Покизам, фариштам, мангу жаннатим
Бировнинг хақини емаган онам.
Фидо айлаб жонни ожиз мухтожга
Бировнинг боласи демаган онам!
Нилуфар Улуғбекдан бир синф пастда ўқиганди. Қўшнилари Нигора билан бир синфда ўқигани ва қалин дугона бўлишгани учун тез-тез уларникига келиб турарди. Мана шу келишларининг бирида Улуғбекнинг назарига тушди. Улуғбек ўшанда мактабни битириб, тумандаги мебел ишлаб чиқарувчи фирмага янги ишга кирган кунлари эди.
Улар аввалдан бир-бирларини танишардию, аммо бир- бирларига эътибор қаратишмаган экан. Ўша куни Улуғбек қизни ўз кўчасида кўрди-ю, юраги қоқ иккига бўлиниб кетди. Тун бўйи уни ўйлаб ухлолмади. Тонгда хам кўзлари қизарганча ишга кетди. Йигитнинг назарида қиз хам ўзига “сал бошқачароқ” қарагандек кўринди. Орадан бир хафта ўтиб, Нилуфарни яна кўчасида кўрди. Негадир унинг ёнига боргиси, гаплашгиси келди. Аммо, юрак қурғур хеч дов бермасди боришга.
Шунда Нигора унинг дилидагини сезгандек Улуғбекни ёрдамга чақириб қолди.
-Улуғбек ака, шотини томга қўйиб беринг, олма узолмаяппиз!
Бу илтимос йигитга мойдек ёқиб тушди. Уларнинг ховлисига кириб, бостирма яқинида, ерда ётган шотини кўтариб, оғил томига тираб қўйди. Шундоққина том яқинида катта олма дарахти бор эди. Улуғбек ёшлигида кўп чиқарди олма теришга.
Қизлар эпчилгина томга чиқиб олишди.
-Бошқа ёрдам керакмасми?-Улуғбек қолишга бахона излай бошлади. Шунда қизлар сирли кулимсираганча бир-бирлари билан маъноли кўз уриштириб олишди. Негадир Нигора эмас, Нилуфар жавоб қилди:
-Керак бўлсангиз чақирамиз!
Йигит бўшашибгина ортига қайтди. Уйига киргач, иш кийимларини алмаштирди-да, яна кўчага қайтиб чиқди. Гўёки зарурдек, ариқ қирғоғидаги ўтларни юла бошлади. Ич-ичидан сезиб турибди, Нилуфар хозир ортига қайтади. Шунда уни яна бир бор кўриб олади. Билганидек, кичкина пақирчасини олмага тўлдирган қиз кўчада пайдо бўлди. Шом тушиб қолгани учун, дугонаси билан тезгина хайрлашиб, уйига йўл олди.
Улуғбек кўчада ўйнаб юрган ёш болалардан бошқа хеч ким йўқлигидан фойдаланиб, қизга “қармоқ” ташлади:
-Менга олма бермайсанми?-дедию, ичида ўйлади “агар шунчаки ёрдам берганим учунгина олма бермоқчи бўлса уч-тўртта беради. Агар бир дона берса, демак...”
Нилуфар йигитга яқинлашаркан қўлини пақирчасига узатди. Йигит унинг харакатларини кузатганча қаддини ростлади. Қиз қайси бирини берсам экан деб пақирчадаги олмаларни танлай бошлади. Кейин энг катта, қизғиш нақш олмани қўлига олди.
Йигитни чуқур хаяжон қоплади. Олма эмас худди қизнинг юрагини кафтида тутиб тургандек, қўллари хам дир-дир титради. “Севади... севади...”
Қахрамонимиз рахмат айтишни хам унутиб, қўлидаги олмага тикилганча ширин орзуга берилганди. Нилуфар хам то муюлишга етгунча ушбу хаяжонли тўқнашув таъсирида бўлди. Уйларига элтувчи муюлишга бурилса, йигитни кўролмаслигини англаб сўнгги бор ортига ўгирилди. Улуғбек қўлидаги олмани кўксига босганча унинг ортидан тикилиб турган эди. Унинг холатидан завқланиб кетган қиз, ширингина жилмайиб қўйди. Бу жилмайишдан Улуғбекнинг бутун танасига ёқимли титроқ таралди.
У шу кўйи қанча турганини хам унутиб қўйганди. Бир махал ортидан аясининг овози эшитилди.
-Кимнинг қизи бу?
-А?-йигит ортига ўгирилдию, довдираб қолди. Кейин сир бергиси келмагандек жавоб қилди,-Билмадим, Сарви холанинг невараси бўлса керак.
-Чиройли қиз экан. Қўлингни юв ўғлим, овқатни сузяпман!
Онаси ўғлининг қизариб-бўзаришини кўрмаётгандек уйга кириб кетди.
Улуғбек хар маошини олганда Нилуфарга атаб совғалар ола бошлади. Уларни Нигора орқали қизга бериб юборарди.
Қиз то мактабни тугатгунча хам бирон марта учрашиб, холи гаплаша олмади. Эришган натижаси, кўча –куйда кўриб қолса маъноли тикилишу, бунга жавобан юракларни ўртовчи ширингина табассум бўларди. Нилуфар ва Нигора мактабни тугатган кунлари Улуғбек харбий хизматга кетиш тадоригини кўриб юрганди. Шу кунларда Нигорани қўшни тумандаги қариндошларига унаштириб қўйишди. Қариндош йигит қирқ кун ичида тўй қилиб, Нигорани олиб кетмоқчи экан. Хаш-паш дегунча, тўй куни хам етиб келди.
Тўй албатта хурсандчилик келтиради. Лекин Улуғбекнинг юрагига ғулғула тушиб қолди. Нигорани узатишган экан, демак Нилуфарни хам узатиб юборишлари мумкин. Худо кўрсатмасин, у армиядалигида бериб юборишсачи, деган қўрқинчли савол йигитнинг тинчини ўғирлади. У келин ўтирган автобус куёв томонга жўнаб кетган паллада, эрталаб албатта аямга айтаман, Нилуларникига бориб, банд қилиб келади, дея қарор қилди. Ўзига қолса бу хақда хозироқ онасига айтардию, бахтга қарши онаси хам қўшни аёллар қатори куёв томонга жўнаб кетганди.
Юқорида бахтга қарши деган иборани ишлатганим кимгадир ноўрин кўринган бўлса ажабмас. Аммо, минг афсуски бу сўз айни ўрнида ишлатилганди. Шом пайти автобус махаллдошларини олиб, ортига қайтаётганда фалокат юз берди. “ДАН” ходимларидан қочиб, яширин йўлларга ўзини урган “КАМАЗ” канал ёқалаб келаётган автобусга тўқнашиб кетди. Автобус бир икки марта думалаб, каналга тушиб кетди. Автобус ортидан яна иккита енгил машинада ёши каттароқ аёллар хам келаётган экан. Улар машинадан тушишди-ю, кимдир автобус думалаганда синган деразадан тушиб қолган қизлар томон чопди. Яна кимдир дод солиб атрофдан ёрдам чақирди. Атроф қиёмат- қойим бўлаётгандек дод-фарёдга тўлди. Автобуснинг ойналаридан бир амаллаб чиқиб олаётган келиннинг дугоналари, махалла қизлари қирғоқққа қараб суза бошлашди. Машина хайдовчилари аллақачон каналда ёнбошлаб ётган авобус устига чиқиб олганча дераза оша ичкаридагиларини суғириб, қирғоққа узатишарди.
Улуғбекнинг аяси хам қирғода турганча сохилга яқинлашаётган қизларни тепага тортиб чиқара бошлади. Шу пайт чўкиб кетаётган Нилуфарга кўз тушиб қолди. “Вой, келиним чўкяптику!”
Аёл ёшлигида кўп чўмилгани учун сузишни яхши биларди. Шунинг учун хеч иккиланмай ўзини сувга отди. 3-4 марта қулоч отганда сув ўртасига етиб борди. Аксига олиб Нилуфар кўринмай қолди. Аёл тусмоллаб ўзини сув остига олдида қўллари билан қизни излай бошлади. Биринчи уринишда қизни тополмади. Нафас олиш учун сув юзасига чиққанда, жон талвасасида питирлаётган Нилуфар унга ташланди.
-Тинчлан қизим, сени олиб чиқаман!
Бу гап қизнинг қулоғига кирмади. Кирса хам тушунмади. У жон холатда Улуғбекнинг аясига ташланиб, уни пастга босди.
Сохилдагилар ўзлари-билан овора бўлиб, чўкаётганларни пайқамай қолди. Дод- фарёдни эшитиб одамлар ёрдамга етиб кела бошлаганди. Кўплашиб автобус ичидаги тирикларни хам, жон таслим этганларни хам сохилга чиқариб ола бошлашди. Ордан ярим соат ўтгандан кейингина кимдир Зиёда опа йўқлигини пайқаб қолди.
-Вой ўла-й-ай! Зиёдахон қани-и-и-и!
Унинг фарёдини эшитган хайдовчилардан бири ўзини қайта сувга отиб автобусга қараб сузди.
-У шу ерда турувдику боягина?-кимдир эслаб қолди.-Вой шўрим, сувга тушиб кетдимикан?
Ёрдамга келган ёш йигитлар оқим бўйлаб чопиб кетишди. Бир чақиримча нарида икки махаллани боғлаш учун қурилган қўлбола кўприк бор экан. Унинг устунига илашиб қолган қандайдир мато парчаси сув бетида тўлғониб турарди. Йигитлар уни тортиб олишганда бу Зиёда опа эмас, Нилуфар экани маълум бўлди. Аммо, Зиёда опанининг мурдаси топилмади. Фақат эртаси кунигина бир неча киломерт қуйида, сув тортувчи насосга илиниб қолган аёлни сув хўжалигида ишловчи одам топиб олди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6