(синоат)
Ўша куни роса чарчабман, шекилли, телевизор кўриб ўтириб, кўзим илинибди. Қотиб ухлаганим ҳам йўқ. Кўз олдимда бир кампир кўринди. Нуқул қўли билан қўлимдаги калитни бер, деб имо қилармиш. Машина меники, нимага калитни сизга бераман, деб машина калитини қаттиқроқ ушлаб олаётганмишман. Кампир яна сўраяпти, мен йўқ десам ҳам, барибир, беринг, деб қўймаяпти. Калит меники, машина меники, нимага сизга берарканман, дея бақириб уйғониб кетдим. Кўрганим туш эмас, кўпроқ алаҳсирашга ўхшаб кетарди.
Эртасига яна шу ҳолат такрорланди. Кампир калитни бер, деб сўрар, бермайман десам, яна қўлимдан тортиб, мен билан калит талашарди. Бу кампир менга ким, нимага ҳадеб мен билан калит талашади, деб ўйлаганим сари ўйимнинг охирига етолмасдим. Кампир эски қизил рўмол ўраганди. Балки бу кампир менинг она томонимдан бувиммикин, бу саволни онамга бергандим, у киши тасвирлаган одам мен кўраётган кампирга асло ўхшамасди. Нимага бу аёл мени ҳадеб безовта қилаверади, машина меники бўлса, ўз ҳалол пулимга олган бўлсам?..
Айни саволлар мени ҳолдан тойдирар, бу жумбоқнинг тагига етолмай ҳайрон эдим. Бояга аёл эса, ҳар куни уйқуда ёки уйқусирасам ҳам мени таъқиб қиларди. Бир муддат бу ҳақида унутдим ҳам. Ҳа, энди бир туш-да, тушга нималар кирмайди, шу ҳақида кўп ўйлаганим учун ҳам у кўзимни юмишим билан мени безовта қилаяпти, деб хотиржам тортиб қолгандим…
Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. Йўллар текис, хотиржам машина ҳайдаб кетаётгандим. Тўсатдан кўзим қамашиб кетди. Машинамга нимадир урилганини сезиб, тормозни кескин босдим. Аммо кеч қолгандим.
Машинадан тушиб ерга қарасам, не кўз билан кўрайки, ерда ҳар куни мен билан калит талашаётган кампир ётарди. Бошида ҳам ҳар куни мен кўраётган эски қизил рўмол. Бу синоатни тушундим-у, аммо мағзини илгарироқ чақмаганимга афсусландим.
Кампир ўлди. У қаровсиз, бир ўзи яшаркан. Шифокорлар унинг ўша пайтда маст бўлганини айтишди. Бу менинг ҳолатимни бирозгина енгиллаштирган бўлса-да, барибир, қамалдим. Қизиқ, шундан кейин ўша кампир бирор марта тушимга ҳам, кўз олдимга ҳам келмади. Фақат кампирнинг калитни олмоқчи бўлиб талпинган қўллари менинг эсимдан ҳеч қачон чиқмайди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев