9.Қасд
Эртаси куни эрталабдан Саломат кейинги режасини амалга оширишга киришди. Исога қўнғироқ қилиб нима қилишни келишиб олди-да, вақтли уйдан чиқиб дўконга йўл олди. Кутганидай Зебинисо эрталаб вақтли келиб дўконни очди. Бу вақтда Саломат Исонинг келишини бозор дарвозасида кутиб ўтирарди. Исо келгач, унинг машинасига ўтириб, дўконни узоқдан кузатиб ўтирди. Зебинисо одатига кўра дўконни супуриб, полларни артиб, челакдаги кирланган сувни тўкиб келиш учун кетганида Саломат опа дарров дўконга кирди-да, Зебинисонинг стол устида турган сумкасига анчагина пул солиб қўйди.
Зебинисо иш жойига қайтиб, ишларини саранжомлаб бўлгач, Исо билан икковлари ҳеч нарса бўлмагандай дўконга кириб боришди. Зебинисо уларни бирга кўриб, бир зум ҳайратланиб қараб қолди.
-О, мени ақлли қизим. Аллақачон келиб, ҳаммаёқни тозалаб ҳам бўлдингми?-Саломат шундай деб Зебинисога қараб юрди. -Сени келин қилган одам маза қилади-да. Ҳамма ёқни ораста тутасан, чаққонгинасан.
-Ассалом. Йўғ-е, мақтайверманг. Ҳар доимги ишим-ку. -Зебинисо ўнғайсизланди.
-Мақтайман-да. Чунки сен бировларнинг бошини айлантиришга ҳам чаққонгина экансан. Ўғлимиз сенга уйланиш фикридан ҳалиям воз кечмади-я.
-Бу гапларнинг менга нима алоқаси бор?-Зебинисонинг аччиқланаётгани овозидан сезилди.
-Мендан нима истайсиз?
Саломат опа сотувчи ўтирадиган стол орқасига ўтириб, тортмасини очиб кўрди-ю, бирдан жазавага тушди:
-Балки бу ердан йўқолган пулнинг ҳам сенга алоқаси йўқдир?
Қанақа пуллар?-ҳайрон қолди Зебинисо.
-Мен пулларни билмайман.
-Сен ўзингни атайин гарангликка соляпсанми?
-Бўш келмади Саломат опа.
- Бу ерда кечаги савдонинг пуллари бор эди.
-Мен столни ёнига борганим ҳам йўқ, фақат полларни ювиб олдим. Энди кийимларни тўғрилаётган вақтимда сиз келиб қолдингиз. -Зебинисо кутилмаган туҳматдан гарангсиб қолди.
-Балки пулларни олиб, аллақачон яшириб ҳам қўйгандирсан? Исо менга стол устидаги сумкани олиб беринг-чи. -Саломат ҳайкалдай қотиб турган Исони туртди.
Зебинисо сумкасини ўзи олиб Саломатнинг қўлига тутқазди.- Мана, бемалол. Кўринг.
Саломат сумкани ичидан аллақанча пулни олиб стол устига қўйди.
-Энди нима дейсан? Туҳмат қилаётган эканманми?
- Бу..бу пул қаердан мени сумкамга тушиб қолди?-Зебинисо гангиб қолди.
-Буни сендан сўраш керак! Демак сен ўғрисан, Саломат шундай деб, Исога қаради.
-Бўлинг, милицияга қўнғироқ қилинг….
- Мен бу пулни олганим йўқ!Зебинисонинг овози бу гал қатъийроқ чиқди.
-Ҳозир милиция келади.Ўзлари дарров аниқлашади, бу пулни ким олганини,-Саломат овозини баландлатди. Кейин Исога қараб: -Нимага милиция чақирмаяпсиз, бўлинг тез чақиринг!-деди.
Исо бир зум қотиб турди-да, "Бу масалани ўзингиз ҳал қилинг, мен аралашмайман",-деб чиқиб кетди.
-Майли, чақиринг. Мен бу пулни олмаганман, ўғри эмасман.
-Зебинисо шундай деб ёнида турган стулга ўтириб олди.
-Энди тўтиқушдай “Ўғри эмасман, пулингизни олганим йўқ”,-деб тураверасанми? Кел, ундан кўра бир нарсага келишиб оламиз. Мени шартларимга кўнсанг бўлди. Сумкангдан пул чиққанини ҳам унутамиз,-Саломат шундай деб айёрона илжайди.
-Қанақа шартлар экан?
-Сен Нуршод билан бошқа учрашмайсан.Телефон қилса жавоб бермайсан.Умуман кўзига кўринмайсан! Тушундингми?-Саломат буйруқ оҳангида гапирди.
-Ҳа, ҳали гап буёқда денг? Демак, Нуршод билан мени ажратиш учун шу ишни қилдингизми?-деди Зебинисо киноя билан.
-Овора бўласиз. Пулингизни қандай қилиб мени сумкамга тушиб қолганини билмайман. Нуршод билан учрашмаслик масаласига келадиган бўлсак, мен ўғлингизга осилиб олганим йўқ.
-Осилиб олмаганмиш, тавба. Демак, айтганимни қилмайсанми?-Бирдан Саломат опанинг важоҳати ўзгарди.
-Ҳалиям яхшилаб ўйлаб кўр. Ўғлимизни тинч қўйсанг, сенга истаганингча пул бераман.
-Менга пул керакмас,-Зебинисонинг бирдан хўрлиги келди. Нимага одамлар бунча ёмон-а? Ҳамма нарсани, ҳатто муҳаббатни ҳам пул билан ўлчашади…
-Демак, сенга Нуршод керак, шундайми?-Саломат опанинг ғазабдан кўзлари қисилиб кетди.
-Сен унга турмушга чиқишдан умидворсан, тўғрими?
Ҳеч қачон бундай бўлмайди.
Йўқол кўзимдан!
-Ҳалиям кетаман,-Зебинисо жойидан сакраб турди.
-Мени ҳайдаш шарт эмас. Агар бу дўкон ҳам сизники эканлигини билганимда, ҳеч қачон ишламасдим. Аммо бугунги ишингизни виждонингизга ҳавола қилиб кетаман.
Зебинисо югургандай бўлиб, тезликда дўкондан ўқдай отилиб чиқиб кетди.Уйга боргунича бошига тушган кутилмаган туҳмат балосидан сиқилиб, йиғлаб кетди...
10.Изтироб.
Зебинисо уйга келгач, ётоқхонага кирди-ю, онасининг суратини қўлига олиб зор-зор йиғлади. Онаси бўлса, ҳеч ким унга бундай туҳмат қилолмас эди. Онаси унга ҳимоячи бўла оларди. Нега ҳамманинг онаси бор-у, унинг онаси йўқ? Зебинисонинг дардини тинглайлиган, жондай азиз инсони нега бунча эрта уларни тарк этди?Зебинисо шу саволлар, оғир ўйлар чангалида қандай қилиб ухлаб қолганини билмади…
..Тушида онасини кўрди.Онаси "Зебинисо,қизим.Бошинг оғрияптими?Тур, мана бу дорини ичиб ол. Мазали шўрва пиширдим, ҳозир тайёр бўлади. Тур,қизим."-деб унинг сочларини силаётган эмиш. Зебинисо сакраб туриб кетди. Онаси ошхонада нимадир пишираётган каби туюлиб, уйқу аралаш ошхонага борди. Аммо ошхонада ҳеч ким кўринмас, бу тушлиги аён эди… Зебинисо меҳмонхонага кирди. Вақт тушликка яқинлашиб қолганини кўриб, синглиси ҳозир мактабдан келиши ёдига тушди. Тўртта тухумни олиб, пиёз ва помидорни майдалади-да, ҳаммасини қўшиб қовурди.
Қиз кечга яқин қўнғироқ қилган Нуршодга эрталаб юз берган воқеани қисқа қилиб айтиб берди. Нуршод уни индамай эшитиб, кейинроқ гаплашишларини айтиб, алоқани узди.
Йигитнинг дабдурустдан бундай муомаласи Зебинисони ўйлантириб қўйди. Қиз Нуршоднинг бу ҳаракатини ўзича таҳлил қиларкан,"Онасининг туҳматидан қаттиқ хафа бўлди,шекилли",-деб ўйлади.
Нуршод эса Саломат опанинг бу ярашиқсиз қилмишидан хафа бўлиб,
у билан гаплашиб олиш мақсадида отасининг уйига йўл олди.
Саъдулла ака ҳовлига югургудек бўлиб кириб келган ўғлини дераза ойнасидан кўриб, ўзича мамнун жилмайиб қўйди. "Ҳа келмас экансан-а. Аяси "Қийинчилик, пулсизлик жонидан ўтса ўзи югуриб келади, "- деганди. Мана, айтгани бўлди."
-Ҳа, кел Нуршод,-деди Саъдулла ака эшикни очиб ҳовлига чиқаркан.
-Кетаётганингда "Барибир қайтиб келасан, "-дегандим-ку.
-Дада, Саломат опа..Узр, аям уйдами?
-Ҳа, уйда. Бошим оғрияпти, деб ётганди. Нима дейсан, аянгга?
-Ишим бор,-Нуршод шундай деб олдинга қараб юрди.
-Бир масалага аниқлик киритиш учун келдим.
-Қандай масала экан?
-Юринг, ҳозир аямни олдида тушунтираман.-Нуршод туфлисини ечиб, уйга кирди.
Шу пайт ташқаридан келган овозларни эшитган Саломат опа ичкари хонадан чиқиб келди.
У бошини рўмол билан ўраб олган, негадир юз-кўзлари шишгандай эди.
-Наҳотки қайтиб келган бўлсанг? Катта кетиб гапиришларинг қаерда қолди?-Саломат опа қўлларини кўкраги устида чалиштириб стол ёнига борди.
-Лекин ақлинг кирганидан хурсанд бўлдим, Нуршод.
-Ая, дада юринглар компъютер турган хонага кирайлик,-Нуршод шундай деб ён томондаги кичик хонага қараб юрди. Кейин компъютер қаршисига ўтириб, уни ёқди. Саъдулла ака ва Саломат опа ҳайрон қолганча унга яқинроқ боришди.
-Нима бизга бирор нарса кўрсатмоқчимисан?-Саъдулла аканинг саволи жавобсиз қолди. Нуршод қандайдир симларни бир-бирига улаб, мониторга ишора қилди. Мониторда аввал бўм-бўш савдо дўкони тасвири кейин эса дўконга кириб келган Зебинисо кўринди. Нуршод тасвирни бир лаҳза тўхтатди-да, Саломат опага қаради.
-Ая, дўконларимизга камера ўрнатганмиз. Сиз бундан бехабарсиз. Дадам иккимиз билардик буни,-Нуршод шундай деб гапдан тўхтади.
-Аммо сизнинг Зебинисога туҳмат қилганингизни эшитгач, шу тасвирларни дадам кўришлари лозим, деб ўйладим.
Нуршод тасвирларни давомини қўйди. Зебинисо полларни ювиб бўлиб,челакни кўтариб чиқиб кетгани кўринди. Шу заҳоти мониторда Саломат опа пайдо бўлди. У қизнинг сумкасини очиб, ўзи билан олиб келган пулларни солиб қўйди. Кейин тезгина дўкондан чиқиб кетди.
-Нима бу ўзи?-Саъдулла ака хотинига қаради. -Нега бу қизнинг сумкасига пул солиб қўйдинг?
Саломат опа асабийлашганидан лаблари пир-пир учар, камерага тушиб қолган тасвирлар унинг жаҳлини чиқараётган эди.
-Ажаб қилибман хўпми?-деди у ранги оқариб.
-Бу ишларнинг ҳаммасини сени ўйлаб қилдим.
-Мени ўйлаб? Қўйсангиз-чи, ая! Сиз Зебинисога туҳмат қилганингиз етмагандай, нега уни милиция чақираман, деб қўрқитдингиз?
-Нуршод шундай деб дадасига қаради.-Энди буёғини кўринг, дада.
Монитор экранида Исо билан бирга дўконга кирган Саломат кўринди. Зебинисога қўлларини пахса қилиб гапираётган аёлнинг важоҳати қўрққулик эди.
-Яхши қилибди аянг. Ростдан ҳам у сени ўйлаб бу ишга қўл урган,-Саъдулла ака эшикка қараб юрди.
-Мен ҳам унинг ўрнида шундай қилган бўлардим.
-Нима?-Нуршод жойидан туриб кетди.
-Дада,сиз тўтиқушдай аямни гапларини такрорлаяпсизми? Ўз фикрингиз йўқми? Аямнинг шу ишлари тўғрими?
-Ким тўтиқуш?-Саъдулла ака жаҳл билан ўғлига чақчайди.
-Билганингни қиляпсан-ку, барибир. Аммо бир нарсани билиб ол. Ўша қизга уйланадиган бўлсанг, ҳеч қачон сени кечирмайман!
Нуршод отасига кейин Саломат опага бир зум қараб турди-да, жойидан туриб эшикка қараб юрди.Туфлисини кияркан:
"Мен барибир Зебинисога уйланаман, "-деди-да, уйдан чиқиб кетди. Бироздан кейин эса дарвозанинг тарақлаб ёпилгани эшитилди.
Нуршод чиқиб кетгач, ғазаби босилмаган Саъдулла ака яна гапирди:
-Буни қайсарлигини қара, аяси.
Бу нима деган гап?
-Бўлди, ўзи шу болани кўп талтайтирдик. Билганини қилсин.-Саломат опа шундай деб жойидан тураркан, бирдан боши айланиб кетди.-Вой бошим…
-Ҳа, бошингга нима қилди?-Саъдулла ака хотинига ташвишланиб қаради.
-Охирги пайтларда кўп бошинг оғрияптими, дейман. Дўхтирга кўринмайсанми?
-Э, дўхтирни қўя туринг. Ҳозир битта дори ичсам яхши бўлиб қоламан. Аммо сиз гапингизда туринг. Бизга қулоқ солмаган, айтганимизга кирмаган ўғилнинг тўйига бормаймиз. Тушундингизми?
Давоми бор...
МОҲИГУЛ НАЗАРОВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4