23-қисм.
Дедиктив қисса.
XI БОБ
Собиржон ичидаги қоғозлари кўплигидан семириб кетган папкани варақларкан, Фарҳодга:
– Терговни давом эттириш учун олган қўшимча вақтимиз ҳам тугай деб қолди, – деди.
– Ҳа, ҳеч қандай натижа чиқмаяпти. Мен ҳозир ҳам ўз фикримда қолганман. Ўша Жобирова
Гулҳаёни қамоққа олмасак, вазият ўзгармайди, - деб ўйлайман.
– Уни ҳибсга олиш нимани ўзгартиради? – деди Собиржон ўрнидан туриб.
– Нимани бўларди, у айбини бўйнига олади ёки қотилликни ким қилганини айтади-да.
– Чоллар қотил эркак одам эди, деб кўрсатма берган-ку. Жобирова айбдор бўлмаса, қандай
иқрорлик билдириши мумкин?
– Мен шу Худоёр деган чолга умуман ишонмайман. У гувоҳни кўчадан топиб келгани аниқ.
Менимча, улар илгаридан таниш. Чол қандай йўл билан бўлмасин, жиянини оқламоқчи.Уларга ишонмаслик учун бирор асосингиз борми?
– Худди шунингдек, ишониш учун ҳам ҳеч қандай далилим йўқ. Барибир, мен ўша Жобировлар
оиласидан кимнидир қамоққа олишни таклиф қиламан. Чунки марҳумларнинг шу оила аъзоларидан бошқа душманлари бўлмаган. Ҳамма далиллар уларга қаршилигини ҳам яхши биласиз.
– Бу фикрингизга қўшилмайман, – деди Собиржон
деразадан ташқарига қараганича ўйга толиб.
– Шундай юраверсак, ҳаш-паш дегунча қўшимча муддат ҳам тугаб, аҳволимиз баттар
ёмонлашиши кўриниб турибди.
– Бу гапингизга эса юз фоиз қўшиламан. Бироқ нимани кўздан қочирдик? Қаерда хато қилдик? – деди Собиржон Фарҳодга қараб.
– Менимча, ҳаммасини тўғри олиб боряпмиз.
– Унда нега жиноят ҳалиям очилмади?
– Шаҳарда сўроқ қилинмаган киши кам қолди. Шунча пайтдан бери эрталабдан кечгача тергов, текширилмаган бирорта тешик йўқ. Ўша алкашларнинг ўлими кимга керак бўлганига ажабланаман. Ростини айтсам, ҳеч қачон ишдан бу қадар
безор бўлмаганман. Ишонасизми, кўзим мана шу
папкага тушиши билан кўнглим беҳузур бўла бошлайди, – деб Фарҳод бармоғини бигиз қилиб Собиржоннинг столида ётган папкани кўрсатди.
– Бирор янгилик чиқармикин, деб сизни суҳбатга тортсам, дардингизни дастурхон қилишингизни-чи.
– Ўзингиз ҳам яхши биласиз, ўша икки ароқхўрни деб кунимиз тунларга уланиб кетган. На
уйқуда ҳаловат бор, на дам олишда. Овқатланишни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ошқозонни тинчитиш учун номигагина нимадир тановул қилишга тўғри келяпти. Ҳамма ёқнинг тит-питини чиқариб текширдик, қотилни қидирдик. Бироқ
натижа кўринмаяпти. Лекин кўнглим сезяпти, қотил Жобировлар оиласидагилардан бошқа ҳеч
ким эмас. Шунинг учун...
Собиржон унинг гапини бўлди.
– Фарҳод, келинг, сал кенгроқ доирада ҳам
ўйлаб кўрайлик. Қотил балки биз умуман кутмаган кимсадир. Ахир...
Собиржон сўзларини охирига етказмай, жиринглаётган телефон гўшагини кўтарди.
– Эшитаман.
Гўшакдан навбатчининг:
– Собиржон ака, Худоёр ота деган одам олдингизга киришга рухсат сўраяпти, – деган овози эшитилди.
– Кирсин.
– Ким экан, кечга яқин ҳеч кимни чақирмагандим-ку, – деди Фарҳод ажабланиб.
– Худоёр ота келибди.
– Оббо, шу етмай турувди, – деб Фарҳод қўлларини икки томонга ёзди.
Эшикдан кириб келган Худоёр ота терговчилар билан саломлашаётиб:
– Узр, бу чол истаган пайтда қўнғироқ қилади,
хоҳлаганида бостириб келаверади, деб ўйламанглар, – деди хижолатомуз.
– Хўш, отахон, сиз ҳақингизда қандай хаёлга боришимизни истардингиз? – деди Фарҳод истеҳзоли жилмайиб.
Собиржон чолни хафа қилиб қўймаслик учун
унинг гапларини силлиқлашга тушди. Худоёр ота, сизнинг бекорга келмаслигингизни биламиз, марҳамат, ўтиринг. Соғликла-
рингиз яхшими? – деди унга стулни тортиб жой кўрсатаркан.
– Раҳмат, ўғлим. Сизларни безовта қилишимнинг, ташрифимнинг боиси, қотилнинг изи чиқяптими, шуни билмоқчи эдим. Жиянларимдан хабар олишга келгандим, улар ҳеч қандай
янгилик йўқ, деб тарвузлари қўлтиқларидан тушиб ўтирганларига ажабландим. Наҳотки шунча пайтдан бери жиноятчи топилмади?
Табиатан оғир-босиқ Собиржон унинг гапларига жавоб бериш учун оғиз жуфтлаганида Фарҳод кесатиқ қилди:
– Отахон, заб келдингиз-да. Агар келмаганингизда биз терговчилар ўша қотиллик ҳақида эслаб ҳам кўрмасмидик? Яна ким билади, балки юқоридагиларнинг ишламаяпсизлар, деган даккилари камлик қилаётганмиди? Очиғини айтганда, ўзи қўшимча дўқ-пўписага эҳтиёж сезилаётганди.
Ота ножўя гапириб қўйдим чоғи, деб ўзини ноқулай ҳис қилиб:
– Узр, бевақт келдим, шекилли. Мен фақат шуни
билмоқчи эдим, кета қолай, – деб ўрнидан турди.
– Йўқ-йўқ, ўтиринг, ростини айтганда, отахон, жуда вақтида келдингиз. Сизни қўнғироқ қилиб йўқламоқчи бўлиб турувдим. Кўнглингиз
сездими, дейман, ўзингиз кириб келдингиз, – деди Собиржон.
Ота унинг мулозаматидан кўнгли жойига тушиб, бошқатдан ўтирди ва Фарҳодга зимдан назар солди. У Собиржоннинг гапларига ҳайрон
қолиб, нима гап, дегандек савол назари билан қараб турарди. Собиржон эса унга эътибор бермай отага чой узатди. Раҳмат, ўғлим, – деб пиёлани олиб столга қўйди. – Тинчликми, нега йўқламоқчи эдингиз?
– деди ота.
– Ўша тундаги қўнғироғингиз туфайли. Нега вақт алламаҳалда қотиллик ҳақида сўрадингиз?
Бунга сизни нима мажбур қилди? Арзийдиган сабаб бордирки, тунда ширин уйқудан кечиб
мени эслагандирсиз, тўғрими?
– Ҳа, тўғри. Лекин ҳаммаси яхшилик билан ўтиб кетди. Мен сизга ўз миннатдорчилигимни
билдирувдим. Яна бир марта раҳмат, ўғлим.
– Мен қайта-қайта раҳмат эшитаётганимнинг сабабини билсам бўладими ёки бунга ҳаққим
йўқми?
– Бунга юз марта ҳақлисиз, аммо тафсилотларни гапириб беришим ҳозир тўғри келадими,
йўқми, деб ўйлаяпман.
– Жуда вақти-да, нимадан истиҳола қилаётганингизни тушунмаяпман.
– Фарҳоджонни назарда тутаётгандим. Иш
вақти тугаган, бунинг устига шошиляпсизлар, шекилли, – деди ота Фарҳодга ишора қилиб.
– Сиз Фарҳодга эътибор берманг, у кечки овқатга шошиляпти. Биласиз, болаларнинг қорни тез оч қолади. Бораверсин, биз бафуржа суҳбатлашамиз, майлими?
Уларнинг гапи Фарҳоднинг нафсониятига тегди.
– Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, биров сизларга шошиляпман, дедими? Менинг номимдан гапиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, – деди тўнғиллаб.
Собиржон унинг ёш боладек аразлаганига кулиб қўйиб, Худоёр отага юзланди:
– Хўш, ўзи нима бўлганди? – деди.
– Э, сўраманг, Собиржон. Нималар бўлганини
сўзлаб беришга ҳам уяламан. Одам айрим пайтда ўзига ўхшамай қоларкан. Биласизми, Тилаволди пес билан қуда бўлишимизни эшитиб қай
кўйларга тушдим.
– Йўғ-э, ўша ўзингиз таърифлаган, ёмон кўрадиган қўшнингиз билан қуда бўлдингизми? –
деди Собиржон ҳайратланиб.
– Уни ўлдириб қўйишимга озгина қолганини айтмайсизми?
– Ишқилиб, у тирикми? – деди Фарҳод қизиқиб.
– Ўлди.
– Қандай қилиб? – деди Собиржон.
– Наҳотки уни ўлдирган бўлсангиз? – деди
Фарҳод кўзларини катта очиб.
– Ҳаммасини гапириб беришим керак, бўлмаса, ҳеч нимани тушунмайсизлар, – деб Худоёр ота бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бера бошлади.
Йигитлар отанинг гапларини гоҳ сергак тортиб,
гоҳ кулгидан ўзларини тўхтатолмай тингладилар.
У ҳикоясини тугатганидан сўнг Собиржон:
– Келин бутунлай бошқа қиз экан, денг, – деди.
– Ҳа, мени Яратганнинг ўзи сақлади. Сиз эса қотилликка қўл урмаслигимга сабабчи бўлдингиз.
– Менимча, сиз тунда менга қўнғироқ қилаётганингиздаёқ бир қарорга келиб бўлгансиз, ҳаммасини ўзингиз ҳал қилгансиз.
– Балки шундайдир, лекин сизнинг гапларингиз қароримга нуқта қўйган бўлса, ажаб эмас, барака топгур.
– Биласизми, Худоёр ота, ўйлардимки, инсон ёши ўтган сайин вазминлашиб, етти ўлчаб бир кесадиган, оқ-қорани яхшилаб ажратадиган, хатога асло йўл қўймайдиган бўлиб қолади, ҳамма хатолар ёшликда содир қилинади, деб. Сиздай одам қотиллик қилишига бир баҳя қолибдими, бундан чиқди киши қачон ақл тарозисини
эҳтирослар қўлига бирор муддатга бериб қўйса, иш пачава экан-да.
– Ҳа, худди шундай, менда худбинлик устун келиб, ақлимни, виждонимни унутиб қўйишимга оз қолди. Майли, йигитлар, мен борай, – деб Худоёр ота ўрнидан турди.
У хайрлашиб эшик олдига борганида орқасига ўгирилиб:
– Айтмоқчи, сизларга бир одамни кўрсатмоқчи эдим, – деди.
– Кимни? – деди Собиржон унинг нима демоқчилигини тушунмай.
Ота ортига қайтиб, чўнтагидан телефонини чиқарди. У телефондаги расмни кўрсатаркан:
– Мана бу одамни, – деди.
Собиржон телефонни қўлига олиб, сочи калта қилиб олинган, юзи тўртбурчакроқ, бурни ясси,
кўзлари сал қисиқ, қошлари тарқоқ, чап қошининг устидаги чандиғи кўзга ташланиб турган,
устки лаби пасткисидан каттароқлигиданми афти
совуқ кўринаётган расмга диққат билан тикилиб:
– Ота, бу ким? – деб сўради.
– Танимайман, шунинг учун ҳам уни суратга туширдим.
– Сиз ҳамиша танимаганларингизни суратга туширасизми? – деди Фарҳод ҳам яқин келиб расмга қараркан.
– Йўқ, шубҳали туйилганларни, – деди ота.
– Ўзи бу одамни қаерда учратдингиз? – деди
Собиржон унга телефонини қайтариб бериб.
– Қишлоқда, маҳалла кенгашининг нақ рўпрасида. Мен маҳалла кенгаши фаолиман. У ерда
Умрзоқнинг хотини билан келини орасидаги можарони кўриб чиқиб бўлганимиздан кейин катта йўлнинг нариги бетига ўтсам, бир одам:
– Бобой, шу ерда такси тўхтайдими? – деб сўради.
Мен:
– Ҳа, – дедим. Бу нотаниш одам менга қандайдир ғалати кўринди. Тўғрироғи, у шубҳали туйилди. Бирор нарсани аниқлаш мақсадида худди машина тўхтатаётган одамдек мен ҳам
унинг ёнида туриб олдим.
– Сиз қайси томонга, ўғлим, балки йўлимиз бирдир, – дедим.
– Шаҳарга, – деди у гаплашгиси келмай нарироққа кетиб.
Мен унга яқинроқ бориб:
– Ўғлим, бизнинг қишлоқда танишларингиз борми? – деб сўрадим.
– Йўқ, ўзи бу ердан шаҳарга такси ўтадими, бобой? – деди у бироз асабийлашиб.
Унинг гапириш оҳангидан англадимки, мен билан суҳбатлашгиси йўқ, бу нарса унинг кимлигига бўлган қизиқишимни янада орттирди.
Чўнтагимдан телефонимни чиқариб, озгина ҳийла ишлатишимга тўғри келди. Унинг рўпарасига келиб, худди билмасдан босилиб кетгандек
расмга туширдим ва ҳайрон қолиб турган ўша одамга телефонимни узатиб:
– Ўғлим, неварамнинг телефонини қандай ишлатишни ҳам билмайман, нималаридир босилиб кетдими-ей, ёрдам беролмайсанми? – дедим.
У узоқдан кўринган машинага қўлини кўтариб:
– Вақтим йўқ, бобой, ўзингиз тушунадиган нарсани кўтаринг! – деди ва тўхтаган машинага
чиқиб, хайр-хўшни насия қилиб кетиб қолди.
Мен унинг расмини қишлоқдагиларга кўрсатдим, бирортаси танимади. У кимса бизнинг қишлоққа нима мақсадда келган, ўзи ким у, деган
саволга жавоб тополмаяпман. Участка инспекторидан ҳам суриштирдим, у ҳам билмайди. Ҳозир чиқиб кетаётганимда ўша расм эсимга тушиб қолди. Фарҳоджон, бу чол нега ҳамма нарсага бурнини тиқаверади, деб ўйлашингизни
билсам ҳам сизларга шу одам ҳақида айтишни лозим топдим.
– Нега энди, мен доимо сизга ҳавасим келган, – деди Фарҳод бироз ўнғайсизланиб.
– Ундай бўлса, раҳмат, ўғлим.
Собиржон отанинг телефонидаги расмни компьютерига ташларкан:
– Худоёр ота, қанийди ҳамма ҳам сиздай теварак-атрофга эътибор билан қараса. Бу одам балки ҳамма қатори оддий инсондир. Балки
жиноятчидир, ким билади. Ҳар қалай текшириб кўрсак, зарар қилмайди, – деди.
ТЎРТИНЧИ ҚИСМ
ГИЛАМДАГИ БИТИКЛАР
I БОБ
Худоёр ота бешинчи синфда ўқийдиган невараси Темур мактабдан келганидан кейин у
билан маҳалла гузаридаги сартарошхонага йўл
олди. Ота йўл бўйи неварасидан мактабдаги
янгиликлар, ўқишлари ҳақида сўраб борарди.
Етиб келганларидан сўнг у очиқ эшикдан ичкарига қаради. Ўсмир боланинг сочини текислаётган сартарош йигит отанинг яқин дўсти Соли сартарошнинг невараси эди. У бувасининг ўртоғини кўриб:
– Ассалому алайкум, Худоёр ота, пича кутиб турасиз-да энди, – деди.
– Ваалайкум ассалом, ҳорма, ўғлим. Соли яхшими, мазаси бўлмай докторга чиқибди, деб эшитдим?
– Ҳа, бувамнинг тоблари қочиб, бизни анча қўрқитдилар. Шукр, ҳозир тузуклар.
– Уни йўқлаб бормоқчи эдим. Ишларим кўпайиб йўлим тушмади. Тузалиб қолган бўлса,
яхши. Майли, ўғлим, мен ўтира тураман, – деб ота ташқаридаги катта йўлга қаратиб ўрнатилган ўриндиқ томон юрди. Темур эса навбат келгунча нариги залда жойлашган стол тенниси ўйнаш учун бобосидан рухсат сўради.
– Боравер, фақат кўп қолиб кетма, – деди ота.
У катта йўлдан зир-зир ўтаётган машиналар-га қараб, хаёл сура бошлади. «Йўл бунча серқатнов бўлмаса? Яқин ўн беш, йигирма йиллар олдин бу йўлдан саноқлигина машиналар ўтарди.
Бунинг устига, машиналарнинг чиройлилигини
айтмайсизми? Ҳар оилада битта, ҳатто иккита машина бор, шукр. Тўкин-сочин яшаётганимиз-
га шукр...» Йўлнинг нариги бетидаги уйларнинг
биридан чиқиб, катта йўлга қараб келаётган
кишига отанинг кўзи тушиб, хаёли бўлинди. У диққат билан тикилди. «Ие, бу ўша кунги нотаниш одам-ку. У Ҳайдар криминалнинг уйидан
чиқдими ёки Ҳаким темирчиникиданми? Менимча, Ҳайдарникидан чиқди-ёв. Ўғлининг ўртоғимикин? Балки шундайдир? Ўзимам кейинги пайтларда жуда ваҳимачи бўлиб қолганман.
У одам бизнинг қишлоқда нима қилиб юрибди, деб шубҳаланиб прокуратурадагиларга ҳам етказибман. Биттасининг ўртоғи бўлиши мумкинлигини нега ўйлаб кўрмадим-а, деб ота ичида
ўзини койий бошлаган эди, Ҳайдарнинг уйи эшиги очилиб, яна бир одам чиқди, у тез-тез
юриб, кичик кўчага бурилиб кетди.
Бу бола Суюн лақманинг невараси эмасми?
Исми нима эди-я, эсимдан чиқди. Ҳа, худди ўзи. Нега бунча шошилиб, ортидан ит қувлагандек тез юриб кетди экан? Тўхта-чи, яна биров
чиқяптими? Йўқ, у Ҳайдарнинг ўғли Мардон.
Бошини чиқариб, у ёқ-бу ёққа қаради-да, эшикни бекитиб қўйди. Тавба, одатда уйга меҳмон
келганида мезбон уни кузатиб чиқарди.
Мардон эса худди бир нимадан қўрққандек, кузатиш у
ёқда турсин, тезда эшикни бекитиб қўйди. Қандайдир ғалати...»
– Худоёр ота, марҳамат, келинг!
Сартарошнинг овозидан унинг диққати бўлинди. Ота индамасдан қаршисидаги стулга
ўтириб, яна ўйлай бошлади. Сартарош 20 ёшлардаги бўйи узун, оқ-сариқдан келган, кўзлари сал
қисиқроқ, ҳаракатлари эпчил, чаққон йигит бўлиб, сўзамолгина эди. У бобосининг касали,
унинг қандай тузалгани ҳақида тўхтамай гапирарди. Отанинг қулоғига унинг сўзлари кирмас, у Суюн лақманинг невараси, нотаниш одам ва Ҳайдар криминалнинг ўғли орасида қандай боғланиш бўлиши мумкинлигини ўйларди.
– Суюннинг неварасини исми нима эди? – деди ота.
Сартарош йигит, мен Суюн бобонинг невараси ҳақида гапирмаётгандим-ку, деб ўйлаб, бироз таажжубланиб:
– Қайси Суюнни айтяпсиз? – деб сўради.
– Суюн лақма-чи?
– Ҳа, Рашидни сўраяпсизми?
– Дарвоқе, исми Рашид эди. У ҳозир қаерда ишлаяпти, билмайсанми?
– Ғишт заводида ишларди. Кеча дадаси Эрмат ака уни ишдан бўшади, деётган эди.
– Нега?
– Бир ёққа кетмоқчи, шекилли.
– Қаёққа?
– Ким билади, дейсиз? Балки чет элгадир. Худоёр ота, тепакал бўлганингиз етмагандек, сочингизнинг қолган қисми ҳам анча сийраклашиб қолибди. Ҳаммасини таг-туги билан олиб ташласам-чи, нима дейсиз? – деди сартарош
отанинг сочларини бармоқлари билан тароқлаб.
– Йўқ, ҳар доимгидек калталаб, текисла.
– Майли, истаганингиз. Айтиб қўяй, бувам аллақачонлар сочнинг баҳридан ўтганлар.
– Балки соч бувангнинг бошини тарк этгандир? – деди кулиб ота.
– Бошингизни ялтиллатиб, «крутой» ота бўлиб юрасизми, дегандим-да. Аммо-лекин кийинишингизга жуда мос тушарди. Яна ўзингиз биласиз,
сизга бир нима дейишга ҳали ёшлик қиламиз...
– Суюннинг невараси қаёққа кетмоқчи ўзи? – деди ота унинг гапини бўлиб.
– Билмайман, боя айтганимдек, чет элга ишлагани кетаркан, деган гаплар қулоғимга чалинувди. Аммо-лекин қаерга кетади, нима иш
қилади, бунисини билолмадим, – деб сартарош йигит ишга киришиб кетди.
– Туппа-тузук ишини ташлаб қаёққа кетади? Ўқигани кетади, десам, бирор институтни битирмаган. Айрим ёшларга умуман тушунолмайман.
– Нимасига тушунмайсиз, отахон? Ахир чет элдан қоп-қоп пул, йўғ-э, валюта ишлаб келишга
кетмоқчидир-да.
– Чет давлатда ким унга шунча пул бераркан, барака топгур? У ердагилар қачон Рашид лақма келиб, қоплаган пулларимизни олиб кетаркин,
деб шай турибдиларми? Вой, аҳмоқ-ей. Ўзимизнинг юртдаги ёшларга яратилган шароитнинг
нимасига норози экан? Кўп пул топармиш, хумпар, сен олдингдан оққан сувнинг қадрини бил,
дейдиган одам йўқмикин унга? Бобоси ҳам ким нима деса, лаққа тушадиган овсар эди. Айтмоқчи, Мардон бирор ишнинг бошини тутдимикин ёки ҳалиям бекорчими?
– Нега уларни сўраяпсиз, ота?
– Шунчаки ўзим, биласанми қаерда ишлашини?
– Э-э, ўша такасалтанг ёлчитиб бирор ерда ишлармиди? Анув куни сочини олдиргани келганида
шаҳарда ишлаяпман, деганди. Аммо-лекин унинг гапига ишониш қийин, яна ким билади дейсиз?
Худоёр ота невараси билан сартарошхонадан
келгунча қош қорайди. У уйқуга кетгунга қадар
қишлоқларида пайдо бўлиб қолган ўша нотаниш
кимса ҳақида ўйлаб, охири унинг Ҳайдар криминалнинг ўғли Мардон билан алоқаси бўлиши
керак, деган тўхтамга келди. Буни аниқлаш йўлларини қидира-қидира уйқуга кетди. Эрталаб
туриб тўғри участка нозирининг олдига бориб,
ҳаммасини гапириб бермоқчи эди, лекин фикридан қайтди. У скелет воқеасидан кейин анча эҳтиёткор бўлиб қолганлиги учун олдин бошқа
иш қилиш лозим. Ҳар қалай Суюннинг невараси ўзига ўхшаб соддароқ бўлса керак, гаплашиб кўрай-чи, деб ўйлади.
Давоми бор...
ЗУЛАЙҲО МАШАРИПОВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев