Ҳар сафар ота-онамни зиёрат қилгани келганимда беғубор болалик дамларим, қўшнимиз Сора бувининг ибратли диний ривоятлари, сой бўйида
қизлар билан чопқиллашиб ўйнаб юрганларимиз ҳамда қадрдон сирдош дугонам Зебо чевар кўз олдимга келади. Бугун ҳам маҳалламиз бошидаги эски уйни кўриб юрагим эзилиб кетди. Ўн йил аввал бу уйда етимгина дугонам Зебо бувиси билан яшарди...18 ёшга тўлдикки, икковимизни унаштиришди . Mени шаҳарга турмушга бераётган эдилар, Зебони эса қўшни маҳалладаги дурадгор йигитга. Келажак ҳаётимиз ҳақида яхши ниятлар қилар эдик , сарпо либосларимизни ўзимиз бичиб, тикардик. Кунларимиз ширин ташвишлар билан ўтаётган эди. Токи... Маҳалламиздаги Жасур исмли одам кийим - кечак савдоси билан шуғулланар эди. Иши юришгандан- юришиб, маҳалланинг энг давлатманд кишисига айланиб бормоқда эди.
Кунларнинг бирида маҳалламиз оқсоқоли у кишига Зебога кийимлар учун буюртма бериб сотишни маслаҳат берганлар. Етимгина қиз тўй
харажатлари ва зарур эҳтиёжлари учун пул жамғарсин, деган мақсадда хайрли ишга воситачи бўлишни ният қилган эканлар.
Жасур ака Зебога сотиш учун либосга буюртма берди. Мен ҳам ўқишдан қайтгач, дугонамга чеварликда майда ишларда кўмак берардим. Шу тариқа 30 та аёллар либоси тайёр бўлди. Жасур ака кийимларни пуллаб, даромад қилди, аммо орадан 4 ой ўтди ҳамки, Зебонинг хизмат ҳаққини бермади. Икковимиз маҳалла оқсоқолининг олдига бориб, вазиятни
тушунтирдик , ҳақгўй оқсоқолимиз бу адолатсизликни эшитиб титраб кетди. Ҳассасини дўққиллатиб бориб, Жасур аканинг эшигини таққилатди, ичкаридан дув қизариб чиққан Жасур акага: “Етимнинг иш ҳақини нега бермайсан, нодон? Дарҳол ҳаққингни ҳалолла!”
деб уришиб берди. Жасур ака лом-мим демай уйидан пулни олиб чиқиб Зебонинг қўлига тутқазди. Аммо эртаси куни aламдан жаҳл отига мингган Жасур ака бозор ва чойхонада Зебонинг шаънини ер билан яксон қилиб, уни бешармликда айблади. Бунга ўзи гувоҳ эканини айтиб дунёга жар солди.. Маҳаллага гап-сўз оралади. Зебога буюртма бермай қўйишди, фотиҳаси ҳам бузилди...
Руҳи синиб қолган Зебонинг мендан бошқа яқини қолмаган эди. 5 маҳал намоз сўнггида: “Аллоҳим, менга Оиша онамизнинг сабрларидан тортиқ
қил”, дея йиғларди. Баъзан бир нуқтага боққанча хаёл суриб ўтирар, сўнгра бирдан менга қараб жилмайганича: “Мен у одамдан хафа эмасман, уни қарғамадим...” дерди. Oрадан бир йил ўтиб кетди, мен турмушга чиқиб, фарзандли ҳам бўлдим.
Ранглар сарғайиб, озиб кетган Зебо тез‑тез ҳушини йўқотадиган бўлиб қолди. Охир оқибат касалхонага тушиб, қайта-қайта ҳушини йўқотиб, ўнгланмади. ...
Жасадни топшираётган шифокор, унинг юраги туғма хаста эканлигини айтди... Етимгина Зебо эски уйини ва қариб қолган бувисини ҳам етим қилиб ташлаб кетди... Тобутни олиб чиқиб кетаётганларида бувиси:
“Қизим масъум эди, болагинам пок эди, уни туҳмат ўлдирди!..” дея фарёд чекиб қолди. Сора буви: “Жасурни ўз туҳмати уради энди, э, воҳ”, деган эди ўшанда секин. Мана орада йиллар ўтиб кетди. Раҳматли Сора буви айтганларидек, Жасур акани қилган туҳмати “урди”: бир кечадаёқ қўл-оёғи ишламай
шол бўлиб қолган. Эшиги олдида аравасида бечораҳол алфозда ўтиради. Одамлар, унинг иккала қизи ҳам шаҳарда танфурушлик қилади, деб гапиришади... Зебо уни қарғамаганди, аммо Аллоҳ Одил Зот, уни огоҳлантирди. Етим ҳаққига кўз олайтириш ва покиза аёлларга туҳмат қилиш каби гуноҳи кабиралар ҳақида ўйлар эканман, лол қоламан:
“Аллоҳим, заррача ёмонликни ҳам, заррача яхшиликни ҳам бежавоб қолдирмайсан! Аммо биз ғофил бандалар буни идрок қилмаймиз".
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев