15-қисм.
Дум-думалоқ ойна ёнида Баҳор янги йил либосида худди қор қизлардай, яна ҳам аниқроғи, малика Дианадай виқор билан уни кутиб олди. Оқ ҳарир ипак матодан тикилган кўйлагининг этаги гиламга ёйилган. Бўлимли, гавҳардай билаклари очиқ, аммо панжаларига итальянлар қўлқопини кийибди. Қулоғидаги бриллиант чироқ нурида минг хил тусда товланади. Юзидаги чирой, нафосат олдида ўша зумрад, ёқут тошлар ҳам хира тортгандай.
Ботир кундузи бир даста гул олиб, ваннахонага беркитиб қўйганди. Яхшиям, эсининг борида отини қамчилаган экан. Акс ҳолда шундай ҳурилиқони гулсиз тасаввур этиш мумкинми?
Ботир гулдастани севгилисига узатаркан, унга бахт-саодат тилади. Эвазига худди шу тилакка эш битта бўса инъом этилди.
— Мен сизни узоқ кутдим, — деди Баҳор унинг қучоғидан бўшагиси келмай.
Биргалашиб меҳмонхонага киришганида аёлнинг кайфияти яна ҳам кўтарилиб кетди.
— Қандай, байрам дастурхонимиз сизга ёқадими?
Ботир унинг яноғидан ўпди.
— Ҳали бу бизга тегишлими?
Баҳор ҳайратланиб қаради.
— И-е, ўз уйимиздаги неъмат ўзимизга аталади-да.
— Э, хайрият. Мен адашиб шоҳлар саройига кирибман, деб ўйлаётгандим.
Энди Баҳор уни таажжублантирди.
— Сиз жуда тўғри ўйлагансиз. Чиндан ҳам Таиланд ва Малайзияда ҳукмдорларга шундай зиёфат тақдим этилган. Ҳозир ҳам бу стол атрофидан севги салтанатининг шоҳи ва маликаси жой олади.
Ботир завқланиб Баҳорнинг елкасидан қучди.
— Биласизми, бир мен эмас, сизнинг ҳам тилингиз лутфга чечан.
— Гап тилдамас. Агар инсон ўзини бахтли сезмаса тилига алиф келмайди. Тилни тушовлайдиган нарса оғир қисмат, жиловини ечадиган қудрат, бу чинакам омад, бахт.
— Ҳақ гап. Аммо мен ўзимни бахтиёр сезганим ҳолида тилим лол-ку. Бунисига нима дейсиз?
— Диллар боғланган пайтда тилга не ҳожат, азизим. Қани, гурунгни кейин давом эттирасиз. Тезда ювиниб чиқа қолинг.
Ботир унинг феъл-атворини билса-да, атайлаб, қаршилик кўрсатди.
— Янги йил кечаси ҳам ваннага ҳайдайсизми. Авввал вужудни иситиб олай.
— Танангизни ичимлик билан қиздиришга ҳожат бормикан. Наҳотки менинг ҳароратимни сезмаяпсиз?
— Ў, бугун сизга гап топиш қийин. Хўп, мен кетдим. Мени кутгил ва мен қайтарман...
Ботир ваннахонадан чиққанида, токи ички кийимларидан тортиб пайпоғигача, янги кўйлакдан тортиб, фаранг костюмигача муҳайё қилиб қўйилганди.
— Бу Янги йил совғаси...
Ботир хижолат тортганидан пешонасида реза-реза тер пайдо булди.
— Ахир мен...
— Тўғри, сиз чиндан ҳам мен учун топилмас, ноёб совғасиз. Қани, тезда кийиниб чиқинг.
Ботир ўн-ўн беш дақиқаларда янги сарполарни кийиб, меҳмонхонада ҳозир бўлди.
— Янги сарполар муборак, илоҳим, янги йил фақат яхшилик келтирсин! — дея чин дилдан тилак билдирди Баҳор.
Ботир аёлини дастурхонга таклиф этди. Шампан виносидан қуйиб, унга узатди. Ўзи ўрнидан туриб, қадаҳ сўзи айтишга чоғланди. Бироқ, кутилмаганда кўнгли бузилиб, томоғига муштдай нарса тугилди, кипригида ёш ҳалқаланди.
Бу кайфият Баҳорга таъсир қилди. У столни айланиб ўтиб, рўмолчаси билан севгилисининг кўз ёшини артди.
— Мана шу томчилар ўтаётган йилимизнинг энг сўнгги кўнгилсизлиги бўлсин, янги йилда фақат... Фақат бирга бўлайлик.
— Менинг ҳам бирдан-бир орзуим шу, Баҳор... Мен сизни жуда севаман, сиз менинг ҳаётимсиз. Сизсиз жоним ҳалак. Айтганингиз каби кутаётган йилимизда фироқ дарди ариб, висол шарбатидан тотаверайлик.
Иккаласи ҳам бир қултумдан ичиб, фужерларни стол устига қўйдилар. Ботир энди дастурхонга қўл узатган эди, Баҳор “ҳай-ҳай”лаб уни тўхтатди.
— Аввал уйни бир айланиб чиқинг. Ўзгаришларни кўринг, маъқул тушса, мени мақтанг.
Ботир айвондаги стол-стуллар янгиланганлигини пайқамаган эди. Арк оралиғидаги парда ҳам алмаштирилибди. Эрон мебелларидан фақат сервант қолибди, олти оёқли диван ўрнига немисларнинг юмшоқ креслоси қўйилибди.
Энг катта янгилик ётоқхонада кўзга ташланди. Икки кишилик диваннинг бош тарафига Сингапурдан келтирилган шокила-шокила гуллар илинибди. Қизиғи шундаки, ёруғлик нурига қараб, новдалардаги гуллар очилиб, ёпиларди.
— Мана шу ҳаракатларимнинг барчаси сиз учун, — деди Баҳор Ботирнинг орқасидан қучоқлаб.
— Аллоҳ сиздай меҳрибон аёлга рўбарў қилганлиги учун минг бора шукр қиламан. — Йигитнинг овози қалтираб чиқди. Умуман, бу оқшом унинг қалбида хилма-хил туйғулар туғён урар, назарида Баҳор билан ҳам, Олия билан ҳам хайрлашаётгандай туюлаверарди. Бу ҳиссиёт байрам дастурхонига ўтирганларида ҳам юрагини тарк этмади. Аксинча, неча йиллар орасида шу файзли хонадонда — бахтидан масрур ҳолатида илк бора Олия учун дили ачишди. Ва айни пайтда унинг ёнига боролмаслигини ҳам яхши тушунарди.
Баҳор эса, аксинча, жуда хурсанд кўринарди, бир гапириб, ўн кулар, иложи борича, Ботирнинг кўнглини овлашга интиларди. Олдидан ўтаётгайида ҳам уни-буни баҳона қилиб гоҳ сочини тузғитар, гоҳ елкасидан қучар, гоҳ юзларини силаб қўярди. У гулли ликопчадаги тузланган қўзиқоринни санчқига санчиб, Ботирнинг оғзига тутди. Йигит қўзиқоринни тишлади-ю, чайнашга улгуролмади. Телефони халақит берди.
Баҳор илдамлик билан телефонни қўлига ушлади.
— Керак эмас, бугун оилавий байрам...
— Тўғри, унда ўчириб қўйинг.
Жувон телефонии ўзига узатди.
— Яхшиси, ўзингиз!
Ботир секингина ойначага нигоҳ ташлади. Сўнг аёлига ўгирилди.
— Онам экан...
Баҳорнинг чеҳрасига ташвиш қўнди.
— Ишқилиб, хотинингиз тинчмикан?
— Билмадим, сал тоби қочиб турганди...
Орага жимлик чўкди. Ҳозиргина солинган овқат совиди. Баҳор ётоққа кириб, уст-бошини ўзгартириб чиқди. Энди унда бояги жўшқин кайфиятдан асар ҳам қолмаганди. Ботирнинг сукут сақлаётгани баттар ғашини келтирди. Аммо, унга ҳам осон эмаслигини билгани боис, тилини тийди. Барибир, кўнгли тинчимади.
— Ботир ака, ўзингиз қўнғироқ қила қолинг.
У шундай таклифни ўртага ташлади-ю, ичида барибир гапимга унамайди, деган таскин ётарди. Кутилмаганда йигит телефон рақамларини тера бошлади-ю, бирдан ранг-қути ўчиб кетди. Тезгина бошқа хонага ўтди.
— Буви, сизми? Нима бўлди, оғирми, ҳозир бораман!
Ботир изоҳ бермаса-да, ҳамма гап тушунарли эди.
— Мени кечиринг, байрамингизни буздим, — деди у чиқиб кетаётиб. Баҳор бу сўзлар дилдан эмас, шунчаки муроса тарзида айтилаётганини англаганида ичида нимадир чирс этиб узилди.
Ботир зиналардан пастликка қараб югирди. Баҳор анчагача унинг ортидан қараб ўйга толди. Сўнг беихтиёр эшикни қаттиқ ёпди-ю, ўзини юмшоқ ўриндиққа отди.
У келиб-келиб, Янги йил оқшоми уйда ёлғиз бир ўзи қолишини етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганди. У бу тунни орзиқиб кутганди. Бу кеча ҳаётидаги энг лазиз, энг бахтиёр дамлар қаторидан жой олиши керак эди. Афсуски, орзулари қўлдан тушган чиннидай чил-чил синди. Ўйлаган ўйлари саробга айланди. Илк бора суянган тоғи омонатлигини, ишонган боғи ўзгага мансублигини дилдан туйиб, юм-юм йиғлади, ўксиб-ўксиб кўз ёши тўкди. Оппоқ пар ёстиқ жиққа нам бўлди.
Унинг кўнглига ботгани Ботирнинг каловланиб, тилига тош солгани эди. Наҳотки, не-не ниятлардан тахт ясаб, осмону фалакда парвоз қилаётган аёл ҳолатини тушунмасди? Наҳотки беш дақиқа тўхтаб, бор гапни айтиб, икки калима сўз билан кўнглига таскин бериб кетиш шунчалар қийин? Ахир, ўша Кумуш ой ўлиб қолмагандир-ку. Борди-ю, омонатини топширганида ҳам, минг югургани билан жонини сақлаб қололмасди-ку. Ёки санамини шу қадар севадими? Унда, неча йиллардан буён Баҳорни лақиллатиб юрганмиди? Бу эркак зотини англаш шунчалар мушкулми? Аёлнинг ҳийласи қирқ туяга юк бўлади, дейдилар-у, бироқ, шу қирқ туя ҳийла эркак кишининг битта хушомади, алдови, риёкорлигига бас келолмайди. Чунки аёлнинг ҳийласида эркакка муҳаббат, уни бағридан бўшатмаслик истаги ётади. Эркак найрангида бошқа қалбни ўғирлашга иштиёқ мужассам. Буни Баҳор илгари билмаганди, ҳозир билди. Билгани боис, ўз-ўзига ачиниш туйғуси кучлироқ алангаланди.
Орадан беш ой ўтди.
Баҳор оёқлаётган кезлари эди. Кутилмаганда Тошкентдан Анвар Чориевич қўнғироқ қилди. У аллақачон докторлик ишини ёқлаб, Фанлар академиясига қарашли илмий текшириш институтида раҳбар лавозимига кўтарилганди.
— Илмий маърузам уч кун водийдаги институтлар билан боғланишим керак. Телефонда иш битмаяпти. Шунинг учун эртага тайёрага ўтираман, баҳонада сени ҳам кўриб келаман, — деди у иложи борича қисқа гапиришга уриниб.
Анвар Чориевич белгиланган вақтда Андижон тайёрагоҳига қўнган самолёт ичидан кулимсираб тушиб келди. У анча тўлишган, юзларидаги майда тиришлар ёзилиб, бодом қовоқлари таранг кўринарди.
— Ёшартириш эликсирини ичяпсанми? — ҳазиллашди Ботир у билан қучоқлашиб кўришаркан.
— Ичмаяпман, бағримда олиб ётибман, — Анвар Чориевич ўзи гапириб ўзи тайёрагоҳни бошига кўтариб кулди. У уч йил аввал қишлоғидан ёшгина жувонга уйланган, ҳаётда омади юришаётган, ишқ туфайли чеккан заҳматлари ажрини олаётган эди.
— Тўлғоной яхшими? — сўради Ботир Анварнинг спортчилар сумкасини Фарруҳга узатаркан. Шубҳасиз, савол меҳмонга мойдай ёқди.
— Яхши ҳам гапми, зўр! Худо хоҳласа, яқинда яна кўпайишиб қоламиз!
Ботир унинг тирсагидан тутиб, “Эсперо”га таклиф қиларкан, ҳазилга мойиллик сезди.
— Бу докторлик ишини шундан ёздингми, биродар?
— Тўғри топдинг. Ёш хотиннинг уддасидан ўтиш докторлик ҳимоясидан ҳам қийин кўчаркан. Ҳа, майли, ўзингдан гапир. Баҳор михдайми?
Бу сўроққа Ботир дадил жавоб айтолмади.
— Борганда, биласан!
Анвар дўстининг ич-ичига ботган тим қора кўзига тикилди.
— Аслида, мени меҳмонхонага жойлашганинг қулайроқ эди.
— Қизиқсан-да оғайни. Андижонда иккита уйим бўлатуриб, сени етим боладай мусофирхонага тиқиштираманми? — деди Ботир машинага ўтиришганида. — Ҳа, айтмоқчи, Баҳор ўзи сени йўқлаётганди. Келаётганингни эшитиб, кайфияти анча кўтарилиб кетди.
Чиндан ҳам хонадон бекаси Анварни туғишган оғасидай кутиб олди. Меҳмонхонага ёзилган дастурхон Янги йил оқшомидагидан қолишмасди.
— Э қойил, — ҳаяжонини босолмай ҳайқирди Анвар. — Бунақа столни Швецияда ҳам учратмагандим, — У шундай деб орқасидан кириб келаётган Баҳорга ўгирилиб, — Кел, азизим, мана шу қўлларингдан бир ўпай, — деди.
Жувон ялт этиб Ботирга қаради. У кулимсираб турарди.
— Бу, қўл эмас, нақ мўъжизанинг ўзи. Аллоҳ берганга қўш қўллаб узатаверар экан. Ҳам ҳурилиқосан, ҳам покиза, ҳам пазанда. Энг муҳими, бадавлатсан. Дарвоқе, сенлаганимдан хафамасмисан?
Бека бошини қуйи эгиб деди:
— Асло, ахир, синглингизман-ку.
Анвар бу фикрни дарров маъқуллади.
— Оддий сингил эмас, жонажон жигарбандимсан. Қани, олдикми?
Гапга Ботир аралашди:
— Олишдан аввал ўтириш керакдир!
Анвар ҳазилни давом эттирди.
— Ҳой бола, ўтиргунимизча қанча вақт кетишини кошки билсанг. Қани, манави “Оқ айиқ”ни кўрайлик-чи.
Шундай, дея Анвар тўрга ўтириб, қўлларини дуога очди.
— Илоҳим, икковинг қўша қаринглар. Омин.
Баҳор чой дамлаб келтирди. Тезда бир ҳўпламдан ичдилар.
Шундан сўнг Анвар дўстининг қўлидаги шишани олди.
— Жониворни жуда эзғилавординг-ку. Бунга ҳам жазманга ўхшаб муомала қилиш керак. Эй, сен бу фикр мағзини чақиб бўпсан.
Қадаҳлар уч-тўрт айлангач, суҳбат жиддий тус олди. Ботир янги йил кечаси юз берган воқеани шошилмай сўзлаб берди.
Бу пайтда Баҳор дўстларни ёлғиз қолдириб, ошхона деразасидан ташқаридаги қийғос гуллаган гилос шохларига тикилиб, ўй сурарди.
— Аҳволинг анча мушкул! — чўзиб гапирди Анвар. — Очиғи, сенинг ҳолатингни ҳавас қилолмайман. Биламан, бу нозанин юрагингдан урган. Аммо, ҳаётда ишқдан ташқари виждон, масъулият деган туйғулар ҳам бор-да! Агар Олия соппа-соғ юрганида бир нави эди. Борди-ю, ҳаммасига тупуриб, Баҳор билан яшасанг ҳам, тўкис ҳаёт кечиролмайсан. Сен унақа одамлардан эмассан. Афсус, худди бир қўлини қутқариш учун иккинчи қўлидан воз кечиш керак бўлган ночор одамга ўхшайсан. Бироқ, гап шундаки, қайсинисидан ажралсанг, талофат камроқ бўлади? Уф, бошим оғриб кетди. Яхшиси, мияга дам берайлик, қани, қуй.
Ички изтироб оташида ёнаётган Ботир адашиб чой узатди. Анвар дўстининг юзига таажжубланиб қаттиқ тикилди.
— Устимдан куляпсанми, чойингни араванинг гупчагига қуй?
Ботир ҳам бўш келмади.
— Шиша ёнингда-ку!
Анвар индамай қадаҳни тўлатди. Суҳбатдошига қарамай, лиқ этиб ютиб юборди. Анчагача газакка қўл узатмай, ичимлик таъмини томоғида сақлаб, ҳузурланди. Сўнг “уфф” деб нафас чиқарди-ю, ликопдаги тўғралган бананга санчқи урди.
— Мен сени огоҳлантиргандим. Эркак киши севгини елкасига опичлаб олмаслиги керак. Инсоннинг инсонга муҳаббатида маъно йўқ, ҳикмат йўқ. Ишқ худди пуч ёнғоққа ўхшайди, сирти қаттиқ, чиройли, мағзи бўш. Уқдингми?!
Анварнинг кайфи ортиб бораётганди. Суҳбат мавзуси унинг эски яраларини тирнагани буришган юз ифодасидан аниқ-равшан билинаётганди.
— Севсанг, менчалик севарсан. Охири қандай тугади? Шу кўнгил кўзимга чўп санчди, шу кўнгил ғуруримни топтади, шу кўнгил айни йигитлик давримни ботқоққа ботирди, бошимни эгди. Мана шу “эртак”дан хабаринг бормиди, бориди. Билиб туриб, ари уясига бош суқдинг, қайнаётган қозонга ўзингни ташладинг...
Ботир ҳозир эътироз билдирадиган фурсат эмаслигини сезди. Аммо, дил тилни қитиқлади.
— Анвар, одам боласи ўз хоҳиши ёки буюртма билан бировга кўнгил қўя оладими? Йўқ, ҳеч қачон! Севги дегани дард эмасми? Яна шундай дардки, келиши ялла, кетиши аза. Муҳаббат ташрифидан юрак яшнайди, қайтишидан гул каби сўлийди. Кошки, бу дард давосини билолсам? Назаримда, мен эмас, жаҳондаги энг буюк адиблар ҳам, зўр ҳакимлар ҳам бу оғриқ малҳамини тополмагандир. Акс ҳолда, Навоийдай буюк зот Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун юрагига ишқ оловини ёқиб, сўнг бу олов тафтини босолмай, охир, оқибат ўзларини ўлимга рўбарў қилиб қўя қолармиди?
Меҳмон мудрай бошлаган эди. Бироқ, дўст ҳасратини эшитди.
— Сен хотирингни жам қил. Ўлмайсан. Мен ўлиб қолдимми, йўқ, сен айт, ҳеч ўлганманми? Асло ўлмадим, аммо, севгимни мана шу қўлларим билан бўғиб ўлдирдим. Ҳозир менга Назокатми, Нозимами ёки бошқаси... Тупураман, билдингми? Сен эса жаҳлимни чиқариб, қиз болага ўхшаб кўз ёши тўкасан. Яхшиси, арғамчини узун ташлаб қўй. Насриддин ҳақида ўзинг айтгандинг.
— Қайси Насриддин?
— Э анави Ҳўжа Насриддин бола-чи. 40 йилда ё подшо, ё эшак, ёки мен ўламан деган-чи. Ҳа, ўша афанди. Хуллас, болта тушгунча кунда дам олади. Сен Штирлиц каби ҳаракат қил. Қайси уйда ётсанг ҳам ҳушёрликни унутма. Ҳа, бу ёғини ечадиган зот бор... Энди мен ухлайман.
Анвар ўрнидан турди. Ботир кўмагида ваннада юз-қўлларини ювиб чиқди. Сўнг ечиниб, оппоқ чойшаб ёзилган жойга узала тушиб ётди. Худди ёш боладай дарров уйқуга кетди.
Эрталаб нонуштагача қиймали мастава тайёрлаган Баҳор шаънига мақтовлар ёғдирган Анвар Чориевичнинг кайфияти аъло даражада эди. У меҳмондорчилик учун миннатдорлик билдириб, туришга изн сўраганида, хонадон соҳибаси ўн дақиқа кутишини илтимос қилди. Бу, одатдаги илтифот эмасди. Баҳор юмшоқ стулни суриб, йигитлар қаршисидан жой олди.
— Сизга маслаҳатим бор, — деди у сиполик билан.
Меҳмон ҳушёр тортди. “Наҳотки, кечаги алжирашимни эшитди?! — кўнглидан кечгани шу бўлди. — Тузимни ****, тузлиғимга тупуришингиз нимаси, деб қолса-я. Оббо, роса қовун туширибман-ку”. Аммо, бу ҳадиги беҳудалиги дастлабки луқмаданоқ аёнлашди.
— Мен Европага кетмоқчиман!
Бу хитоб наинки Анвар, айни чоқда Ботир учун ҳам янгилик эди.
— Европага, тижоратгами? — шошиб сўрашди ҳар иккови.
Аёл мутлақо хотиржам қиёфада жавоб қайтарди.
— Бутунлай.
Анвар ёнидаги дўстига савол назари билан боқди.
— Бу фикрдан дўстингизнинг хабари йўқ.
Орага ноқулай жимлик чўкди. Ботирнинг ранги ўзгарди, лаблари пир-пир уча бошлади. Чап кўкрагида суст оғриқ туйди.
— Тушунтириброқ гапиринг, синглим, — илк бора Анварнинг овози титраб чиқди. У вазият бунақа қалтис тус олишини хаёлига келтирмаганди.
— Мен жуда чарчадим!
— Чарчадим? Тижоратданми?
Ботир шу тобда нима деяётганига ўзи ҳам ҳайрон эди.
— Тижорат одамнинг вужудини чарчатади, мен руҳан эзилдим.
Мен Ботир акамни кутиб яшашдан безор бўлдим. Мен осмондаги ой нурига исинмоқчи эканман. Бировнинг ёрини ўзимники, деб адашганлигимни билмабман. Хуллас, узоқ ўйлаб, шу қарорга келдим...
— Сиз адашяпсиз. Ҳеч бўлмаса, севгингизни ўйламайсизми?
Баҳор ялт этиб Анварнинг кўзларига тикилди.
— Севгини битта тараф ҳимоя қилолмайди...
— Нега унақа деяпсиз, ахир, Ботир сизга хиёнат қилмади-ку?
Баҳор ҳазин кулди. Бу, кулги эмас, дилдаги оғриқ рухсори эди.
— Сиз эркаклар хиёнатни жуда оддий баҳолайсизлар. Хиёнат фақат бузуқлик эмас. Менинг назаримда аёл бахтини бутун қилиб беролмаслик ҳам хиёнат, ёстиғининг ярми бўш қолиши ҳам, хоҳлаганида изини тополмай қайғуга чўмиши ҳам, кўча-кўйда эркин юришига шароит яратолмаслиги ҳам хиёнат! Мен шу пайтгача ўзимни ўзим алдаб келибман, энди билдимки, бу ёруғ дунёда мендан мискин, мендан бахтсиз маъшуқа йўқ экан. Энди ўзимдан, Ботир акамдан ва севгимдан қочиб, узоқларга кетишни ният қилдим.
— Шошманг, етти ўлчаб бир кесган маъқул. Қани, Ботирдан ҳам эшитайлик-чи, эҳтимол, унда бошқача — икки томон учун фойдали таклиф бордир.
Баҳор асабийлашиб, овозини баландлатди.
— Олти йилда айтилмаган таклиф, бир — икки дақиқада ўртага ташланармиди?
— Сиз унинг оғзини ёпманг-да, синглим, — энди Анвар ҳам ўзини қўлга ололмай қолаётганди.
Қизиқки, Ботир гўё бу баҳс-мунозаранинг унга алоқаси йўқдай жим эди.
— Агар Ботир оиласи билан келишиб, сиз билан яшаса, аҳдингизни ўзгартирасизми? — меҳмон ҳамон муроса йўлини ахтарарди.
Беканинг катта-катта чарос кўзларида ҳалқаланган ёш, киприклари орасидан сизиб ёноғига оқди.
— Мен бу ҳақда кўп илтижо қилдим. Ҳозир ҳам такрорлайман. Майли, бутун бойлигингиз, мол-дунёингиз Олия опамга қолсин. Ҳатто бегона аёл билан яшаётганингизни сездирманг, бу унга қанчалар оғир ботишини ўз бошимдан ўтказяпман. Уларга Тошкентда ишламоқчиман, деб тушунтиринг. Тагингизга янги “Нексия” олиб берай, шу корхонангизнинг пойтахтдаги бош бошқармасига ишга жойлашинг, ҳар ҳафтада оила аъзоларингизни кўргани келиб туринг, деб ялиндим, ёлвордим. Бироқ, бу киши тарозининг бир палласига топган обрў-эътиборини, яқинларини қўйиб, иккинчи палласига севгисини жойлаганида, афтидан, бизнинг салмоғимиз енгил келди, шекилли.
Анвар Чориевичга бу таклиф жўяли туюлди, шекилли, дўстининг елкасига туртди.
— Рости ҳам шу. Юр, Тошкентга. Менга яқин бўласан. Уй-жойинг тайин, иш топилади, машина, муҳими, севган аёлинг билан бирга умргузаронлик қиласан. Яна сени нима қийнайди? Ахир, оиланг ҳеч нарсани сезмайди-ку.
Ботир иягига мушт ўтказиб юборган боксчи каби карахт эди. У шу тобда ҳеч нарсани англамасди. Ҳаттоки, тили семириб, лунжига сиғмай қолаётгандай тушунарсиз ғўлдирашдан нари ўтмасди.
Бу ҳол Баҳорнинг баттар жаҳлини қўзғатди.
— Кўрдингизми, асли кўнглида йўқ. Бўлса, бирон тайинли гап айтарди. Майли, зорим бор у зўрим йўқ. Ҳар ҳолда сиз мени айбламасангиз, бас. Мен ўзим хоҳлаб кетаётганим йўқ. Ҳар кунги йўл пойлашлар, ҳар тунги фироқ оғриқларидан безиб, бу ҳаётдан қочмоқчиман.
Анвар яна Ботирга ўгирилди.
— Нима бало, оғзингга талқон солганмисан?
У бундан ҳам аччиқроқ дашном бермоқчи эди, бироқ, дўстининг эс-ҳуши ўзида эмасдай туюлди.
— Ботир, тузукмисан?
Баҳор йиғлаб, арк ортидаги айвонга югурди. Анвар дўстига сув берди.
— Ўзингни қийнама, ҳаммаси ўтиб кетади. Билиб қўй. Севгидан биров ўлмаган. Кетса ўзи билади, ахир, уни сен ҳайдамаяпсан-ку.
Ботирнинг кўз ёшлари пиёладаги сувга тўкилди-ю, нафаси очилди.
— Анвар, уни менинг журъатсизлигим еди, лоқайдлигим чарчатди. Не қилайки, қайси бармоғимни тишласам ҳам оғрияпти. Иккисига ҳам жоним ачийди. Мен туфайли иккиси ҳам ўз ҳолича бахтсиз. Аммо, уларга бахт илингандим, яхшиликни соғингандим. Берганим қийноқ, дарду алам бўляпти. Айт, ким айбдор бу савдога, ким?!
— Ўзингни қўлга ол! Ўзини севмаган одам бошида таёқ синаверади. Сен, аввало, ўзингни сев, кейин бошқаларни, хумпар, нега мендан, менинг қисматимдан хулоса чиқармадинг? Бу ёруғ дунёда севги-муҳаббатдан ким рўшнолик кўрибдики, сен ўзингни қийнайсан, жон олиб, жон берасан? Айтдим-ку, вақт ўтиши билан ҳаммаси ёмон тушдай унутилади. Унгача бардошли бўл. Аллоҳнинг синовига чида.
— Анвар, дилинг йиғлаб турибди-ю, менга ақл ўргатасан-а. Эркакмисан, тўғрисини айт, ҳалиям Назокатни яхши кўрасанми, соғинасанми, эркаликлари кўз-ўнгингдан ўтиб турадими? Ич-ичингдан келган хўрсиниқни босолмай, бошингни қайси деворга уришни билолмай фарёд чекасанми? — Ҳа, тан олиш қийин, аммо тонолмайсан. Сен яхши дўстсан-у, ёмон муаллимсан...
Анвар Ботирни маҳкам қучди.
— Барибир ўлмадим-ку!..
Ботир беихтиёр инграб юборди.
— Ўлмаганинг учун ҳар доим ўлимингга розисан! Севги қон билан кирибдими, жон билан чиқади, шекилли.
— Унда нега иккиланасан? Олияни ташлаб, Баҳорни бағрингдан узоқлаштирма.
— Не қилайки, виждон азоби севги оғриғидан ҳам оғирроқ экан.
— Унда ишққа кафан бичавер!
— Ўша ишқ ичида ўзлигим бор, ушалмаган орзуларим бор. Наҳотки, ҳаммаси саробга айланса?
— Унда, Баҳорни яхшилик билан йўлга солайлик...
— Вақти келганда, Баҳор ҳам ўрнини бошқа фаслга алмаштиради. Менинг Баҳорим ҳам шундай, шекилли. Уни ортга қайтариш, фаслларни ортга қайтариш билан баробар.
Анвар Чориевич бу фикрга мутлақо қўшилмади. Кутилмаганда тамомила бошқача фикр изҳор этди.
— Ҳой бола, эсинг бўлса, асло ишқ билан ўйнашма! У ҳам худди гриппга ўхшайди, ўзидан асорати ёмон. Уқдингми? Унда, кетдик, тамом-вассалом. Худо хоҳласа ҳаммаси яхшилик билан тугайди.
Меҳмон остонада туриб уй соҳибасига товуш берди.
— Баҳор, Баҳорой, хайрлашишга ҳаддимиз сиғадими?
Айвон (балкон) тарафдан кўзлари қизарган ҳолда Баҳор чиқиб келди. У бошини кўтармай, Анвар билан хайрлашди, Ботирга қараб ҳам қўймади.
Давоми бор...
АБДУМУТАЛ АБДУЛЛАЕВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев