Давоми...
Яхшиси, ҳайкалча пойидаги гулларнинг орасига қўйиб кетинг.
Мен албатта топиб оламан. Ҳикоянгиз чиқса, гадойларга ўзим ўқиб бераман. Нозик жойлари бўлса, тушунтираман. Мен тирик юрсам, сиз таёқ емайсиз. («Худога шукур, ҳимоячим топилди».)
Биз Гадойқул билан гадойлар ҳақида яна анча суҳбатлашдик. Гадойқул бизнинг гадойлар ҳам «гастролчилар»га қўшилиб, бошқа шаҳарлар, хусусан, Москвага борганларини ва уларнинг бошидан ўтган ҳангомаларни сўзлаб берди. Ким қаерга борса тез қайтиш пайида бўларкан. «Ўзимиздан зўр жой йўқ», дейишаркан. «Одамларимиздай сахий одамлар дунёда йўқ», де¬йишаркан.
Суҳбат орасида Гадойқулдан Насиба қаерда, қайси мактабда ишлашини сўраб олдим.
Соат учларда Гадойқул айтган мактабга бордим. Омадим бор экан, Насиба тушдан кейин ўқийдиган синф¬ларга дарс берар экан. «Мен мухбирман, Насиба опа ҳақида газетага ёзмоқчиман», деганимдан сўнг директор Насиба иккаламизга ўз кабинетини бўшатиб берди.
Насиба қирқдан ошган бўлса-да, ғоят гўзал ва жозибадор, қадду-қомати келишган аёл экан. Ҳозир шунча чиройли, ўн саккиз-йигирма ёшида роса йигитларни куйдирган бўлса керак. «Университетда ошиқ бўлмаган йигит қолмаган эди Насибага», дегани бежиз эмас экан Гадойқулнинг.
Мен опанинг соғлиги, иши ҳақида икки оғиз сўраган бўлдим-да, мақсадга ўтдим. Гадойқулни қандай топганим, у билан қилган суҳбатларим, ҳамма-ҳаммасини гапириб бердим.
– У фақат сизни эслайди. Бирга тушган суратингизни авайлаб-асраб юради. Душанба кунлари сизлар бир вақт¬лар суҳбат қурган ҳайкалча қошидаги ўриндиқда соатлаб ўтириб, сиз билан хаёлийсуҳбатлар қуради, – дедим унга.
– Биламан, ҳаммасини биламан, – деди менинг гапларимдан хомуш бўлиб қолган Насиба анча ўйланиб. – Мен ҳам баъзи-баъзида ўша ерга бораман. Хотираларга ботаман. Баъзан уни ҳам узоқдан кўриб қоламан. Унга ичим ачийди. Ароқнинг падарига лаънат. Ярамас ичкилик бизни айирди. Ичкилик туфайли шунчалар тубанлашиб кетди. Рустам акамни биринчи, иккинчи курсдалигида кўрсангиз эди.
– И-е, исми Рустамми? – ажабландим мен. – Менга асли исмим Гадойқул деб алдабди-да?
– Ҳа, Рустам. Уялган-да исмини айтишга. Уялиш ҳисси қолибдиям. Талабалигидаги Рустам акам қани энди? Унга шайдо бўлмаган қиз кам эди. Унинг устида талашиб, биз қизлар юлишиб юрардик. Шеърлар ёзарди. Қўшиқ айтарди. Бокс бўйича шаҳар чемпиони эди. Университетда ундан кучли, ундан зўр йигит йўқ эди. У шунча қизнинг ичидан мени танлади. Бундан бахтиёр эдим. Уйдагилар, отам ҳам уни яхши кўрарди. Отам бокснинг ашаддий ишқибози эди-да. Рустам акамни уйга ҳам таклиф қилиб турарди. «Куёв ҳали олимпиада чемпиони бўлади», деб Рустам акам билан фахрланарди. Афсус, Рустам акам қамалиб қолдилар. Мени деб муштлашиб қамалганликлари учун ота-онам ҳам уни кечирдилар. Қамоқдан келишларини кутдик. Қамоққа кўрганиям бордик. Ота-онам ҳатто ароқхўр бўлиб кетганида ҳам чидашди. Даволатамиз, дейишди. Диспансерга жойлаштирдик. Аммо Рустам акам у ердан қочиб кетиб, яна ичди. Яна қамалди. Кейин мен ҳам тақдирга тан бериб, турмушга чиқиб кетдим. Турмушимдан нолимайман, тинч, фаровон яшаяпман. Ўғил-қизларим бор, севган касбим бор. Аммо юрагимда муҳаббат йўқ. Мен бошқа одамни севолмадим.
– Яхши шеър ёзган экансиз, шогирдларингиз шоир бўлибди. «Ўзи ҳам зўр шоир бўлар эди», деганди Рустам ака.
– Шоира бўлишни пешонамга ёзмаган экан. Мен турмушга чиққанимдан кейин бир сатр ҳам шеър ёзганим йўқ. Олдин ёзганларимни ҳам ёқиб юборганман.
– Рустам ака билан учрашишни, гаплашишни хоҳлармидингиз? – сўрадим мен.
– Жудаям хоҳлайман. Аммо ҳозир унинг ёнига қандай бораман? Нима дейман? Элга кулги бўламан-ку? Ичишини, ҳозирги... тиланчилигини ташласа экан. Одамларга ўхшаб, бирор жойда ишласа экан, ишхонасига бориб гаплашсам. Унинг ҳаётга қайтишини жуда-жуда истайман. Ҳаётга қайтаман, деса нима ёрдам керак бўлса бераман. Пулми, кийим-кечакми, нима деса бераман. Уй-жойи бўлмаса, бирорта уй олиб беришга ҳам тайёрман.
Мен мактабдан чиқар эканман, аёл кишининг мардлигига тан бердим. Унинг телефон рақамларини ёзиб олдим.
Бир куни, албатта, қўнғироқ қиламан. «Рустам ака одам бўлди, ҳамма ёмон одатларини ташлади, ишга кирди, келинг, гаплашинг, Насиба опа», дейман.
6. «Гадойни одам қиламан»
Шанба ва якшанба дам олиш кунлари бўлгани учун қишлоққа кетдим. Қишлоқ маза-да. Ҳавоси тоза. Табиати гўзал. Ҳамма сени танийди, сен ҳам ҳаммани танийсан. Ҳамма билан салом-алик қиласан. Энг муҳими, беш кун фақат стол-стулда ўтириб ишлашга маҳкум қилинган тана кетмон чопиб, ўроқ ўриб, терлаб ишлаб, чарчаб, маза қилади. Кечқурун, ишдан кейин анҳорнинг сувига гуппа калла ташлаганда роҳат қилади тана.
Икки кун қўлим ишда, хаёлим Гадойқулда бўлди. У ҳақида бир оғайним, қариндошимдек қайғура бошладим. «Нима қилсам экан?» «Қандай ёрдам берсам бўлади?» «Нима қилсам у ҳам бошқалардай яшайди?» деган ўйлар билан душанба куни ишга келдим. Хўжалик ишлари мудири Жамшид мени кутиб турибди экан.
– Ака, «Гадой билан етти суҳбат» деган ҳикоянгиз столингизда турибди экан. Ўқиб чиқдим. Ёмон ичим ачиди. Болалар айтди ҳаммаси бор гап экан, тўқима эмас экан, шундайми?
– Шундай, ука, – дедим мен ва уни ҳаётга қайтармоқчи бўлиб юрганимни, ўзига мос бирор иш қидираётганимни айтдим.
– Агар эпласа, менда зўр иш бор, – деб қолди Жамшид. – Хабарингиз бор, омборхонамиз қоровулини кечаси жойида ётмаганлиги учун уч кун олдин ҳайдаб юборувдим. Ўрнига одам олганим йўқ. Ойлиги яхши. Қоровулхонада яшаб юраверади. Ҳамма шароити бор. Овқат пишириш учун алоҳида хоначаси, газ плитаси бор. Сув, газ беминнат. Қишда гупиллайди. Қишда ўзим ҳам ўша ерда ўтираман. Хуллас, айни гадо¬йингизбоп жой.
Жамшиднинг таклифи мени қизиқтириб қўйди. Тушликдан кейин Жамшид билан омборга ўтдик. Ҳақиқатдан роса Гадойқулбоп жой. Бундан зўрини топиш қийин.
– Бу ерда бемалол бир оила яшаса бўлар экан, – дедим Жамшидга.
– Ҳа, ўзини ўнглаб олса, ўзига мосини топиб уйлантириб ҳам қўямиз, – деди Жамшид. – Ҳовлидаги дарахтларни қаранг, ҳаммаси серҳосил. Экин экса бўладиган ерлар ҳам анчагина. Ишдан қочмаса бўлди.
Мен Жамшиддан хиёбонга ташлаб ўтишини илтимос қилдим.
Гадойқул одатига кўра, ҳайкалча қошидаги ўриндиқда ўтирганча қўлидаги сурат билан суҳбат қиларди:
– Насиба, мана, бугун ичганим йўқ. Бир қултум ҳам ичганим йўқ. «Ичсангиз менинг олдимга келманг», девдинг. Шунинг учун бугун келдим. Бошқа кун ҳам ичмайман дейман, аммо нима қилай, ичмасам, ўлиб қоладиганга ўхшайман. Неча марта сенга сўз бердим, ичмайман деб. Аммо ичмаган куним ҳеч ким менга бир сўм пул ҳам, бир бурда нон ҳам бермайди. Қайтага битта яримтани уриб, мелисага тушаман. Ичсам, жанжал қилмайман, индамайгина тиланчилигимни қилиб юравераман. Аммо ҳаммаси жонга тегди. Яқинда сеникига бораман. Сени охирги марта кўраман. Кейин бу ерлардан бош олиб кетаман. Ҳамма нарса жонимга тегиб кетди. Яшаш ҳам жонга тегди. Тоғам ҳақ экан.
Мен секингина Гадойқулнинг ёнига ўтирдим. У менинг келганимни пайқаб, ўгирилиб қаради ва суратни газетага ўраб, ёнига солиб қўйди.
– Ҳа, шоир, мени излашдан бошқа ишингиз йўқми? Бу кетишда бора-бора, қизиқиб қолиб, ўзингиз ҳам бизнинг касбга ўтиб кетманг тағин, – деди Гадойқул. – Ҳалиги... ҳаҳ оти нимайди, ўқигандирсиз? «Лаби тиртиқ одам» эди адашмасам ҳикояси?
– Артур Конан Дойл, – эслатдим мен.
– Ҳа, Конан Дойл, ўқиган экансиз, – деди Гадойқул. – Унинг ҳам қаҳрамони сизга ўхшаб журналист бўлади. Гадойлар ҳақида ёзишдан олдин уларнинг ҳаётини ўрганиш учун икки-уч кун тиланчилик қилади ва уч кунда топгани бир ойлигидан зиёд бўлганини кўриб, журналистлигидан ҳам воз кечиб қўя қолади. Шунга ўхшаб, сиз ҳам бир куни бизнинг сафимизга ўтиб кетманг, дейман-да.
– Йўқ, мен гадойлар сафига қўшилмоқчи эмасман, – дедим мен. – Аксинча, сизни ўзимнинг сафимизга қўшмоқчиман.
– Қандай қилиб? – менга қарамай сўради Гадойқул. – Бирор нима ёзаманми?
– Йўқ, ёзмайсиз. Бизда бир омбор бор. Ўша ерга битта қоровул керак. Қоровулхона, яна битта ошхонача сизнинг ихтиёрингизда бўлади. Газ, сув, ҳамма шароити бор. Ҳатто телефонингиз ҳам бўлади.
– Кимга телефон қиламан?
– Ҳали топилиб қолади телефон қиладиганингиз. Балки ҳаётга қайтганингизни эшитса, хурсанд бўлиб, Насиба опа телефон қилар? Ё сизга ёқмайдими, «Алло, Рустам ака», деган овоз?
Гадойқул ўрнидан туриб кетди. Унинг кўзларида биринчи марта ўт кўрдим.
– Насибани топибсиз-да?! Топдингизми?! Шундайми?
Мен бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилдим.
– Соғ-саломатмикан? – елкамдан ушлаб, силкилагандай қилиб сўради у. – Ҳозир ҳам ўшандай ... чиройлими?
Йигирмага яқин саволидан кейин жавоб бердим:
– Соппа-соғ. Сизга салом айтди. Биласизми, ҳалиям унинг қалбида экансиз. Аниқроғи, сизнинг муҳаббатингиз. У ҳам баъзан шу ерга келиб, сизни узоқдан кўриб кетаркан. Гадойлик қилиб юрганингизни ҳам биларкан. У ҳам ҳар замон худди шу ерга келиб, ҳайкалчаларингиз билан гаплашиб-гаплашиб кетаркан. Гоҳ-гоҳида душанба кунлари келиб, сизни узоқдан кузатиб-кузатиб кетаркан.
Гадойқул нари-бери бориб кела бошлади. Ҳайкал ёнига ҳам икки-уч бориб келди. Ниҳоят, ёнимга ўтирди. Қарасам кўзлари ғилтиллаяпти.
– Гадойқул ака, э, кечирасиз, Рустам ака, Насиба опа келиб, сиз билан гаплашишини хоҳлайсизми?
– Насибани бир кўриш учун ўлимга ҳам тайёрман.
– Ўлишингиз шарт эмас, – дедим мен. – Гадойликни ташлайсиз, мен айтган ерда яшайсиз ва ишлайсиз. Иккита қоровулнинг ўрнига ҳам ишлайсиз, ойлигингиз яхши бўлади. Бир-икки йилда уй ҳам оласиз. Энг муҳими, ичишни ташлайсиз. Насиба «Гадойлик қилмаса, ичишни ташласа олдига бораман», деди.
– Аниқ шунақа дедими? – сўради хурсанд бўлиб Рустам.
– Аниқ, чин сўзим, – дедим мен.
– Бўпти. Борганим бўлсин. Ишлаганим бўлсин.
– Унда, туринг, ҳозир бир иш қиламиз, – деб уни тур¬ғиздим.
Рустамни тўғри ҳаммомга олиб бордим. Ҳаммом ичидаги сартарошхонага олиб кириб, соч-соқолини қирдириб ташладим. Сартарош ҳам бир мижоз кўргандай бўлди. Рустамни ҳаммомга киритиб, ходимининг қўлига бир кило гўштнинг пулини бериб, обдон уқалашни буюрдим. Ўзим ҳаммом ёнидаги каттакон ойнаванд дўконга ўтдим. Аввалига Рустамга битта шим ва кўйлак олмоқчи бўлдим. Ке¬йин унинг бир умр пиджак ҳам кийиб юришини эслаб, «битта кўйлакда совқотиб қолмасин, бечора, устига соч-соқоли ҳам йўқ энди, яна тўрт-беш йиллик кирлари тўкилди», деб ўйладим. Ёз ва куз мавсумларида кийса бўладиган юпқароқ матодан тикилган оч қўнғир тусдаги костюм, оқ кўйлак, костюм рангидаги тешикча-тешикчали туфли, рўмолча ва пайпоқлар сотиб олдим. Рустам ҳаммомдан чиққандан кейин ҳалиги кийимларни кийишини буюрдим. У аввалига унамади. «Нима кераги бор эди, ишласам ўзим олардим», деб норози бўлди. «Ишлаб пул топсангиз қайтарарсиз», деганимдан кейингина янги кийимларни кийди.
Тавба, кийим одамни қанчалар ўзгартириб юборади-я! Рустам – Гадойқулни таниёлмай қолдим. Дуппа-дуруст пўрим бўлди-қолди. Жентльмен. Эски кийимларининг чўнтакларидан аввал Насибанинг суратини, кейин қолган-қутган пулларини олган Рустам собиқ «иш кийимлари»ни мен янги кийимларини солиб келган елимхалтага жойлаб олди. Қарасам қадрдон кийимларидан ажралгиси йўқ. Секин қўлидан олдим-да, халтаси билан ахлат қутига ташлаб юбордим. Рустам зўрма-зўраки жилмайиб қўйди. Аммо ҳаммомдан чиқаётганимизда каттакон ойнага ўзини солиб, роса маза қилди. Очилиб, яйраб кулди.
– Шоир, ўлай агар энди ҳеч ким мени танимайди. Ишонмасангиз, юринг, бозорга борамиз, жўраларим ҳам танимайди, – деди лаб-лунжини йиғиштириб ололмаётган Рустам.
– Бозорга бормасак бўлмайди, – дедим мен. – Бориб сизга битта қалпоқ олмасак, бошингизни офтоб уриб қўяди.
Бозорга бордик. Рустамга битта андижонча дўппи олиб бердим. Шунақаси унга роса ярашди. Ана энди Рустам гадой эмас, ҳақиқий Рустами достон, Рустам посон бўлди-да. Кейин тиш ювадиган, соқол оладиган нарсалар, совун, атир, сочиқ сотиб олдик.
Бозордан чиқишда Рустамнинг «академик» ошнаси – Романи кўриб қолдик. «Сиз жим туринг», деб Рустамга ишора қилиб Ромадан сўрадим.
– Рома, манави кишини танийсанми?
Рома Рустамга бошдан-оёқ бир қараб олди-да деди:
– Танимадим, домулломи?
– Ҳа, домулло, – дедим мен. – Энди домла бўлади.
– Риф Сагитович, наҳотки танимадингиз? – деди Рустам.
Рома жўрасини овозидан таниб, кўзлари катта-катта очилиб кетди:
– Гена, сенмисан? – кўзларига ишонмасди Рома. – Бик яхши, бик матур. Молодой бўлған, красивый бўлған.
Кейин менга ҳам кўз югуртириб, Рустамдан сўради:
– Родственникларинг сени топдиларми?
– Ҳа, шундай деса ҳам бўлади, яхши қолинг!
Мен Рустамни тўғри омборга олиб бормоқчи эдим. Аммо Рустам «Эртага ўзим бораман», деб аниқ манзилни сўраб олди.
– Бугун нима қилмоқчисиз,
юраверинг, қаерда қолмоқчисиз? – деб сўрадим ундан.
– Менинг ҳам ўзимга яраша кўч-кўроним бор. Бир ошнамникида бир чемодан китоб-дафтар, суратлар, энг муҳими, ҳужжатларим бор, ўшаларни олиб, эртага ўзим ўтаман.
Тавба, тавба! Гадойнинг ҳам кўч-кўрони бўлиши мумкинлиги хаёлимга келмабди. Начора, гадойнинг охирги илтимосига кўниб, бозор ёнидан машинага ўтириб, уйимга кетдим.
Уйга келиб, бугунги бўлган ҳамма воқеаларни тўлиб-тошиб, хотинимга айтиб бердим. У ҳам гадой ҳақида эшитавериб, уни сиртдан таниб қолган эди. Ҳатто бир гал «Қишлоқда яшаганимизда олиб кетардик, битта хонани ажратиб берардик, яшайверарди, бу ерда ўзи иккитагина хонамиз бўлса, иложимиз йўқ-да», деб ачинганди. «Қишлоққа олиб бориб, бирор қариндошимизникига жойлаштириб келсангизчи», деб ҳам сўраганди. Бугунги ишимдан у ҳам хурсанд бўлди.
– Энди насиб бўлса, одамларга қўшилади, ўзини ўнглаб олади, – деди у. – Кийимларини янгилаб бериб, яхши қилибсиз, савоб. Бола-чақамизнинг бошидан садақа. Бир томони, жулдур кийимларида, соч-соқоли ўсиб келса, хўжа¬йинларингиз ишга олиши ҳам гумон эди.
Хотиним ҳам менинг ишларимни маъқуллаётганидан мамнун бўлдим. Бир кишини ҳаётга қайтараётганимдан фахрланиб, жуда катта иш қилаётган одамдек тўлқинланиб, ижодхонамга ўтдим.
Қиссамнинг янги бобини бошладим.
7. Алвидо, гадой!
Сешанба куни Гадойқул – Рустамнинг эмас, худди ўзимнинг ҳаётимда катта воқеа бўладигандай катта ҳаяжон билан ишга бордим. Ҳамкасб¬ларимга кеча қилган ишларимни қўшиб-чатиб сўзлаб бердим.
Фарҳод яна ишонмади, Наргиза яна лабини бурди:
– Гадой барибир гадойлигини қилади, ҳеч қачон одам бўлмайди, эссиз костюм, ўзингиз кийсангиз яхши эди!
Орзумурод, яна икки-уч ходимларимиз ёшарган, чиройли бўлган, олифта кийинган собиқ гадойни тезроқ кўргилари келаётганини айтишди. Бахтга қарши Жамшид ҳам ҳар замон омбордаги қоровулхонадан телефон қилиб, «Келмади-ку акангиз», дейишини қўймайди. Мен ҳар гал унга «келади, албатта, келади» дейман.
Гадойқулим, акам, Рустамдан эса нимагадир дарак йўқ эди.
Мен ўзимни чалғитиш учун бошлаб қўйган қиссамни (у энди ҳикоя эмасди) олиб сўнгги бобини ёзиб тугатдим ҳамки, Рустам келмади.
Қиссам жуда гўзал тугади. Ўзим ҳам унинг шундай якун топганидан хурсанд бўлдим. Ҳамкасбларимга ўқиб берганимда улар «офарин» деб қарсак чалиб юборишди. Қиссам сўнгида менинг Гадойқулим тиланчиликни, ичишни ташлади. Меҳнат қилиб, барака топди, уй олди. Уйланиб, бола-чақа қилди. Газетамизга олдин бир-икки кичикроқ нарсаларини берди. Охир-оқибат катта-катта ҳикоялар, қиссалар ёзди. Китоби чиқди. У ҳақида газеталарда ёзишди. Бошидан ўтказганлари тўғрисида ёзган қиссаси асосида фильм суратга олинди. Фильм шов-шув бўлди. Катта бир кинофестивалда мукофот олди. Олтмиш ёшга кирганда катта тўй қилди. Ўз ҳовлисидаги тўйга Насиба келди. Тўйда Гадойқулим болалари билан келиб, менга тўн, дўппи кийдирди, белимга белбоғ ўради.
Аммо ҳақиқий Гадойқулдан, Рустамдан дарак йўқ эди. Охири мен тоқатим тоқ бўлиб, уни қидириб шаҳарга чиқдим. Қоронғу тушгунча уни кўприк, бозор, зиёрат жойлардан, гавжум ошхона, ресторанлар олдидан изладим. Аммо Рустам ҳеч ерда йўқ эди.
Охирги нажот деб Рустам кечқурунлари «қўнадиган» пивохонага кирдим. Столлар, пивохўрлар оралаб уни қидираётганимни кўрган пивохона хўжайини чақирди:
– Генани қидираяпсиз, шекилли-а?
– Ҳа, ўша... кишини қидираяпман, – дедим мен.
– Ҳожатхона томонга ўтиб кетувди.
Мен пивохонани айланиб, орқа тарафга ўтдим.
Во, дариғ! Рустам пивохўрлар бул¬ғаб кетган ҳожатхона ёнидаги ифлос майдончада ғужанак бўлиб ётарди. У оёғида туролмайдиган маст эди.
Дарвоқе, оёғида кеча мен олиб берган туфли йўқ эди. Эгнида ҳам фақат кўйлак бўлиб, кўйлак кеча мен олиб берган кўйлакка ўхшамас, дабдаласи чиққан эди. Костюмдан абжағи чиққан шим қолибди. Пиджак ҳам, дўппи ҳам йўқ эди.
Миналаштирилган майдондан ўтаётгандек эҳтиёт бўлиб бориб, Рустамнинг қўлидан тортиб турғаздим. Ундан таралаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмасди. Етаклаб бориб, нарироқда оқаётган ан¬ҳорга итариб юбордим. У сўкина-сўкина қирғоққа чиққанда яна сувга итариб юбордим. Бу ҳол тўрт-беш марта такрорлангач, Рустам сўкинишдан тўхтаб, ялинди:
– Бўлди, шоир, бўлди. Энди ўлиб қоламан!
Унинг қўлидан тортиб, сувдан чиқариб олдим. Ўзим ҳам қўлларимни ювдим. Анҳор бўйидаги тахта ўриндиққа ўтирдик.
– Туфли қани? – бўлди биринчи саволим.
Жавоб ололмадим.
– Дўппи қани? – бўлди иккинчи саволим.
Яна жавоб йўқ.
– Ҳеч бўлмаса, пиджакни нима қилганингизни айтиб берарсиз?
– Сотдим, – деди ғўлдираб Рустам. – Мени сен расво қилдинг, шоир. Ким сўровди сендан мени одам қил деб?
Э, тавба, ҳали гуноҳкор бўлсам эди-я. Ака сенсираб ҳам юбордилар-ку? Бу ёғи қандоқ бўларкин?
– Ҳеч ким менга пул-мул бермай қўйди. Кўприкка борсам, у ердагилар комиссия деб ўйлашди. Бир-иккита ногирон ва мендан бошқа одам қолмади. Тилана олмадим. Бозорга борсам, «Афғон»нинг йигитлари қувиб солди. Хуллас, қаерга борсам, қувилдим. Сен олиб берган кийимлар бошимга бало бўлди. Пиджагингни иккита ароққа алмаштирдим. Икковини ичиб бўлгач, чўнтагимдаги Насибанинг сурати эсимга тушди. Аммо мендан пиджакни сотиб олган одамни тополмадим. Аламига келиб бу ердан пиво ичдим, сен олиб берган қалпоққа кимдир уч кружка пиво олиб берди. Туфлингни билмайман. Ухлаб қолганимда кимдир ечиб олибди. Ўзинг олмадингми?
– Ҳе, турқинг қурсин! – биринчи марта унга қўпол гапирдим. – Кеча гаплашган шунча гапимиз нима бўлди? Нега ишга бормадингиз? Ахир сизни кун бўйи кутдим-ку? «Рус¬там акани одам қиламан, бугун ишга чиқади», деб Насибага ҳам қўнғироқ қилиб қўювдим. Ҳаммасини расво қилдингиз-ку?
– Ҳужжатларимни олиб келаман, деб борсам, ошнам битта ароқ қўйди. «Одам бўлганингни ювамиз», деди. Шу, ... шу билан бошланиб кетди. Ишинг эсимданам чиқиб кетибди.
Жуда аччиғим чиқди. Наргизанинг «Гадой ҳеч қачон одам бўлмайди», деган сўзлари қулоғим остида жаранглагандай бўлди. Баҳромнинг «Гадой билан битта рўйхатга қўл қўйиб олган ойлигимнинг ҳаммасига зиёфат қиламан», деган гаплари миямга урди.
– Расво қилдингиз, Рустам ака, – дедим аламимдан бўғилиб. – Қанақа Рустам ака, сиз Гадойқул акасиз. Билдингизми, Гадойқулсиз! Гадойсиз!
Мен ўрнимдан туриб кетдим.
– Менинг юзимни ерга қаратдингиз.
– Сен, сен менинг суратимни топиб бер! – Гадойқул ҳам гандираклаб ўрнидан турди. – Насибанинг суратини топиб бер!
Қарасам, мушт соладигандай нияти бор, чап бериб, «Ҳали бу яна озроқ чўмилиши керак экан», деб ўйладим-у яна сувга отиб юбордим. Яна икки-уч марта сувга тушиб чиққач, кечки салқиндан тишлари такиллай бошлади.
– Ўша ошнангизникига бориб, кийимларингизни қуритиб, дазмоллаб, одамга ўхшаб ишхонамга боринг, эртага ишга чиқасиз, – дедим ва аччиқ билан уйга қараб кета бошладим.
Орқамдан Гадойқулнинг сўкинганини эшитдим:
– Ҳе, ишингни...! Ундан кўра, бир кружка пиво олиб бериб кетсанг ўласанми? Ҳе қурумсоқ!
Наргизанинг яна бир гапи қулоғимга эшитилгандай бўлди: «Шу костюмни ўзингиз кийиб келсангиз яхши бўларди».
Эгнимга қарадим. Рост, кўйлагим уриниб қопти. Шимимни бултур ёздан бери кияман. Бундай ўйлаб қарасам, умримда шунақа енгил, ёзлик костюм киймаган эканман. «Ҳа, ўла, аҳмоқ, шунча пулга ўзингга ё хотинингга бирор нарса олсанг, ўлармидинг, ўғлингга қачондан бери сўраб юрган кроссовкасини олиб берсанг бўлмасмиди?» дея хафа бўлиб кетдим. Ҳа, майли, жойини топмаган бўлсаям садақа бу ҳам. Энди пишиқ бўламан. Шу хаёллар билан уйга етиб бордим.
– Дадаси, келдингизми? Ҳаяллаб қолдингиз-а? Айтган одамингиз ишга келдими? – саволларни қалаштириб ташлади хотиним.
– Ҳаммаси яхши, – дедим уйда киядиган кийимларимни кийиб диванга чўзиларканман. – Аммо биласанми нима, келаси ойликдан Гадой¬қулга олиб берган ёзлик кос¬тюмимдан ўзимга ҳам битта оламан.
– Олинг, дадаси, олинг. Сизга ҳам оч қўнғир рангли костюм роса ярашади. Шунақа рангли туфлиям олинг. Чиройли кўринади. Гадойқулингиз ишга чиройли бўлиб боргандир? Ҳамма қойил қолгандир?
– Ҳа, ҳаммани, ҳаммаёқни қойил қилди, – дедим кўзларимни юмиб.
Эрталаб ишга бориб биринчи қилган ишим қиссамнинг сўнгги бобини майдалаб ахлат челакка ташладим. Аччиқ билан сўнгги бобни бошқатдан ёздим. Энди менинг Гадойқулим олдингидан ҳам баттар гадой бўлди. Хотирасини йўқотган гадой бўлди. Мени ҳам кўрса танимайдиган гадой бўлди. Қорларда ялангоёқ тиланиб юрадиган, очликдан қорларни, музларни **** юрадиган гадой бўлди. Қиссам сўнггида хиёбонда, ўша ўзи севган ўриндиқда совуқдан
тарашадек қотиб, ... ўлиб ётди.
Яна икки қатор ёзай, ўлигини олиб бориб одамдай кўмай, дедим-у, аччиғимдан ёзмадим.
«Ўлигини кўмгим келмади».
Мен Гадойқулдан аразладим.
Мен гадойдан аразладим.
Ишхонамдагилар икки-уч ҳафта устимдан кулиб юришди.
– Айтмовдимми? – деди Наргиза.
– Зўр гапларни тўқиб юрасиз-да, – деди Фарҳод. – Бошида билувдим аслида унақа гадой йўқлигини.
– Аммо мен кўрувдим, – деди Орзумурод. – Ҳикояда таърифланган гадойга ўхшарди.
Ойлик олаётганимизда эса Баҳром намойишкорона бутун рўйхатни қараб чиқди:
– Гадойқул Бомжин, рўйхатда йўғ-у, ака, ойликни оласизми ёки рестораннинг ҳисобига ўтказаверасизми?
Уларга кулиб қўя қолдим. Аммо ичимдан зил кетди.
«Қачон кўзим очиларкин-а? Қачон пишиқ бўламан-а? Ҳаммага яхшилик қилавераман. Э, яхшиликниям билганга қил экан-да. Гадойгаям яхшилик қиламанми-а»?
Аммо кўп ўтмай уни кўргим келиб қолди. Уни ўйлай бошладим.
Душанба куни тушлик маҳали хиёбонга ўтдим.
Во, дариғ! У йўқ! Биринчи марта Гадойқул одатига хилоф иш қилди. (Балки у уч-тўрт душанбадан бери келмаётгандир?) Уни тушлик пайти тугагунча кутдим. Келмади.
Кейинги душанба куни ҳам Гадойқулни кўрмадим. Уни кечгача кутдим.
Учинчи душанба куни саҳардан ўғлимни мактабидан олиб қолиб, Гадойқулнинг ўриндиғига ўтқазиб қўйдим.
– Шу ерга ким келиб ўтирмасин, дарров қўнғироқ қиласан.
Аммо Гадойқул келмади.
Уни кўприкдан, бозордан, бориши мумкин бўлган ҳамма ердан изладим. Аммо Гадойқул ҳеч ерда йўқ эди.
Бозорга бориб Ромадан – Гадойқулнинг «академиги» Риф Сагитовичдан ҳам сўрадим. Мен билан кўргандан кейин кўрмабди. «Айфонли мўлтони» ҳам охирги марта кос¬тюмда кўрган экан.
Пивофурушдан сўрадим. Ўша мен анҳорда «чайиб олганим»дан сўнг шалаббо ҳолида келиб, битта вино олибди. Шу ернинг ўзида уни тишлаб очиб, ичибди. Кейин қаёқ¬қадир кетибди «шилдир-шилдир суви оқиб». Қайтиб кўринмабди. Касалхоналар-у, ўликхоналарни, ҳушёрхоналарни суриштирдим, йўқ.
Мана, бу воқеаларга ҳам олти ой ўтди. Гадойқул – Рус¬тамни ҳеч жойда қайтиб учратмадим. Бозорга борсам ҳам доим гадойларни кузатаман. Жума намозларига борсам киришда ҳам, чиқишда ҳам гадойлар сафини қарайман. Афсуски, Гадойқул йўқ. Бегона шаҳарларда юрганимда ҳам гадойлар орасидан уни қидираман. Биров гадой ҳақида бир нима деса, Гадойқулнинг белгиларини айтиб суриштираман. Биров Гадойқулни кўрдим демайди.
Мен Гадойқулни йўқотдим. Бутунлай йўқотдим.
Мен унга яхшилик қиламан дедим, қўлимдан келмади. Аммо ёмонлик қилиб қўймадиммикан? Гадой бўлиб гадойлар сафига, тузук одам бўлиб тузук одамлар сафига киролмайдиган қилиб қўймадиммикан?
Ишқилиб, бирор фалокат рўй берган бўлмасин-да.
«Гадойқул ака, Рустам ака, биламан, бизнинг газетани ўқийсиз, сиз ҳақингиздаги қиссамни ҳам албатта ўқийсиз. Уни «Гадой билан етти суҳбат» деб номлаганимни биласиз. Сарлавҳасига кўзингиз тушса бўлди, албатта ўқийсиз. Ўқисангиз, унутманг, мен сизни қидираяпман. Мен сизни кутаяпман. Қолганини учрашганда айтаман. Ранжитган бўлсам кечиринг!»
Қиссамнинг охирига шу сўзларни ёздимда, унга сўнгги нуқтани қўйдим.
Тамом.
Каримберди Турамурод.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев