Поезд навбатдаги шаҳарчага судралиб кириб келаётган бир пайтда Ҳалим шўри қуриганини сезиб қолди:“ — туфлиси йўқ! Саккиз ойча бурун Ҳалимга насиб этган «импорт» туфли гумдон бўлибди!
У аниқ эслайди: поезд ўша шаҳарчадан ўтганда, у билан бир бўлмада келаётган йўловчиларнинг энг кексаси узун эсноқдан сўнг: “Оғайнилар, кеч бўлиб қолди, гартак-гартак чўзилайлик”, деди. Кейин… икки йўловчи ихраб-сихраб иккинчи қаватга, биттаси эса Ҳалимнинг ёнидаги пастки ўриндиққа ётди. Ҳалим ҳам шошилмасдан дам олишга ҳозирланди: одмигина костюмини бош томондаги илгакка илди, туфлисини ҳафсала билан ечиб, патнис нусха йиғма столча тагига авайлабгина қўйди. Йўқ, олдин шундоқ ҳам ялтираб турган туфлисига қўнган чанг-гардларни пуф-пуфлаб
ўчирган бўлди. Сўнгра оёқ кийимини кўнгилдагидек жойлаштиргач, шимини ечишга ийманиб, шу кўйи ўз ўрнига чўзилди. У поезд ғилдиракларининг «тақа-тақ», “тақа-туқ” овозини тинглаб ётиб, кўзи илинганини сезмай ҳам қолибди, бир маҳал кўзини очиб қараса, вагон деразаси ғира-шира ёришган — ҳадемай манзил.
У одам кўпайиб кетмасидан ювиниб келиш ниятида шошиб ўрнидан турди ва… Ҳалим суви қочган бодрингдек бўшашиб, ўриндиқнинг бир чеккасига ўтириб қолди. Хўрлиги поло. Шундоққина боши устида хира ёритиб турган лампочкага хаёлчан тикилди: «балки бирортаси адашиб кийиб кетгандир?» Лекин бунинг шунчаки хом хаёллиги беш қўлдек аёнку: бирламчи, бировнинг туфлисини адашиб кийиб кетиш учун ҳеч ким ялангоёқ юрмаса керак, иккиламчи, бу бўлмадаги учала йўловчи ҳам тамшаниб-тамшаниб хуррак отишмоқда (ахир кийса шулар киядида), иннайкейин, учаласи ҳам киймадик, деганда қирқ биринчи туфли кийишар-ов, минг бир адашишган тақдирда ҳам, ўттиз саккизинчи қолипдаги…
…Бежиримгина, чиройликкина туфлисини яна бир бор кўз олдига келтирдию, йиғма столча тагига бош суқди. Бироқ ўша заҳотиёқ столчага боши «тўқ» этиб урилиб, жонҳолатда яна қаддини ростлади. Зарб кучли бўлди шекилли, пиводан бўшаган шиша тақир-туқур билан пастга қулади. Хайрият, синмади.
— Ҳа, жиян, нима шовқин? — деб пўнғиллади юқори қаватда ётган йўловчиларнинг бири.
Ҳалим ҳамон ачишиб турган чаккасини сийпалаб:
— Туфлим йўқолибди, — деди ҳирқироқ овозда.
— Қанақа туфлинг?
— Ўзимникида… Қолган икки йўловчилар ҳам ғимирлаб қолишди.
— Ука, қараб юборчи, сарғиш туфли жойидамикан? — деб илтимос қилди бурни сўррайган қароқчи башара киши.
— Ана, турибди… Пастки қаватдаги хўппа семиз йўловчи эса ётган жойидаёқ тимирскиланиб, оёқ кийимининг бор-йўқлигини текширдида, нариги томонга пишиллаб ағдарилиб олди.
— Бизникига ҳам қараб қўй, жиян, — деди ўша биринчи бўлиб пўнғиллаган серажин юзли, қоп-қора амаки.
Ҳалим билинар-билинмас зарда билан минғиллади:
— Ана…
Лекин қора амаки ишонқирамади чоғи, минг азоб билан сирғалганича пастга тушди. Алланималар деб ғудраниб, энгашишга ҳафсаласи келмаганидан тик турган кўйи йиғма столча тагига разм солди. Сўнг кўнгли жойига тушиб, яна юқорига чиқишни мўлжаллаб бир ҳезландию, бироқ эринчоқлиги тутди: жундор кўкракларини обдон қашлай-қашлай Ҳалимнинг ёнига ўтирди:
— Уйқунинг ҳам белига тепдингда, жиян.
Ҳалим унинг шикоятини деярли эшитмади: у онда-сонда ўтиб-қайтаётган ярим яланғоч йўловчиларнинг оёғига паришон тикилиб ўтирарди:
“Э, энди нима қиламан-а? Ҳеч қурса, оёққа илиб кетадиган бошқа нарса бўлганда ҳам майли эди, энди, бошқасини сотиб олиш… чўнтакда бор-йўғи юз тангача пул бор, у ҳали уйга етиб боргунча етса ҳам катта гап…”
— Ўртоқлар, «Пахтаобод»га яқинлашвоммиз. Турларинг ҳо-о, тушадиганлар чойшабларни топширларинг…
Ҳалим шундоққина тумшуғининг тагидан шовқин солиб ўтиб кетган вагон назоратчисининг овозидан чўчиб тушди. Сўнг оғир бир сўлиш олиб, ўша ўтирган жойида мудраётган қора амакига мўлтираган кўзларини тикди:
— Тоға, оёқ кийимингизни бериб туринг, ювиниб келай.
— Ол, олавер… — деб минғиллади у кўзларини ярим очиб.
Ҳалим оёғига иккита келадиган бесўнақай ботинкани «поп»иллатиб кийдида, гандираклаб ўрнидан турди. Сўнг қўлидаги сочиқни ғижимлаб, вагон йўлаги бўйлаб имиллаб одимлай бошлади.
Вагон бешикдек тебранмоқда.
Йўловчиларнинг кўпчилиги аллақачон уйғонишиб, ўз бўлмалари атрофида уймаланишаётибди. Улар ҳар бир оёқни диққат билан кузатиб чиқаётган ориққина, нимжонгина йигитчага ажабланиб тикилишади, баъзилари эса унинг оёғидаги қўпол ботинкага қараб «пиқ-пиқ» кулишади. Бироқ Ҳалим уларга эътибор бермайди:
“Бир кеча бошимга қўйиб ётганимда ҳам ўлмасдим. Келиб-келиб қўйган жойимни қара-я? Уфф, ҳали бир йилча ҳам кийганим йўқ эди-я, августгача кийганимда…”
…Роппа-роса бир йил тўларди. Чунки, хорижий русумли бу туфли ўтган йили августнинг бошида Ҳалимга насиб этган эдида. Умуман, ўша саратонда Ҳалимларнинг оиласига ҳам хўп офтоб тегди: бирламчидан, Ҳалим узоқ шаҳардаги коллежга ўз кучи билан ўқишга кириб кетди, иккиламчидан ҳарбий хизмат вақтида Қозоғистон даштларида жавлон урганини ҳисобга олмаганда, ўз раёни чегарасидан чиқмаган акаси Салимга ҳам бахт кулиб боқди. У, ҳамқишлоқларининг тили билан айтганда «Чортоқ» деган жойда, катта бир курўртда дам олиб қайтди”.
Ўшанда дам олишдан бир қучоқ совға-саломлар билан қайтган акаси азбаройи хурсандлигидан тинмай илжаяр, уй ичидагилари билан эвини келтиролмай ҳол-аҳвол сўрашарди. Бир маҳал Салим ўқишга кирган укасини табриклай туриб: «Сенга зўр совға бор».деди. Сўнг, ҳали нафасини ростлашга ҳам улгурмасдан, жомадон титкилашга
тушиб кетди. Дастурхон атрофида ўтирганлар етти қават тугунга ўралган совғанинг очилишини кўзлари тўрт бўлиб кутишди. Ниҳоят, Салимнинг билинар-билинмас титраётган оппоқ, нимжон қўлчалари ҳали чарм ҳиди кетиб улгурмаган кулранг туфлини ўртага қўйди.
— Қурмагур бир магазинда талаш бўлиб ётганакан, — деди Салим кўрсаткич бармоғи билан пешона терини сидира туриб. — Нақд қирқ беш сўмдан.
— Нима?!
Кирланиб кетган салласини ёнига қўйиб, ёнбошлаб ётган кўйи ивитилган нон устига қўнаётган пашшаларни зўр бериб ҳайдаётган ота сакраб ўрнидан туриб кетаёзди.
— Бу импортда, ота, чет элдан чиққан, — деди Салим қўлма-қўл бўлаётган туфлига ишора қилиб.
Ота норози оҳангда, лекин юмшоққина қилиб тўнғиллади:
— Икки халта уннинг пули эканда… Ҳалимбой, насиб бўлса андак сўнг олардида…
— Ана буни буюм деса бўлади, — деди Салимнинг хотини туфлини ҳидлаб кўриб. — Бу асли устидентнинг кийимида, Кенжа ҳам… изидан қизларни бир гала қилиб эргаштириб юрадиган бўлиб кетади энди.
Ҳалим қувончдан ял-ял ёниб, дастурхон бошидаёқ тик турганча туфлини оёғига ўлчаб кўрганди ўшанда…
У минг бир хаёл билан ювинишни ҳам унутиб яна ўз бўлмаси ёнида пайдо бўлганини сезмай ҳам қолди.
Бу орада бўлмадаги бошқа йўловчилар ҳам уйғонишган: улар ярим яланғоч ҳолда пастда ялқовлик билан тизилиб ўтиришарди.
— Ука, у ёққа навбат каттами? — сўради ўша қароқчи башара киши боши билан йўлакнинг охирига ишора қилиб.
— Йўқ, унчаликмас… Ҳалим зўраки илжайиб сочиғига артинган бўлди.
— Айтганча, туфли излаб юргандай бўлувдинг, топдингми?
Ҳалим бош чайқади.
— Оббо-о, чатоқ бўптида, — қароқчи башара киши бошини сарак-сарак қилди. — Эҳтиёт қилиш керак эди, ука.
— Бу устидентимиз ҳийла бўш-баёв чиқиб қолди, десангиз, — деб гапга аралашди қора амаки. — Эсам ботинкани ҳоварга ташлармиди, битта бизмакар илган-кетганда.
— Эҳ, — норози қўл силтади қароқчи башара киши. — Ҳозирги ёшларнинг айтгилиги йўқ, оғзидаги ошини олдиришади. Мен…
— Мен шундайлигимда, — гапни илиб кетди қора амаки. — Деновнинг бозоридан қорамол олиб келиб, Самарқандга сотиб кетардим…
У ўзининг уддабурон ёшлиги ҳақида жўшиб сўзлашга тушди.
Ҳалим вагон деразасидан лип-лип ўтиб бораётган симёғочларга, бийдек дала-даштга тикилган кўйи ўз хаёллари билан андармон:
«…Энди уйдагиларга нима дейман? Қайси юз билан уларга кўринаман?»
Унинг қулоқлари остида отасининг ўша кунги ҳукми яна бир карра жаранглагандек бўлди: “Улим, энди беш-олти йилгача “ботинка оббер” деб ғинғилламайсизда”.
Ҳалим чуқур тин олди.
— Энди, жиян, — амаки унинг тиззасига рапидадек қўлини қўйди. — Олсанг — биздан маслаҳат шу — бундан буёғига ўзингга доим маҳкам бўл, бундай латта қайтма. Хў-ўшш… поезддан
тушганингдан сўнгра оёқ кийим ол, тағин яланг оёқ юрма, хўп? Ер ҳали намчил…
— Ҳа-а-а-а… жон эсан бўса… ботинка топилади.
— Ўн беш минутдан кейин — «Пахтаобод»…
Ҳалим вагон назоратчисининг овозига лоқайдлик билан қулоқ солиб ўтираркан, кутилмаганда миясида умид учқунлари «милт» этди: «Ия, назоратчидан ҳеч нарса сўрамабман-а?! Балки у билар?..»
Ҳалим беихтиёр ўрнидан туриб, яланг оёқ ҳолда ўша томонга юрди.
Купеда назоратчи икки букилиб чойшабларни санамоқда. Унинг ёнида вагонма-вагон ивирсиб юрадиган ўша қалин мўйловли милиция сержанти тамаки тутатганча гурунг беряпти.
— Ҳимм… — сержант купе эшиги ёнида гарангсиб турган Ҳалимга ияк қоқди.
— Ассалому алайкум… Акалар, туфлим йўқ, йўқолибди…
Сержант билан назоратчи маъноли кўз уриштириб олишди.
— Қанақа туфли? — сўради сержант.
Милиционернинг саволи Ҳалимга «мана, туфлинг», дегандай туюлди.
— Кулранг… чехский… деди у ютоқиб.
Милиционер елка учирди:
— Кулранг… чехский битта эмаску, ахир?
Ҳалим севиниб кетди: туфли шу ерда бўлса керагов, йўқса милиционер бекорга бундай демайди. Ахир у милиционер-а?!. У Ҳалимдан аниқ белги талаб қиляпти! Фу, шу ҳам талаб бўлдими, керак бўлса у туфлисининг тагида нечта «тиши» борлигигача билади.
Ҳалим худди домласига имтиҳон топшираётган талабадек ҳаяжон билан қўлини кўксида чалиштириб, вагоннинг шифтига тикилди:
— Менинг туфлимнинг ичида… 013 рақами бор
— Хўш?
— Ҳа, ҳа, бир пойида.ўша «0» рақами умуман билинмай кетган.
Милиционер назоратчига таажжуб аралаш бир қараб олдида:
— Яна қандай белгиси бор? — деб сўради қизиқиш билан.
— Пошнасига нағал қоқилган… учига мих билан…
— Яна?
— Яна-а, — Ҳалим зўр бериб туфлисининг белгиларини эслашга уннай бошлади.
— Ҳа, топдим, топдим, чап пойининг тумшуқчасида
билинар-билинмас кемтикчаси бор.
Назоратчи Ҳалимнинг топқирлигига ортиқ чидаёлмай кулиб юборди, милиционер пихиллаб унга қўшилди. Ҳалим ҳам ҳокисоргина илжайиб, четда қолмади.
— Ўртоқ, — деди сержант бир маҳал жиддий тортиб. Биласанми, кеча нариги вагонда нима бўлган?
Ҳалим елка қисиб, ортга қаради.
Милиционер оғзидан дуд чиқариб «нариги вагон» ҳикоясини бошлади.
— Кеча биттасининг икки юз сўмини ўмариб кетишибди. Сержант ўша жабрланувчига: “Ока, пулингизни шу кечаёқ топиб келтириб бераман”, деса кўнмабди. Қўйинг-э, шу арзимас икки қоғозни деб овора бўлиб юрасизми, ундан кўра биз билан ўтиринг, би-ир ҳангомалашамиз”, дебди. Милиционер бундай мард одамни биринчи марта кўриб туриши экан, шу сабабли унинг гапини ерда қолдиришни эп кўрмай, тонг отгунча, у билан чақчақлашиб келибди. Сен эса, — деди милиционер жабрдийдани бош-оёқ кузатиб.
— Аллақандай туфлини деб бурнингни тортганинг-тортган.
Ҳалимнинг пешонаси терлаб кетди. У бошига тўқмоқ тушган одамдек бир зум каловланиб тургач, секин изига қайтди.
Тўхта, ҳов оғайни…
Ҳалим «ялт» этиб орқасига қаради. Назоратчи уни кўрсаткич бармоғи билан имлади:
— Ма, мановини кийиб ол. Назоратчи купенинг бир бурчагида ётган шиппакни олиб узатди:
— Ҳарнада, яланг оёқ кетгандан кўра…
Сержант луқма қистирди:
— Мукофот, топқирлигингга!
Раҳмат.. — деб минғиллади Ҳалим.
У купедан узоқлашгач, милиционер хотиржам гапирди.
— Қисталоқнинг хотирасига беш кетдим-эй…
— Зўр экан. Ботинкани кийиб юришга ҳам қўрқасан.
— Ҳамма белгиларини аниқ-тиниқ айтиб беряпти-я!..
Паровоз ўкирганча навбатдаги бекатга кириб борарди…
Луқмон Бўрихон.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев