Қайнона-келин можаролари ҳақида кўп ёзилади. Кимгадир раҳматли Турсуной опанинг ўгитлари ёрдам берар деган умидда сизга улашгим келди.
КЕЛИНИМ ҚИЗИМ, АТИРГУЛДАЙ СЎЛИМ ҚИЗИМ...
Аввало яхши келин сўра. Кейингина ўғил сўра. Келининг ёмон бўлса. ўғилсиз қолаверасан.
Қайнона одил бўлмаса уйда ҳар куни қиёмат.
Келин олиб, Гапини ташқарига чиқармаган аёлга қиз беринг.
Келинингиз қовоғи уюлиб, очилмай қолса, энг яқинда турган сиз айбдорсиз – совуқ ҳаво тегаверса, тегаверса, шиғил мева қилган дарахт ҳам косовга айланади-да!
Айтганингни қиладиган келинга раҳмат! Аммо айтмаганингни ҳам қиладиган келин роҳатдир!
Яхши келин мусаввирдир – рўзғорингни бадиий асарга айлантиради.
Болалигингда онанг ардоғида қандай яйраган бўлсанг, келинли бўлгач, унинг бағрида яна онасини топган боладай маза қиласан.
Ўғлимдан ҳам, қизимдан ҳам келинларимни ортиқ кўришим рост. Чунки, оғзимдан чиққанини дарҳол ижро қиладиган беминнатларим-улар!
Қўли очиқ келиннинг йўли очиқ бўлади.
Яхши келин “меники” деган сўзни ишлатмайди.
Аввал ўғлини ҳумат қилиб, кейин онасини эъзозланг. Бола онанинг жонидир.
Келинимнинг ўғлимга дашном бераётганини эшитиш ўзимнинг бадном бўлишимдир.
Ўғлимга қўлини қилич қилиб гапираётган келин-меники эмас!
Ака-укалар орасидан оқибат қочса, келинларни жазоланг.
Овсинларнинг тили бир бўлса, эрларнинг дили бир бўлади.
Яхши келини бор хонадон бош тараган қиздай ярақлаб туради.
Кир тўпламаган келиннинг уйида дур тўпланади.
Гап қайтармаган келин – болангдан азиз.
Болаларини оғритмай катта қилган келин – доно келин, уйидан шиптир ҳиди келмаган келин эса ундан ҳам аъло келиндир.
Бола гул-ундан гулнинг ҳиди келиб туриши керак.
Доимо ниманидир ўрганадиган келин – бўладиган келин.
Келиннинг савол берадигани эмас, тинглайдигани – яхшиси.
Агар ўғиллар ота ҳовлисини сотсалар, ё ер талашиб жанжалхонага айлантирсалар, руҳларнинг қўли келинларнинг ёқасидадир.
Бутун бошли авлод шажарасини тузадиган ҳам, бузадиган ҳам келинлардир. Чунки занжир улар, кўприк улардир!
Онам раҳматли дангал аёл эди. Ўзи билган айрим хондонларнинг тўйигa ҳам кирмасди. “Уй тутмай ўлсин шу аёл, умр бўйи тўшаги оқармай ўтди-я”,-дер эди астойдил куйиниб. Келиннинг чатоғи кўрпачасидан маълум бўлади.
Уйимизда каму кўст кўп эди, аммо ҳеч қачон кир тўшак бўлган эмас.
Tўй кечаси чимилдиққа кириб кетаётган ўғлини бир бор чақириб ўзига қаратиш удум эмиш. Токи онасининг чорлаб турган овози қулоғига, нигоҳи нигоҳига ёзилиб қолмасин учун, токи аёлининг пойига мук тушмасдан, ортига бот-бот қараб, онасининг кўзини излаб туриши учун...
Келин ойим, яхши келин аталай десангиз, жуфтингизга ортда қолган онасии тез-тез эслатиб туринг...
Ҳаргиз пичинг, кесатиқ ишлатманг, у душманнинг усулидир.
Келиннинг ота-онаси ҳақида салбий гапларни келинга эшиттириб айтманг, сиз билан уни боғлаб турган нозик ип узилади.
Қизидан кўнглингиз тўлмаса ҳам, қудаларга марҳаматли бўлинг – сиздан қувонса, қизини сизга эгиб беради.
Келинни ўғлингизга ёмонламанг, сочингизнинг оқи билан унга сиз чора тополмайсизу, ғўр йигит нима қилолади?
Ўғлингизни келинга мақтанг, уни эшитиб ўғлингиз сизга янада яқинлашса, иккинчи томондан, жуфтининг олдида боши баланд бўлади.
Ўзимдан кейин қизларим хор бўлмасин десангиз, келиннинг кўнглини овланг. Эшигингизни очиб, чироғингизни ёқиб қоладиган, қизларингиз келса, кўрпача солиб, сизнинг ўрнингизга қозон осадиганлар шулар!
Ўзингиз тўнғиллаб турсангиз ҳам, қизларингизни келинларга ҳиммат ва меҳр кўрсатмоққа чорланг, ҳатто мажбур қилинг. Биздан кейин жигарларни бир-биридан жудо қиладиган ҳам, бирлаштирадиган ҳам шу келинлар.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев