Фарзанд берсин хар бир бандага
Алла айтсин бешигин қучиб.
Бедор бўлсин, хушёр бўлсин
Эмизай деб уйғонсин чўчиб.
Орадан ўн кунча ўтиб, Фотима ая яна кўкат сотди. Фақат, бу сафар нарх бироз арзонлашгани учунми, ёки биринчи узишда кўкатларнинг асосий шохчалари кўпроқ олингани учунми даромад камроқ бўлди. Аммо, шунда хам Турғунали ака хотини узатган 350000 сўм пулга қараб хурсанд бўлиб кетди. Ахир бу пулга каттагина ғунажин сотиб олса бўлади-да.
-Энди-и,-деди отахон салмоқланиб.-Улуғбекни тўй харакатини бошласак хам бўлавераркан. Сен аста суриштириб, муносиб келин қидиравер.
-Ўзини кўзлагани йўқмикан, бир сўраб кўрайми?
-Сўрама, кўзлагани вафот этган. Дилини яралаб қўймайлик. Яхшиси бирон қизни тавсия қил, ўзи айтади дардини.
-Хўп отаси, махаллада яхши қизлар кўп. Насиб қилганини келин қилармиз.
Фотима ая ёз бўйи келин қидирди. Лекин хеч бири Улуғбекка ёқмасди. Шундай самарасиз қидиришлар билан, дарахт баргларини хар чертганда сарғайтириб куз хам етиб келди. Фотима ая бу сафар Улуғбекни авраб бутун чорбоқни чоптириб олди. Экилган кўкатлар ердан ниш ураётган кунлари Улуғбекни унаштиришди. Бир учи Турғуналининг онаси шажарасига бориб тақаладиган Мирзакаримнинг кенжа қизи Мамлакатга фотиха қилишди. 1998 йилнинг 21 март куни Навруз тантаналари Улуғбекнинг тўйи билан уйғунлашиб кетди.
Янги куёв бир хафтагина уйда ўтирди-ю, яна ишга чиқиб кетди. У шу кунларда Тошкентдаги Олой бозорига юк таширди. Бир кетса 4-5 кун йўқ бўлиб кетар, бу кунларда Фотима ая янги келин билан бирга тунарди.
Мамлакат мўмингина қиз экан. Ховлида унинг борлиги билинмасди хам. Босган қадамлари хам, гапирган гаплари хам ўзидек мулойимгина эди. Қўли хам ширингина, хар қандай овқатни мазали қилиб тайёрларди.
Орадан кунлар, хафталар ўтар, бу хафталар ойларга уланарди. Фотима зимдан келинини кузатар, бирон ўзгариш бўлмаётганидан хавотирга тушарди. Аввалига индамай юрса хам, мустақиллик байрами арафасида келини билан очиқроқ гаплашиб олишга қарор қилди.
-Қизим, бирон янгилик йўқми?
Мамлакат қайнонаси қорнига қараб берган саволдан сўнг ўнғайсизланиб қолди.
-Йўқ ая. Ўғлингиз уйда кам бўлаяптику, балки шунга...
-Балким...-уни маъқуллагандек бўлди Фотима ая.-Хар холда 5-6 ой ўтиб қолди-да. Агар бирон муаммо бўлса дўхтирга олиб борайми?
-Қайдам,-мужмалланди келин.
Фотима ая чоли билан шу хақда маслахатлашганда сўкиш эшитиб олди.
-Э, кампир, тинч қўй уларни. Хали ўзлари болаку, болани қаёқдан тушунсин.
-Отаси, биздан нима кетди, дўхтирга олиб борақолайлик. Хар нарсани ўз вақтида бўлгани яхши. Узоқ муддат бефарзанд қолишса бир-бирларидан кўнгил қолиши хам хеч гапмас.
Турғунали ота бу гапдан сўнг бояги шаштидан тушди. Соқолини силаганча тилга кирди:
-Ўғлинг келсинчи, маслахатлашармиз.
Икки кун ўтиб, Улуғбек сафардан қайтиб келди. Чол-кампир уни олдиларига ўтқазиб олиб ётиғи билан тушунтиришди. Ўғил отасини хафа қилмаслик учун хам рози бўлди.
Айни шу куни шомга яқин Мамлакатнинг онаси келиб қолди. Бир пиёладан чой ичишгандан сўнг бу ташрифнинг мақсади хам ойдинлашди. Маълум бўлишича, қуда томон хам ёшларнинг фарзандли бўла олмаётганини мухокама қилишган экан. Маслахатни бир жойга қўйишиб, ёш-келин куёни врач назоратига олиб боришга келишиб олишди.
Қуда томоннинг Катта қизлари туман шифохонасининг гинекалогия бўлимида ишларкан. У синглиси ва куёвини ўзи бирга юриб текширувлардан ўтказди.
Улуғбек эса, натижалар чиққунча, яна Тошкентга юк ортиб кетиб қолди.
Мамлакатнинг опаси натижалар чиққач, синглисини етаклаб куёвиникига келди. Фотима аяни ўтқазиб олиб вазиятни тушунтирди.
-Қуда хола, анализлар бироз хунукроқ бўлса хам хали умид бор. Бефарзандлик сабаби Улуғбекда экан. Хозирги холатда бола кўриш эхтимоли юздан қирқ фойизни ташкил этяпти. Агар астойдил даволанса, бу муаммо осонгина хал бўлади. Менинг бир курсдошим мана шундай ёш оилаларни даволайди. Эришган натижалари жудаям юқори.
Агар маъқул кўрсангиз ёшларни Фарғонани Киргилисига ташлаб келаман. Бир хафта ўн кун даволанишади. Кейин врач ўзи айтади нима қилиш кераклигини.
-Албатта маъқул кўрамизда қизим, тилингизга шакар. Ажойиб маслахат беряпсиз, бизга жудаям маъқул. Отасига айтаман, Улуғбек келиши билан тўрва халтасини тугиб берамиз, бориб даволаниб келишади.
Шундай хам қилишди. Улуғбек аввалига пешонаси тиришиб, қаршилик қилмоқчи бўлди-ю, дадасининг уюлган қовоғига қараб ортиқча сўз айтолмади.
Улуғбек бир ой тишини-тишига қўйиб чидади. Бу ёқда эски мижозлари бир неча марта келиб кетишди уйига. У шундан сўнг хаммасига қўл силтаб яна эски ишига қайтди. Олтирариқлик дехқон танишининг махсулотини машинага ортиб, Самарқанд шахрига жўнаворди. Кунлар ойлар ўтаверди.
Янги йил кунлари кўчада иш камайган палла эди. Дадаси уларни яна қистовга олиб, Қиргулига жўнатди.
Улар февралгача врач назоратида бўлишди. Афсус, натижа кўринай демасди. Бир куни Улуғбек зерикканидан даволовчи врач олдига кириб, жиддийроқ гаплашмоққа чоғланди.
-Азиза опа, ростини айтинг, фойдаси борми бу юришимизни?
-Ие, нега бўлмас экан! Сиз рухингизни туширманг! Хали кў-ўп фарзанд кўрасизлар.
-Қанақасига, хеч ишонгим келмаяпти-ку. Бирон натижага эришиш учун сал ишонарлироқ даволашингиз керакмасми? Бир кунда иккита таблетка беряпсиз. Шу иккита таблетка билан даволаниб қоламанми?
-Улуғбек, биз келинни даволаяпмиз-ку. Асосий эътибор хотинингизга қаратилган. Агар ишонмасангиз...
-Шошманг,-Улуғбек унинг гапини бўлди.-Нега энди хотинимни даволаяпсиз! Асосий сабабчи мен эмасманми?
-Вой, ким айтди сизни сабабчи деб?
-Гулшаной опа шунақа деганди.
-Сиз нотўғри эшитибсиз ука. Гулшаной сизларни олиб келганда синглисининг анализларини кўрсатди. Синглимни даволаб бер деб илтимос қилди. Сиз хақингизда бир оғиз хам гапирмади. Мен сизнинг натижаларингизни хам кўрганман. Сизда хеч бир муаммо йўқ!
Улуғбекнинг ғазабдан муштлари тугилди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2