Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафот этди. Ислом халифати Расулуллоҳ (с.а.в)нинг иккинчи буюк халифалари ҳазрати Умар (р.а)га ўтди. Ислом давлати омонатларини қабул қилиб, ҳар хил қоғозларни қараб турса кўзи бир қутичага тушди. Қутини олиб секин очиб қараса ичи дирҳамга тўла, устида ёзувли вароқ ҳам бор. Вароқни қўлга олиб секин ўқий бошлади:
«Мен ким, Аллоҳ Расулининг халифаси Абу Бакр Сиддиқ давлат хазинасидан мен учун ажратилган маошларни олишга ҳаё қилдим. Умуман ишлатмадим. Чунки менинг мақомим таблиғни (дину диёнатга, ҳидоятга одамларни даъват этиш ишларини) ҳеч қандай эвазсиз, мутлақ Аллоҳ ризолиги учун бажариб келган Расулуллоҳ (с.а.в) нинг табаррук мақомлари эди. Бутунлай ўзимнинг меҳнатим билан яшадим. Ўзимдан кейинги халифага таслим этиш учун барча маошимни шу қутига йиғиб қўйдим. Давлатимиз хазинасига топширилсин ...»
Бу гапларни ўқиган янги халифа ҳазрати Умар (р.а) ичидан тўлиб келган йиғидан ўзини тўса олмасдан ерга шундай ўтириб қолди. Кейин яқиндагина бу фоний дунёни тарк қилган қиёматли дўсти, диндоши ҳазрати Абу Бакрга хаёлан мурожаат этиб:
«Қандай буюк инсонсан эй, Абу Бакр! Ҳаётлигингда сендан узиб кетишимга ҳеч қандай имконият бермасдинг. Вафотингдан кейин ҳам бунга фурсат қолдирмабсан. Қандай буюксан эй, Абу Бакр!» деб кўз ёшларини артарди.
«Ҳикматлар хазинаси» рисоласидан
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1