Қисса.
Давоми...
Ҳа, ҳаммаси ажойиб эди. Ёш нарса барибир ёш-да, Фотима инқиллаб-синқиллаб кун-узун қиладиган юмушни Сора ўйнаб-ўйнаб бир пасда қилиб ташлайди. Уй-жойига бирдан файз кирди. У ош-овқат, кир-чир, юв-чай ташвишларидан буткул қутилди. Кўпинча кечқурунларини чироқни ҳам, телевизорни ҳам ёқмай қоронғу тун қаърига тикилганча жим ўтираверарди, тунларида уйқу, кунларида халоват йўқ эди. Битта нарса – соғинч ва ёлғизлик отлиғ бир азоб бемадор юрагини ғижимлайверарди, ғижимлайверарди. Ҳамон юрагида соғинч симиллаб турган бўлса-да, Довуд билан Сора ҳаётига нур олиб кирди, оғриқлар, изтироблар бироз чекингандек бўлди. Ўқувчилик пайтлари бошини ердан кўтармай ўтирадиган Довуд жуда дилкаш йигит бўлиб улғайган эди, алламаҳалгача Фотима билан Соранинг ўртасига ўтириб олиб, бир-биридан қизиқ латифалар сўзлаб берар, у ёқ бу ёқдан гурунглашиб ўтирарди.
Ҳаммаси яхши эди...
Лекин бир куни кечки пайт Довуд қўлида аллақандай қоғоз билан унинг ёнига кирди. Нимадандир ташвишланиб, ҳам хижолат бўлиб тургани юз-кўзларидан сезилиб турарди.
-Ҳа, тинчликми? Нега кайфиятинг йўқ?
Довуд унга қўлидаги қоғозни узатиб, ўзи бир четга ўтиб ўтирди.
Фотима хавотир билан шошиб қоғозга кўз югуртирди: “Ўғлим Довуджон, соғ-саломат юрибсанми? Келиним, Фотима устоз яхшими? Мендан сўрасанг, анчадан бери тобим йўқ. Ўн етти кило вазн йўқотибман. Касалимнинг учи чиқмаяпти. Атрофимда ажал шарпаси изғиб юрганга ўхшайди. Ҳаётим поёнига етаётганлигини сезиб турибман. Минг бир истиҳола билан сендан бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Агар Фотима устоз рози бўлса, умримнинг сўнгги кунларида Ўзбекистонга қайтиб, мен учун қондошларимдан ҳам қадрлироқ бўлиб қолган инсонлар билан кўришиб, беш-олти кун суҳбатларини олсам, дегандим. Сезиб турибман, бу ёғи жуда кам қолди. Аллоҳ ўша юртларнинг тупроғи насиб қилган бўлса, балки омонатини ҳам сенинг ёнингда олар. Худодан кеча кундуз сўраганим ҳам шу аслида. Ўғлим, мен учун оёқларига йиқилиб, таволло қилиб бўлса-да, Фотима устознинг розилигини олиб, менга зудлик билан қўнғироқ қил. Қўнғироғингни бетоқатлик билан кутаман”.
Фотима мактубни ўқиб бўлгандан сўнг ҳам анча пайт ундан кўзини уза олмай қараб қолди: “Буёғи қандай бўлди энди? Келса, касал кампир, шубҳасиз, ўғил билан келиннинг ўртасига кириб ётмайди. Фотима ёнига олиши керак. Мобода ўлиб-нетиб қолса... Яҳудийчасига кўмиш, маросимлар ўтказиш керак бўлади. Қўни-қўшни нима дер экан?”, у секин бошини кўтариб, қаршисида жовдираб турган йигитга қаради. Унга ачиниб кетди: “Ҳа-а, буям тақдирида бор экан, қисматдан қочиб қаёққа ҳам борарди? Одамлар нима деса, дер. Бир бечорага бошпана бериб, ўлим олдидаги сўнгги орзусини амалга ошириш гуноҳ эмас-ку ахир! Яҳудий ҳам худонинг бандаси”.
-Розиман, ўғлим. Келаверсин.
Довуднинг қўй кўзлари чақнаб кетди, ўрнидан сапчиб туриб, Фотиманинг ёнига келиб чўккалади-да, қўлини олиб, лабларига босди, кўзларига суртди:
-Йўқ, демаслигингизни билар эдим. Раҳмат, устоз. Эҳтимол бу онамнинг сўнгги илтимосидир. У бажаришимга сиз ёрдам бердингиз. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. Тўғри, онам хато қилди, кетмаслиги керак эди. Опам чақиравериб қўймади уни, у мажбур бўлди. Лекин у ўзбекларни, Ўзбекистонни жуда яхши кўрарди.
Сўнг у югуриб, ҳовлига чиқиб кетди: “Мен тезроқ онамга қўнғироқ қилайин”.
Тўғрисини айтганда, Фотима устознинг уйига яҳудий аёлнинг жойлашиб олганига ҳеч ким ҳайрон бўлмади. Фотима ёшларга халал бермасин, деб кампирга ўзи яшаётган уйдан бир хонани ажратиб берган эди, бутун уйи меҳмонни излаб келувчи собиқ қўшнилари билан тўлиб кетди. Ўғли билан келинини, қўшниларини кўриб, кампирнинг ҳам чиройи очилди, ундан бундан тотиниб, секин-аста овқатга кирди. Бири қўйиб, бир излаб келаётган қўшниларга қараб, бу аёлнинг яҳудий эканлиги Фотиманинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетди. Аёлгина уч-тўрт кунда оёққа туриб, ҳовлига чиқди. Ўғлидан машина топиб, ўзлари яшаган кўчаларни айлантириб келишни илтимос қилди. Шу бўйи бир ҳафта йўқ бўлиб кетди. Довуднинг айтишича, қўшнилар қўярда қўймай олиб қолган эмиш. Бир ҳафтадан сўнг кампир ғалтакдай бўлиб, бурушиб ётган ажиндор юзларига ранг югуриб, уйга қайтди: “Қарасам, улар сира қўймайдиган. Шошмай туринглар, икки кунгина Фотима устозникига бориб, болагинамнинг дийдорига тўйиб келайин, кейин сизларникига ўтаман, деб қочиб келдим”. “Жуда ажойиб қўшниларингиз бор экан”, “Э-э, нимасини айтасиз? Баҳоси йўқ инсонлар!”, “Ҳа-а, ўзингиз ҳам яхши аёлсиз. Хизматларини қилгандирсиз, яхшиликларингиз ўтгандир. Бўлмаса, шунча излашармиди?”, “Билмасам, шунча йил борди-келди, олди-берди қилиб, бирон марта ўртада сеники-меники, деган ҳисоб-китоблар бўлмаган”.
Шу билан кампирнинг беморлиги деярли ҳамманинг ёдидан кўтарилиб кетди. Фотимага кўпам зиёни тегмади, меҳмондорчиликда юрди, уйда бўлганида гурунглари билан кўнглини олди. Бир эрта ёшларни ишга кузатиб, икки кампир чой ичиб ўтиришган эди.
-Фотима устоз, энди нима қиламан? – деб қолди кутулмаганда меҳмон.
Фотима унга қараб, кўзларида қандайдир оғриққа ўхшаш ифода кўрди:
-Нима бўлди?
-Мен... – кампирнинг кўзларига ёш қалқди. – Мен бу ерга омонатини топшириш учун келган эдим. Икки ойлик муддат тугаб бораётир, лекин мен ўлмадим, аксинча соғайиб кетдим.
Фотима кулиб юборди:
-Шунга хафа бўляпсизми? Соғайиб кетганингиз яхши-ку...
Кампир ғамгин бош чайқади:
-Кетиш ҳақида ўйласам, юрагим бандидан узилиб, пойимга тушаётгандек беҳол бўлиб бораяпман. Боргач, ётиб қолишим... аниқ.
-Яхши ният қилинг, опа, дард чекинди, соғайиб кетдингиз. Энди соғинган пайтингиз келиб-кетиб юраверасиз.
-Қийиндир-ов...
Аёл ҳақиқатан ҳам ғамга ботган эди.
-Истасангиз, истаганингизча қолишингиз мумкин. Уйимнинг тўри сизники, ана, барибир бўш ётибди.
-Йўўў, элчихонадан фақат икки ойга рухсат олганман...
Икки ой тўлган куни уни аэропортгача кузатиб қўйишди. У ниҳоятда ҳорғин, ранги-рўйи бир аҳволда, ҳаво етмаётгандек, ҳарсиллаб, елкасидан нафас оларди. Онасининг аҳволига қараб, Довуднинг ҳам кайфияти тушиб кетди. Аммо унинг тасалли беришдан ўзга чораси йўқ эди: “Мам, мамэ, ўзингизни қўлга олсангиз-чи! Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, ҳали яна келасиз, ўзим сизни кўргани бораман”. Кампир ўғлига жавобан серажин юзларида йилтиллаб турган ботиқ кўзларини оҳиста юмиб, розилик ишорасини билдирди, лекин гапирмади.
Орадан бир ҳафта ўтиб, совуқ хабар келди, кампир қазо қилган эди. Фотима билан Довуд дастурхон ёзиб, қўни-қўшниларга эҳсон тарқатди... Одам роса кўп бўлди, Фотиманинг яқинлари, Довуднинг, Соранинг ишхонасидагилар, нариги қўшнилар, бу қўшнилар... Довуд армон қилди: “Бир ҳафтагинага олиб қолсам, бўлар экан...”. Фотима унга тасалли берган бўлди: “Аллоҳнинг иродаси, ўғлим. Омонатини қачон, қаерда олишни фақат ўзи билгувчидир”, “Агар кетмаганларида... ҳали-вери ўлмасмидилар, дейман-да”, “Балки...”.
Кампир келган кунлар Илёс билан бирга шаҳарга кетмай, ўзича қаҳрамонлик қилгандек ҳис қилиб юрди. Аввал ҳам мобода ўғли шаҳардан безиб, ортига қайтмоқчи бўлса, шу уй, шу ҳовли унга тегишли мулк бўлиб туриши, ҳар қандай вазиятда уни қучоқ очиб кутиб олиши мумкинлигини жуда кўп марта кўнглидан ўтказган эди. Яҳудий кампирнинг Исроилдан келиб, ўғли ижарада турган уйга минг хижолат билан омонатгина қўнганлиги уйни Илёс учун сақлаб жуда маъқул иш қилганлигига бўлган ишончни оширди: “Ҳозир билинмайди. Ёш, елиб-югуриб ишлаб юрибди. Бугун йўқотганининг ўрнини эртага тўлдиради. Аммо вақти келиб, шаҳар шовқинлари, сохта мулозаматлари, тинка қуритар хашамлари, бешафқат тартиблари уни батамом бездиради, шунда кўнгли бир сокинлик, беминнат, бетаъма меҳр кўрсатувчи содда одамлар даврасини қумсайди. Ана ўшанда бу уй унга керак бўлади”.
Маъракадан сўнг бирдан ғалати кайфиятга тушиб қолди. Шунча йилдан бери ҳар замонда бир телефон орқали йўқлаганларини айтмаса, бир марта ҳам йўқлаб келмаган ўғил сўнгги нафасини олаётган дамда етиб кела олармикин? Ўзи тупроққа қўйиб, қабрига бир кафт тупроқ ташлай олармикин, маъракаларининг бошида турармикин? Шуларни ўйларкан, ичида нимадир “чирт” этиб узилиб кетгандек бўларди.
Кейинги куни эрта туриб, сангтарош устанинг дўконига борди. Дўконнинг чор тарафига тахлаб ташланган турли ўлчамдаги оқ-қора, кўкиш рангли тошларни кўрди. Ихчамгина қора тошни танлаб, сумкачасидан тўрт буклоғлик қоғоз олиб, устага узатди:
-Шу ёзувларни сиғдира оласанми шу тошга?
Уста йигит Фотиманинг ўқувчиси эди, ёзувни кўриб ҳайрон бўлди:
-Бу нима, устоз?
Фотима хижолатомуз жилмайди:
-Буям мусулмончилик-да, ўғлим. Ўлимни бўйинга олиш яхши, дейишади-ку. Яна... Кўнглимдагидек, камтаргина қилиб ясатиб қўяйин, деяпман. Акангга қўйсам, Тошкентдан эшикдек келадиган қора тошга суратимни ўйдириб, бир ваҳимани ортмоқлаб келади. Менга эса бундай дабдабанинг ҳеч кераги йўқ, бир умр камтаргина яшадим, белгим ҳам камтарин бўлгани маъқул. Охирги сана ёзилмаган. Кейин... ўзинг бориб тўлдириб қайтасан. Пулини ҳозир тўлаб кетаман.
Уста қўлидаги ускунани тарақлатиб ерга ташлаб, ўрнидан туриб кетди:
-Устоз-ей, ундай қилманг-е, илтимос сиздан. Мен ҳеч қачон тирик одамга тош йўнмаганман. Ҳеч кимга қилмаган ишимни сизга қиламанми? Майли, кўнглингиздаги тошни танлаб, нима деб ёзишимни айтиб кетинг, ўн йил ўтадими, йигирма йил ўтадими, вақти-соати келганда ўзим ёзиб, ўзим... қўйиб келаман.
Фотима бош чайқади:
-Бўлмайди. Камбағалнинг моли ёнида турсин, дейишади. Мен ўлган пайт, ким билади, бошқа касбнинг этагидан тутиб кетган бўласанми, эрта учун ҳеч ким кафолат бера олмайди. Сен тайёрла, мен бир қопга солиб, уйга элтиб қўяман. Бир кун омонатини топширар бўлсам, уйга бориб ишингни охиригача етказасан-да, аканг билан биргаликда бошимга қўйиб қайтасанлар. Маъқулми, ўғлим?
Уста қошларини чимириб, қўлидаги қоғозга қаради:
-Нима бу? Шеърми? – у ҳижжалаб ўқий бошлади. – Сув келар, оқар кетар. Тошларни ювар кетар. Дунё бир деразадир, Ҳар келган боқар кетар. Бу нима дегани, устоз?
-Бир шеър-да, болам. Менга ёқади. Бошимга келган ҳар одам бир ўқиса, ётган жойимда эшитиб, маза қиламан-да, ўғлим, - кулиб қўйди Фотима.
-Ҳа-а, шундайми? – уста йигит ҳеч нарсани тушунмаган бўлса ҳам шеърнинг мағзини англагандек бош ирғаб қўя қолди. – Сизга маъқул бўлса, бўпти. Суратингизни ҳам чизайинми?
-Йўўқ, шарт эмас.
Тош тайёр бўлган кун қалин матодан тикилган қоп олиб келди. Бир машина кира қилиб, уйига олиб борди. Довуд уйда экан, ҳайдовчи билан бирга майда-чуйда сақланадиган омборхонанинг бир бурчагига қўйдирди. Кечки пайт Довудни ёнига чақиртирди:
-Ўғлим, ўзимга тош тайёрлатиб келдим. Сўнгги санаси қўйилмади, хабар қилсанг, Оққўрғондаги уста бола келиб, ёзиб кетади. Уям ўзимнинг ўқувчим экан. Шундай деб келишдик.
Онаси қазо қилгандан буён паришон бўлиб юрган йигит бу гапни эшитиб, бир зум Фотимага тикилиб қолди. Омборхонага жойлаштирилган қопнинг оғзи берк бўлганлиги учун нималиги билмаган, унга қизиқмаган ҳам эди. Сўнг чуқур хўрсиниб, бош ирғади:
-Менга шуни ҳам ишонмадингизми, устоз?
-Бунинг ишониб-ишонмайдиган ҳеч нарсаси йўқ, болам. Ўғлимга, ёки сенга қўйсам, ўзларингча руҳимни шод қилиш учун дабдаба қилиб, анча пулга бир ваҳимали нарса тайёрлар эдинглар. Тош эса дабдаба учун эмас, изловчилар адашиб кетмасликлари учун бир белги, холос. Кўнглимдагидек камтаргина қилмасликларингни билганим учун ўзим тайёрлатдим.
Давоми бор...
ЖАМИЛА ҚОСИМОВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев