– Банкка овора бўлиб яна бориб юраманми-а? Ўша пулни ўзларингга тўлаб қўя
қолай, илтимос.
– Йўқ, мумкинмас. Ҳар бирига алоҳида-алоҳида патта тўлдириб тўлаб келасиз.
Ундан кейин сиз билан навбатингизга қараб гаплашамиз. Кўрмаяпсизми бечора одамлар кечадан буён навбат кутиб туришибди. Сиз бўлса, уялмай-нетмай бесўроқ худди раҳбарларга ўхшаб кириб келавердингиз. Одамда озгина виждон ҳам бўлиши керак-ку, ахир...
– К-кечирасиз синглим, сиз мени танимадингиз, шекилли. Мен Омонулла Жўраевич бўламан.
– Мен ҳам Рухсора Раимовнаман. Биз учун, ўртоқ Омонулла Жўраевич,
фуқароларнинг ҳаммаси бир. Қонун ҳам ҳамма учун баробар, тушунарлими?
– Ахир мен ҳозиргина банкдан келаяпман. У ерга мана бу пулни топширгандим, – деди Омонулла сиполик билан аёлни қойил қолдириш мақсадида 300 минг сўм нақ пул топширилгани ҳақидаги мўъжазгина паттани узатиб.
– Бир ҳомийлик қилгим келиб кетдида, узр...
Нотариус паттага кўз югуртириб бир қизарди ва бир бўзарди, лекин пинагини
бузгиси келмай, ўзининг ҳар қандай "кураш"га мардона туришга тайёр эканлигини намойиш қила бошлади. Бу кураш Омонулланинг назарида, таниш-билишларсиз давом этаётган қиличбозликка ўхшаб кетарди.
– Яхши, – деди аёл совуққонлик билан. – Бу сизнинг фуқаролик ҳуқуқингиз. Лекин мана шу қилган даромадингиз ҳақидаги ҳужжат борми?
– Ҳуж..?
– Ана шу мулкингизни кимгадир инъом қилаётганингиздан хотинингизнинг ҳам
хабарлари борми?
– Н-нега?...
– Ахир у киши ҳам шу мулкка тенг шериклик қилади-да.
– Ахир бу мулкни менга "ҳадя" қилишди-ку...
– Ким ҳадя қилди? Ўша "ҳадялар" берилганлиги ҳақида нотариус тасдиқлаган
шартномалар борми?
– Қанақа шартномалар?
– Ҳадяни неча кишидан олгансиз ўзи?
Омонулла бармоғи билан дилда санай кетди. Асовиддин, Кўпайсинов, Хуррамов, Бакиров... Тахминан 50 кишидан.
– Ҳа, ҳали аниқ билмайсиз ҳам. Хуллас, ўша 50 киши билан тузилган
шартномаларни олиб келасиз, қолаверса, уларнинг турмуш ўртоқларидан ҳам розилик хати бўлиши шарт.
Омонулланинг капалаги учди ва бу капалак унинг назарида гўё чироқ каби порлаб турган "бюрократгина" опанинг пешонасига урилиб парча-парча бўлиб кетди. У чаккасидан чиқа бошлаган совуқ терларни артаркан, "Астағфируллоҳ... – деб юборди.
– Наҳотки неча-неча амалдорлар менинг соямга қуллуқ қилиб туришган бўлишса-ю, мана шу жиккаккина аёлга бас кела олмасам-а?.."
– М-мен... – дея олди у зўрға.
– Бўлди, вақтимни олманг, – деди аёл хўмрайиб ва эшик томон қичқирди:
– Навбатдаги фуқаро, марҳамат қилинг!
Чол-кампир билан бир йигит ўқдай кириб келишди ва навбатсиз кириб келгани учун Омонуллага **** юборгудай қарашди. Тарвузи қўлтиғидан тушган Омонулла ҳужжатларини олиб ноилож чиқиб кета бошлади. "Озгина узатсаммикан-а? Лекин энди қандай қилиб?
Пулни кўрсатиб бекор қилдим-да".
– Нима ишларинг бор, бўлинглар тезроқ. Мени ижроқўм чақирган, бориб келишим керак. Пойтахтдан комиссия келганмиш...
Омонулла калласига ялт этиб ўзининг "...Нотариусни бу ерга олиб кела қоламан" – дея Олимиддиннинг гапи ёдига тушди. "Эссизгина, бекор келибман-да. Лекин тўғри, сир очилиб қолиши мумкин эди. Наҳотки шунча истеъдодим ва иш тажрибам бўла туриб шу оддий ишни эплай олмасам, мана шу тирранча аёлга кучим етмаса?.."
Омонулла шундай ўй билан навбат кутиб ўтирган фуқаролар қаторидан бўш жой топиб, ўтириб режа туза бошлади. "Тўхта, нотариус ҳозир ижроқўмга бораман", дедими? Демак, Асовиддин Оловиддинович ҳузурига, эҳтимол менинг илтимосимга кўра борар. Мирбадал Боқиевич йўқ. Лекин... унинг уст-боши менда. Бир таваккал қилсаммиккан-а?
Э, бор, нима бўлса бўлди. У шашт билан бюрократия уя қурган индан отилиб чиқди-да, машинани тезроқ Тошқўтонга ҳайдашни буюрди.
– Бир зарур ҳужжат қолиб кетибди, тезроқ ҳайданг – деди у ҳайдовчига.
Машина ўқдай учди. Ҳатто ДАН постидан ҳам тўхтатиш белгисига амал қилмай
чироқларини ёқиб ўтди. Милиционер раҳбарнинг машинасини кўриб ҳурмат юзасидан честь берди. Омонулланинг келибоқ, ётоғига тез кириб кетганини ҳатто бошини қўйиб мизғиётган Олимиддин ҳам сезмай қолди.
Омонулла хаёлига келган режасини амалга оширишга астойдил киришди. Мирбадал Боқиевичнинг кийимларини тезлик билан кийди-да, бир ойнага, бир гувоҳномадаги суратга қараб сочини тараб лак сепди. Ҳатто депутатлик нишонини рўмолча билан артган ҳам бўлди. Кўзлари ўхшамаётганди, қорамтир кўзойнагини тақиб олди.
Лекин раиснинг оёқ размери кичик, шекилли, туфлининг қиса бошлаганини у ташқарига чиққандан кейингина билди. Билди-ю, эътибор бермади. Одамлар михнинг устида ўтирсаям ўрганиб қолишаяпти-ку, ахир...
У ўз ролини Олимиддин билан синаб кўрмоқчи бўлди. "Агар у танимаса, демак, нотариус опа ҳам ишонади", – дея ўзини тайёрлади. Сохта раис Олимиддиннинг ҳузурига кириб борганида бечора ходим довдираб қолди.
– Ие, Мирбадал Боқиевич, келинг, яхши бўп қолдингизми? Саломатлигингиз
яхшими?
– Ҳа, раҳмат. Қани у комиссия? – деди у атайин томоғини хириллатиб ва қисқа
йўталиб қўйди.
– Ҳа, у кишими, нотариусга кетувдилар, ҳозир кеп қоладилар, – деди Олимиддин ўзини қўйгани жой топа олмай.
– Бўлмаса, нотариусга телефон қилинг, мен ҳам ҳозир унинг ҳузурига бораяпман. Лекин мазам йўқ, айтинг меҳмоннинг ишини тезроқ ҳал қилиб берсин, – деди сохта раис ортига қайтаркан.
– Хўп бўлади. Ўтиринг, чой ичинг.
– Йўқ, раҳмат. Қалай бу ёғи, уялиб қолмаймизми, ишқилиб?
– Йўқ, ҳозирча ҳаммаси яхши.
– Қаранг, у кишининг хизматини яхшилаб қилинг. Хўп мен борай.
– Яхши боринг, Мирбадал Боқиевич...
Бу роль яхши чиқди. Олимиддин кўчага чопиб чиқиб ҳайдовчини ҳайрон қолдириб машинанинг орқа эшигини очиб берди. Аҳаджон "раис" билан машина ичида сўрашишди.
– Хўп яхши боринг, Мирбадал ака, – деб қолди Олимиддин чин дилдан.
– Хўп, қаранглар, – деди сохта раис томоғини хириллатиб ва қисқа йўталиб оларкан.
– Қаерга ҳайдай, Мирбадал ака?
– Нотариусга.
– Омонулла акам қолдиларми?
– Ҳа, – деди "касал" аранг ҳайдовчининг елкасини қоқиб "кетдик" ишорасини қилди. Мирбадал Боқиевич нотариус хонасига тўғри кириб борди ва стол устига
Омонулланинг ҳужжатларини "тап" этказиб ташлади.
– Сиз бизнинг, бутун бошли туманимизни шарманда қилмоқчимисиз, ҳали?! Ҳў,
ўша, сизнинг билимдонлигингиздан ўргилдим! Меҳмонга ҳам шунақа муомала
қиладими?
– Қонун ҳамма учун баробар-да, – деди аёл "раис"нинг башарасига шубҳали
тикилиб.
– Ҳе ўша!.. Нега менга бунақа тикиласиз?! Ё мениям туман раҳбари эканлигимга
шубҳа қиляпсизми? Ё бу тўғрида ҳам ишхонамдан справка олиб келайинми?! – деди у чўнтагидан "гувоҳнома"ни кавлаштириб олиб, уни очиб кўрсатаркан.
– Мана, сизга қоғоз керакми? Бунданам нусха олволинг! Ҳе ўша, ўргатган устозингдан ўргилдим сани! Бюджетда бир тийин ҳам пул йўқ!
Мактаб қуришга-ю, умуман, гап бўлиши мумкинмас. Шундай оғир пайтда биров келиб 300 минг пулни тортиқ қилса-ю, биз арзимаган қандайдир қоғоз парчаларини рўкач қилиб "ноз" қилсак...
Йиғиштиринг идорангизни.
Бунақа туманга фойдаси тегмайдиган бюрократик идорани бизга кераги йўқ! Ёпинг! Бўлинг! – деди "раис" жиддий жаҳл қилиб. – Одамлар керак бўлса қўшни тумангаям бориб келаверишади. Тавба, кимдир минглаб-минглаб шахсий маблағини давлат ғазнасига топшираётган бўлса-ю, бу кишим "1 сўм 21 тийин яна тўланг", деб ўзини таннозликка солса...
– К-кечирасиз Мирбадал Боқиевич, мен у кишини танимабман.
– Ахир у киши "Мен Омонулла Жўраевичман" деб айтибди-ку, э ҳалиги айтдими?!
– Ҳ-ҳа, айтишди...
– Ё унгаям шубҳа билан қарадингизми? Сизга ўзи бир бало бўпти, шекилли.
Ақлингиз "кўпайиб" нафақага чиқадиган бўп қолибсиз! Идорангизни бир тафтиш
қилдириб қўйишимиз керак, шекилли. Амал қурсин-а, амал...
– К-кечиринг, бошқа...
– Сизга беш дақиқа муҳлат, ҳамма ҳужжатларни тахт қилиб олиб чиқасиз. Мен
машинамда кутиб тураман. Кейин бу кошонангизни мен рухсат бермагунимча очмайсиз, тамом! – деди "Ижроқўм раҳбари" иш битириш қийин кечганлиги учун чиндан ҳам асабийлашган эди. Чўнтагидан 5 сўмликни олиб стол устига ташлади.
– Манави ўша давлат божларингизга, банкка ўзингиз олиб бориб топширасиз!".
Омонулла навбатда турганлар орасидан гўё ролини қойиллатиб бажарган
артистлардай виқор билан ўтиб борди (Лекин ортидан қарсак товушларидан садо ҳам эшитмади). Машинага худди француз фильмларидаги "медленная съемка" каби гўё "учиб" ўтирди...
Аҳаджон моторни юрғазди. Қаҳрамонимиз "Тўхтаб туринг", – дегандек оҳиста
қўлини унинг елкасига қўйди. Қабулдагилар нимадандир норози бўлиб идорани бирмабир тарк эта бошладилар.
– Халқ норози бўлмоқда, – деди ҳурфикр "раҳбар", – демакки, бошлиқ нопок...
Лекин Омонулланинг тўсатдан хаёлига машъум фикр келди. "Ишқилиб,
оширвормадиммикан, ё мени таниб қолмадимикан?... Чиқмаса-я... Чиқмай у
ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилса-чи?.. Эҳ, хом калла! Нима қилардим номер кўрсатиб?" – дея михнинг устида ўтиргандек безовталаниб қўйди. Бу маҳал Мирбадал Боқиевичнинг шерст костюми-ю, тумори йўғон галстуги гўё уни илон каби бўға бошлаган ва юнгли шляпа тагидаги юмалоқ хум калласининг туки тўкилган ерларидан маржон-маржон терлар шашқатор бўлиб чиқа бошлаганди.
Хайрият, ҳовлиқибгина нотариус опа чиқиб келдилар. Энди у Омонулланинг
назарида бюрократик жамиятнинг типик вакиласи эмас, балки юмшоққина уй бекасига айланиб қолганди.
Гаплари бирам ёқимли эдики, автоматнинг ўқларини гўё ютиб юборгандек ва "ўқ"лар "раис" ўтирган машина атрофида парвона бўлиб мушакдек учиб
чиқаётгандилар.
Омонулла машина ойналарини туширмаган ҳолда бир зум аёлнинг бу ҳолатига
"маҳлиё" бўлиб қолди. Амал қурсин-а, – деди у ўзича, – одамни қай кунларга солади бу. Бечорани анчагина қийнаб қўйибман чоғи..."
– Мирбадал Боқиевич, мана ҳамма ҳужжатлар тахт бўлди, фақат китобга имзо
чеккани Омонулла Жўраевичнинг ўзлари керак, холос.
– Нима, сиз меҳмонни яна безовта қилмоқчимисиз?
– Ахир қонун...
– Бу ерда менман қонун, опкелинг китобингизни! Нима, менга ишонмайсизми?..
– Й-йўқ, ҳалиги... – дея олди софдил аёл нима қиларини билмай ҳужжат ва
муҳрларни машина капоти устига шоша-пиша ёяркан.
– Қани, қаерга қўл қўйиш керак?
Нотариус китобни очиб кўрсатди. "Раис" "Омонулла Жўраевич Барноев"нинг имзоси ўрнига ўзи имзо қўйиб ташлади.
– Аёллари-чи? У кишини ўрнига ким қўяди?
– Опкелинг. У киши сўққабошлар. Лекин пойтахтга борганимда мени ўз акасидек
кутиб олади. Фақат сиз билан биз холос пойтахтликларни назаримизга илмайдиган! – деди Омонулла куюниб.
Муҳрлар "гуп-гуп" урилиб машинанинг эшиклари "тап-тап" ёпилиб, ҳужжатлар
олингач, машина мотори гуриллаб жўнади. Нотариус опа эса, ходимлари бир нечта мижозлари билан анграйиб қолавердилар.
Омонулла ўз ғалабасидан анча мамнун эди ва негадир бу ғалаба нашидасини суриш, қолаверса фирибгарликни давом эттириш истаги худди бир пайтлар қорни оғриб қолгандек қистаб келаётганди ва бу қистак уни энди "қуённи расмини чизиш"га ундарди.
Шу туфайли у тўғри Болтавой аканикига келди-да, Олимиддинга рўпара бўлди.
– Омонулла Жўраевични "срочний" чақириб қолишибди! У киши кетибдилар. Менга қўнғироқ қилдилар, мен ҳам ҳозироқ пойтахтга орқаларидан жўнарканман. Мен нарсаларини олволаман, сиз бўлса, ҳамма ҳужжатларини йиғиштириб беринг.
Хуллас, айтилган нарсалар, ҳаттоки Болтавой аканинг бобосининг бобосидан қолган қадимий идиш ҳам яширинча машинага жойланди.
– Сиз райижроқўмга бориб ишингизни қилиб тураверинг. Ўзлари чақиртирарканлар.
– Хўп бўлади, хўжайин.
Ниҳоят жўнаш дақиқалари ҳам келди. Омонулла ҳовлидан аллакимни беихтиёр
излади... "Қани экан, у ҳурилиқо? Бир кўриб кетсам бўларди". Лекин Мафтуна
кўринмасди. Омонулла негадир ўзини Олимиддинга танитгиси келмаётганди ва шу туфайли Мафтунани "билиши" шу тобда ҳеч ақлга сиғмайдиган ҳол эди.
– Хўп, Олимиддин. Мабодо Омонулла Жўраевич қўнғироқ қилса, мени "кетди" деб айтинг. Бошқа сўраганларга мени касалхонада денг, хўпми? Эшитган қулоққа, текширувчининг орқасидан лаганбардорлик қилиб кетибди, деган фикр келмасин тағин.
Тушунарлими?
– Тушунарли, хўжайин. Омонулла акага мендан салом айтинг.
– Хўп. Тошкентга ҳайданг! – деди у ҳайдовчига.
Машина ўрнидан қўзғолди. Лекин шу пайт қўшни ҳовлидан Мафтуна чиқиб келди ва кўнгли ниманидир сездими, машина ортидан қичқирди.
– Омонулла ака!!!
Машина анча нарига бориб тўхтади.
– У киши Омонулла ака эмас, кўрмаяпсизми, раисимиз-ку... – дея уришиб берди
Олимиддин.
Омонулла машинадан тушди ва қиз билан чин юракдан хайр-хўш қилишни, қўлини олиб сиқишни, замон кўтарса, бир ўпиб қўйишни жуда-жуда истади, аммо унинг ёнида турган Олимиддинни кўриб шаштидан аранг қайтди.
Олдинда айрилиқ ва ҳижрон кутиб турганини сезиб юраги увишди.
– Омонулла Жўраевичга нима деб қўяй? – қичқирди Омонулла овозини атайин
хириллатиб ва кўзойнагига қўлини олиб борди.
Қиз ҳайрон бўлиб қолди ва эҳтирос ила деди:
– Сиз?!.. Нима?.. Омонулла ака кетиб қолдиларми?!
– Ҳа...
– Мен бўлса, у кишига мошхўрда қилиб қўювдим... – деди қиз синиқ овозда. Лекин икки бегона эркакка ўз дил сирини ошкора қилиб қўйишдан ўзи уялиб кетиб, ерга қараб олди. – У кишига салом айтинг, – деди қиз қуруқ қилиб.
– У ҳали кўп келади, хизматчилик-да... Хафа бўлманг, синглим. Хўп, Болтавой акага менинг номимдан ҳам кўп раҳматлар айтиб қўйинг!
Машина янги асфальтда из қолдирмай ва ғилдираги тешилмай эсон-омон пойтахт сари равона бўлди.
Машина бурилишга етганидагина Омонулла беихтиёр ортига боқди. Боқди-ю,
бирдан алланечук бўлиб кетди. Мафтунанинг ҳайронликда ҳамон бир жойда қотиб турганини кўрди.
У шундагина била туриб ўз бахтини аҳмоқона йўқотаётганини, жувоннинг "Бу нима қилиқ?!" – дея савол назарида қараб турган ўткир нигоҳини ҳис қилди. Юрагида ғашлик пайдо бўлди. "Наҳотки мен нақадар аянчли, номард одамман.
Бахтли ҳаёт қуришимиз мумкин бўлган шундай аёлдан, инсонийлик қадр-қимматини ҳар нарсадан устун қўядиган Болтавой акадан қочиб кетаётган бўлсам. Нега қочаман? Қаёққа қочаман, ўзи? Яна навбатдаги одамларни лақиллатганими? Энди бунақа ишларимни йиғиштириб, қолган умримни ҳалол-пок, яхши оила қуриб яшашим керак эмасми?" – дея фикрлай бошлади у. Кийиб олган бегона одамнинг уст-бошига қараб ўзидан уялиб кетди."Тавба, кап-катта, эс-ҳушли одам шунақа майнавозчиликларни қилиб юрсам-а?..."
Бу пайтда машина Тошқўтон гузаридан ўтиб борарди. Омонулланинг нигоҳи
беихтиёр йўл ўртасига кўзбўямачилик учун суқулиб, олиб ташлаш унутиб қўйилган ва барглари қовжираб қолган беҳи шохларига тушди.
Бу шохлар ҳақидаги Болтавой аканинг куйиб-пишишларини эслатди.
"Илдизсиз дарахтлар... Тавба, худди менинг ҳаёт тақдиримга ўхшайди..." дея
хаёлидан ўтди Омонулланинг. Унинг фикрини гўё уқиб олгандек Аҳаджонни ҳам
алланималар ёдига тушди шекилли, қовжираган шохларга қараб кулиб қўйиб, ҳамроҳини гапга тутди.
– Қизиқ, Оқбердиевнинг ўрнига энди ким раислик қиларкин-а, раис ака?
Сохта раис атайин калта-калта йўталиб олди.
– Ким билади, Омонулла Жўраевичнинг тавсияси билан бирортасини қўямиз-да, – деди атайин овозини хириллатиб.
– Омонулла Жўраевич жа яхши одам эканлар-да. Катта амалдор бўлсалар ҳам ҳамма билан бирдек муомала қиларканлар. Умуман кўнгилларида кири йўқ, ажойиб инсон экан, – деди Аҳаджон йўлдан кўзини узмай бораркан.
– Ҳа-а, – деб қўйди Омонулла уни тасдиқлаб ва ўзи ҳақидаги мақтовли фикрларни эшитиб тушкун кайфияти унут бўлгандек туюлди.
– Мирбадал Боқиевич, айтмоқчи, мен бугун тўсатдан бундай пойтахтга
жўнашимизни ўйламагандим. Шунга машинани бир қараб олиб, заправка ҳам қилишим керак эди. Иннайкейин, уйдагиларниям хабардор қилиб қўйишим керакмиди...
– Мен ҳам шифохонадан тўғри келаяпман. Ҳали жавоб ҳам бўлгани йўқ.
Уйимдагилар ҳам билишмайди. Ноилож, текширувлар яхши ўтиб олсин деб хавотир бўлар экансан-да...
– Тушунарли. Соғлиғингиз безовта қилмаяптими, ишқилиб? Нима бўлсаям узоқ йўл, толиқиб қолманг тағин..
– Э, йўқ, тузукман. Иш битса, бўлди, – деди "раис" яна сохта калта-калта йўталиб. –Мана шу текширувлардан, худо хоҳласа, эсон-омон чиқиб олсак, яна дамимни олавераман-да...
– Унда заправкани нима қиламиз?
Омонулла ижроқўм тўра кастюм-шимининг чўнтакларини кавлаштирди ва хуноби ошди. ... Қурумсоқ – деб қўйди у фикран, – раҳбар деган чўнтагига 100-150 сўм солиб юрмайсанми? Текин **** ўрганиб қолишганда, бу амалдорлар...
У кийимидан бугун бор йўғи беш сўмлик чиққанини ва уни ҳам мардларча нотариус опанинг столига ташлаганини эслади. "Асли ўзимда қанча пул қолди экан-а? ...Наҳотки "командировка харажатлари"ни ҳам олиб қолмай, ҳаммасини банкка топшириб юборган бўлсам?..
Бу ёғи қовун бўлди-ю.
Энди пул топишга тўғри келади. Оббо, яна кимнидир аврашим керакми? Бунақа ишларни энди йиғиштиришим лозим, лекин ноилож, ҳаммаси яхшилик учун бўлаяпти-ку, Худонинг ўзи кечирар...".
Худо берган истеъдод Омонуллани яна бир бор қўллаб юборди. Савол бериб жавоб кутаётган ва машинани ғизиллатиб пойтахтга олиб борадиган катта йўлга чиқа бошлаган Аҳаджон энди пулсиз қолган қаҳрамонимиз учун нишонга айланди.
– Аҳадбек.
– Лаббай, хўжайин.
– Сиз демак Омонулла Жўраевич билан яхши муносабатдасиз-а?
– Ҳа, дуруст, нимайди?
– Менинг хаёлимга бир фикр келди-да. Мана шу Оқбердиевнинг ўрнига сизнинг
номзодингизни кўрсатиб юборсам, нима дедингиз?
Аҳаджон бирдан машинани йўл четига тўхтатди ва хурсанд бўлиб "хўжайин"га
илтижо ва умид билан боқди.
– Рости биланми, Мирбадал Боқиевич? Бунинг иложи борми?
"Раис" "ҳа" дегандек бошини ликиллатди.
– Ахир мен институтда ўқимаганман-ку.
– Ҳечқиси йўқ, – дея қўл силтади "хўжайин". – Сиртдан ўқийсиз. Оқбердиев ҳам ҳеч нарсани битирмаган. Лекин озгина хизмати бор-да.
– Бўлди, қанақа хизмат бўлса қилавераман. Буюринг, нима қилай?
– Ёнингизда пулингиз борми?
– Бору, лекин кам. Уйга кириб ўта қоламан.
– Омонулла Жўраевич олдига қуруқ бориб бўлмайди-да, ўзингиз тушунасиз-ку!
Лекин ҳозир темирнинг айни қизиғи...
– Ҳа албатта, тушунарли. Уйга ҳайдаверай бўлмаса.
– Ҳай майли, бир йўла заправка ҳам қилиб олақолинг, – деди у ва кўнгли хотиржам тортди.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2