Шаҳарда яшайдиган синглисининг уйига бориш ниятида йўлга чиққан Мактуба опа бошбекатга келди-ю, автобус ҳали-вери жўнамаслигини эшитиб ҳафсаласи пир бўлди. Ҳаво исиб кетмасидан синглисиникига етиб олиш учун вақтли йўлга чиққанди. Йўловчилар камлиги боис ҳайдовчининг ҳали-вери қўзғалмаслиги аниқ. Ноилож бироз қимматроқ бўлса-да, таксида кетиш ниятида нарироқдаги автомашиналар томонга йўналди.
— Опажон, ассалому алайкум. Шаҳаргами? Келинг, сизни ўзим олиб кетаман. — деди бирданига опанинг ёнида пайдо бўлиб қолган баланд бўйли, қорақош йигит. — 2 та йўловчим бор. Сизни оламан, бўлди кетамиз.
— Йўркира қанча бўлади? — сўради Мактуба опа.
— Автобус нархини бераверасиз. Чунки мен киракаш эмасман. Фақат шу бензин пулимга озгина ёрдам бўлсин деб йўловчи оляпман, опажон. — деди жилмайиб йигит.
Мактуба опа оққушдай чиройли «Ласетти»нинг орқа ўриндиғига ўтираркан, бола қучоқлаб ўтирган ёшгина келинчакка кўзи тушди. Ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиқда бўлса, бир чол кўзларини юмиб мудраяпти. Опага чиройли кийинган, қош кўзлари порлаб турган келинчакнинг нимасидир таниш кўринди.
— Ассалому алайкум. — келинчак боласини ёнига ўтирғизаркан сўрашди. — Яхшимисиз, опажон? Мени танимадингиз-а?
— Нимангиздир таниш кўриняпти-ю, лекин ҳеч эслолмаяпман, — деди Мактуба опа хижолатомуз.
— Опажон, мен Адибаман-ку. Олима опанинг қизлари. Ойижоним синглингиз Матлуба опа билан синфдош, жонажон ўртоқ бўлишган. Сизлар девор -дармиён қўшни яшагансизлар-ку.
Мактуба опа бирдан сергак тортди.»Ҳа, бу Адиба-ку. Тўйидан бир ҳафта ўтмай куёви кўч-кўронини келтириб ташлаганди. Одамлар» иффатсиз экан..» деб қанча гап-сўз қилишганди. Танимабман ҳам.»
Бу миш-мишлар сабаб, Олиманинг юраги касалланиб, неча марта касалхонага тушиб чиққанидан Мактуба опанинг хабари бор эди. Чунки синглиси Матлуба дугонасининг соғлигидан хавотирланиб, шаҳардан неча марта келиб кетди. Мактуба опа ҳам Олимани синглисидай яхши кўрар, бирга ўсишгани учунми, ўзига яқин оларди.
— Ҳа, бўлди эсладим, — деди у қуруққина. -Ҳозир Матлубаникига бормоқчиман. Қизини узатмоқчи. Бу кеча қудалари келишаркан, тўй кунини белгилашга.
— Бунча яхши. Демак Фарангиз ҳам кап-катта қиз бўлиб қолибди-да. — Адиба астойдил қувониб кетди. — Бахтли бўлсин, илоҳим.
Мактуба опанинг энсаси қотиб»раҳмат»деб қўйди-да, юзини бурди.»Хайрият бу қиз турмушга чиқибди. Қизиқ, кимга теккан экан?» — хаёлидан ўтказди у. Шу пайт ҳайдовчи йигит ҳам жойига ўтирди-да»,Ласетти» жойидан қўзғалди.
— Дадаси, эҳтиёт бўлиб ҳайданг. — деди Адиба.
«Ҳа, шу йигит эри экан-да. Иккинчи хотин бўлиб теккандир-да, — ижирғаниб хаёлидан ўтказди аёл. — Ҳозир қўш хотинли бойваччалар кўпайган.» У Адибанинг ҳаёти ҳақида билгиси келаётган бўлса-да, ўзини худди бепарводай тутди.
— Бу киши куёвингиз бўладилар, — унинг фикрини ўқигандай гап бошлади Адиба жажжигина шишасимон идишда қизчасига сув тутаркан.
Мактуба опа чидаб туролмади.
— Бу кишига иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқдингизми? — аёлларча қизиқиши устун чиқиб сўради у.
— Йўғ-э, — Адибанинг ўрнига ҳайдовчи йигит жавоб берди. — Келинингиз менинг яккаю-ягона хотиним.
— Менинг ҳаётимни эшитсангиз, бутун бир китоб бўлади опажон. Саволингиздан тушундимки, сизам мен ҳақимдаги бўҳтонларни эшитгансиз. Аслида эса нима бўлганлигини билганингизда эди.
Шу сўзларни айтаётганда, Адибанинг кўзларида ёш ғилтиллади. Мактуба опанинг кўнгли ғалати бўлиб кетди.
— Йўғ-э, қизим мен сизни билмасам ҳам онангизни биламан-ку!
— Онам менинг ўшандаги бахтсизлигимга сабаб бўлганларини ҳам биласизми? -деди Адиба. — Хоҳласангиз, ҳаммасини гапириб бераман.
— Майли қизим, йўлимиз узоқ. Бемалол гаплашиб кетсак бўлади, — деди Мактуба опа розилик оҳангида.
Ёқимли куй ҳамроҳлигида машинани ҳушёрлик билан ҳайдаб кетаётган куёв йигит шу гапдан кейин ойнадан ўзига қараб қўйганини ҳис қилди. Бошини ўриндиққа тираганча кетаётган чол бўлса, енгилгина хуррак отиб ухларди.
— Ўшанда тиббиёт коллежининг 1 курсида ўқирдим, — деб сўз бошлади Адиба. — Бир куни ойижоним ишдан келиб «сени турмушга бераман яхши жойдан совчи чиқяпти» деб қолдилар. Қанақадир танишларини оғизларидан бол томиб мақтадилар.» Роса бадавлат отаси завод директори, онасининг ҳам ўз бизнеси бор. Йигитнинг сендан ёши сал каттароғ-у, майли. Чунки оилада эркак кишининг ёши улуғроқ бўлгани яхши. Сени сўраб келишибди. Қизим, сен у ерда камчилик кўрмай яшайсан. Менга ўхшаб қийналиб участка қурмайсан, тайёр уй-жойга келин бўлиб тушасан», — дедилар қувониб.
Дадамга ҳам улар маъқул тушдими, тўй деганлари тезлашиб кетди. Куёв бўлмиш Одил ака билан эса бир мартагина кўришдик. Ундаям тоғамни хотинлари ҳамроҳлигида бир жойда ўтириб бироз гаплашдик, холос. Улар қўшни вилоятнинг бизга яқин шаҳрида туришаркан. Бизнинг шаҳарда ҳам данғиллама ҳовлилари борлигини онам айтиб қолдилар. Одил ака онам айтганидай мендан озгина эмас, роса 10 ёш катта экан. Тасаввур қилинг, 16 ёшли келин билан 26 ёшли куёвни. Қисқаси, 15 куннинг ичида тўйимиз бўлиб ўтди.
— Хўш, унда нега кетиб қолдингиз куёвнинг уйидан? — Мактуба опа беихтиёр шу саволни берди-ю, изза бўлганидан юзига қизил югурганини ҳис этди.
— Тўй тугади. Ҳамма удумлар, расм-русумлар бажарилди. Бизни чимилдиққа киргизиб қўйиб, янгалар ҳам мизғиб олишга кириб кетишди. — деб сўз бошлади. Адиба. — Одил ака қаергадир чиқди-ю, кўп ўтмай қўлида суратлар ёпиштирилган фотоальбом билан кириб келди. Мен билан уёқ-буёқдан гаплашди. Ҳарбий хизматда бўлган пайтида тушган суратларини кўрсатди.
— Биласанми, Адиба, — деди бир пайт у қандайдир ғалати овозда. — Сенга бир гапни айтишим керак. Чунки турмушимизни ёлғон билан бошлагим келмаяпти.
Унинг бу гапидан сўнг кўнглимга ғашлик оралади.. «Нима гап ўзи Одил ака? — дея сўрадим. — Қанақа ёлғон?»
— Мен 5 йилдан бери бир рус аёли билан бирга яшайман, — деди Одил ака. — Ҳатто бир қизим ҳам бор ундан. Уларни жудаям яхши кўраман.
Мен бу сўзларни эшитиб ҳангу-манг бўлиб қолдим. Аввал уйланган бўлса, унда нега яна менга уйланди? Ё ҳазиллашяптимикан?
— Унда менга нега уйландингиз? — дедим алам билан. — Бу гапларни нимага энди айтяпсиз? Шу дардингизни тўйдан олдин айтсангиз бўлмасмиди?
Ўзим тўйда жуда чарчагандим. Қолаверса, томдан тараша тушгандай куёвнинг дабдурустдан айтган бу гаплари бошимга тош билан ургандек бўлди, гўё. Миям карахт бўлиб қолган, нима қилишни билмасдим.
— Хуллас мен ўша аёл Таня билан бир умр бирга яшашимни айтган бўлсам ҳам, ота-онам мени эшитишни исташмади. Мени сенга уйланишга мажбурлашди. Агар сен мени ундан ажрата олсанг, сеники бўламан. Ҳозир танла, ё мен билан яшаб ҳаммасига кўникасан, чидайсан. Ҳар иккинг билан ҳам яшайвераман. Буни ҳоҳламасанг, уйингга қайтиб кетаверишинг мумкин.
Мен жуда қалтис вазиятда қолган эдим. Бу ерда ота-онамнинг ор-номуси, ўзимнинг қиз болалик шаъним турган бўлса-да, уйга қайтишга қарор қилдим. Фақат Одил аканинг нега бундай қилганлиги сабабини тушунолмасдим. Ўйлайвериб, бошим оғриб кетди.
»Мен уни қандай қилиб қайтараман? Ота-онаси уни бу йўлдан қайтаролмаган бўлса, мен ёшгина қиз буни қандай қилиб эплайман?»
— Мени кечир, — деди ниҳоят Одил ака. — Буёғини қандай ҳал қилсанг, ўзинг биласан. Мен сенга бармоғимнинг учини ҳам теккизмайман. Ҳоҳласанг кет, ҳоҳламасанг қол. Ўзинг биласан…
У шу сўзларни айтди-да, чимилдиқли хонадан чиқиб кетди.
Мен бошқа ўйлаб ўтирмадим. Ёш эмасманми, унинг бу гапи ғазабимни келтирди.
“Одамлар нима деса дер”, дедим-у, ҳовлига чиқдим. Шу қадар жаҳлим чиққандики… Дарвозанинг илгагини туширдим-у, чиқиб кетдим. Кетганимни ҳеч ким билмай ҳам қолди. Саҳар яқинлашиб қолгани учунми, салгина юрмасдан киракаш машина ҳам учрай қолди.
Уйга келинчакларнинг ялтироқ либосида, якка ўзим кириб келганимни кўрган онам қотиб қолди. Нима бўлганини эшитгач, роса йиғлади. Онам йиғлагани сайин юрагим тўкилгудек эзилардим. Дадам эса ҳамма гапни эшитди-ю, онамни уриша кетди.
— Мана сен топган одамларинг аслида қандай экан? Нега суриштирмадинг? Гулдай қизимнинг ҳаёти нима бўлади энди?..
—Мен бундай бўлишини қаердан билай? — баттар йиғлаб койинарди онам. Қизим бахтли бўлсин, менга ўхшаб азоб чекмасин, дегандим холос…
— Кейин-чи, нима бўлди қизим, — сўради беихтиёр Мактуба опа.
— Аммо мени уларни тинглашга ҳолим келмас, киприкларимни босиб келаётган уйқуга бас келолмаётгандим. Ўйлаб кўринг, ўшанда бор-йўғи 16 ёшли қизалоқ эдим-да. Ишонасизми, шунча шовқин ичида хонамга кириб ухлаб қолибман. Ёки ўшанда бу нохуш воқеа оқибатларини яхши англамаган бўлсам керак…
— Қизим, тақдирингизда бор экан-да, -Мактуба опа ўзининг овози энди ачиниш билан янграганини сезди.
— Одил аканинг ота-онаси якка-ю ягона ўғлини бошқага уйлантириб, шу йўл билан рус хотинидан ажратиб олмоқчи бўлган экан. Шу сабаб ҳам бошқа вилоятдаги таниш-билишлари орқали келин излашган. Аслида Одил ака 20 ёшиданоқ ҳалиги хотин билан топишиб, аввал яширин, кейин ошкора яшаб юрган экан. Унинг ота-онаси икки марта келиб, мени қайтариб олиб кетишга ҳаракат қилишди. Онам: “Қизим, эҳтимол ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Яшаб кўр”, — деб зорланди. Аммо мен қайтишни ҳоҳламадим. Хуллас улар ҳаракатлари фойдасизлигини билгач, кўч-кўронимни келтириб ташлашди. Қайтиб бормаганим алам қилдими, ҳар хил гаплар чиқариб юборишди орқамдан. Бу гаплар амма-холаларимга ҳам етиб бориб, қанча дилхираликлар бўлиб ўтди. Ишонасизми, ҳатто кўчага ҳам чиқолмай қолдим. Кўп ўйлаганимдан асабим чарчаб, касалхонага ҳам тушиб чиқдим. Менинг аҳволимга қараб, онамнинг ҳам юраклари тез-тез хуруз қиладиган бўлди. Ўқигим келмай қолди. Коллежга борсам, қизларимиз пичирлаб менинг орқамдан гапиришаётганини, қўллари билан имлаб кўрсатишаётганини сезиб қолардим.
Онам билан маслаҳатлашиб, ўқишимни шаҳарга кўчирдим. Ўқишим тугагач, вилоят марказидаги касалхоналардан бирида ҳамшира бўлиб ишлай бошладим. Худди шу пайтда Ботир акани учратиб қолдим. Аслида мактабдош ҳам эканмиз. У мени мактаб давридан ёқтириб юраркан-у, ўқиш, иш билан бўлиб, ҳеч холи гаплашолмаган экан. Ҳарбий бўлганлиги учун биз мактабдан кейин кўришолмаган ҳам эканмиз. Хуллас менга чиппа ёпишди-қолди…
Адибанинг гапи чала қолди. Қизчаси уйқудан уйғониб, йиғлай бошлади.
— Майлими, бу ёғини мен давом эттирсам, — деди Адибанинг турмуш ўртоғи Ботиржон суҳбатга аралашиб, машина олд ойнасидан Мактуба опага жилмайиб қараркан. Сўнг хотинига юзланди:
— Сен Гулюзга қара, буёғини ўзим гапириб бераман.
— Майли, ўғлим бемалол. — деди Мактуба опа кулимсираб. — Ёш бўлсаларинг ҳам анча-мунча нарсани бошингиздан ўтказган экансизлар.
— Ҳа, опажон сўраманг. Спорт билан шуғулланаман деб белимни зўриқтириб қўйибман. Оғриқлар ўтиб кетавермади, охири касалхонада ётиб даволанишга мажбур бўлдим.. Ва шу ерда Адибани учратдим.. Бир мактабда ўқиганмиз, аммо анча йиллар бошқа шаҳарда ўқиганим, ишлаганим учун унинг бошидан кечган кўргуликлардан бехабар эдим. Уни ёқтириб қолдим. Буёқда уйдагилар»уйланишинг керак»деб кўз очирмаётган кунлар эди. Фақат ўқиш, иш деб биронта қиз билан ьанишиб, кўнглини овлашга ҳам уринмаганим шунда билиниб қолди. Адибага муҳаббат изҳор қилганим ҳам кулгили бўлган. Унга бориб «Уйдагилар келин излаяпти, сизни кўрсатмоқчиман» — деб уйланиш таклифини билдирдим. У бўлса менга»сиз уйланмаган бўз йигитсиз. Мени бўлса «турмуш қурган» деган номим бор»деб йиғлаганча, ҳамма воқеани гапириб берди. Уйдагиларга уйлансам, фақат Адибага уйланишимни айтганимда, шунақа тўс-тўполон бошландики, асти қўяверасиз.
— Ойилари касалхонага келиб, мен билан жанжаллашиб ҳам кетдилар, — деди Адиба секингина.
— Мен ҳатто Одилбек билан ҳам учрашиб, ҳамма гапни гапириб беришини талаб қилдим. Адибанинг бокира қизлигига ишонардим. — дея гўё уни эшитмагандек гапида давом этди Ботиржон. — Аммо уйимдагилар бошида мени тушунишни исташмади. Ахийри кекса бобомнинг олдиларига бориб ёрдам сўрадим. Фақат Адибани севишимни айтдим. Унинг бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб бердим. Бобом: “Шу қиз билан бир умр яшаб кетишингга ишонасанми, туйғуларинг ўзгармайдими?” деб сўради. Мен ишонишимни айтдим. Бобом мени тушунди. Ота-онам билан гаплашиб, уларни рози қилиб, Адибанинг уйига ўзи совчи бўлиб борди.
Кейин тўй бўлди. Тўғри, унгача яна қанча тортишувлар, гап-сўзлар бўлди, икки ўртада. Аммо шуларни ҳаммасини енгиб ўтдик. Мана, Оллоҳга шукр, биз биргамиз. Қизалоғимиз бор…
— Бугун ўша нажоткор бобожонимизни кўришга боряпмиз, — деди Адиба кулимсираб, — Бугун у кишининг туғилган куни, 72 ёшга тўлади, насиб бўлса. Биз ҳаммадан олдин бориб табрикламоқчимиз…
Мактуба опа бир-бирига узукка кўз қўйгандай ярашган эр-хотинга боқаркан, кўнгли ёришиб кетди. Бир соат олдин ҳеч нарсани билмай туриб, Адиба ҳақидаги шубҳа-гумонга қоришиқ нохуш хаёлларидан ўзи уялиб кетди. Хаёлан уларга “Илоё, бахтли, саодатли бўлинглар, болаларим!..” — деб қўйди.
Шу тобда «Ласетти» манзилга яқинлашиб келар, қуёшнинг заррин нурлари остида элас-элас кўзга ташланаётган шариф шаҳар манзараси кўнгилга жуда ҳам ёқимли туйғулар улаша бошлаганди.
Моҳигул Назарова.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2