Қизимиз туғилганида эрим роса хурсанд бўлган. Ҳамон қулоғим остида унинг туғуруқхона деразаси тагида туриб, «Мали, қизимиз менга ўхшайдими? Исмини Юлдуз қўямиз. Ҳаёт йўлларимизда юлдуздек порлаб туради. Хўпми?» деган гапи кетмайди. Эрим қизимизни еру кўкка ишонмасди. Қизалоғимнинг тили ҳам «дада», деб чиққан. Турмуш ўртоғим ўшанда «бир умр қизимга суянч бўламан, уни ҳар қандай вазиятда ҳимоя қиламан», деганди… Юлдуздан кейин ҳам фарзандли бўлдик. Иккита ўғлимиз бор. Аммо Юлдуз ёлғиз қиз бўлгани учун ҳам меҳримиз бўлакча эди. Мактабга ҳам дадажониси қўлларидан этаклаб олиб борган. Унинг ўқиши билан ўзи алоҳида шуғулланарди. Қизимиз интилувчан, иқтидорли эди. Мактабда 5-синфлигида ёзган иншосини ҳамон асраб қўйибман. Ҳар ўқиганимда кўзларим жиққа ёшга тўлади. Мана у ёзган сатрлар: «Биз оилада бештамиз. Дадам, ойим, иккита укам. Мен дадамга ўхшайман. Исмимни ҳам дадам қўйган. Дадам ҳайдовчи. Кўпинча уйга кеч келади. Аммо мен улар келгунча ухлаб қолмайман. Чунки дадам ишдан келганида «дадажон» деб чопқиллаб кутиб олишимни яхши кўради. Ҳар доим «дадасига ўхшаган қиз бахтли бўларкан», дейди. Мен келажакда артист бўлишни орзу қиламан. Концертимда «дадажон», «ойижон», деб қўшиқ айтаман. Уларга гулдасталар бераман…»
Афсуски, қизимга «дадажон», «ойижон», деб ашула айтиш насиб этмади. Авваллари ҳам қизимнинг тез-тез боши оғриб турарди. Бунга унчалик эътибор бермаганмиз. Инжиқлигидан деб ўйлардик. Бир куни қарасам, китоб ўқиб ўтирган қизим бирдан бошини китобга қўйганча ётиб олди. Ухлаб қолдимикан, дея ёнига бордим. Йўқ, уйғоқ экан. — Ҳа, Юлдуз, уйқунг келдими? Хонангга кириб ёта қол. Бугун даданг узоқроққа кетган. Ҳали келмайди, — дедим. — Йўқ. Бошим қаттиқ оғрияпти. — Қани, менга қара-чи… «Тез ёрдам» чақирайми? — дедим ранги ҳам оқариб кетган қизимни кўриб. — Ойижон, хавотирланманг. Озгина бағрингизга бош қўйсам, тузалиб қоламан, — деди қизгинам кўксимга бош қўйганча. Бошини силаб анча пайт ўтирдим. У гапирмади. Олдинлари бидир- бидир қилиб тинмасди. Кўз тегмасин, бирам ширин қиз бўлганки…
Соат ҳам 24:00 бўлибди. Эрим ишдан келмади. Қизимни жойига ётқиздим. Қарасам, кўйлагимнинг олди ҳўл бўлиб кетган. Шунда билдим, қизгинам кўксимга бош қўйганча унсиз йиғлабди. Яна сочини силаб ёнида ўтирдим. Нима бўлди экан-а? Боши шу даражада қаттиқ оғридимикан? Дадаси келсин, маслаҳатлашиб эртагаёқ шифохонага олиб борамиз. Ана, эшик қўнғироғи жиринглади. Эрим уйга кириши билан қизалоғимиз уйғониб, хонасидан чиқиб, дадасининг бўйнига осилди. Бирам эркатойки… Эртаси куни эрим ишдан рухсат олиб, биз билан шифохонага борди. Юлдуз жуда шифокорлардан қўрқади. Текширувлардан базўр ўтди. Қизим чарчаб қолгани учун шифохона ҳовлисига чиқиб ўтирдик. Таҳлил натижаларини кутдик. Бир пайт эрим чиқди. Унинг кўзларига қараб нимадир бўлганини сездим. У кулиб турса ҳам ичини қандайдир дард кемираётганди.
«Ҳаммаси яхши. Юринглар, уйга кетдик. Сал боши шамоллабди, холос», деди эрим кўзини мендан олиб қочганча. — Дада, юргим келмаяпти. Бирпас шу ерда ўтирайлик, — деб қизим елкамга бош қўйди. — Кел, қизим, — деб эрим уни даст кўтариб олди. Уйда қизим бир нуқтадан кўз узмай ётди. Ухлаб қолгач, эримнинг ёнига чиқдим. У ҳовлида шифохонадан келгандан бери тинимсиз сигарета чекиб турарди. — Нима гап? Тинчликми? — қизимнинг аҳволини зўрға сўрадим. — Мали, ўзингни қўлга ол. Барибир сендан яширолмайман, — эримнинг кўзларига ёш қуйилди. Ҳозир эрим айтадиган гап умримга нуқта қўйиши мумкин. Қанийди эрим гапирмаса, худди у ҳеч нарса демаса, ҳеч нима бўлмайдигандек. — Малика, қизимизнинг миясида ўсимта бор экан. Унинг умри… умри… кам қолибди, — эрим шундай деганча мени қучоқлаб олди. У йиғлаётганди. Менга эса… менга ҳаммаси тушдек туюлаётганди. — Ёлғон! Шифокорлар адашган! Улар адашган! Менинг қизим соғ! Сал боши шамоллаган, холос! — эримнинг кўксига муштлаганча йиғлардим. Бир пайт иккимиз ҳам жим бўлиб қолдик. Биз бир- биримизни бағримизга босганча йиғлардик.
Ҳаммаси ҳали олдинда эди. Муштдек қизимнинг дарди кундан- кунга оғирлашиб борарди. Укалари ҳам нима бўлаётганини тушунолмай ҳайрон. Сал эсини тани
ўғлим бир куни «ойи, йиғламанг, опам тузалиб кетади», деб мени юпатди. Пойтахтга бориб, муолажа ҳам олдик. Аммо жарроҳлик столига ётиш хавфли экан. Ўсимта мияда бўлгани учун ҳам қизимизнинг операциядан соғ чиқишига кафолат йўқ эди. Шифокорлар жарроҳлик операциясидан фойда йўқлигини айтишди. Ноилож, тақдирга тан бериб уйга қайтдик. Лекин юрагимнинг туб-тубида болагинам тузалиб кетади, албатта мўъжиза юз беради деган илинж бор эди. Ҳатто уни чет элга олиб бориб даволатмоқчи ҳам бўлдик. Бироқ қизимизни бекорга қийнаб қўйишимиз мумкинлигини, дард зўрайиб кетганини айтишди.
Кўз ўнгимда умри сўниб бораётган қизимни кўрсам, юрак-бағримим тилиниб кетарди. Болаларимнинг ҳам кўзида ёш. Уй ичида оёқ учида юришади. Қизим бечора йиғлай- йиғлай ухлаб қолади. У кун бўйи «дадажон, ойижон, бошимнинг ичидаги нарсани олиб ташланглар. У бошимнинг ичини еяпти. Чидолмайман, дада, тезроқ келинг…», дерди. Мен қулоқларимни ёпиб олардим. Ахир, нима қилай унга ёрдам беролмасам!.. Эй, Худо, жон керак бўлса, менинг жонимни ол. Қизгинамнинг дардига шифо бер дея илтижолар қилардим… Эрим ҳам ишдан зўрға келади.
Умид билан эшикдан кириб келганида қизим бир амаллаб ўрнидан туради-да, дадаси томон юради. Баъзан ярим йўлда йиқилиб тушади. Эрим нима дейишни билмайди. То ухлаб қолгунча бошини силаб ўтиради. Турмуш ўртоғим ҳам такдир олдида иложсиз эдик. Охирги пайтлари қизим асабий бўла бошлади. «Ойи, дада, мени яхши кўрмайсизларми? Нимага мени даволатмаяпсизлар? Укаларим маза қилиб ўйнаб юрибди-ку!» деб йиғларди. Болажоним олти ой дард билан олишди.
Умрининг охирги куни менга «ойи, сочимни ўриб қўйинг», деди. Сочлари тушиб, камгина қолган эди. Сочини ўрдим. Чиройли кўйлак кийдиришимни сўради. «Дадам айлантириб келади», деб тайёргарлик кўрди. Кўчадан бирор машина ўтса, «дадам», деб интизор кутди. Эрим ишдан келгач, ўрнидан туришга уринди. Эрим «қўй, ўтиравер, ўзим бораман», деса ҳам «йўқ, дада, мен тузалиб қолдим», деганча югуриб, дадасининг бўйнига осилди.
Ҳаммамизнинг юзимизда табассум қалқиди. Эрим юз-кўзларидан ўпди. Мен ҳам бориб, уларни қучоқладим. Кейин ҳаммамиз бирга сайр қилиб келдик. Уйга келгач ҳам қизалоғим тинмади. Укалари билан ўйнади. Ундан кичкина ўғлим биринчи синфга борганди. Унга ўзича бир нималарни ўргатди. Бир пайт «дада, ухлайман, эртак айтиб беринг», деди. Дадаси уни каравотига ётқизиб, эртак айтиб берди. Қизалоғим ўша куни жуда хурсанд эди. Қарасам, эрим эртак айтаяпти- ю, кўзида ёш. Бир пайт қизимнинг бошида яна оғриқ турди. Дадасининг қўлини маҳкам ушлаганча унсиз кўз ёш тўкди. Тўсатдан боши шилқ этиб тушди ва бу дунёни тарк этди…
Илк муродимиз, ёлғизгина қизимиз айни мучал ёшида бизни ташлаб кетди. Анча пайтгача ўзимизга келолмадик. Бу айрилиққа дош беришимиз қийин эди. Кўпинча йиғлай-йиғлай ҳушимдан кетиб қолардим. Шундай пайтда болаларим тепамга келиб, жажжи қўллари билан бошимни силашарди. «Ойи, ойижон, опам тириг-а? У осмонга учиб кетган-а?» дейишади.
Эримнинг ҳам қадди букилди. Қизимизнинг суратлари, ўйнаган ўйинчоқларини қучоқлаганча менга билдирмасдан йиғлаб олади. Яқинларимиз ўзимизни қўлга олишни, ўғлиллармизни ўйлашимизни айтишар, юпатишарди. Бироқ қизалоғимизни мангуга йўқотганимизни тан олишимиз жуда қийин кечди.
Яқинда ҳомиладорлигимни билдим. Бир куни тушимга марҳума қизим кирибди. Ёнида кичкина чақалоқ бор экан. «Ойижон, қаранг, синглим худди менга ўхшайди! Сочлари ҳам меникидек. Унга менинг кийимларимни кийдиринг. Ўйинчоқларимни ҳам беринг, хўпми?» дермиш. Ўша куни «Узи»га тушдим. Қиз фарзанд кутаётган эканман…
Тақдирннинг бу туҳфасидан кейин кўнглим анча хотиржам тортди. Эрим ҳам хушхабардан жуда хурсанд бўлди. Ўшанда икки ўғлим ва туғилажак қизим учун ҳам ўзимни қўлга олишим, турмуш ўртоғимга суянч бўлишим кераклигини тушундим. Туғилажак қизимиз менинг қалбимда эртанги кунга ишонч уйғотди. У ҳаётимизга нур олиб келишига, оиламизнинг қувончли кунларини қайтаришига ва ҳаёт йўлларимизда юлдуздек порлашига ишонанаман!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2