ПУЛ...
У эшикдан кириб келиши билан атирининг ҳиди димоғимга урилди.
− Ассалому алайкум. Сиз хусусий адвокат Равшан Асадовмисиз?
Қаршимда юзи оппоқ, қош-кўзлари қоп-қора, сочлари узун, қад-қомати келишган,
таҳминан 27- 28 ёшлардаги ёқимтойгина бир қиз турарди. Мен бу қизни илгари
қаердадир кўргандим аммо эслай олмадим.
− Ҳа, – дедим атрофга ҳижолат бўлиб аланглаб. Иш бошлаганимга бир неча кун
бўлганди. Шу сабаб хонамнинг аҳволига унчалик ҳам ҳавас қилиб бўлмасди.
− Марҳамат ўтиринг, – деб чанг босган стулни дастрўмолчам билан артдим. Қиз
қошларини чимирди ва ижирғаниб стулга ўтирди.
– Котиба олишингиз керак экан, – деди атрофга қараб.
– Узр. Иш бошлаганимга кўп бўлмади, шунга...
– Ҳижолат бўлманг. Аммо сиздек Гарвард университетини тамомлаган ёш ва
иқтидорли адвокатнинг бундай шароитда ишлаши кутилмаган ҳолат.
– Мени танийсизми?
− Бу ерга келишдан олдин сиз ҳақингизда суриштиргандим.
− Хўш бизга нима хизмат?
− Исм-шарифим Назира Сайфиева. Олдингизга судда синглимни химоя
қилишингизни сўраб келдим. У ҳозир қамоқда. Устидан жиноий иш очилиб тергов
қилиняпти.
− Синглингиз нимада айбланяпти?
− Уни турмуш ўртоғи Раҳим Мирзаевнинг жонига қасд қилганликда айблашяпти.
Эрини қасддан захарлаган эмиш. Лекин бу асоссиз айблов. Нозима менинг якка-ю
ёлғиз синглим. Жигаримнинг айбсиз эканига ишонаман. У эрини қаттиқ севарди,
уни ўлдириши мумкин эмас.
− Тушунарли. Мен розиман. Фақат аввал синглингиз билан учрашишим керак.
Эртадан ишга киришаман.
− Хизмат ҳақингиз қанча бўлади?
− Буни эртага гаплашамиз. Менга телефон рақамингиз ва яшаш манзилингизни ёзиб
беринг.
Қиз қоғозчага телефон рақами ва манзилини ёзиб менга узатди.
− Ота-онамнинг уйида яшаб турибман. Синглим оқланса Малайзияга қайтиб кетаман.
− Малайзияга қайтиб кетасиз?
− Э-ҳа сизга айтишни унитибман. Мен Малайзияда модалар уйи очганман. Ўша ерда
моделерлик қиламан. Ота-онам дунёдан ўтишган. Нозиманинг мендан бошқа хеч
кими йўқ.
− О! Чиройли қомат, гўзал табассум, топ модел эканингиз билиниб турибди ўзи.
Турмушга чиққанмисиз?
− Ҳозирча бахтимни топганим йўқ.
Қиз уялиб ерга қаради.
− Сиздек гўзал нахотки ҳали ҳам ёлғиз бўлса...
− Сиз тезроқ ишга киришинг. Бечора сингилгинамнинг айбсизлигини исботлашингиз
керак.
− Хотиржам бўлинг мен қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
− Унда хайр. Сизга омад тилайман.
− Саломат бўлинг.
“Мана ўртоқ Асадов сизга биринчи иш” дедим ичимда. Кейин хонани тартибга
келтира бошладим.
Эртаси куни мен шахар ички ишлар бўлимига бордим. Нозима Мирзаеванинг иши
бўйича ички ишлар бўлимининг лейтинанти Азиз Қосимов шуғилланаётган экан.
Қосимовнинг хонасига кирдим.
− Ассалому алайкум, мен Нозима Мирзаеванинг адвокати бўламан.
− Ийе Равшан сенмисан? Адвокат бўлдим дегин.
− Азиз? Дўстим яхшимисан? Сени танимабман лейтинант.
Азиз билан ҳарбий ҳизматни бирга ўтаганмиз. Мен юридик институтга у эса Милиция
академиясига ўқишга кирдик. Хорижга ўқишга кетганимдан сўнг у билан
алоқаларимиз узилиб қолганди. Азиз билан ярим соат ўзимиз ҳақимизда гаплашдик.
Мен яқинда хориждан келганимни у эса академияни битириб уч йилдан буён шаҳар
ички ишлар бўлимида фаолият юритаётганини айтди.
− Раҳимни хотини ўлдирган, – деди Азиз.
− Нега бунча ишонч билан гапиряпсан?
− Раҳим билан болаликдан дўстмиз.
− Нима? Тасодифни қара!
− Ҳа, шундай. У кўнгли тоза инсон. Бирорта ҳам душмани йўқ. Ҳамма сирини менга
айтади. Дўстим хотинини севмасди. Раҳим талабалик вақтлари бир қизни қаттиқ
севарди. Қиз ҳам навоийлик эди. Иккинчи курсга ўтганларида у қиз грант ютиб
АҚШга ўқишга кетди. Кейин бирдан Раҳим билан барча алоқаларини узди. Раҳим
қаттиқ изтироб чекди. Ўқишни тугатиб Навоийга қайтиб келгач ота онаси Нозимага
уйлантирди. Қайнотасининг ёрдамида фирма очиб ишлари юришиб кетди. Аммо
бари бир биринчи муҳаббатини унута олмади...
Азиз чуқур нафас олиб гапида давом этди.
− Ўша куни дўстимни сўнгги марта кўчада кўриб қолдим. У собиқ севгилиси
Навоийга қайтиб келганини айтди. Нозима билан ажрашиб унга
уйланмоқчилигини айтди. Уйига бориб бу хабарни хотинига ҳам айган. Аламига
чидай олмаган хотини уни заҳарлаб ўлдирган. Бекорга “эр бермоқ – жон бермоқ”
деб айтишмайди-ку.
− Хулоса қилишга шошилмаслик керак.
− Билмадим. Лекин фақат мен шу фикрда эмасман. Раҳим менга отаси Нозима
Мирзаевага катта мерос қолдирганини айтганди. Эссиз шунча мол-у давлат.
− Мирзаева билан учрашсам бўладими?
− Албатта. Азиз телефон гўшагини олиб навбатчини чақирди.
Учрашув хонасига сочлари бироз тўзғиган, юзлари сўлғин, кўзлари йиғидан шишиб
кетган, кўринишидан опаси Назирага ўхшаб кетадиган, 23-24 ёшлардаги жувон кириб
келди. Ўзимни унга таништирдим.
− Ассалому алайкум. Мен адвокатингиз Равшан Асадовман.
− Салом. Мен Нозимаман. Сизни опам ёлладими?
− Ҳудди шундай. Вақтимиз кўп эмас. Шу сабаб менга қисқа ва аниқ қилиб
ҳаммасини бир бошидан гапириб беринг.
− Раҳим ака билан турмуш қурганимизга беш йилдан ошган бўлса ҳам фарзандимиз
бўлмади. Кўп даволандик аммо фойдаси бўлмади. Эрим ичиб келиб жанжал
чиқарадиган одат чиқарди. Қайнонам ҳам “туғмас” деб мени ёмон кўриб қолди.
Хўжайиним катта тадбиркор. Лекин сўнгги пайтларда ишлари юришмай қолди.
Миннат қилмайман лекин Раҳим ака нимага эришган бўлсалар барчаси отамнинг
орқасидан. Отам икки ой аввал автоҳалокат туфайли вафот этдилар. Отамнинг
вафотидан сўнг Раҳим аканинг ишлари юришмай қолди. Буларнинг ҳаммасини
аламини мендан оладиган бўлдилар. Ўша куни мен кун бўйи қайнисинглимникида
эдим.Кеч тушиши билан уйга келдим.Овқат тайёрламоқчи бўлганимда эрим ишдан
келди. У мен билан гаплашиб олмоқчилигини айтиб ёнига чақирди. Эрим мени ҳеч
қачон севмаганини, бошқа қизни севганини мендан ажрашиб ўша қизга
уйланмоқчи эканини айтди. Мен “қайси гуноҳим учун” деб йиғлаб чиқиб кетдим.
Бироз ўтиб Раҳим ака “Нози томоғим қуриб кетди. Менга аччиқ кўк чой дамлаб
кел” дедилар. Уни ховуридан тушганини кўриб дарров чой дамлаб келдим. Эрим
чойни ичиб ухлаб қолди ва шу билан қайтиб уйғонмади. Раҳим ака тўнғич фарзанд
бўлгани учун қайнота-қайнонамдан алоҳида яшардик. Қайнонам кўпинча
жанжалимизнинг устида келиб қоларди. Шунга додлаб “ўғлимни сен атайлаб
заҳарлагансан” деб менга ёпишди. Буни қарангки суд-экспертиза ходимлари
эримни заҳарланган деб топишди. Унинг ошқозонидан захар топилибди. Лекин мен
уни заҳарламадим. Турмушимиз яхши бўлмаса ҳам мен уни севардим...
Нозима йиғлай бошлади.
− Йиғламанг. Ўзим сўраб суриштириб айбсизлигингизни исботловчи далил топаман.
− Шунга умид қиламан. Илтимос мени қутқаринг қамалишни истамайман!
− Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Кетадиган вақтим бўлди. Хайр.
− Саломат бўлинг.
Мен яна Азизнинг олдига бордим.
− Биринчи ишингда ютқазасан шекилли. Барча далиллар Нозимага қарши.
Экспертиза ҳулосасига кўра Раҳим Мирзаев ичган пиёладаги чой қолдиғидан захар
топилган. Мана бу Раҳимнинг шахсий буюмлари. Унинг қўл телефонидаги сўнгги
марта терилган ва қабул қилинган рақамларни текширдик. Рақамлар банк
ходимлари ва Рахимнинг ҳамкорларига тегишли экан. Хуллас жиддий нарса йўқ.
Мирзаевнинг ҳамёнидан хотинининг сурати чиқди. Суратини олиб юради лекин
севмайди.
− Суратни кўрсам бўладими?
Азиз суратни узатди. Бу сурат тахминан 17-18 ёшлар атрофидаги ёшгина Нозиманинг
сурати эди. Сурат эскироқ, таҳминан 2001-2002 – йилларда олинганга ўхшайди.
− Суратни олиб қолсам бўладими? Азиз бош ирғади. Мен суратни чўнтагимга солиб
қўйдим.
− Нима бўлганда ҳам сенга катта рахмат. Мен энди кетсам бўлади.
− Сенга омад тилайман.
Ички ишлар бўлимидан чиқиб ишхонамга бордим. “Наҳотки Нозима Мирзаева
чиндан ҳам ўз эрини заҳарлаган бўлса. Раҳимнинг ҳеч қандай душмани йўқ. Хотини
эса ундан аламзада. Чойига захарни хотинидан бошқа ҳеч ким сола олмайди. Лекин
Нозима аҳмоқ эмас. Ахир эрининг заҳарлангани маьлум бўлса энг биринчи шубҳа унга
тушишини билади-ку! Унда ҳақиқий қотил ким? Ким Раҳимни заҳарлади?” Миямдан
бир қатор ўй-ҳаёллар ўта бошлади…
II
Тушдан сўнг Нозиманинг ота онасининг уйига йўл олдим. Икки қаватли ҳашаматли
уйнинг бежирим безаклар билан безатилган дарвозаси олдига келдим ва эшик
қўнғироғи тугмачасини босдим. Ичкаридан аёл кишининг нозик қадам товушлари
эшитилди. Дарвоза эшиги очилди. – Ассалому алайкум, Равшан ака, келинг. Назира
ичкарига йўл бошлади. Меҳмонхонага кирдик.
− Марҳамат ўтиринг. Чой ичасизми ёки қаҳва?
− Чой бўлса яхши бўларди.
Мен диванга ўтирдим. Назира чиқиб кетди ва бироз ўтиб қўлида чойнак-пиёла билан
қайтиб келди.
− Чой жуда хуштаьм экан. Малайзиядан келтирилганми? – дедим чойдан хўплаб.
− Йўқ. Ўзимиздаги супермаркетдан сотиб олдим. Малайзиянинг чойини аллақачон
ичиб тугатдик. Отам рахматли яхши кўрардилар.Шунинг учун тез-тез юбориб
турардим.
− Малайзияда анчадан буён яшайсизми?
− Саккиз йил бўлди. Бошида бироз қийналдим кейинчалик кўникиб кетдим.
Ишларим билан бўлиб синглимнинг тўйига ҳам кела олмагандим. Навоий ҳам
ўзгариб кетибди. Куала Лумпурдан қолишмайди.
− Ҳа, албатта. Шунинг учун мен ҳам она шаҳримга қайтиб келиб иш бошладим.Сизга
ҳам шуни маслаҳат бераман.
− Бу маслаҳатни албатта ўйлаб кўраман. Айтганча синглимнинг иши бўйича бирор
янгилик борми? Суриштиряпман лекин Нозимани оқлайдиган бирор далил топа
олмаяпман. Куёвингиз синглингизга уйланмасидан аввал бошқа бир қиз билан
ишқий муносабатда бўлган экан.Синглингиздан ажрашиб ўша қизга уйланмоқчи
экан.
− Нима? Раҳимми? Гапини эплай олмайди-ку! Энди нариги дунёда уйлансин!
Лапашанг! Тириклигида берган азоблари етмагандек ўлганида ҳам синглимни
бошини кўп ғавғога қўйди.
Назиранинг кўзлари ёшланди. Мен унга бироз тикилиб турдим. Қиз хижолат бўлиб
кўзларини олиб қочди.
− Майли менга руҳсат бирор далил топсам сизга хабар қиламан. Чой учун катта
рахмат.
− Омадингизни берсин. Хайр.
Назиранинг уйидан чиқиб ишхонамга қайтдим. Кун бўйи хужжат титдим. Уйга
кетмоқчи бўлиб турганимда ойим қўнғироқ қилиб уйга майда-чуйда олиб келишимни
айтдилар. Ишхонамдан чиқиб яқин атрофдаги супермаркетга бордим.Пештахтадан
қадоқланган кўк чойни олиб унга термилдим. “Шу чойни деб бир одам ўлди, бир одам
эса қамалди” ўйладим ичимда. Бироз ўйланиб турдим-да супермаркет раҳбариятига
югирдим.
− Сиз билан муҳим масалада гаплашиб олишим керак, – дедим супермаркет
бошқарувчисига.
Эртаси куни ички ишлар бўлимига бордим.
− Буни қандай уддаладинг. Сенга қойил қолиш керак, – деди Азиз.
− Ҳозир билиб оласан қандай уддалаганимни.
Бироз ўтиб Назира Сайфиева кириб келди.
− Равшан ака, мени тез етиб келишимни сўрадингиз?
− Синглингизни оқловчи далил топдим ва ҳақиқий айбдорни аниқладим.
− Хўш, Раҳимни ким заҳарлаган экан?
− Сиз!
− Нима? Ўйлаб гапиряпсизми?
− Ҳа. Сайфиева, куёвингизни айнан сиз заҳарлагансиз?
− Буни исботлай оласизми?
− Ҳозир буни исботлаймиз. Илк учрашувимиздан сўнг сизни қаерда кўрганим ҳақида
эсладим.Сиз Нью Йоркка ҳамкор излаб боргансиз. Мен сизни дастлаб олти ой
аввал Нью Йоркдаги “Жаннат” ресторанида кўргандим. Сиз телефонда ўзбекчалаб
гаплашётган эдингиз: “Дада, инқироз туфайли бизнесим касод бўляпти ёрдам
беринг... Нима? Майли унда ўша эркатой қизингиз ва куёвчангиз билан
қолаверинг. Энди менинг ўлигимни ҳам тиригимни ҳам кўрмайсиз...” Бу сизнинг
отангизга алам устида айтган сўнгги гапларингиз эди. Тўрт ой ўтиб отангиз вафот
этди. Бу воқеа сизга қайғудан кўра қувонч олиб келди...
− Оғзинга қараб гапир! Кўп алжирама!
Назира асабийлаша бошлади.
− Жим бўлинг! Охиригача эшитинг! – деди Азиз. Мен давом этдим.
− Нохуш хабарни эшитиб бу ерга қушдек учдингиз. Отангиздан қолган меросдан
умидвор эдингиз. Бизнесингиз касодга учраб Малайзиядаги модалар уйингиз
ёпилиш арафасида эди. Сизга сармоя керак эди. Отангиздан қолган мерос, яни
барча кўчмас мулклар, машиналар, фирмани сотиб Малайзияга кетмоқчи эдингиз.
Лекин бундан саккиз йил аввал “модалар уйи очаман” деб мархум отангиздан ўз
ҳақингизни аллақачон олиб бўлгандингиз. Шу сабаб дадангиз мол-мулкининг
барчасини синглингиз Нозима Мирзаевага қолдирган. Буни нотариус орқали
тасдиқлатиб хам қўйган. Табиийки бу сизга ёқмади. Сиз ўз синглингизни ўлдириб,
уни ўлимига турмуш ўртоғи Раҳим Мирзаевни айбдор қилмоқчи ва синглингизнинг
меросига эга чиқмоқчи эдингиз. Лекин бунинг акси бўлиб қолди....
− Бунга исботинг йўқ! Тухмат қиляпсан! Менга қарши чиқишинг учун сени
ёллаганмидим?!
Мен парво ҳам қилмай гапимда давом этдим.
− Айтганча айтишни унитибман Раҳим Мирзаевнинг собиқ машуқаси кимлигини ҳам
аниқладим. Бу қиз ҳам ўзингизсиз Назира Сайфиева!
− Буниси энди ошиб тушди.
− Йўқ. Ошиб тушмади. Мана бу суратни танияпсизми? Чўнтагимдан Рахим
Мирзаевнинг хамёнидан чиққан суратни олиб столга ташладим. Суратни кўриб
Назиранинг ранги оқариб кетди. – Бу... Буни қаердан олдингиз.
− Сурат сизникими?
− Ҳ... Ҳа, лекин сиз...
− Бу сурат Раҳимнинг ҳамёнидан топилди. Сиз куёвингиз собиқ севгилингиз эканини
билгансиз. Чунки ўзини кўрмаган бўлсангиз ҳам расмини кўргансиз.Табиийки
Раҳим ҳам сизни яхши билган. Нозима сизга ўхшагани учун унга уйланган.
Малайзиядан келганингиздан сўнг Раҳим сизни кўриб ўзини йўқотиб қўяди. У
Нозимадан ажрашиб сизга уйланишга тайёрлигини айтади чунки муҳаббат унинг
кўзини кўр қилиб қўйганди. Лекин сиздек бойликка ўч, худбин аёл бировни севиши
мумкин эмас. Раҳимни ҳеч қачон севмагансиз. Сиз Раҳимнинг мухаббатидан
фойдаланишга қарор қилгансиз. Раҳим Мирзаев вафот этган куни сиз у билан
учрашгансиз...
− Бунга исботингиз борми?
− Раҳим Мирзаев захарланган куни мен идорам учун ижарага бино кўргани бордим.
Бинони кўриб бўлгач яқин атрофдаги супермаркетга кирдим. Мендан уч-тўрт метр
узоқликдаги қадоқланган чойлар турган пештахталар олдида бир ёш аёл ва бир ёш
эркак бир бирига шивирлаб гаплашиб турганди. Бу эркак ва аёл сиз ва Раҳим
Мирзаев эди. Сизларга орқа ўгириб турганим учун юзингизни кўра олмагандим.
Фақат сизнинг Раҳимга “майли сизга турмушга чиқаман фақат менга вақт беринг”
деганингиз қулоғимга чалинганди. Лекин бу воқеа эсимдан ҳам чиқиб кетганди.
Раҳимнинг ҳамёнидан чиққан суратга термилиб туриб бу Нозиманинг эмас балки
сизнинг талабалик пайтингизда тушган суратингиз эканини фаҳмладим. Кеча
супермаркетга борганимда эса қадоқланган чойга қараб туриб ўша ёш эркак ва
аёлнинг суҳбатини эсладим. Улар сиз ва Раҳим эканингизга ишонч ҳосил қилиш
учун супермаркетнинг хавфсизлик бўлимига бориб ўша куни ёзиб олинган видео
тасвирларни кўрсатишларини илтимос қилдим. Хайриятки тасвирлар ўчиб
кетмаган экан. Видео тасвирларга қараб туриб қадоқланган чойлар олдида турган
ўша эркак ва аёл чиндан ҳам сиз ва Раҳим Мирзаев эканини кўрдим. Лекин бу
ҳаммаси эмасди. Сиз Раҳимнинг аравачасида турган қадоқланган чойни унга
сездирмасдан олдингиз ва сумкангиздан худди ўшанга ўхшаш чойни олиб иккала
чойни алмаштириб қўйдингиз. Бу ишни шундай устомонлик билан бажаргансизки
видео тасвирларни катталаштириб кўрса ҳам зўрға сезилиши мумкин. Сиз
алмаштириб қўйган чойга Малайзияда махсус тайёрланган захар қўшилганди. Бу
чойни ичиб Нозима заҳарланиши табиий эди. Лекин ўша куни синглингиз бу чойни
ичмаган чунки у кун бўйи қайнисинглисиникида эди. Нозима чойни ичиб
захарланса сиз “менга уйланиш учун атайлаб синглимни ўлдиргансан” деб Раҳимга
шантаж қилардингиз. Лекин Нозиманинг ўрнига Раҳим заҳарланди. Нозима
қамалса ҳам мерос унинг номига қолаверарди. Шу сабаб сиз энди янги режа
туздингиз. Ўзингизни меҳрибон опа қилиб кўрсатиб Нозимага адвокат ёлламоқчи
бўлдингиз. Бу ишингиздан сўнг шўрлик Нозиманинг сизга бўлган меҳри янада
ортади. У сизга мабодо қамалиб кетса меросига эгалик қилишингизни айтади.
Сизга тажрибасиз, ишини энди бошлаган адвокат керак эди. Мен энг муносиб
номзод эдим. Гарчи хорижда ўқиб келган бўлсам ҳам энди иш бошлагандим. Ўйлаб
ўйлаб мени ёллашга қарор қилдингиз. Лекин бу сизга қимматга тушди....
− Ёлғон! Айтганларингиз барчаси сафсата! Азиз ака, сиз шу телбанинг гапига
ишонасизми?
− Ишонаман. Чунки ҳозиргина одамларим уйингизни тинтув қилиб нарсаларингиз
орасидан заҳар солинган шиша идишни топишгани ҳақида хабар қилишди. Бундан
ташқари қўлимизда супермаркетдаги видео тасвирлар ҳам бор. Бу далилларни
инкор эта олмайсиз, Сайфиева! Сиз куёвингиз Раҳим Мирзаевнинг жонига қасд
қилишда айланиб қамоққа олинасиз!
− Жавоб берасиз! Ҳали ҳаммаси учун жавоб берасиз!
Назира титрай бошлади.
− Йўқ, Сайфиева сиз жавоб берасиз. Ўйин тугади. Қилган жиноятингиз учун қонун
олдида жавоб берасиз
− Буни шундай қолдирмайман. Қасам ичиб айтаманки қамоқдан чиқсам албатта
сизни ўлдираман!
Икки нафар милиционер Назирани олиб кетишди.
− Буни қара-я! Назирадек хурлиқони бундай қабиҳликка қўл уради деб ким ҳам
ўйлабди? – деди Азиз.
− Пул ўлсин-а! Дўстим! Пул ўлсин. Пул, бойлик учун одамлар ўз жон-жигаридан ҳам
воз кечиб кетяпти. Энди Назира синглисининг кўзига қандай қарайди?
− Нозимани бугун қўйиб юборамиз. Сенга катта рахмат дўстим. Сен бир масумани
ноҳақ қамалиб кетишидан сақлаб қолдинг.
− Бунинг ҳаммаси тасодиф. Лекин нима бўлганда ҳам биринчи ишимда ғалаба
қозондим. Юр буни нишонлаймиз, – дедим.
− Узр дўстим. Мен хизматдаги одамман ҳозир бунинг иложи йўқ лекин барибир
битта зиёфат қарз бўлиб қоласан! – деб кулди Азиз. Мен хохолаб кулиб дўстим
билан қучоқлашдим.
− Сен билан ҳали кўп жиноятларни фош этиб юртимизда қонун устиворлигини
таьминлаймиз!
Тамом.
Феруз Зиёдуллаев.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев