19- қисм
Мен барчасини уддаладим. Ҳимоя ишим аълога баҳоланди.
Шу тариқа елкамдаги шарафли бир юкдан қутилиб , мусиқа мактабини имтиёзли битириб олдим.
Галдаги ширин ташвиш фарзандимни эсон- омон дунёга келтириб олиш эди.
Ҳомиладорликнинг охирги ойлари анчайин оғир кечди. Ёши катталарнинг айтиши бўйича биринчи фарзандни дунёга келтиришда бўлажак она тажрибасиз бўлганлиги учун бирмунча кўпроқ қийналар экан.
Мен ҳам охирги ойлардаги санчиқларнинг кўпини "Тўлғоқ бошланди шекилли" дея ўйлаб кўп бора ноқулай ҳолатга тушиб қолганим рост .
Ойижон ҳам энди анча вазминлашиб қолган эдилар. Уларнинг ҳам фикри хаёллари фарзандларини соғ ва саломат бағриларига босиб олиш бўлиб қолган эди. Ёши қирқларни қоралаб қолган аёлнинг фарзанд кўриши осон бўлмаслигини шифокорлар бот- бот такрорлашар , бу сўзлардан юрак олдириб қўйган ойижон шифокорларнинг назоратида кўпроқ бўлиш учун дамба-дам касалхонага ётар эдилар.
Бунга қадар ойижон аввалги турмушларида икки марта ҳомиладор бўлган эканлар. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўлик туғилган экан. Мен ибодатларимда ўзим ва улар учун гўдакларимизни соғ- саломат туғилишларини Аллоҳдан ўтиниб сўрар эдим, сабаби гарчи фарзандимни қўлимга олмаган бўлсам ҳам жисм- у жонимда оналик деган туйғу аллазамон ҳукмронлик қила бошлаган эди.
Ўша йили куз анчайин салқин келган эди. Ойижон навбатдаги касалхонада ётган кунларнинг бирида адажонга "Манти егим келяпти" деб айттириб юборибдилар. Адажон ўша куни бир килодан ошиқроқ ёғли қўй гўшти олиб келиб ошхона токчасига қўяр эканлар , кўзларини четга қараб менга таом тайёрлашни буюрдилар:
- Кечга қолмасдан Марғубага гўштли , уйдагиларга гўшт аралаш картошкали манти тайёрланг. Пишиши билан сузиб берсангиз касалхонага ташлаб келаман.
- Хўп бўлади ,- мен шундай дедим- у , дарҳол ишга киришдим.
Кўп ўтмай Кимёхон хабар олиш учун ошхонага бош суқди :
- Келинойи , нима ҳаракат ? Бугун менюда қандай таом ?
- Мантооо ! - дея хазил аралаш тантанали эълон қилдим мен , сўнгра қўшимча қилиб қўйдим,- адажоннинг буюртмаларига кўра...
- Ойижонимизнинг десангиз тўғрироқ бўлар ,- лабини бурди Кимёхон ,- аммо лекин яхши бўлибди . Баҳонада биз ҳам **** оламиз.
Кимёхон менга яқинлашиб жилмайди :
- Сиз хамир қоргунча , мен картошка , пиёзни артиб тураман,- у ишга киришар экан , ойнадан ҳовли томонга назар ташлаб муғомбирона сўз қотди , - Марғуба опаям бало. Кўчанинг мантиси сиз пиширган мантига тенг келолмаслигини билиб , Адамларни ишга солган. Аммо бояги гап бояги. Баҳонада биз ҳам мазза қилиб **** оламиз.
Кимёхон айтгандек манти жуда мазали чиқибди . Ўзим ҳам керагидан ортиқ тўйиб еганимни таомни кетидан чанқов обдон забтига олганида сезибман.
Ярим кечаси қаттиқ сувсаб уйғониб кетдим. Аксига олиб чойнакда олиб кириб қўйган чой ҳам тугаган экан. Ахири ошхонага бориб чой қайнатиб дамлашга қарор қилдим . Кун бўйи тик оёқда ишлаб хозир бир текис нафас олганча тош қотиб ухлаётган Улуғбек акани уйғотишга кўзим қиймай ўзим ошхонага йўл олдим .
Чой тезда қайнай қолди. Сабрим чидамай ўша ерни ўзида дамланган чойдан косага қуйиб, хиёл совутиб ичиб олдим. Сўнгра яримлаган чойнакни қайта тўлдириб хонамизга йўл олдим.
Ошхонадан чиқар эканман оёқларим орасидан қоп- қора жундор кўланка "шуув" этиб ўтиб эсхонамни чиқариб юборди. "Воой" деганимни биламан, қўрққанимдан қўлимдаги темир чойнак ерга тушиб "қарс" этган овоз эшитилди. Яхшики бахтимга куймадим.
Кўп ўтмай у кўланкани мушугимиз эканлигини фаҳмладим , бироқ унга қадар қўл оёғимга титроқ кириб бўлган эди.
Думалаб ётган чойнакни йўлдан олиб , қайтадан чой дамлашга ҳафсалам келмай уйга қайтдим.
Жойимга ётганимда ҳам юрагимнинг бежо уриши ҳали босилмаган эди.
Тонгга яқин тўлғоқ бошланди .
Орғиққа чидай олмай Улуғбек акани уйғотишга мажбур бўлдим.
Улар дарров жигулиси бор ён қўшнимизни айтиб чиқдилар.
Аввалдан тайёрлаб қўйган юк халталаримни олдиг-у , туғруқхонага шошилдик.
Мен шомга қадар дард чекдим. Туғруқхона ёнидаги масжиддан шом намозига азон чақирилганда кўзим ёриди :
- Қизалоқ !
Оппоққина , юзлари ширмой нондек тўлин , қош- киприк, сочлари сақичдек тим қора , кўзлари эса кўм- кўк қизалоқ ...
Қизалоғимни туғруқ залининг ўзидаёқ бағримга босишди ...
Уни илк бор қучоғимга олганимда шу вақтгача чеккан тўлғоқ заҳматлари зумда унутилгандек бўлди. Қизалоғим тийраккина эди. У бошқа янги туғилган чақалоқларга ўхшаб жишгина ҳам эмасди.
- Бундай гўзал, ҳусндор қизалоқни камдан кам учратганман,- деди кўзим ёришида бошимда турган доя аёл ,- илойим Аллоҳ ёмон назардан асрасин. Қизим , болангни эмизаётганда уни пана қилиб эмиз. Йўқ деган кўздаям тариқча бўлади, мен сенга айтсам.
- Хўп , - дедим мен аранг инграганча , - ая , мен ухлаб қолаяпман...
- Ухлайвер қизим , ухлайвер. Тоза қийналдинг- да ўзинг ҳам . Қиз болани дарди ана шунақа аччиқ бўлади . Болангдан ҳавотир олма. Мен шу ердаман.
Уйдагилар қизимга менинг исмимга мослаб Мумтоза дея исм танладилар.
Мумтоза қизим туғилганда кунлар яна ҳам изғиринли бўлиб қолганди.
Бахтимга қизим ювошгина чиқди. Қорни тўйса пишиллаб ухлар эди.
У кезлари туғруқхонада болани эмизишдан аввал эмизикли кўкракни фурацилин эритилган сувда чайиш буюриларди. Кун совуқ бўлганлиги сабабли эритма хона ҳароратида ҳам тезда совиб қолар эди. Бахтга қарши бизнинг палатада ётган аёлларнинг барчаси биринчи фарзанд кўрган аёллар бўлиб , ҳеч биримиз ўзимизни асраб-авайлашимиз кераклиги ҳақида ўйламабмиз.
Шу аснода оқибатини ўйламай туғруқхонадан чиққунга қадар муздек эритма шимдирилган пахтада арта- арта ҳар иккала кўкрагимни совуққа олдириб уйга қайтдим.
Энди қизалоғимни эмизиш менга азобнинг ўзи бўлганди. Бу жараён шу даражада оғриқли эдики , гўё қизимнинг оғзида арраникидек учли тишлар бор- у , мени жонимни қийма- қийма қилаётгандек.
- Кинна солса ўтиб кетади ,- билағончилик қилдилар ойижон,- ҳозир Холбу холани чақириб келаман , икки марта "хап- хап" қилса сен кўр , мен кўр бўлиб кетади.
Кўкрагимда йиғилиб қолган сутлар йиринглаш жараёнига ўтар экан , Холбу холанинг хап- хапи кор қилармиди?
Туғруқхонадан уйга қайтганимнинг тўртинчи куни иситма аралаш титроқда уйғондим.
Ойижон ҳам бу сафар ростмана қўрқдилар шекилли "Сут соғиб оладиган мослама топиб келмасам бўлмайди шекилли " деб ташқарига чиқиб кетдилар.
Уларни то тушгача пойладим. Аммо дард жонимдан ўтиб кетгач Мумтозани қандай йўргаклаганимни , йўлга қанақа қилиб тушиб кетганимни билмай қолдим.
Бу вақт Улуғбек ака уйда йўқ эдилар. Улар нон ёпиш учун масаллиқ олгани бозорга кетгандилар.
Мен уйдан чиқиб қўшни аёлга жуда ҳам тобим йўқлигини , шу сабаб ўз қизлик уйимга кетаётганлигимни , уйдагиларни огоҳлантириб қўйишларини илтимос қилиб йўлга тушдим.
Кўча бошида бир амаллаб такси тутдим . Таксичи амакига айтиб укам Сарварнинг ишхонасига бордим. Сарвар биз билан уйимизга борди ва йўл ҳақини ҳисоб - китоб қилиб , Мумтозани қўлимдан олди . Укамга эргашиб остонадан уйга кирар эканман ер- у осмон бирваракай чирпирак бўлиб айланди-ю , ичкарига ҳушсиз йиқилдим...
- Онанг ўлсин , болеееммм!
20- қисм
Онамнинг фарёдларидан ҳушимга келганимда илк кўзим тушган нарса касалхонанинг оппоқ шифти бўлди :
- Болааам... Мумтозааа... - аранг овозим чиқди менинг
- Вой ана кўзини очди , - аямнинг овозларида ҳаяжон бор эди ,- қизингдан ҳавотир олма, Моҳи. Унга Гулноза билан Ҳалима опоқинг қараб қолишди. Сен ҳозир ўзингни , соғайиб кетишингни ўйлашинг керак .
- Имм...- ортиқ гапиришга ҳолим қолмаганди.
Мен ҳушимни йўқотганимдан сўнг уйдагилар тез ёрдам чақиртиришган , унинг шифокорлари эса мени кечиктирмай зудлик билан касалхонага олиб келишган экан.
Эртаси куни мени жарроҳлик столига олишди. Ўнг кўкрагимни кесиб , унда йиғилиб қолган қон аралаш йирингни чиқартириб ташлашди. Оҳ унда тортган азобларим чидаб бўлмас азоблар эди...
Шифокорларнинг айтишлари бўйича иккала кўкрагимни баравар ёриб бўлмас экан. Бунга чидаш беролмас эмишман. Орадан уч кун ўтиб чап кўкрагимни ёришди.
Азоблар бир тараф , қизалоғимдан олган ҳавотирим бир тараф бўлганди. Ахир мурғаккинамнинг ҳали кичик чилласи ҳам чиқмаган эди.
Шу тариқа Мумтоза сунъий овқатланишга ўтиб кетди.
Касалхонага ётганимда кўришга унда- бунда фақат қайнотам келар , улар ҳам эшик тагидан бир коса овқат билан яримта нон ташлаб изларига қарамай жўнаб қолардилар.
Улуғбек акадан эса хабар бўлмасди. Мен ўзимча "Уларни бу ерга келишларига уйдагилар қаршилик қилишаяпти" деган тахминга борган эдим. Орадан кўп ўтмай тахминим тўғри чиққанлигига гувоҳ бўлдим .
Касалхонада йигирма кундан ортиқ қолиб кетдим. Ва ниҳоят жавоб теккан куни асрга яқин касалхона остонасида Улуғбек ака кўриндилар:
- Туззукмисиз , Моҳиноза ?! - дедилар улар кўзларини четга буриб , - докторлар кеча адамларга жавоб беришларини айтишган экан. Шунга келгандим. Юкларингизни йиғиштириб чиқасизми ?
Мен гинахонлик қилиб гапни чувалаштириб ўтиргим келмади. Ҳар дақиқани ғанимат билиб , палатага йўл олдим ва юкларимни йиғиштиришга тутиндим. Мен қизимни жуда соғинган эдим ва бор вужудим билан унинг дийдорига шошилар эдим.
Улуғбек ака билан ташқарига бошлашиб чиққач , улар юкларимни кўтариб келинлик уйига олиб борадиган йўл тарафга бошлаб кета бошладилар .
- Улуғбек ака ?! - дедим мен нафасим тиқилганча уларнинг ортларидан овоз берарканман ,- Мумтозани ...ёнига бормаймизми ?
- Ҳозир уйга борамиз. Мумтозани эса эртага олиб келамиз. Юрақолинг...
- Йўқ ! - алам билан депсиндим мен ,- қизимни жудаям соғинганман.. Уни яна бир кун кўрмасликка тоқатим етмайди! Ҳозироқ бизникига борамиз !
- Ҳой инсон ! Шунча чидадингиз , яна бир кун чидасангиз ҳеч нарса қилмайди?! Уйга борамиз дедим ?!
Мен Улуғбек акага изтироб билан боқарканман юрагимда борини тўкиб солишдан ўзимни тия олмадим:
- Сиз шунча кундан бери қаерда эдингиз ўзи ? Мумтоза бир мени эмас , сизниям қизингиз . Мен-ку мен майли , бир йўқлаб келсангиз ҳурсанд, келмасангиз сабр қиларман. Қўлимдан бошқа нимаям келарди ? Аслида дард билан олишиб турган инсондан бир оғиз ҳол сўралса , боши осмонга етиши рост гап. Булар майли. Аммо қизчамизни шунча кун мобайнида бир бора йўқламаганингизни нима деб тушунай ? Наҳотки уни соғинмадингиз ? Ойига тўлмаган мурғакдан ҳавотир олмадингиз ?
Боринг уйингизга кетаверинг. Ўзи овора бўлиб келибсиз-да , сизсиз ҳам йўлни топиб олардим.
Улуғбек ака кўчанинг ўртасида серрайиб қолгандилар . Мен эса азбаройи аччиғим чиққанидан шартта такси тўхтатдим- у , эримга қарамасдан аямларникига жўнаб қолдим.
Уйга борганимда аям мени шом қоронғилигида бир ўзимнинг кириб келганимга ҳайрон бўлдилар. Сабаби мени эрталаб кўришга борганларида уйга жавоб берилиши ҳақида ҳеч қандай гап- сўз бўлмаган эди.
- Ҳаа қизим , тинчликми ?!- сўрадилар аям ранг- қутлари ўчиб ,- бемаҳалда бу нима юриш ?
- Ая, - дедим мен уларни тинчлантиришга шошилиб, - ҳавотир олманг. Тушдан кейин кетишимга жавоб текканди. Але , бале қилиб уйга етиб келгунимча шу вақт бўлди. Эртани кутишга тоқатим етмади, рости. Айтганча , Мумтоза қани ?
- Кўчадан келибоқ чақалоққа ёпишмайдилар. Аввал юз- қўлингни чай , кийимларингни алиштир, кейин болага қарасанг бўлади.
Аямни айтганларини қилиб бўлиб , Мумтозамни дийдорига бироз тўйганимдан сўнг уларга Улуғбек ака билан бўлган воқеа ҳақида ёрилдим.
- Моҳи ... Қўй асабингни бузма... Эринг яхши йигит. Унга айб қўйиб бўлмайди. Нима қилсин у бечораям оиласидаги катталарини айтганини қилади- да. Сен яхшиси ҳеч нимани билмагандек, бугунги ҳодиса бўлмагандек эртага уйингга боравер.
Бунақа майда -чуйда келишмовчиликлар оилада бўлиб туради. Бургага араз қилиб кўрпа куйдирмайдилар. Агар у оилангдагилар бирон нима дейишса бир соат , ярим соат тилингни тишла , шу билан олам гулистон. Халқимизда бир гап бор- ку "Мен яхши - олам яхши" деган. Бўлар бўлмас деди-дедиларга қулоқ осаверсанг ҳаётинг ҳаёт бўларканми ?
- Хўп ,ая ,- беҳол шивирладим мен,- менга Мумтозам соғ ва саломат катта бўлса бўлгани . Кўнглим бошқа нениям тиласин.
"Бор умидларимни , ўқишга кириш ҳақидаги ширин орзуларимни шугина қизалоғимга алишиб ўтирган бўлсам,- дея ўйладим мен ,- унинг , унинг жони соғ бўлса бўлгани . Касал бўлмай униб, ўсса бўлгани. Менга бошқа ҳеч нарса керакмас...
Керакмас..."
...
Эртаси куни тушга яқин укам Сарвар Мумтоза билан мени келин бўлиб тушган хонадонимга олиб бориб қўйди.
Ҳовлига киришим билан илк дуч келган инсон адажон бўлдилар . Улар берган саломимга алик олмай ўз хоналарига кириб кетар эканлар висирлаб сўкканча жаҳл билан эшикни қарсиллатиб ёпдилар.
" Бошланди ,- ўйладим мен ,- буёғига чидайсан-да энди Моҳинозахон. Нима қилсаям қизалоғинг шу хонадон фарзандининг фарзанди. Бир кун сен томонга ҳам қуёш чиқиб қолар ..."
Мен Моҳинозани кўтарганча Улуғбек ака нон ёпадиган нонвойхонага мўраладим.
- Ассалому алайкум ,- дедим у ерда нонга хамир қораётган эримга ,- биз келдик.
Улуғбек аканинг юз ифодалари ўзгармади . Бир муддатдан сўнг жиддийликни сақлаган ҳолда жавоб қайтардилар:
- Бу ерда турманглар. Бола шамоллаб қолмасин.
- Хўп...
Улуғбек акадаги совуққонликдан дилим оғриган бўлса ҳам , бошқа гап қайтармай ичкарига йўл олдим .
Кўп ўтмай хонамга белларини ушлаганча ойижон кириб келдилар :
- Вой- бўў , қочқоқ келиним билан набирам келиб қолишибдилар- у , - дедилар улар инқиллаганча,- уй- жойингиз , ошхонангиз ўзингизга буюрсин- ей. Ўзи бир неча кундан буён кўз ўнгимдан лип- лип этиб ўтаётгандингиз. Ишқилиб яхшилаб тузалиб келдингизми ? Сизни атай кутиб ўтиргандим .
- Тинчликми , ойижон ? - сўрадим юрагим безиллаб ,- бирор нарса керакмиди ?
- "Ми" сини олиб ташлаб гапиринг , пошшахон . Мана бир неча кундан буён чопқида қийма қилиб пишириб берадиган тефтелли қовурдоғингиздан егим келиб турганди. Пишириб бермасангиз бўлмайди, боламни қулоғи чиноқ бўлиб қолса , нақд уволимизга қоласиз- а ...
- Ҳозир , Мумтозани қорнини тўйдириб тагини қуруқлай , ухласа кейин чиқиб овқатга уннайман...
- Майли , пошшахон . Тезроқ ҳаракат қиларсиз. Шомнинг таги қоронғи бўлиб кетмасин тағин...
Болангизга ўзим қараб турардим- у , белим ачиб кетяпти . Бироз чўзилмасам бўлмайдиган кўринади.
Яхшиям бахтимга Кимёхон бор экан. У мактабдан кела солиб меним ёнимга шошилди:
- Келинойи , сизниям , жиянчамниям бирам соғиндим. Қани мени асалчам ?
- Кимёхон, чой ичиб олинг. Кейин Мумтозага бироз қараб турсангиз мен овқат пиширар эдим.
- Вой келинойи , қизиқмисиз ? Ўзи яқинда касалхонадан чиқдингиз- ку ? Дарров муздек ошхонада овқат қилишга шошилманг. Мана мен бор , Марғуба опам бор. Сал ўзингизга келгунингизча қарашиб турамиз.
- Кимёхон ..., - гапиришга қийналиб чайналдим мен , -шу десангиз ойижоннинг ўзлари "Тефтелли қовурдоқ пишириб берасизми ?" дегандилар.
- Оббо , яна бошландими? Бу дунёда битта ҳомиладор аёл бор. Уям бўлса Марғуба опа. Ўзини яхши кўришни шу аёлдан ўрганиш керак, келинойи.
- Майли , Кимёхон. Ойижонни ҳам ҳадемай кўзлари ёрийди. Охирги кунлари куч тўплаб турсалар , эсон- омон қутилиб оладилар.
Айтганимдек орадан уч хафта ўтиб ойижон паҳлавондек ўғилни дунёга келтирдилар.
Мумтоза қизим билан Бекмуроднинг ораси сал кам икки ойлик эди.
Ойижон туғруқхонадан чиққанларидан сўнг анча вақтгача ўзларига кела олмадилар. Уларнинг ёшлари ўтиброқ фарзанд кўрганлари сабаб , болани кесарча кесиш йўли билан дунёга келганди .
Қишнинг куни изғиринли , гарчи овқатни баллонли газ ёрдамида тайёрласак ҳам уйларимиз ўтин ва кўмирда исир эди.
У бола , бу болага андармон бўлиб қишдан чиқиб олдик.
Баҳорнинг дарахт куртаклари барг ёзган кунларида Ғуломжон армиядан қайтдилар .
Ғуломжон билан бирга уйга бошқача жўшқинлик кириб келганди. У армиядан келганига уч кун бўлганида туққан онаси Жанона опа хонадонимизга катта қизлари Сабоҳат билан йўқлаб келиб қолишди.
Бу ёғи ўзбекчилик. Келган меҳмонга "кет" деб бўларканми ?
Гарчи ойижоннинг лаб-лунжлари осилиб кетган бўлса ҳам , келган меҳмонларни олдига чиройли дастурхон ёзиб кутиб олдик.
Жанона опа, яъни Аллоҳ ҳусндан қисмаган аёл эканлар. Ёши элликка яқинлашиб қолган у аёл тўлачадан келган бўлиб , сутга чайилгандек оппоқ юзлари ҳали ҳануз таранг, пайваста қош - кўзлари попукдек экан. Кўрган инсон уларга "ўттиз беш ёшларда бўлса керак" деган хулосага келар эди.
Жанон опа келганда адажоннинг бир ерда ўтира олмай қолишларидан ўзимча "бир нималарнидир" тахмин қилдим:
- Адажон бу аёлни бир вақтлар жонларидан ҳам ортиқ яхши кўрганликлари аниқ !
Давоми бор...
ХАЗОНРЕЗГИ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1