Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақти-вақти билан саҳобаларга ўтган қавмлар қиссасини айтиб, давраларни файзга тўлдирар эдилар.
Кунларнинг бирида уларга Бани Исроилда бўлган қуйидаги воқеани айтиб бердилар:
— “Бани Исроилдан бир аёл боласини эмизиб ўтирган эди. Унинг олдидан номдор бир чавандоз ўтиб қолди.
Аёл дуо қилди:
– Ё Аллоҳ! Ўғлимни шунга ўхшатгин!
Шунда эмиб турган чақалоқ кўкракни қўйиб, чавандозга қараб, деди:
– Ё Аллоҳ! Мени унга ўхшатмагин!
Сўнгра у яна онасини эма бошлади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини сўриб кўрсатганлари ҳали ҳам кўз олдимда турибди”.
Сўнг ҳалиги аёл бир чўрининг олдидан ўтди ва дуо қилди:
– Ё Аллоҳ! Боламни унга ўхшаган қилма!
Бола кўкракни қўйиб деди:
– Ё Аллоҳ! Мени унга ўхшаган қилгин!
Аёл:
– Нега? – дея сўради.
Бола деди:
– У чавандоз золимлардан биридир. Бу чўрини эса инсонлар ўғрилик ва зинода айблашган эди. Ваҳоланки, у бу ишларни қилмаган!”
(Имом Бухорий ривояти).
Қуръон ва ҳадисдаги қиссалар ваъз олиш, ибратланиш, имон келтириш, тасдиқлаш учун келтирилади. Қанчалар ажабланмайлик, булар ҳаққоний қиссалардир. Ақл борлиқдаги қонунларга хилоф воқеаларни ҳазм қила олмайди. Ушбу қонунлар эса инсонларга ўтади, Аллоҳга эмас.
Иброҳим алайҳиссалом ҳақиқатан оловда ёнмаган, Мусо алайҳиссалом денгизни асолари билан иккига ажратган, Юнус алайҳиссаломни улкан кит ютган ва унинг қорнидан эсон-омон чиққан. Сулаймон алайҳиссалом эса ҳайвон, қуш ва ҳашаротлар билан гаплашган.
Юқоридаги ҳадисни дунё яралганидан бери ўтган кишиларнинг энг ишончлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар. Буни муҳаддислар орасида энг буюги ва ишончлиси Имом Бухорий ривоят қилган. Бунга имон келтириш вожиб!
Ташқи кўриниш бизни алдамаслиги лозим. Ҳозирги ҳолатимизда фаразан Мадинада озғингина бўлган Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг кийимларини чангини қоқиб кетаётганини кўрганимизда у зотни пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсон деб эмас, бирор фақир деб эътибор бермай, ўтиб кетардик.
Агар биз Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳуни фаразан Мадина кўчаларида ямоқли кийимда шиддат билан юраётганини кўрсак, эҳтимол, бир камбағал бирор жойда овқат тарқатилаётган бўлса, ўшанга югуриб кетяпти, деб ўйлаган бўлардик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сирларининг соҳиби бўлган буюк саҳоба Ҳузайфа ибн Ямон розийаллоҳу анҳуни асҳоби суффа орасида кўрганимизда, эҳтимол, у зотга раҳмимиз келиб “эҳ, бечора” деган бўлармидик?!
Бугун қинғир йўллар билан миллионларга эга бўлган бойларни кўрсак, ҳавас қиладиган бўлдик. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ташқи кўринишга, дунёнинг ҳашамати ва зийнатига алданмасликни таълим берганлар.
Абдулқодир ПОЛВОНОВ,
Ургут туманидаги “Ургут марказий” жоме масжиди ходими.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1