8-қисм.
НОЗИК ТАШРИФ.
Ниҳоят, юқори мартабали меҳмонни ўз бағрига жойлаган самолёт ерга қўнди.
– Менинг келганимни ҳеч ким билмадими? – деб сўради Омонулла даб - дурустдан Олимиддинга қўл узатибоқ.
– Яхши келдингизми, устоз?...
Йўқ-йўқ, ҳеч ким билгани йўқ. Ҳатто Болтавой ака ҳам билмайдилар.
– Э, боракалло, хўп ақлли йигитсиз-да, Олимиддин, – деди меҳмон ижроқўм
раисининг хизмат машинасига ўтираркан. Эгнига этак, белига миллий қинли пичоқ тутган Аҳадбек унга илтифот қилиб эшикни очиб турди.
– Ҳозир қаёққа борамиз?
– Ўша келишганимиздек, аввал Болтавой аканикига-да.
– Э ҳа, шундайми? Сиз нима десангиз шу-да. У киши уйдамикан, ишқилиб?
– Ҳа, албатта, – деди ишонч билан Олимиддин, – у кишига қандайдир меҳмонлар келади деганман, лекин айнан сиз эканлигингизни айтганим йўқ.
– У киши бир оддий, беғубор инсон-да, тўсатдан борсам қандоқ бўларкин?
– Яхши бўлади. Менга ишонаверинг.
– Сиз нима дейсиз, ошна? – дея кутилмаганда ҳайдовчидан сўраб қолди
Омонулла.
– Бу киши – Аҳаджон. Бизга бундан буён хизматда бўлади, – деди Олимиддин.
– Ҳа албатта, қўйни сўйиб, ўзим саранжомлаб бераман, – деди у соддалик билан.
– Қанақа қўй?
– Ҳа, мен... Сизга атаганим бор эди-да, – деди Олимиддин қовун туширган
Аҳаджонга норози ўқрайиб қараб қўйиб. – Биздаги урф-одатларни ўзингиз яхши биласизку...
– Мирбадал қаерда ҳозир?
– У киши... – деди Аҳад.
– Ўзларидалар, – деди шоша-пиша Олимиддин.
– Айтиб қўяй, менга унақанги дабдабаю асъасанинг кераги йўқ. Сизга ўхшаб
яримта лағмон, яримта нон билан бир чойнак чойга қорним тўяди. Лекин чой қора бўлиши керак.
Ҳеч қанақа бошқа оворагарчилик бўлмасин. Қўй сўйишнинг умуман хожати йўқ. Унга тегманглар. Мен айтган қоғозларни тўғрилаб қўйдингизми?
– Ҳа, ҳаммаси тайёр. Лекин, дарров ишни бошлаб юбормай бир-икки кун меҳмон бўларсиз...
– Меҳмондорчиликка вақт йўқ, ука. Ҳозир ишлаш керак. Бошлиқ мени чақиртириб, ишни тезлатишимни тайинлади.
Бир ой ичида вилоятнинг бошқа туманлариниям ўрганиб чиқишим керак экан.
– Демак, вилоятимизда бир ой бўлар экансиз-да-а?
– Ҳа, шундай. Шунинг учун ҳар бир дақиқа ғанимат. Ҳужжатларни тез-тез кўз
югуртириб чиқиб, аттестация қилиб, пешма-пеш хулосамни ёзиб кетавераман: "Озод қилинсин!", "Қолдирилсин!", "Тайинлансин!", "Иши прокуратурага
оширилсин!" – Вассалом!
Мирбадал Боқиевич душанба куни эрталаб Олимиддин ва ҳайдовчини аэропортга жўнатаркан, ўзи оёғи куйган товуқдай саросимада қолди. Нима қилса экан?
У ўша куни касалхонадан жавоб олиб ҳар эҳтимолга қарши уйига келиб олганди. Қўл қовуштириб текширувлар бошланишини кутиб тураверсинми, ё бирор
чорасини изласинми?
Омонулла Жўраевичнинг бугун Болтавой аканикига келиши аниқ. Қани энди,
бирор бир аппарат бўлса-ю, Болтавой аканикида нима гаплар бўлишини
эшитиб ўтирса...
Эссиз, Олимиддинга диктофон бериб қўйишни унутибди-да. Раҳбар бир қарорга келди. Тошқўтонга ҳеч кимга билдирмай боради, Болтавой аканинг рўпара
қўшнисиникига кириб, у ердан ҳаммасини ўзи кузатади. Афсус, дурбини йўқ эди. У ҳар эҳтимолга қарши касалхонага келтиртирган шахсий машинасига ўтирди-да, "Тошқўтон" сари йўл солди
Баҳонада берган топшириқлари қандай бажарилаётганини текшириб кўрадиган бўлди.
Ички ишлар ходимлари, соқчилар жойида, ҳатто йўл бўйидаги бедана тутлар
орқасида ҳам кимлардир писиб ётишарди. "Водовоз кўчага сув сепаяпти, қўй
тутга боғланган, газ ёнаяпти, шекилли. Демак, ҳаммаси рисоладагидек..." деб
қўйди раҳбар хотиржам.
Мирбадал Боқиевич бу ишлардан кўнгли тўлиб машинасини Болтавой аканинг
боғ ҳовлисининг орқа томонига қўйди ва атрофни кузатди. Ҳовли томондан
бемалол ўтиб бориб, янги қурилган ҳаммомга кириб олиши ва ҳамма гапни ўз
қулоғи билан эшитиши ҳам мумкин экан.
Лекин пастак гувала девордан ошганида ва ҳовли ичида юрганида янги уст-боши ифлос бўлиши мумкин. Кейин кўзи тушган одам нима деб ўйлайди, "туман
раҳбари гап пойлаяпти", демайдими?
Шу ўй билан унинг кўзи қўшни хонадонларнинг бирига тушди. Дарвозаси очиқ эди. У ерга кириб эскироқ кийим сўрамоқчи бўлди.
– Мени танийсиз-а? – Сўради Мирбадал Боқиевич дарвоза тақиллаганидан сўнг,
ҳадиксираб чиққан аёлга.
– Мен манави қурилиш ташкилотининг прорабиман. Озгина иш қилишимиз керак эди, шунинг учун хўжайинингизнинг эски кийимидан, бериб турсангиз.
Ҳозир меҳмонлар келгунича бир ишни битириб қўйишимиз зарур экан.
– Майли, мен ҳозир, – деди жувон ва зум ўтмай эски шим, қора халат ва бир ўрис шапка опчиқиб берди.
– Оёғингизга анавини кийсангиз бўлади, – деди у тезак юқи бор, оғзини очиб
турган бир жуфт калишни кўрсатиб.
Раҳбар бир думалаб ғирт ғариб одамга айланди-қолди. Девордан энди ҳеч
иккиланмай ошиб ўтди ва сув қўйилиб, алланарсалар экилган юмшоқ жўяклар
оралаб ҳаммом сари олға қадам ташлади. Лекин бир ҳатлаган эди ҳамки...
сирти қуруқ кўрингани жўякка оёғи ботиб, калиши қолиб кетди. Янги пайпоқ расво бўлди. Шунингдек, иккинчиси ҳам...
– Ўл-е, сув қуйган қўлинг синсин! – деди у аччиқланиб.
У энди пастак девор ёқалаб эгилиб, писиб бораверди...
Бу маҳалда кимнингдир деворни ошиб тушганини пайқаб қолган ҳушёр, фуқаро
кийимидаги соқчилардан бири унинг изидан тушди:
– Бу ким бўлди экан? Ё келаётган меҳмонга суиқасд қилмоқчи бўлган, ёлланган
қотилми?.. – деб қўйди ўзича соқчи.
У рацияси орқали марказга хабар қилмоқчи бўлди. Лекин рациянинг шовқинини
шубҳали шахс эшитиб қолиб қочиб қолиши мумкинлигини ўйлаб, уни кузатишни давом эттирди ва қўшни ҳовлига ўтиб унинг девори ортидан хабар беришни ва у ердан нотаниш кимсанинг ҳар бир ҳаракати ҳақида марказга хабар бериб
туришни режалаштирди.
Афсуски, милиционер йигит қўшнининг девдай ити борлиги ва унинг аёвсизлигидан бехабар эди...
"Шубҳали шахс" девор ёқалаб қўй боғланган тутга яқин келиб қолди. Бу ердан
келадиган меҳмонни ва қўй сўйилиши маросимини бемалол кузатса бўларди.
Улар ичкарига киргач эса, худо хоҳласа, ҳаммомга ҳам етиб олади.
Мана зум ўтмай раҳбарнинг қора "ГАЗ-24"и азиз меҳмонни олиб келиб тўхтади.
Олимиддин илтифот билан машина эшигини очиб берди. Лекин фартук таққан
Аҳаджон негадир пинагини бузмай ўтирар, сўйилиши керак бўлган қўй томонга нигоҳини ҳам ташламаётганди.
– Оббо! – деб юборди Мирбадал Боқиевич. Бу болани туппа-тузук десам, қовун тушуряпти-ю. Тушмайсанми, номард?! – дея асабий қўлини силтаб юборди у.
Лекин парвойи палак Аҳаджон пичоқ олиш ўрнига бемалол сигарета тутатди. Бу
маҳалда Олимиддин меҳмонга маҳалладаги қилинган ишларни кўрсатаётганди.
Раҳбар ишора қилиб ҳайдовчисига ўз вазифасини эслатиб қўймоқчи бўлди ва
жаҳл билан бир гувала бўлагини олиб тут томонга қараб итқитди.
Бундан қўй қўрқиб кетди ва яхши боғланмагани учун ҳуркиб қочди. Аҳаджон ҳам уни ниҳоят пайқади ва қўйни қува кетди. Лекин дунёда қўйдай ярамас ҳайвон
бўлмаса керак. Мирбадал ака не кўз билан кўрсинки, қўй энди тўсатдан нозик ва мўътабар меҳмон томон диконглаб чопди. Албатта, ижтимоий-маиший мавзудаги қизғин суҳбатга берилган суҳбатдошлар бу ҳолатдан чўчиб тушдилар ва ўзларини бир четга олдилар.
"Азиз меҳмон" ўтқазилган газ трубаси тиргакларидан бирига беихтиёр суялиб
қолди. Тиргак бўлса, трубалар қатори янги "алюмин пудра" бўёғига бўялган ва
ҳали қуримаган эди. Унинг янги костюм-шимининг орқа томонида оқ тўғри чизиқ пайдо бўлди.
Овсар қўй эса, энди Болтавой аканинг ойнаванд ҳовлиси томон йўналди ва
ойналарда ўз аксини кўриб тўхтаб қолди. Қўчқор бегона қўчқорни кўрса, албатта сузишга чоғланади-да. ...Ойналарнинг чилчил синган овози эшитилди.
Маскировка қилинган гувала девор яна "ярқ" этиб кўриниб қолди...
Қўчқорнинг бу "ўғил бола" ишидан, айниқса, ичкарида беркиниб кузатиб турган
Болтавой аканинг боши кўкка етди. "Эҳ, хайрият. Ана менинг ўз деворим, ўз
гувалагим, ватаним кўринди", деб қўйди у ўзича пичирлаб.
...Мирбадал Боқиевич юрагини чангаллаб, лой ариқ ичига йиқилди. Рация орқали чақиртирилган махсус тезкор гуруҳ ходимлари келиб уни, яъни "шубҳали
шахс"ни ҳовлидан судраб олиб кетдилар.
"Юқорининг одами"га суиқасд уюштирмоқчи бўлган рўдапо кийимли киши
махсус ёпиқ машинада зудлик билан олиб кетилди ва унинг шахсини аниқлаш
учун вилоят милициясининг ертўласидаги махсус зах камерага қамаб қўйилди.
Мазкур хабарни берган ходим ҳақиқий "қаҳрамонлик" намунасини кўрсатган эди. У думбасини ит тишлаб турган ҳолатда рациядан марказни огоҳлантириб
улгурганди. Уни ҳам госпиталга олиб кетишди.
Мирбадал Боқиевич ўзига келганида қаерда эканини англай олмади.
Совуқ, темир панжарали хона. "Нима бало, бу тушиммикин? Ё юрагим ушлаб
қолиб, ўлдиммикин? Дўзах деганни қайноқ дейишарди шекилли, бу ер бўлса
совуқ", – дея фикр юритарди "маҳкум" ўзича. Унинг кўзига фақатгина ёруғ нур
тушиб турган кичкинагина туйнук кўринарди, холос.
Бир вақт темир эшикнинг шарақлагани эшитилди. Кимдир кирди:
– Тур, ҳайвон! Шифокор келди! – дея қичқирди у.
Оқ халатли бир аёл кирди. У маҳкумнинг кўзларини очиб кўрди.
– Нима қиляпсиз, мен ижроқўм раисиман. Мени нормальный жойга олиб боринг,
илтимос.
– Хўп-хўп, сиз раиссиз, генералсиз, ўзингизни босинг, бир кўриб қўяман, холос.
Сизнинг шахсингизни ҳали аниқлашади, ҳаммаси жойида бўлади.
Бу ерга вазирларни ҳам олиб келиб туришади...
– Нега энди менинг шахсимни аниқлашаркан?! – аччиқланиб қичқирди бемор.
– Тек ёт! – дея оч биқинига бир тепди ўша кимдир. – Камроқ ичиш керак эди!
– Кеча озгина дори ичгандим, холос.
– Ҳа, у алжираяпти, – деди шифокор аёл. – Руҳий хаста экан. Руҳшунос
шифокорни чақиртириш керак. Шундай деб хулоса ёзиб қўяман.
– Хўп раҳмат, синглим, – деди соқчи темир эшикни яна шарақлатиб ёпаркан.
Руҳшунос шифокор ҳам келди.
У ёши қирқлардан ошса ҳам эрга тегмаган, шу туфайли бўлса керак, эркак зотини кўрарга кўзи бўлмаган аёллар тоифасидан эди ва ҳеч иккиланмай "Руҳий хаста, давога муҳтож эркак", – дея хулоса қилиб қўя қолди.
Энди раиснинг қўл-оёғини боғлаб "Вилоят руҳий хасталиклар шифохонаси"га
олиб кетишди.
***
– Мен ижроқўм раисиман! – дея ҳайқирди у ўша ерда ҳам. – Ишонмасангизлар
қабулхонамга қўнғироқ қилинглар!
– Ҳаяжонланманг, ҳаммаси яхши бўлади, ҳозир котибангизга қўнғироқ қиламиз, – дейишди мулойимлик билан дўхтирлар унинг орқасини силаб. "Бемор" ўз номерини айтди.
Шифокор уни терди."Бундай рақам мавжуд эмас" деган
автоматдан жавоб келди (сабаби шошилишда туман коди терилмаганди).
– Ана кўрдийизми? Сиз Москванинг раҳбарисиз, бу ер Тошкент экан.
Шу пайт хонага бош ҳаким кириб келди:
– Э, бунақа бачканалашмай, беморни опкириб ётқизиб қўйинглар.
Тинчлантирувчи укол қилинглар. Шахси аниқланмагунча ўзидан маълумот
ололмайсизлар. Шунақа фойдасиз ишлар қилгунча ҳаммаларинг ташқарига
чиқиб у ёқ-бу ёқни тозаланглар.
Тошкентдан шахсан Омонулла Жўраевичнинг ўзлари келганмишлар, катта
"текширув" бўлармиш...
Бу гапни эшитиб Мирбадал Боқиевич ўзини тутиб туролмади. У энди хохолаб
кула бошлади. Шундай кулдики...
– Сизга айтаяпман, йўқотинг тез бу жиннини! – деди Бош ҳаким қатъий.
"Бемор"ни олиб кетишаркан, у тўхтовсиз куларди...
Хайриятки, раҳбар жиннихонада узоқ қолиб кетмади. Уни ниҳоят бош ҳаким
таниб қолди ва узрини айтиб вилоят касалхонасига йўллади.
Бир жиҳатдан яхши бўлди. Текшир-текширлар ўтиб олгунча у ўз қадрини
сақлаб, асабини асраб, шифохонада бемалол дам оладиган бўлди.
– Ушланглар уни! – дея қўрққанидан бақирди Олимиддин қора ойналарни чил-чил синдирган қора қўчқорни кўрсатиб.
Аҳаджон уни ушлашга ҳаракат қиларди... Хуллас, қўй ҳаммани довдиратди ва
диконглаб Болтавой аканинг ҳовлисига кириб кетди. Аксига олиб шу пайтда
Болтавой ака ҳам кўринмасди. Чунки унга меҳмон келишининг тайинли вақти
айтилмаганди. Гўё уйда ҳеч ким йўқдек... Хайриятки, шу пайт Болтавой аканинг қизи Мафтуна икки шумтака ўғилчалари Ҳасан билан Ҳусанни эргаштириб
қаёқдандир келиб қолди.
Давоми бор.
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
Мазза қилдиме шу қисмида кулавериб ичагим буралиб қолдие