7 - қисм.
— Ёшулли, ҳолитдан қўрқяпсанми?, — рақиби овозини қўйиб кулди. —Аммо менга барибир. Истасанг бутун факултетинг билан чиқмайсанми?
Анвар менга имо қилди. Ўша кезлари жуссам бундан ҳам озғин, кўримсиз эди. Хоразмликнинг кўзи менга тушди-ю, ғазабдан кўкариб кетди.
— Ҳой жўра, устимдан куляпсанми?
Анвар қўл қовуштириб турарди.
— Кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни.
— Нима, оғзингни иштонбоғи узилибдими, "нонхонангни" ёп. — жазавага тушди у.
Аммо кўча муштлашувларида дийдаси қотган Анвар турқ-тароватига жиддий тус бериб, хотиржам сўзларди.
— Синамаган отнинг сиртидан ўтма, дейдилар. Агар Ботирдан чўчиётганинг рост бўлса, уялма, айтавер.
Томошаталаб талабаларнинг уйқуси ўчиб, бу даҳанаки жанг нима билан тугашига қизиқиш ортганди.
Отаназар ўртадаги икки пудли тошни бир силташда елкасига чиқарди. Ана шунда тош кўтариш ҳадисини билмаслигини тушунди. Унинг қўллари узун-узун эди. Бу муштлар турли масофадан кучли зарб беришга қодир эди-ю, оғир тошларни кўтариш машқини олмаганди. Аммо ҳирсдай кучли йигит бир амаллаб гирни боши узра озод кўтарди. Сўнг елкасига тушириб, яна ҳаволатди. Шу тахлит 32 киллограмлик тош беш марта "парвоз" қилди.
Навбат менга келди. Отаназар атайлаб тошни оёқлари остига қўйган, ўзи эса мўмиқдай ғўдайиб турарди. У ўз кўнглида мени "бу ишнинг" уддасидан чиқолмай, пойида ўрмалашиб юради, деган хаёлга борганди. Ўртага чиқиб, гирни бир силтаб юқорига кўтардим. Қўлларим калта ва кучли, қолаверса машқим бор эди. Аввалига ачиниш ва хавотир билан қараётганлар энди руҳланиб, санашга тушдилар:
— Тўққиз, ўн бир, ўн беш... ўн олти, ўн етти...
Отаназар ёнидаги иккита болани туртиб, саф орасидан қочиб кетди. Бироқ, йўлак охирига етмай ўз хатти-ҳаракатидан уялиб, орқасига қайтди.
— Анвар! — деди у ҳўмрайиб. — Эртага Эски Жувадаги чойхонада кутаман. — Сўнг менга ер остидан қараб қўшиб қўйди. —Ботир полвон, сизни ҳам...
Хонага кирганимизда, Анвар мени алқашга тушганди, Нормурод жеркиб берди.
— Агар вақтида топқирлик қилмаганимда, ҳозир синган суякларингизни санаб ўтирган бўлардим. Яхшиси, менга раҳмат айтинглар.
Тезда ётдик. Бояги сўроқ жавобсиз қолганди, уни такрорладим:
— Бугунги хурсандлигингиз боисини билдирарсиз энди?
Анвар чуқур оҳ тортди.
— Азизларим, тарихий воқеа юз берди.
Нормурод луқма ташлади.
— Назокат қўлини ўптирдими?
Бечора ошиқ аввал икки оёғини баланд кўтариб, сакраб, ўрнидан турди.
— Қўлини эмиш-а, дудоғидан ўпдим, дудоғидан!
...Ўша ўпич йигитни бутунлай маст қилди-қўйди. Энди у юрса ҳам, турса ҳам фақат Назокатни ўйларди. Қиз ҳам унинг ёнидан асло силжимасди, гўёки иккаласи қўш кабутардай. Бу севги достони бутун билим даргоҳига тарқалди. Чунки, Назокат истеъдодли қиз эди, айниқса, замонавий технологиялар лойиҳасини яратишда унга тенг келадигани йўқ эди. Анвар эса, курс бошлиғи, фаол талаба сифатида танилган. У амалиётдан кўра назарияга кўнгил қўйганди. Шу боис, ҳамма амалиётни йирик саноат корхоналарида ўтказса, у илмий-текшириш институтларида қолишни хуш кўрарди. Ва энг қизиғи, ҳар иккаласи доимо бир жойда бўлишга ҳаракат қилишарди.
Охирги босқичда ўқиётганимизда Назокатнинг Япония ва Корея автомобилсозлик саноати тўғрисидаги рисоласи босилиб чиқди. Шу рисола диплом иши сифатида юқори баҳоланди. Анвар эса, Ўзбекистон саноати тарихига қизиқиб, касб йўналишини ўзгартириб юборди.
Ўқишни тамомлаш арафасида Анварнинг ранг-рўйи сомондай сарғайиб, кескин озиб кетди. Аввалига буни дарсларнинг оғирлигига йўйдик. Ана шундай пайтда Аломат янги гап топиб келди.
— Эшитдингларми, — деди у катта танаффус пайтида хонада ёлғиз қолганимиздан фойдаланиб. — Назони бошини боғлаб қўйишибди.
— Нима, наҳотки биз билмай...
— Шуни айтаман-да, — деди Аломат кўзлари жовдираб. — Энди Анварнинг аҳволи нима кечади?
Нормурод бизни тинчлантирди.
— Ваҳимага ўрин йўқ. Яхшиси, дарсдан кейин тўпланамиз.
Машғулотлар тугагач, Талабалар шаҳарчасидаги "Чашма" қаҳвахонасига йўл олдик. Суҳбат асносида бу воқеадан Анварнинг хабардорлиги, ўз ёғига ўзи қовурилиб юрганлиги, Назокат ҳам ота-онаси раъйига қарши чиқолмай, боши қотиб, аламини йиғидан олаётганлиги ойдинлашди.
— Нега шу чоққача бизга сездирмадингиз? — Анварга гинамни тўкдим мен.
У бошини кўтаролмасди.
— Айтганим билан бирон нарса ўзгариб қолармиди, — деди ўзини оқлаб.
— Вой, топган гапини қаранглар, ахир қиёматлик дўстсизлар-ку, — Аломат уни уялтирди. — Ахир дўст бошига иш тушганда синалади-да.
— Куёв ким экан? — сўрадим қоним қайнаб.
— У ҳам талаба, СамДУда ўқиркан. Айтишларича ёшлигида бешиккерти қилинган эмиш.
— Наҳотки эскилик сарқитига қурбон бўлиб, индамай қолаверамиз?
Менинг бу хитобим — юрак ҳайқириғи эди.
Боядан буён иягини силаётган Нормурод ниҳоят жўяли фикр топди:
— Йўл битта, ўша йигит билан учрашиш керак.
— У ҳам Назони севса-чи? — қарши мулоҳаза билдирди Аломат.
— Бу аёлларга хос асоссиз гап? — чўрт кесди Нормурод. Унинг қўпол гапи қизнинг ҳамиятига тегди.
— Намунча бизани ёмон кўрасиз, гопивузадан доим нуқсон қидирасиз?
Йигит устомонлик билан ўзини оқлаб олди.
— Мен аёллар ҳақида гапиряпман, сиз эса бокира қизсиз!
Бу лутф, айниқса "бокира" сўзига ўзгача ургу берилгани Аломатга мойдай ёқиб, шўх қараш билан кифояланди.
— Ботир, эртага ҳарбий кафедрага борасизми? — Нормурод қўлидаги пиёлани тақ этказиб столга қўяркан, менга савол назари билан қаради.
— Ҳа, эртага сўнгги машғулот.
— Анвар, сиз-чи?
У аразлагандай юзини тескари ўгирди.
— Бошим қотган, билмайман!
Нормурод армия хизматига дахлсизлиги учун ҳарбий машғулотларга қатнашмасди.
— Аза тутишга вақт эрта. Яхшиси, ақл билан иш тутайлик.
Индинга Ботир иккаламиз Самарқандга учамиз, ўша йигитни топиб гаплашамиз.
— Мободо қўполлик қилса-чи? — Анвар шу топда гапининг маъносини ўзи ҳам англамас, ғирт гаранг эди.
— Шуни билиб қўйинг, биз меҳмонга эмас, музокарага кетяпмиз. Қандай салом берса, шундай алик олади.
Орага жимлик чўкди. Сўнг Анвар бу маслаҳатга қўшилмади.
— Бу масалани ўзим ечишим керак!
Аломат ҳам унинг фикрини маъқуллаб туриб олди.
— Унда, сиз билан Ботир боради.
Анвар кескин бош чайқади.
— Фақат ўзим...
Анвар тайёрага улгуролмай, кечки поездга ўтирди. Икки кун бетоқатлик билан йўл пойладик. Ниҳоят, учинчи куни чошгоҳ пайти Анвар ётоқхонага кириб келди. Якшанба бўлганлиги учун, деярли барча хоналар берк, талабаларнинг ярми уйига, қолганлари сайрга чиқиб кетишганди. Фақат Нормурод иккаламиз бекорчиликдан, аниқроғи, чорасизлигимиздан хуноб бўлиб ётардик.
Анвар салом бериб, биз билан қучоқлашиб кўришди. Унинг чеҳраси жуда ҳорғин туюлди. Демак, масала равшан, "куёв" йигит ён бермаган.
...Анвар ҳақ экан. Чиндан ҳам яхшилик енгди, ёшлар бир ёстиққа бош қўйдилар.
Орадан беш ой ўтиб, яна ташвишга дуч келдик. Назокат оғир хасталикка чалинди. Уч дўст дарсдан сўнг уни етаклаб, пойтахтдаги барча клиникаларга олиб борардик. Бир томонда давлат имтиҳонлари, иккинчи тарафда кундан-кун сўлиб бораётган Назокатнинг сиҳат-саломатлиги икки оёғимизни бир этикка тиқиб қўйганди. Ўзаро маслаҳатлашиб, Назокатни академик таътилга чиқаришга кўндирдик. Кейин Анвар ҳам шу йўлни тутмоқчи бўлди. Аммо биз бу фикрга “тиш-тирноғимиз” билан қаршилик билдирдик.
— Мен ҳамиша унинг олдида туришим керак, — деди Анвар кўзларида ёш билан... Шу кунларда у ҳам ярим этини йўқотганди.
Нормурод уни жеркиб ташлади.
— Бекор айтябсиз. Дипломга бир қадам қолганида ортга чекинманг. Ахир сиз ёлғиз эмассиз-ку.
Анвар бутунлай карахт аҳволга тушиб қолганди. Ҳадеб бир гапни такрорларди.
— У мени деб шу аҳволга тушди. Мен уни йўлдан ургандим, энди азобини бир ўзи тортяпти.
Энди мен уни тинчлантиришга киришдим.
— Бу, оддий васваса, холос. Ҳар ким пешонасига ёзилганини кўради. Назокатнинг хасталигида сизнинг заррача гуноҳингиз йўқ. Начора, ёзуғида шу синов бор экан, худо хоҳласа, дард берган шифосини ҳам дариғ тутмайди. Мана, кўрасиз, бу кунлар ёдингиздан ҳам чиқиб кетади.
Аммо, Назокатнинг ташҳиси кўнгилга таскин берадиган даражада эмасди. Уни ўпка раки деб гумон қилишаётганди. Анвар ҳам худди шу фикрга ёпишиб олганди.
— Агар у ... ўлса мен ҳам ўзимни осаман, — дерди нуқул.
Шу орада Аломатнинг дадаси инфарктка учраб, тўсатдан вафот этиб қолди. Бу воқеадан ҳаммамиз ларзага тушдик. Шўрлик Аломат кўзлари қизариб, йиғидан тўхтамас, дадасининг ўлимида ўзини ҳам айбдор ҳисобларди.
Ниҳоят, Назокатнинг хасталиги аниқланди. Хайриятки, у рак эмас экан. Мана шунинг ўзи катта қувонч эди. Аммо, у узоқ даволанди. Анвар бечора ҳам имтиҳонларини топшириб институтни тугатди, ҳам Назокатга қаради. Асосий фанлар бўйича синовларга тайёргарликни хотини ётган палатада кўрди.
Бир куни Нормурод иккаламиз касалхонага бордик. Таниш палата эшигини секин очдик. Не кўз билан кўрайликки, у полда ўтирибди, боши Назокатнинг оёғида. Шу аҳволда ухлаяпти.
Мен ўшанда илк бора муҳаббатнинг қудратини англадим. Кейин бунақа воқеаларга кўп учрадик. Анвар қийин, энг машаққатли дамларда севгига садоқатини намойиш этди. Энди ўйлаб қоламан, эҳтимолки Назокатни жаҳаннам дарвозасидан қайтарган Анварнинг Аллоҳга илтижолари-ю, пок муҳаббатидир.
... Ҳаёт оқар сув каби ўтаверар экан.
Биз ҳам унинг ўркачига ўтириб, неча йилларни ортда қолдирганимизни сезмай қолибмиз. Хуллас, дастлабига Анвар билан Назокатнинг ҳаёти чиройли кечди. Улар бир-бирларини севиб, ёмон кўзлардан қизғаниб яшардилар.
Нормурод ҳеч вақт эҳтиросларга берилмасди. Шу боис у Аломатнинг қайғусига шерик бўлиб, туйғуларини жиловлаб узоқ кутди. Аломатлар дадасига йил оши бергач, яна совчи қўйди. Бу сафар элчилари ноумид қайтишмади. Ҳамма курсдошлари юртларига тарқаб кетгач, Аломат билан ширингина турмуш қуриб, севгилисини ўз шаҳрига олиб кетди.
Мен ҳам ўз ҳолимча бахтиёр эдим. Аммо, битта ўғил кўрганимиздан сўнг, Олиянинг соғлиғи анча ёмонлашиб, тинчлигимиз бузилди. Гарчи хизмат пиллапоясидан тез кўтарилсам-да, ҳаётда бахтим бус-бутун деб айта олмасдим. Бўш вақтим асосан дорихоналарда янги чиққан дориларни қидириш-у, касалхоналарда юриш билан ўтарди. Шунга қарамай, Олияга ғамхўр эдим, унга раҳмим келарди. Шу боис, тоби қочиб, ранг-рўйи пасайган пайтлар оромимни йўқотиб қўярдим. У бир бора кулса, мен ўн марта яйраб кетардим. Минг қилса ҳам кўз очиб кўрганим, ёлғиз фарзандимнинг онаси-да.
Шу ташвишлар гирдобида ўралашиб юрганимда, тўсатдан Анвар телефон қилиб қолди. Агар имкони топилса, Тошкентга келиб кетишимни ёки иш юзасидан борсам ҳам, албатта, уни йўқлашимни илтимос қилди.
Ўша кунлари Тошкентда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан халқаро симпозиум ўтказилиши керак эди. Бу пайтда қўшма корхонада бош менежер бўлиб ишлаётгандим. Раҳбарнинг топшириғига кўра, анжуманга мен жўнатилдим.
Анвар мени тайёрагоҳда кутиб олди. Тўғри уйига қараб йўл олдик. У Профессорлар шаҳарчасида яшарди. Талабалигимиз ўтган кўчалар тамоман ўзгариб кетганди. Янги йўллар, янги кўприклар чиқарилибди.
Чорсу бозорига тушиб, паловга кетадиган масаллиқлар харид қилдик. Девзира гуручни Андижондан — Эски шаҳар бозоридан олгандим.
— Менга қара, — деди Анвар бозордан чиқаётганимизда. — Дабдурустдан сенлашга ўтиб. — Аввалдан огоҳлантириб қўяй, уйга кирганингда хушингдан кетма!
Бу огоҳлантириш боисини тушунмадим.
— Нима, шунчалар бойваччамисан?
Дўстим хандон отиб кулди. Бироқ, бу бахтиёрлик заминида чинакам шодлик ифори камроқ туюлди. Ишқилиб, тинчликмикан?
— Тўғри топдинг, ҳозирча ҳаётимга менман деган бойваччалар ҳам ҳавас қилишади.
У тўртинчи қаватда яшарди. Йўлакдан юқорига кўтарилаётганимизда, япон телевизорини зўрға кўтариб тушаётган ўрта яшар одамга йўлиқдик. Дарров унга йўл бердик.
У бизни кўрди-ю, негадир ранги оқариб, пешонасини майда тер босди. Қўллари қалтирагандек туюлди. Ўйладимки, ҳозир қўлидаги матоҳни тушириб юборса керак деб. Ҳартугул чайир экан, мувозанатини сақлаб қолди.
У Анварга бош ирғаб салом берди. Кейин беихтиёр:
— Телевизорнинг бунақа оғирлигини билмаган эканман, — деди биздан хижолат тортгандай. Дўстимнинг жавоби ғалатироқ чиқди.
— Ҳа, бировнинг юки елкани эзиб юборади, ҳали буниси ҳолва, — деди дағал оҳангда.
Бояги одам индамай пастликка шўнғиди. Тўртинчи қават майдончасига чиқиб, ҳайронлигим яна ортди. Бундан уч ой илгари кўрган уй ҳозир эшиклари ланг очиқ, худди ўғри урган тегирмондай ҳувиллаб ётарди.
Шу топда саволлар қуюн каби ёғилиб келаётганига қарамай, Анварнинг ўзи тиш ёришини кутдим. Аммо, кўнглим нохушликни сезиб турарди. Елим халтадаги майда-чуйдаларни қаерга қўйишни билмай, аланглай бошладим. Анвар буни сезди. Қўлимдаги масаллиқларни олиб, шип-шийдам ошхона полига ташлади. Зал ҳам худди шу тахлит “безатилган” эди. Яхшики, деворга суяб қўйилган эски диван, бир оёғи пачоқ стол, иккита табуретка, эшиги ёпилмайдиган жовон хонанинг бутун “зеб-зийнати” шундан иборат эди. Ҳа, айтмоқчи, бурчакдаги болалар манежи Анварнинг эски кийим-бошлари ташланадиган сандиқ вазифасини ўтаётган экан.
— Энг қисқа гап шу, — деди у диваннинг ўртасига ўтириб. — Назокат билан ажралишдик.
У қўлларини бошига гиров солиб, анчагача миқ этмади. Кейин чопиб балконга чиқди, қўлида битта шишанинг “оғзи”дан ушлаб қайтиб кирди. Чап қўлида иккита пиёла ҳам бор экан. У шишанинг орқасига шапатилаганди, қопқоғи ўқдай учиб, ароқнинг бир қисми полга тўкилди.
— Майли, заҳари чиқиб кетди, — деди у ўзига тасалли бергандай. Кейин пиёладаги ичимликни бир силташда тугатиб, енгини ҳидлаб қўйди. Мен карахт аҳволда эдим. У тиззамга турткилади.
— Қани, совимасин, ҳозир ўзим андижонча палов дамлайман.
— Ие, қозон бошига бормас эдинг-ку?
Бу саволим мутлақо самимий эди. Бироқ, гоҳида бехосдан айтилган сўз отилган ўқ каби юракни тешиб ўтади.
— Ҳа, беш йил фақат сен овқат пиширгандинг, уйлангач, Назокат соғайгунча бу юмушни ўзим уддаладим. Ҳозир “Шератон” меҳмонхонаси бош ошпазидан қолишмайман.
У сабзи тўғрашни менга топшириб, ўзи газ печкасини ёқди. Токи палов пишгунча мақсадга кўчмади. Мен ҳам сабр — бардош билан ўша фурсатни кутдим. Овқатдан кейин аччиқ кўк чой устида гурунг бошланди. Аниқроғи, у кейинги воқеалар ҳаётини чархпалак каби айлантириб юборганини айтиб берди.
Хуллас, Назокат бир йил даволанибди. Кейин худди дард кўрмагандай асл қиёфасига қайтибди. Ўртада бир ўғил, бир қиз бор эди. Ўғли Бектош асосан Самарқандда — ота-онаси қўлида тарбияланяпти экан. Қизи яйловга боришга кўнмабди, пойтахтда қолибди...
Аслида булар мен учун янгилик эмасди. Чунки ҳар икки-уч ойда пойтахтга келиб, бу хонадонда меҳмон бўлиб кетардим.
... Бир куни меҳмонхонадан туриб телефон қилдим. Гўшакни Назокат олди. Анварни сўрадим. Оқшом қайтишини айтиб, мени уйга таклиф қилди, гап орасида дўстингиз ҳам сиқилиб қолди, албатга, келинг, деб қистади.
Кечки пайт эшик қўнғироғини босдим. Остонада ял-ял ёниб Назокат турарди. Негадир бироз ҳаяжонланаётгандай туюлди.
— Нега ёт кишилардай тортиниб турибсиз? Ичкарига марҳамат!
Устки кийимимни йўлакдаги ёғоч илгичга илиб, залга ўтдим. Анвар кўринмасди.
— Дўстингиз сал ушланиб қолибди, сиз бемалол дам олаверинг. Назокат телевизорни қўйиб, дастурхон тузашга киришди. Гаплашиб ўтириб чой ичдик, талабалик йилларини эсладик. Шу орада овқат ҳам пишди. Бироқ, хонадон соҳибидан дарак йўқ эди. Ноилож ўзимиз тамадди қилдик. Овқатдан сўнг Назокат Анварнинг тамомила ўзгариб кетганлиги, кўп ичаётганлиги, рўзғорга қарамаётганлиги, ҳатто чакки босаётганлиги — қўйингки, бир аёл эри елкасига қўйиши мумкин саналган барча айбларни эринмай тахлаб чиқди.
Очиғи, дўстимнинг ичишидан бошқа нуқсонларига ишонмадим. Аммо, эркак зоти ўз-ўзидан ичкиликка берилмаслигини ҳам оҳиста таъкидлаб ўтдим.
Хуллас, ўша куни кўнглимда оғир бир тош пайдо бўлди. Лекин бу ҳақда Анварга оғиз очмадим. Ҳар ҳолда нодон одам эр-хотин ўртасига тушади, деб ўйладим...
— Назокат бир артистни ёқтириб қолибди! — Анвар бу гапни худди “яна ичасанми?” дегандай оҳангда айтди. Билдимки, сиртдан ўзини хотиржам тутса-да, ботинида ғам-ғусса ичини каламушдай кемиряпти. Тўғри-да, қўйнингдаги ёр кутилмаганда бошқа бировга қучоғини очса... Яна қанақа ёр, бутун вужуди билан севган, керак бўлса, жонини беришга тайёр маҳбуб бўла туриб, жуфти ҳалоли кўзига чўп санчса-я. Бундай фожиани душманингга ҳам раво кўрмайсан.
Эссиз, шу сўзларни айтмаслигим керак эди. Бу таскин унга бошқача таъсир қилди, кўзларидан ёш оқди. Шунда Шералининг “Эркак йиғламасин дунёда” деган қўшиғи гўёки бир наърадай қулоқларим остида жаранглади.
— Ботир, бир жиҳатдан сен ҳақсан, яқинларим учун керакман. Аммо, бир жиҳатдан ноҳақсанки, ҳозир мен ўзимда йўқман. Йўқ одам борларга қандай далда бўлиши мумкин? Аксинча, ўз дарду ташвишим билан бошқаларга ортиқча юк бўлиш ниятим йўқ. Ахир менга кимнинг кўзи учиб турибди. Қолаверса, ҳамманинг менга ачиниб қарашини истамайман. Аввало, ўзимни топай, кейин яқинларимни ҳам топиб оламан... Муҳаббат худди қиздирилган ёғ, тушган жойида, албатта, чандиғи қолади. Майли, армон қолсин, ўкинч қолсин, аммо, қалбимдан унинг қиёфаси бутунлай ўчсин, бети қурсин.
— Тушундимки, бошингда бошпана бор.
— Ҳа, шу карвонсарой меники, яна Бектош ҳам. Қизим онасининг этагидан тутишди. Аввалига ўғлимдан ҳам воз кечмоқчи эдим. Аммо, у масалани чўрт кесди. “Мен қишлоқда ўсдим, қишлоқда яшайман”, деди. Онаси унга нималарни ваъда қилмади. Машина, институтда ўқитиш, чиройли қизга уйлантириш...
Бектош шу гапларни охиригача ҳам эшитмади. Менга ҳам, унга ҳам қиё боқмай, секингина энамнинг қўлидан етаклаб, пастга тушиб кетди. Рости, шу баравар уни кўрмадим. Энди, Москвага кетиш олдидан қишлоққа бораман, ота-онамдан дуо оламан.
— Анвар, — дедим ҳамон маҳзунлик сиртмоғидан чиқолмай, — айт-чи, асли Назокатга уйланаётганингда ота-онангдан розилик сўраганмидинг?
Давоми бор...
АБДУМУТАЛ АБДУЛЛАЕВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев