УМР ОХИРИДА ЯХШИЛИКЛАРНИ КЎПАЙТИРИШГА ТАРҒИБ ҚИЛИШ БАЁНИ..
________________
Аллоҳ таоло:
«Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!» (Фотир сураси, 37-оят)
Ибн Аббос ва муҳаққиқ олимлар « ... узун умр бермаганмидик»нинг маъноси «олтмиш йил умр бермаганмидик»дир, дейишди. Қуйидаги зикр қиладиган ҳадисимиз бу маънони қувватлаб келади. Баъзилар буни ўн саккиз йил, дейишди. Яна бошқалар қирқ йил, дейишди.
Ҳасан, Калбий, Масруқлар Ибн Аббосдан р.а. қуйидагиларни нақл қилишди: «Мадина аҳлидан бирортасининг ёши қирққа етса, ўзини ибодат қилиш учун бағишлар эди».
Баъзилар балоғат ёши, дейишди.
Ибн Аббос ва жумҳур уламолар «Сизларга огоҳлантиргувчи ҳам келган эди-ку!» оятидан мақсад Расулуллоҳ с.а.в. дирлар, дейишди.
Икрима, Ибн Уйайна ва бошқалар бу оятдан мақсад соч-соқолнинг оқаришидир, дейишди.
112/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Аллоҳ таоло бир кишига олтмиш ёшга етгунгача ажалини кечиктирса, узр учун (ўрин) қолдирмади», дедилар (яъни, шу муддатгача мухлат берибдими, демак, узрга ўрин йўқ). Имом Бухорий ривоятлари.
113/2. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. «Умар р.а. мени Бадр иштирокчиларининг катта ёшлилари билан бирга (ҳузурида бўладиган мажлисга) киритди. Гўёки уларнинг баъзилари ранжиб: «Боламиз тенгқур бу бола нима учун биз билан кирмоқда?» дейишди. Умар р.а.: «Ибн Аббос ким эканини (яъни, Расулуллоҳга қариндош ва доим суҳбатда бўлганларини) биласизларми?» дедилар. Бир куни Умар р.а. мени чақириб, улар билан киргиздилар. Ўша куни фақат мени уларга кўрсатиш учунгина шундай қилдилар. Ва: «Аллоҳнинг сўзидаги «Иза жаа насруллоҳи валфатҳ» ояти ҳақида нима дейсизлар?» деганларида, баъзилар: «Агар нусрат берилиб, бизга фатҳ этилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилдик», дейишди. Баъзилар ҳеч нарса демай сукут қилишди. Шу пайт Умар р.а.: «Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?» деганларида, «Йўқ», деб айтдим. Умар: «Унда нима дейсан?» дедилар. Мен: «Бу Расулуллоҳ с.а.в. нинг ажалларидир. Уни бу зотга билдирмоқда», дедим. (Яъни, «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келса» – бу етган ажалнинг аломатидир, «Бас, Раббингга ҳамд айт ва мағфират сўра. Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир».) Умар р.а.: «Сен айтган нарсанигина биламан, холос», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.
114/3. Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ с.а.в. «Иза жаа насруллоҳи валфатҳ» сураси тушганидан кейин намоз ўқийдиган бўлсалар, унда «Субҳанака роббана ва биҳамдика Аллоҳумма иғфирлий», яъни «Раббимиз, Сенга ҳамд айтиш ила Сени поклаб ёд этаман. Аллоҳим, мени мағфират қилгин», деб айтардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
«Саҳиҳайн»да келган бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ с.а.в. рукуъ ва саждаларда «Субҳанака, Аллоҳумма роббана вабиҳамдика, Аллоҳумма иғфирлий» (яъни: «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этурман. Раббимиз, Сенга ҳамд айтаман. Аллоҳим, мени мағфират қил»), деб айтардилар. Қуръонда шундай буюрилгани учун бунга амал қилардилар. Яъни, «Раббингга ҳамд айтиш билан Уни поклаб ёд этгин ва истиғфор айт» оятидан таъвил қилардилар», дейилади.
Имом Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Расулуллоҳ с.а.в. вафот этишларидан олдин «Субҳанака ва биҳамдика астағфирука ваатубу илайка», деб айтишни кўпайтирдилар. Оиша р.а.: «Эй Расулуллоҳ, бу қандай калималарки, (айтмас эдингиз) энди янгитдан айтяпсиз-а?» десалар, у зот: «Менинг умматимга бир аломат қилинди. Агар уни кўрсам, бу калималарни айтаман. Ўша аломат «Иза жаа насруллоҳи валфатҳу» сурасининг охиригачадир», дедилар», дейилган.
Бошқа яна бир ривоятларида Оишадан р.а. айтилади: «Расулуллоҳ с.а.в. : «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илаҳи», деб айтишни кўпайтирдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илаҳи», деб айтишни кўпайтиряпсиз-а?» десам, у зот: «Раббим менга умматимда бир аломат кўришимнинг хабарини берди. Агар ўша аломатни кўрсам, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илаҳи»ни айтишни кўпайтирдим. Ҳақиқатда мен ўша аломатни кўрдим. У – «Иза жаа насруллоҳи вал фатҳу» сурасининг охиригача экан», дедилар».
Маъноси: «Қачонки, Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси келса ва одамлар тўп-тўп бўлишиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз, дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан поклаб ёд этинг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир» (Наср сураси, 1–3-оятлар).
115/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. «Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ с.а.в.
вафотларидан олдин ваҳийни орқама-орқа туширди, ҳаттоки Расулуллоҳ
с.а.в. ваҳий кўп тушиб турган пайтда вафот этдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
116/5. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Ҳар бир банда қандай ўлган бўлса, ўша ҳолатида қайта тирилтирилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев