16-қисм.
Бошқарув ҳайъати мажлиси ниҳоясига етиб, сўнгги ходимнинг оёғи узилганида, телефон жиринглади. Ботир хушламайгина дастани кўтарди. Аммо, қулоғига эшитилган овоз бутун вужудини ларзага солди.
— Жоним!
Йигит юрак-юрагига сингиб кетган бу нафис овозни эшитмаганига роппа-роса бир ҳафта бўлганди. Чунки севгилиси ўша кунги гурунгдан сўнг бир ҳафта ўтказиб, Тошкентга, ота-онасининг олдига кетганди.
— Қачон келдингиз? — деди Ботир ўз ҳиссиётларини базўр босиб.
Даста ичидаги товуш оҳангидан Баҳорнинг кайфияти яхши эканлигини сезиш қийин кўчмади.
— Ҳозиргина самолётдан тушдим.
— Илгари менга қўнғироқ қилиб қўярдингиз, — очиқчасига гинасини сездирди йигит. Аммо, бу саволга ҳам жўяли жавоб топилди.
— Авваллари замон бошқача эди, ариқларда сув ўрнига мой оқарди.
— Энди давр ўзгардими, дарёлар қуридими, ҳис-туйғулар босилдими?
Ботир сал қуюшқондан чиқаётганлигини фаҳмлаб, бу ёғига дамини ичига ютди. Баҳор сукутни афзал билди. Сўнг ялинчоқ оҳангда эркаланди.
— Мен сизни соғиндим!
Шу бир оғиз лутф дилдаги исён тафтини босди. Гўёки қайнаётган қозонга совуқ сув қуйилди.
— Мен эса эсим оғгудай аҳволдаман, — дарров очиқчасига тан олди йигит.
— Худо сақласин, сиз ҳаммамизга керакли одамсиз, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Айниқса, мен учун жуда кераксиз...
Ботирнинг яна тили жиловидан бўшаб кетди.
— Жуда қизиқсиз-ку, гапингиз худди дор остидаги одамга “бутун ҳаёт олдинда” дея тасалли бераётган роҳиб лутфи каломини эслатади. Ҳар икки соатда сўзлашмай туролмайдиган одам худди сувга отилган гавҳар каби ному нишонсиз йўқолса...
Баҳор қиқирлаб кулди. Чиндан ҳам унинг кайфияти аъло даражадалиги билиниб турарди.
— Мени гавҳарга қиёсладингизми? Кечагина олтиним, ёқут кўзли бриллиантам, деб алқаган ким эди? Сизни қаранг-у?
Ботир чиндан-да ўзини йўқотиб қўйди.
— Ана, енгилдингиз! — дастадан қувноқ овоз эшитилди. — Энди мени ўйнатасиз. Мен сиз билан шаҳар кезмоқчиман, Андижон хиёбонларида сайр этмоқчиман, вақтингиз борми?
— Албатта, ҳозироқ етиб бораман...
— Яна бир илтимосим бор эди.
— Бемалол, Баҳорим.
— Бугун қоласизми?
— Саволингиз шуми?
— Ҳа, шуни хоҳлаятувдим.
— Наҳотки, кўнгил истаги илтимос билан адо этилса... Ахир, ўзим васлингизга ташна, зорман-ку.
— Ростданми, сиз ҳам мени согиндингизми? Сиз ҳам мендай азобдамисиз...
Бу ёғига Баҳорнинг овози чиқмай, енгил хўрсингани эшитилди.
Ботирнинг қалбида ғашлик уйғонди.
— Ҳозир ёнингизда бўламан! — У шундай деб ташқарига отилди.
Биринчи қаватда ёрдамчиси Акмалга дуч келди. Бугун кечгача “зарур иш” борлигини айтиб, машинага ўтирди.
Гул юзли санами уни катта кўча бошида кутиб турган экан. Йигит “Нексия”дан тушибоқ, одамлар кузатувига эътибор бермай, маъшуқасини маҳкам қучоқлади.
— Бундан кейин изсиз йўқолманг, мен ҳажрингизда куйиб-ёндим, — деди у ҳаяжон ила.
— Ҳайдовчингизга жавоб берворинг, — гапни бошқа тарафга бурди санам.
— Фарруҳ, сен дам олавер!
Шундай, дея Ботир ўзи рулга ўтирди. Баҳор илк бора машинанинг олдинги ўриндиғига жойлашди.
— Ярашдими? — деди у яна гул-гул ёниб.
Ботир ундан кўз узолмасди. Оқ кофта билан қора юбка кийиб, сочига лола янглиғ тўғнағич қадаган Баҳор худди коллеж талабаларидай кўркам ва навқирон кўринарди.
— Маликаи дилоромнинг кўнгиллари нимани истайди?
Аёлнинг кўзларидан ўт чақнади.
— Сиз мени бошингиз оққан томонга олиб қочинг.
— Қаршилик билдирмайсизми?
— Нега энди, ўзим шуни хоҳлаяпман-ку.
Машина шаҳар кўчаларида елдай учиб борарди. Бир зумда болалар боғи, Конституция майдони, бош бекат ортда қолди. Янги бозор ҳудудида секинлаб юрдилар. Йўлнинг икки томонидаги муҳташам иморатлар, кўркам бинолар Баҳорнинг диққатини ўзига тортди.
— Эссиз, ақл билан иш тутганимда шу ерда бизнинг ҳам компьютер марказимиз қад ростларди, — деди у ўйчан қиёфада.
— Зарари йўқ, Худо хоҳласа, тез орада фабрика қурамиз.
— Хаёлпарастликда Герберт Уэльсдан қолишмайсиз, — деди Баҳор жилмайиб.
Ботир ўз фикрида туриб олди.
— Мен айни ҳақиқатни айтяпман.
— Шундайми? Икки ёрти бир бутун бўлиб рисоладагидай оила яратолмадиг-у, сиз аллақандай корхона ҳақида орзулайсиз-а.
— Начора, орзуга айб йўқ.
— Адашдингиз, рўёбга чиқмайдиган орзуда айб кўп.
Йигит бошини ўгириб, ёнидаги сулувнинг кўзларига тикилди.
— Яна кайфиятингиз бузиляптими?
— Асло! Аксинча, кўнглим сайр-томоша истайди.
Улар Боғишамолдаги “Тандиркабоб” қаҳвахонасида бироз тамадди қилишгач, Дилкушодга йўл олишди. Қир устида Андижон — Ўш йўлидаги узумзорлар, боғ-роғлар яққол кўзга ташланарди. Ўрикзорлар остидаги ўт-ўланлардан кўклам ифори тараларди. Баҳор кўм-кўм баргли арчалар остида тўхтади.
— Бу худди Ялта табиатини эслатади, — деди у атрофга суқланиб боқаркан.
Йигит машина юкхонасидан янги тўшак олиб, гиёҳлар устига ташлади.
— Бемалол ўтириб дам олинг.
— Эссиз, — деди аёл тўшакчани секингина қайириб. — Қанча ўт — ўланлар уволига қолдингиз.
— Ўсимлик эзилгани билан илдизидан чайлайверади, худди буғдой, шолига ўхшайди. Демак, кўнглингиз оғримасдан жойлашаверинг. —Ботирнинг бу фикрига жувон яна эътироз билдирди.
— Илдиз чайлаши мумкин, аммо, топталган, эзғиланган майса қайта ўсмайди-да. Ҳолбуки, у табиат қўйнида ўзига аталганини олмоқчи, эркаланиб кўкка бўй чўзмоқчи эди. Сиз эса унинг ҳаётига зомин бўлдингиз. Инсон табиатнинг “оҳ”ига қулоқ солганида эди, ўз шаънига билдирилган таъна-дашномлардан бошини кўтаролмай қолармиди?
Йигит гап оқими қаёққа бурилганини илғай олмай хижолат тортди. Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида мозийга чекинди.
— Ёдингиздами, Шоҳимардон тоғларидан гул уздириб, гулчамбар ясаттирганингиз? Ўшанда ёввойи гуллар пайҳон бўлиши ҳақида эслатмагандингиз ҳам.
Кутилмаганда Баҳор хатосини тезда тан олди.
— Ўшанда табиат билан у қадар ўртоқ эмасдим. Бутун эс-ҳушимни тижорат билан сиз эгаллаган эдингиз.
— Энди-чи?
— Энди тижорат тўғрисида камроқ қайғуряпман.
— Мен ҳақимда-чи?
— Ҳа, сиз ҳақингиздами, Зайнаб ўйласин, — деди Баҳор муғомбирона.
Ботир каловланиб қолди. Сўнг саволини яна такрорлади. Баҳор бирдан жиддийлашиб, сукутга толди.
— Сиз... Сиз эса барибир ўзимники бўлолмайсиз.
Ботир Баҳордан бундай зарба кутмаганди. У ҳамма гапга ўша Анвар Чориевич келган кунги воқеа сабаб, деган иштибоҳда эди.
— Жоним, жаҳоним Баҳор, айтинг, фақат сизники эканлигимни қандай исботлай, нима қилай? Ахир, шу пайтгача юрагимга қулоқ солиб улгурмадингизми, борлиғимни, туйғуларимни англамадингизми?
Баҳор индамай келиб, севгилисини ёнига ўтирди. Унинг елкасига бош қўйди. Шундайгина юзига тегиб турган ғуборсиз арча шохини ҳидлаб, сўнгсиз хаёлларга берилди. Бу ҳолатда ҳам севги, ҳам армон, ҳам сокинлик, ҳам сир-синоат қоришиқ эди.
— Мени кечиринг, — деди Баҳор ҳудди ўзига-ўзи сўзлаётгандай.
— Назаримда, кўнглимда икки туйғу бош кўтаргандай. Уларни муросага келтириш бир ўзимга қийин кўчяпти. Инсон ҳеч қачон ўзини-ўзи тушунолмас экан. Ҳозир мен шундай аҳволдаман. Сизни ҳам қийнаб юбораётганимдан нечоғли хижолат чекаётганимни билсангиз эди. Бу рашк ўти фақат бир ўзингни эмас, сенга энг яқин одамни ҳам биргаликда куйдиришни хуш кўради, шекилли. Ичимдаги дардни ўзимга сиғдиролмаяпман. Бу бало қайдан ёпишди, нега эс-ҳушимни ўғирлади, нега тинчлик бермаяпти, ўзим ҳам ҳайронман. Шоирлар севгидаги тенгсиз ҳузур-ҳаловат, инсонийлик, раҳмдиллик сифатларини улуғлайдилар. Аммо, унинг “ўзидан бошқасини” тан олмаслигини, ҳаттоки ёвузлигини, орзу-мақсади йўлида учраган ҳар қандай тўсиқни яксон этишини ҳеч ким таърифламайди. Гоҳида ишқ қудрати атомдан ҳам хавфлимикан, жиловланмаган тошқинга ўхшармикан, деб ўйлаб қоламан. Майли, бу беҳуда фикрларга қулоқ солманг. Бугун мен сизни фақат ўзимники, деб ҳис қилмоқчиман. Бугун сизга меҳримни бермоқчиман. Неча кунлик қийноқлардан озорланган дилингиз чандиқларини ёзиб юбормоқчиман.
Баҳор шундай, деб Ботирнинг бағрига сингиб борар, нозик билаклари билан белидан маҳкам қучоқларди... Худди шу ҳис-туйғулар файзли хонадонга, неча йиллик ишқ шароби сарҳушлигига гувоҳ гўшака кўчди.
Ботир анчадан буён ўзини бу қадар бахтиёр сезмаган ва, табиийки анчадан буён Баҳор ўзини бу қадар соғинч, севги ҳиссиёти ила ёрига бағишламаган эди. Бир кечалик висол лаззати юракдаги бутун оғриқ, гина-кудурат изтиробига малҳам қўйган эди.
Ботир интиқ туйғулар таъсирида, вужудида ширин чарчоқ туйганича кўзини очди. Во ажаб, сочларини шамолдай тўкиб, тунги кўйлакда пари, пайкар мисол Баҳор унга таъриф у тавсифдан ташқари меҳр билан тикилиб ўтирганди.
Йигит икки қўли билан санамини яна бағрига тортди. Маъшуқа оҳиста унинг кўксига бош қўйди. Қалин сочлар йигит кўкрагига ёйилди, ундан таралган муаттар бўй ошиқ қалбини яна маст қилди.
...Эрталаб Ботир нонуштадан сўнг кийинмоқ мақсадида ётоққа кирганида, орқасидан ўзига зеб берган, юз-кўзларидан нур ёғилаётган зебоси кириб келди.
— Мумкинми, сизга ёрдамлашворсам?
—Ў, бундай марҳаматга мамнунлигимни билдираман, холос.
Баҳор Ботирни меҳрга йўғрилган қайноқ қалб ҳарорати билан ясантирди. Стулга ўтиргизиб пайпоғини кийдирди, бўйинбоғини қайтадан тўғрилади. Сўнг қўлидан ушлаб, ҳар галгидай остонагача олиб борди. Аммо, ҳар галгидай остонада тўхтамади, севгилисини меҳмонхонага бошлади.
Ботир ҳайрон қолди.
— Тинчликми, жоним?
Жувон мутлақо хотиржам эди.
— Илтимос, ўн дақиқа вақтингизни аямасангиз.
— Ўн дақиқа... Бунча камтарсиз, сиз бутун умримни сўранг.
Аёлнинг юзидаги майин табассум жилоси хира тортди.
— Ботир ака!
Баҳорнинг нафаси ичига тушиб, гапиролмай, кўзларини йигитга тикди.
— Қулоғим сизда, малагим.
Малакнинг рангги оқарди, нафис, қирмизи лаблари титради, сурма тортилган киприклари пирпираб уча бошлади.
— Яна нима гап?
Бу сўроқ худди унинг қовоғида димланган ёшлар дамбасини суриб юборди-ю бир-бирини қувлаган қайноқ томчилар оппоқ яноғига оқиб тушди. Ботир жойидан қўзғалиб, маъшуқаси томон юрганида, Баҳор уни тўхтатди.
— Илтимос, менга тегманг!
Йигит ҳеч нарсани англамай жойига ҳолсизгина чўкди. Хонадон соҳибаси бироздан сўнг ўзини қўлга олгач, кўнглини очди.
— Акажоним, бу бизнинг сўнгги кечамиз эди, шу оқшом ёдингизда бир умр муҳрланиб қолиши учун бутун борлиғимни тикдим. Энди бир умрга хайрлашиш фурсати етди.
Ботир ўқ еган бургут мисол назарида ўзини жарликка қулаётгандай сезди. Бу чиндан-да лутф эмас, сон-саноқсиз ва аёвсиз пайкон эди, бу сўз эмас, оғирдан-да-оғир палаҳмон тоши эди. Шу важдан у “нега” деган сўроқдан нари ўтолмади. Ботирнинг назарида бирдан момақалдироқ бўлиб, довул туриб, совуқ дўл ёғаётгандай туюлди.
— Мен бировнинг чорбоғидан гул узишдан чарчадим. Шу чоққача ўзгага тегишли бахтни ўзимники, деб ишонтириб келдим. Энди қанчалар уринмай, бу рўё менга таскин беролмаяпти. Мен сиздан, ўзимдан, севгимдан қочиб кетаяпман. Мени тўғри тушунинг, бошқа иложим йўқ. Ботир ака, мен жуда чарчадим. Энди чидай олмайман. — Мижжаларида шашқатор ёш сизаётган Баҳорнинг овози қалтираб чиқди.
Ўзининг на тирик, на ўликлигини англолмаётган Ботир ниҳоят бир-икки сўз айтмоққа куч топди.
— Мендан, ўзингиздан қочиб қутиларсиз, аммо, шу чоққача биров севгисидан узоқлашолмаган. Чинакам муҳаббат руҳ билан кириб, жон билан чиқишини билмайсизми?
— Биламан, — деди Баҳор кўзларини тўсган қалин сочларини тўғрилаб, —Жуда яхши биламан, аммо, билатуриб шу ҳақиқат илдизига болта уришга жазм этдим. Ахир, бу йўлда кимдир ўзини қурбон қилиши керак. Акс ҳолда оқибати ёмон бўлиши мумкин.
— Мен-чи, мени ўйламаяпсизми?
— Шу пайтгача сизни ўйладим. Ўйлаб билганим шу бўлди-ки, салкам олти йиллик ҳаётимиз давомида сиз ҳеч нарса йўқотмабсиз. Жамиятдаги мавқеингиз ўша-ўша, гарчанд касал бўлса-да хотинингиз ёнингизда, ўғлингиз бор, қариндош-уруғингиз қуршовингизда. Йўқотган фақат менман.
— Сиз нима йўқотдингиз?
— Мен ҳаловатимни, жону жаҳонимни йўқотдим, оромимни йўқотдим, секин уриб турувчи юрагимни йўқотдим. Энг яқин дўстларимдан ва ота-онамдан узоқлашдим. Сизнинг-ча бу камми? Агар булар кам, деб ўйласангиз шу тобда жонимни ҳам беришга тайёрман. Ҳаёт мен учун ўз моҳиятини йўқотди. Ортиқ кутиб яшашга тоқатим қолмади.
Ботир бутунлай саросимага тушиб, айтар сўзини-да тополмасди. У Баҳорнинг хатти-ҳаракатини мутлақо тушунолмай карахт эди. Ахир, биров мушугини пишт демаса, кун ора учрашиб, ҳол-аҳволидан хабардор юрса, оғирини енгил, узоғини яқин қилса... Тўғри, оиласидан бутунлай воз кечолмаяпти, лекин, бунинг ҳам сабаби бор-ку. Бу тўсиқни ўзи яхши билади-ку.
Қизиқ, ҳозирги гаплар навбатдаги рашк хуружими ёки айни ҳақиқат? Йўқ, Баҳорсиз Ботирга яшаш қийин. Ахир, ҳаётда ягона қувончи шу аёл бўлса... Бунга асло йўл қўйиш керак эмас.
— Баҳор, хоҳласангаз, шу бугуноқ ёнингизга кўчиб келаман. Фақат мени қўрқитманг, сизсиз хароб бўламан, ўтиниб сўрайман, мени ташлаб кетманг.
Баҳор ўзини анча тутиб олганди. Шу боис, шошилмай, салмоқ билан жавоб қайтарди.
— Акажоним, энди поезд жойидан жилди. Мен қатъий қарорга келганман. Бу фикримни ота-онам ҳам маъқуллашди. Аслида мен сизнинг йўлингиздаги тўсиқ эканман. Ишингизга ҳалақит бераман, оилангизда мен туфайли қанча муаммо туғиляпти. Бояги гапингизга эса мутлақо қўшилолмайман. Сиз касал хотини, кекса онаси, ёлғиз фарзандидан юз ўгириб, хотиржам айш сурадиган эркаклар тоифасидан эмассиз. Сизнинг қўлингиздан бундай худбинлик келмайди. Ҳаттоки, қўйнингизда мен эмас, Клеопатра ётганида ҳам барибир хаёлингиз иложсиз ўшаларга қараб учаверади. Шундай экан, эсимнинг борида этагимни ёпганим яхши. Ана шунда ҳаммамизга ҳаловат қайтиб келар экан. Келинг, Ботир ака, сиз ҳам умрингизда бир марта мардлик қилинг. Таклифимга “хўп” денг.
Ботир сакраб ўрнидан туриб кетди. Қўлларини қаёққа қўйишни билмай ён-верига ўгирилди. Гўё Баҳорни энди кўраётгандай унинг олдига келиб, тиз чўкди, тиззаларини қучоқлади.
— Жонгинам, бу аҳдингиздан қайтинг. Қандай шарт қўйсангиз розиман, фақат мени бунчалар азобламанг. Наҳотки, ҳижрондан ҳаловат қидирсангиз? Сиз қаттиқ адашяпсиз, сиз иккимизнинг бошимизни ўз қўлларингиз билан айрилиқ сиртмоғига тутиб беряпсиз. Билмадим, қайси шайтон йўлдан оздиряпти, лекин, олти йиллик умр зарварақларини хотирадан ўчириш осон эмас. Соғинч азоби тириклай **** қўяди. Бу хавфни ҳозирнинг ўзидаёқ сизнинг нигоҳингиз кўз ўнгимдан ўчмай туриб аниқ сезаяпман. Сиз ҳеч қачон бундай қилолмайсиз. Сиздан айрилиш мен учун ўлим демакдир...
Бироқ, Баҳор худди мумиёланган каби қилт этмади. Ҳар сафар бундай пайтларда севгилисининг сочларидан силаб, кўнглига таскин берар, иш ва оиладаги кўнгилсизликлар муҳаббат қувончи олдида ҳеч нарса эмаслигини обдон уқдирар, яноқларидан ўпиб, суйиб эркалар, хуллас, кўнглидаги ғубор кўтарилгунча қўлидан келганини адо этарди. Ҳозир ўша нозик бармоқлар гўёки занжирбанд қилингандай. Гўёки, юракда бир оғиз ширин гап қолмагандай. Ботирнинг назарида Баҳорни кимдир бошқа аёл билан алмаштириб қўйгандай.
— Соат 11 да Тошкентга учаман, пешинга яқин эса Европага йўл оламан. Ота-онам, ўғлим тайёрагоҳда кутиб туришади, кузатиб ҳам қўйишади. Илтимос, сиз орқамдан борманг. Акс ҳолда тайёрагоҳ зинапоясидан кўтарилишим қийин кўчади. Мен бу кунга жуда узоқ тайёргарлик кўрдим. Ўзимни Тўмарисдай шижоатли тутишга ҳозирладим. Бироқ ёрга таб бермоқ олдида ёвга тик турмоқ енгилроқ шекилли... Энди ишингизга боринг, мени унутинг. Мен ҳам сизни юрагимдан чиқариб ташлашга уринаман. Энди йўлларимиз, тақдиримиз қайтиб туташмайди. Хайр, Ботир ака! Бахтли бўлинг. Яхши қолинг...
Ботир бошини кўтариб, Баҳорнинг сокин сиймосига узоқ тикилди. Чиндан ҳам ҳар доим кўнгилчан, деб ўйлайдиган аёлдаги сабр-бардош, метин иродага тан бермай илож йўқ эди.
Йигит девордаги осма соатга нигоҳини бурди. Унинг миллари ҳали тўққизга ҳам етиб бормаганди. У ўзини эшикка урди. Ҳозир бир фикрга келган эди. “Нима бўлса бўлсин, ҳаммасига тупуради, иш топилади, оиласига моддий ёрдам бериб туради. Фақат севгисидан воз кечмайди. Баҳор қаерга борса, ҳамиша у билан ҳамроҳ, ҳамдардлигича қолади. Ахир, жони унинг қўлида бўлгач, бошқа қандай иложи бор. Одамлар нима деса десин, ўз билганидан қолмайди”.
Йигит шу мулоҳаза билан ташқарига чиқди. Фарруҳ катта йўлнинг нариги тарафида қатор экилган акациялар соясига ўтиб турган экан. Машинага ўрнашгач, ёрдамчисига қўнғироқ қилиб, Тошкентга чипта сотиб олишни буюрди. Ернинг тагидан бўлса ҳам соат 11 даги рейсга оласан, деди. Телефондаги гап тугамай, ўзи ҳам офисга етиб келди. Ҳеч ким билан сўрашмай, тўғри хонасига кирди. Қоғоз олиб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Сабабини тушунтириб ўтирмади. Сўнг биринчи ўринбосари Ҳамиджонни чақирди.
Узоқ муддатли сафарга отланганлигини айтиб, раҳбарлар бир фикрга келгунларича ишлаб чиқариш суръатини бўшаштирмаган ҳолда жамоани бошқариб туришни тайинлади. Унга тезда жавоб бериб, бурчакдаги пўлат сандиқдан бисотидаги икки минг доллар пулини олиб, чўнтагига солди. Паспортини олишни ҳам унутмади.
Энди уйдагилар билан хайрлашиш қолди, холос. У шу ниятни дилига тугиб, яна “Нексия”га ўтирди. Бир зумда қўш табақали ёғоч дарвоза рўпарасига етиб келишди.
— Сен жойингдан қимирлама! — ҳайдовчига шундай деб ичкарига югурди. Саҳн ўртасида онаси Саломат аяга дуч келди.
— Онажон!
Саломат ая ўғлини кўрди-ю, унинг қучоқ очиб келишига парво қилмай буйруқ берди.
— Келдингми, тезда шифокорга югур, Олиянинг аҳволи оғир.
— Ойижон мен...
Саломат ая унинг нидосига қулоқ солмай, аллақандай гиёҳларни кўтариб, уйга кириб кетди. Ботир Фарруҳни таниш докторга жўнатиб, қайтиб кирди. Бир кўнгли такси ёллаб, тайёрагоҳга жўнавормоқчи ҳам бўлди. Аммо, ўғли Қодиржон билан хайрлашмай кетишга виждони йўл қўймади. Аксига олиб Қодиржон кўринавермагач, истар-истамас Олия ётган уй эшигини итарди.
Не кўз билан кўрсинки, неча йил бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши ранглари оқ-сариқ тусга кирган, кўзлари ярим юмуқ ҳолида ўлим билан олишиб ётарди. Саломат ая ўзича куймаланиб нима қилаётганини ҳам билмай, атрофида тентираб, зир-зир айланарди. Бирдан ўғлига кўзи тушиб, бутун заҳрини тўкиб сочди.
Давоми бор...
АБДУМУТАЛ АБДУЛЛАЕВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1