9-қисм.
БЕҲИ ШОХИ.
Тошқўтоннинг "Янги чек" маҳалласидаги Болтавой аканинг уйи нафақат бутун
Бошқўрғон туманининг, балки вилоят раҳбарларининг ҳам эътиборига тушди.
Маҳаллий матбуот "Тошқўтон тажрибасини" оммалаштиришга доир бир қатор
мақолалар ёритди. Газеталарнинг биринчи саҳифаларида деҳқонбобо Болтавой аканинг кулиб турган чеҳраси ёки охирги саҳифаларида ўша газетани ўқиб
тушган сурати чоп қилиниб, газетага обуна бўлишга даъват этгучи сўзлар ҳам
битила бошланди. Лўнда қилиб айтганда, Болтавой ака даврнинг маҳаллий
қаҳрамонига айланди.
Болтавой ака эса ўтаётган бу кунлари учун Яратганга шукроналар айтар, кўчага,
тутнинг тагига чоғроқ сўри қўйиб, янги кўрпачалар тўшаб, хонтахтадаги
дастурхонга чиройли қилиб егуликлар қўйиб қўйган, бир четда эса, самовар
қайнаб турарди. Келди кетдилар жуда кўп бўлиб, ҳар бир ташриф буюрувчи
аввало мезбоннинг илтифоти билан қўлини ювиб, сўнгра сўрининг бир четига
ўтириб оқсоқолнинг дуосини олишар ва ўтаётган текширувлар ҳамда юқори
мартабали меҳмон ҳақида сўраб-суриштиришарди.
"Ҳозир у кишининг олдида ким бор?" – деган саволга Болтавой ака "Ҳозир
фалон ташкилотнинг раҳбари фалончи бор. Ҳозир чиқиб қоладилар. Бир пиёла чой ичиб, бемалол ўтириб турсинлар.
Омонулла Жўраевич бўшасалар Олимиддиннинг ўзи сизни чақиради", дерди у
булбули гўёдай.- "Тоғажон, Омонулла ака қанақа одам ўзи?
У киши билан мундоқ очиқ чеҳра билан гаплашиб, келишса бўладими?" – деб сўрардилар баъзи ташриф буюрувчилар бетоқат. "Ҳа, албатта, – деб жавоб берарди Болтавой ака кулиб,– Омонулла кўпни кўрган ўткир билимли, илоҳим мартабаси бундан ҳам улуғ бўлсин, жа яхши одам-да", дерди.
Болтавой ака текширув даврида ташриф буюраётган деярли ҳар бир раҳбарни
қўлига ўша бобосининг бобосидан қолган обдастасидан ҳафсала билан сув
қуйиб, у ҳақидаги ҳикоясини қайта-қайта такрорлашдан чарчамасди.
"Меҳмон"лар ўз ташвишлари билан бўлиб бу мис идиш ҳақидаги гапларга унча эътибор бергилари келмас, фақат ичкарига кириб кетган раҳбарини кутиб қолган баъзи ҳайдовчиларгина чой ичиб ўтириб, чолнинг гапларини анграйиб мириқиб тинглашарди.
– Бобожон, шу идишингизни менга совға қилмайсизми-а? Машинамнинг
радиаторига сув қуйишга жа боп нарса экан-да, – деб қолди дабдурустдан
шофёрлардан бири кета туриб.
Болтавой аканинг жони ҳиқилдоғига келди:
– Вей ука, – деди у ғазабини ичига яшириб.
– Яхшиликча ҳурматинг борида бунақа гаплар билан бошимни оғритма. Шунча гапни деворга гапирдимми?
– Пулини бераман тоғажон. Мана, уч сўм етадими? – деди фаросатсиз шофёр
яна хиралик қилиб чўнтагини кавлай бошлади.
Чол юрагининг бир чеккаси "жизз" этиб кетди. Ғазаби қўзиб, юзи бўзарди ва
эндигина машина орқа ўриндиғига ўтирган фалон раҳбарнинг олдига бориб,
шашт билан эшигини очди:
– Ҳе сендақанги амалдорларни қара-ю!..
Хуноби ошган Болтавой ака дастурхонни йиғиштирди-да, идишдаги сувни ерга
ағдариб, уйига олиб кириб кетди.
– Ҳа тинчликми, отажон? – деди чучвара тугаётган қизи Мафтуна отасининг
авзойини кўриб. – Ахир шунча меҳмонлар келишиб ётибди-ку! Уларни ким кутиб олади?
– Э, – деди қўл силтаб мўйсафид. – Буларнинг ҳаммаси самимий меҳмонлар
эмас.
Ҳаммасининг қанақадир иллати бор. Сўрашишлариям, тиржайишлариям сохта.
Келишганида худди ака-укадек саломлашишади-ю, кетаётганларида бўлса,
баъзилари"хайр-хўш"ниям насия қилишади. Орқаси куйган товуқдай "зинғиллаб" қолишади.
– Бу "келди-кетдилар" қачон тугаркин ўзи-а, отажон? – деб сўради Мафтуна.
– Билмасам, меҳмоннинг обрўйи уч кунлик бўларди...
– Э, сизга нима, баҳонада газли бўлдик, кўчамиз асфальт бўлди, ҳамма
харажатларимизни қилиб беришяпти-ку.
– Тўғри-ку, лекин ўзимнинг гувала уйим яхши эди... Менга анави ойналар
ёқмайди.
Мен-ку одамман, бу нарса ҳатто қўйга ҳам ёқмади. Сузиб пачоғини чиқарди. Эҳ, ўзимнинг гувала деворимни соғиндим.
Мафтуна отасининг соддалигидан кулиб юборди.
– Бўпти, мен кетдим, озгина ўзимизга бозорлик қилиб келай. – деди мўйсафид.
– Ҳамма нарса бор-ку, ота.
– Йўқ, буларнинг қўлига қараб қолмасдан, ўз тўрвамизни ўйлашимиз керак.
Кейин анави раисимиз Оқбердиев ҳам мени бир келиб кетсин, муҳим гап бор,
деганмиш.
– Ҳа, майли, овқат пишгунича тезроқ бориб келақолинг, бўлмасам...
Болтавой ака "азиз меҳмон" билан ўралашиб қолиб, уч-тўрт кундан буён уйидан
чиқа олмаганди. Маҳалла гузарида қилинаётган ишларни кўриб танг қолди.
Мактаб болалари, далачилар йўл ва кўча ёқаларига тош ётқизишар ва уларни
оҳакка бўяшар, ҳамма ёқни супуриб-сидиришар, ҳатто йўл ёқаларига очилиб
турган гулларни "ўрнатишар", ётиб қолаётганларини эса, ёнига калтак суқиб
боғлашаётганди.
"Тавба, – деди мўйсафид ўзича ажабланиб.
– Ахир ҳар куни ўтадиган мол-қўй подалари бу қилинаётган ишларни тепкилаб
кетади-ку!.. Неча замонлар қаровсиз ётган йўл бўйларига бунчалик эътибор нега экан? Қанча одамлар ишдан қолипти-я, эссиз. Қайси товуқ миядан чиқди экан бу фикр?.."
Лекин қишлоқ гузарига етиб боргач, чол баттар ажабланди.
Қишлоқ гузаридан
туман маркази томон кетадиган катта йўлнинг ўртасига тупроқ тўкилиб, унга
гуллар билан бир қаторда меваси селкиллаб турган беҳи дарахтлари экиб
чиқилган эди. Мўйсафид умри бино бўлиб меваси билан кўчириб ўтказилган
дарахтларни кўрмаган ва эшитмаганди– Астағфуруллоҳ, – деб юборди у барги
сўлий бошлаган беҳи дарахтларига тикилиб.
– Бу қанақаси бўлди экан-а? Тагига сув ҳам қуйишмабди...
У теварак-атрофга аланглаб, велосипедда келаётган қўшни маҳаллалик
Тошпўлатга кўзи тушди.
– Ҳой Тошпўлат, тўхта!
Хаёл суриб келаётган Тошпўлат тормозни босмоқчи бўлган эди, велосипедининг
чархи орқага айланиб кетди. Уни эплай олмай қолди. Эпчиллик қилиб тўхтатиб
олиш мақсадида экилган беҳи дарахтлардан бирини ушлаб қолмоқчи бўлди.
Дарахт бўлса суғурилиб чиқиб кетди. Лекин унинг илдизи кўринмас, шундоқ
тагидан арралаб олинган экан.
Ўзини аранг тўхтатиб қолган Тошпўлат бир қўлида турган дарахт шохига қараб
кулиб юборди:
– Оббо қизталоқлар-ей, боғдан арралаб кесиб келинган беҳининг шохини шу
ерга суқиб, ўрнатиб чиқишаётган экан-да. Мева-певаси билан шох юкланган
машинани кўриб ҳайрон бўлгандим-а...
– Вой эси пастлар-ей! Кимдан чиқди экан бу бемаънилик?
– Кимдан бўларди, раисимиздан-да.
У сизникида турган "Комиссия"га қишлоғимизни "кўз-кўз" қилиш учун мана
шунақа ободончилик ишларини қилаяпти. Эшитишимча, бугун-эрта телевизорга олармиш. Бу дарахтлар кўрсатувга "пон" бўлармиш...
– Қанақа "пон"?!
– Ким билади, телевизорда маҳаллалар обод, одамлар ҳамиша шод, ҳеч қанақа
муаммолари йўқлигини кўрсатиб қўймоқчи, шекилли-да.
– Ҳайвон! – дея жаҳли чиққанини яшира олмади чол. – Мен ҳали унга хўжа
кўрсинга "пон қилиш"ни кўрсатиб қўяман! У ҳозир қаерда?!
– Ҳозиргина уни идора олдида бригадирлар билан турганини кўргандим. Нима
эди?.. Болтавой ака Тошпўлатнинг қўлидан беҳи шохини тортиб олдида уни
кўтариб идора томон шашт билан кета бошлади. Раиснинг хонасига тўғри шохни судраб кириб борди.
...Ўша куни қишлоқда раиснинг беҳи шохи билан саваланганлиги ҳақидаги дув-дув гап тарқалди. Яхшиямки бригадирлар бор экан, чолни ушлаб қолишганмиш. "Ҳе, сени ўша "понинг"га фалоним! Сен ўзинг аввал бирорта дарахт экиб, кўкартириб қўй, номард!" – деб боплаб сўкканмиш...
Ташриф буюрувчилар орасида баъзан аҳвол ҳақида маълумот олиш учун
юборилганлар, яъни "разведкачилар", "йўл-йўриғини" сўраб-суриштириб олмоқни ният қилгувчилар ҳам келиб туришарди.
Шуларнинг ичида пойтахтлик текширувчи ҳақида ҳар хил шов-шувлардан хабар топган вилоят ижроқўмининг муовини Ўтбосаров ҳам келиб кетди.
У аввало маҳаллада амалга оширилган ишларни кўздан кечирган бўлди ва
чақиртирилган туман ижроқўм раиси келгунига қадар Болтавой аканинг сўрисида омонат чой ичиб ўтирди.
– Отахон, қалай, меҳмон билан чарчамаяпсизми? – деб сўради у чолдан
мамнунлик билан.
– Вилоятда шунча яхши меҳмонхоналаримиз турганида сизни ҳам қийнаб
қўйишибди-да...
– Меҳмоннинг кийимларига бўёқ тегиб, ўзиям анча хижолат чекди. Кийгани
бошқа бирор дурустроқ уст-бош ҳам олиб келмаган, шекилли. Шу ерда қабул
қилаверишни ўзига эп кўрди. Жуда камтарин инсон-да, Омонулла, – деди чол ўз меҳмонини мақтаб ва ачиниб.
– Ие, кийим "бўялди" дейсизми? Ё тавба, қандай қилиб?
– Келган пайтда анави газнинг трубасига билмай суяниб олган экан.
– Оббо, шу арзимаган костюм-шимниям олиб беришмабди-да. Роса бизни уятга
қўйибди-ку бу Мирбадал.
– Мирбадал касалхонада ётибди-да!
– Ие, йўғ-е!
– Нима, хабарингиз йўқмиди?
– Унда иш расво бўпти-ю, – деди Ўтбосаровнинг жаҳли чиқиб пиёланинг тагидаги чойни бир четга сочаркан ва ёнидаги радио телефонни қўлига олди:
– Алло, бу Бошқўрғонми, мен Ўтбосаровман, қани раис муовини? Чиқиб кетди?
Қаерга? Тошқўтонга?.. Мен ахир шу ердан қўнғироқ қилаяпман-ку, қаёққа кетди у, галварс?! Зудлик билан етиб келсин!
Зум ўтмай "Газ-24" дан Асовиддин тушиб келди ва ҳовлиқиб келиб феъли айнаб
турган Ўтбосаров билан сўрашди.
– Бу нима қилиқ?! Нимага вилоят билан келишмай ўзларингча иш қиляпсизлар?!
Нима, босар-тусарларингни билмай қолдиларингми?
– Й-йўқ, биз...
– Нега Мирбадал Боқиевичнинг шифохонада эканлигини менга маълум
қилмадингиз?! Нега энди меҳмонни вилоятдаги меҳмонхонага жойлаштирмай
бир одамтопмас жойга киргазиб қўйдинглар?! Ким ижозат берди санларга?!
Бу қанақа ўзбошимчалик?!
– Ахир ўз...
– Ҳой, қанақа инсонсанлар ўзи-а?Наҳотки шундай бой туман бўла туриб
арзимаган костюм-шим олиб беролмадиларинг, уят-е!
Одамни шарманда қилибсизлар-ку! Сизлар ҳар куни шу қишлоқ ичида юрадиган одамсизлар, биз бўлса кунда, кунора пойтахтга шуларнинг олдига ишимиз
тушиб, бош эгиб бориб турамиз. Қайси кўз, қайси юз билан қараймиз энди?
– Ҳалиги...
– Билиб қўйинг, – деди Ўтбосаров ўрнидан шашт билан туриб. – Шу бугуноқ
меҳмондан узр сўраб, янги, импортний бир қатор уст-бош қилиб олиб берасиз!
Ана ундан кейингина мен у кишининг олдиларига кираман. Ҳозир қанақа кийимда ўтирибдилар?
– Ўз миллий кийимимизда, яктак-чорси дегандек... – деди Болтавой ака айб иш
қилиб қўйган боладай.
Ўтбосаровнинг баттар жаҳли чиқиб кетди ва Асовиддинга ўқрайиб тикилиб
сенсирашга ўтди:
– Ҳой, хум калла! Қанақа яктак, қанақа чорси?! Нима, у киши санларга хориждан
келган туристмиди?! Барибир қишлоқилигингга борар экансанлар-да... Билиб
қўй, агар вилоят шаънига пойтахтдан бирор гап эшиттирар экансан, ўша
дақиқадаёқ учирма қилдириб юбораман, билдингми?! Ҳе, нодон! – деди у жаҳл билан машинанинг эшигини "тарс" эткизиб ёпиб қўяркан.
– Сенга бир соат муҳлат! Менга шахсан хабар қиласан! – деб қўшиб қўйди у
машина ойнасидан дум-думалоқ бошини чиқариб қичқириб.
– Хўп. Хўп бўлади, ака. Хуш келибсиз, – дея қўлини кўксига қўйиб қолди
Асовиддин ва алланималар деб ғудрана-ғудрана у ҳам аллақаёққа жўнаб кетди
Қўшиқ хиргойи қилиб чучвара тугиш билан банд бўлган Мафтуна Омонулланинг
ташқарига чиққанини пайқамай қолди. Омонулланинг кўзи очиқ ошхона деразаси ёнидаги хонтахтада хамирларни "дод" дегизиб эзғилаётган жувоннинг оппоқ
билаклари-ю, чаққон бармоқларига тушди. Бармоқлар гўё қўшиққа монанд рақс тушишар, қўшиқ оҳангларидан хамирнинг эмас, гўё Омонулланинг юрак-бағри
эзғиланаётгандай эди. У бир зум бу ҳолатга мафтун бўлиб қолди ва хаёлан
аллақаёқларга парвоз қила бошлади.
– Ҳа, намунча? – деди Мафтуна нозланиб.
– Қани энди мана шу хамирлар ўрнида мен бўла қолсайдим... Мени ҳам эзиб
пачоқлаб ташласангиз ҳам майли эди.
Жувон шодон кулиб юборди ва "Ў-ў, ростданми?" дея жилмайиб қўйди ва "Нима
учун?" деб қўйди.
– Гуноҳларим кўп, – деди Омонулла хўрсиниб.
– Гуноҳларингиз кўп бўлса, мана шундай эзғилаб, жазолаганим бўлсин.
...Мафтуна овқатни суза бошлади. Омонулла Олимиддинни чақирди.
Олимиддин эса кўчани қараб келди:
– Тоға йўқлар-у!
– Отангиз қанилар? – деб сўради "текширувчи" аёлдан.
– Гузарга кетдилар. Раис "бир муҳим гапим бор, бирров кеп кетсин", деб одам
юборган экан.
"Қизиқ, – дея хаёл қилди ўзича Омонулла, – бу овсарнинг қанақа "муҳим гапи"
бўлиши мумкин? Ё мендан хитланиб қолишдимикан? Орган одамлари чолдан
мен ҳақимда ул-бул сўраб билмоқчимикин? Ҳар эҳтимолга қарши шай бўлиб
турганим маъқул.
Ҳозир Болтавой ака келиб қолса, ундан бор гапни оқизмай-томизмай билиб
олишим керак бўлади. Агар шубҳаланган бўлса, "қуённинг расмини" барвақтроқ
чизишимга тўғри келади, шекилли".
Лекин унинг нохуш хаёлини шашт билан беҳи шохини шариллатиб судраб
тўсатдан келиб қолган чол бўлди.
...Оқбердиев бир сафар ёмон "қовун тушириб қўйгани" учун энди қандай қилиб
пойтахтлик текширувчининг кўнглига йўл топишни билолмай гаранг эди.
У ўзича меҳмон барибир қишлоқни айланиб чиқади, деб ўйлар ва зўр бериб "ободонлаштириш" чораларини кўраётганди. Бу иш бутун вилоят бўйлаб "кенг қулоч ёйди". Ҳатто тош деган нарсанинг уруғи ҳам учрамайдиган қумлик чўл ҳудудларидаги қишлоқларга ҳам тоғ адирлардан тош териб келтирилиб йўл ёқалари, йўловчи йўлаклари ва маҳалла кўчаларига ҳам ётқизилиб, оҳаклаб чиқила бошланди.
Хуллас, текширувлардан эсон-омон чиқиб олишнинг яна бир асосий омили деб
колхоз раиси Болтавой аканинг ўзини кўзлаётганди.
Шу туфайли у қора қўчқорни ҳам қайтиб олиб кетмади.
Балки у кишини идорага чақиртириб "акалик" қилишга кўндириш чорасини излади. Чунки чолнинг Омонулла Жўраевичга ярим оғиз гапи кифоя, деб
ўйларди. Лекин кутилмаганда ишлар бошқачага айланиб кетди: аксинча, беҳи шохидан "калтак" ейишга тўғри келди...
– Мана бу Оқбердиевнинг қилган ишини қаранг! – деди отахон эндигина қайноқ
чучварани оғзига солган "меҳмон текширувчи"нинг олдига беҳи шохини қарсиллатиб ташларкан. Омонулла қайноқ чучварани аранг ютиб олди ва ғўр мевалари осилиб турган дарахт шохига ажабланиб тикилди.
– Тушунмадим... – деди у ачишаётган томоғини базўр силаркан.
Олимиддин ҳам кутилмаган бу ҳаракатдан қотиб қолди:
– Ие, отахон, бу нима қилганингиз, ахир! – қичқирди Олимиддин.
– Сиз тек ўтиринг, ўғлим – деди чол эътиборини Омонуллага қаратиб.
– Ҳурматли мўътабар ва азиз меҳмонимиз! Сизнинг эътиборингиз учун, азиз пойи қадамингизни улуғлаш мақсадинда, қишлоғимизни "кўз-кўз" қилиб "муборак қадамингиз" ўтадиган йўлларга бу шохлар кўзбўямачилик қилиб, экилмоқда!..
– Қ-қандай қилиб?..
– Э, – деди чол қўл силтаб, – Боғлардаги меваларнинг шохини арралаб, атайин йўл бўйларига суқтириб чиқаяпти-да, бу номард!
– Ким ўша номард?
– Ким бўларди, анави овсар раис-да. Наҳотки, сиз ўртоқ комиссия, мана шунақа
кўзбўямачиликларни ёқтирсангиз-а?! Сувнинг тайини йўғ-у, йўл бўйларига гуллар ўтқазилаяпти. Қанчадан-қанча мактаб болалари ўқишдан, далачилар, ишчилар ишидан қолиб йўл бўйларига тош ётқизиб, уларни оҳаклаб, оқлаб чиқишяпти, наҳотки шу "мулозаматлар" сизга ёқса?!.. Уялинг-е!.. – деди чол асабий ўз дилидагини рўй-рост ошкора қилиб.
– Яшанг, отахон! – дея самимий кулиб юборди Омонулла. – Мен сизни энди
тушундим. Демак, булар ҳаммаси менга "мулозамат ва кўзбўямачилик" учун денг...
– Ҳа, бу овсар ўтган йилиям вилоят ижроқўми раиси "даланинг ичига кириб пахтани текширар экан", деб йўл бўйидаги бутун ғўза пайкалларини супуртириб, сув септириб чиққанди.
– Ҳа... Афсуски, кўп амалдорларимиз ана шундай "кўзбўямачилик" билан устини
ялтироқ қилиб кўрсатиб, ўз нуқсонларини яширмоқчи бўлишади. Аксинча, борини ошкора кўрсатиш, камчиликларни рўйи-рост айтавериш керак. Нима дедингиз, Олимиддин?
– Тўғри-тўғри, ошкораликка не етсин, – дея олди ассистент пешонасини
тириштириб.
– Оқбердиев сизга ўз "нуқсон" папкасини келтириб бердими?
– Ҳа, албатта...
– Унинг ишини шу бугуноқ прокуратурага оширинг. Лавозимидан четлатиш ҳақида баёнот тайёрланг. У давлат мулкини талон-тарож қилгани камлик қилгандай, энди хўжаликнинг боғларини ҳам расвосини чиқармоқда экан. Бу ҳақда тегишли далолатнома тузиб, гувоҳларга имзолатиб чиқинг.
Боғларнинг бир йиллик ҳосили аниқланиб, Оқбердиевнинг шахсий чўнтагидан ундириб олинсин!
Болтавой ака Омонуллодан кескин бу чорани кутмаганди. Бир оз эсанкираб туриб қолди ва индамай шохни судраб бориб, қўра ичида диконглаб турган қўчқор олдига ташлади.
– Ма, манавини жиғилдонингга е! Ҳе, эгангга ўхшамай ўл, пуфак!
Ўша куни қишлоқда раиснинг ишдан олингани ва унинг устидан жиноий иш
қўзғатилгани тўғрисидаги хабар тарқалди. Туман фаоллари олдида Омонулла
Жўраевичнинг "ҳурмати" яна бир поғона кўтарилди..
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев