НИКОҲ ФИҚҲ
Абу Аҳмад
Тўртинчи шарт: гувоҳлар :
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “ Валий ва икки адолатли гувоҳсиз никоҳ бўлмайди ” [1] .
Ушбу ҳадисни шайх Албоний саҳиҳ деган бўлса, баъзи уламолар заиф дейишган. Бироқ аксар уламолар мазкур ҳадисга амал қилганлар. Баъзи уламолар никоҳга гувоҳ келтириш шарт дейишса, баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ Никоҳни эълон қилинглар” [2] , деган сўзларидан келиб чиқиб никоҳни эълон қилиш кифоя дейишган. Қуйида айрим уламоларнинг сўзларини нақл қилиш билан кифояланамиз:
Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари, улардан кейинги тобеинлар ва бошқалардан иборат уламолар шунга амал қилиб келганлар. Уларнинг айтишича, гувоҳларсиз никоҳ дуруст бўлмайди. Кейинги уламолардан бир гуруҳини ҳисобга олмаганда ўтган уламолардан биронтаси бу борада ихтилоф қилишмаган… ” [3] .
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “ Никоҳ икки ёки ундан ортиқ адолатли кишилар гувоҳлиги ёки никоҳни умумий тарзда эълон қилиш орқалигина амалга ошади. Борди-ю, икки гувоҳдан никоҳни сир тутиш талаб қилинса ҳам ҳеч қандай зиёни йўқ ” [4] . Чунки беш киши: валий, келин-куёв ва икки гувоҳ иштирок этган бундай никоҳнинг яширин никоҳлиги қолмайди.
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг бу борада айтган сўзларининг хулосаси қуйидагича: “Аллоҳ таоло никоҳда гувоҳлар келтиришни фарз қилмади, балки уни эълон ва ошкор қилишга буюрди. Никоҳнинг одамларга ошкор бўлиб, давом этиши гувоҳ келтиришга ҳожат қолдирмайди… ”
“ Шу боис никоҳ ошкор бўлмайдиган ўринда бўлса, уни эълон қилиш гувоҳлар келтириш орқали амалга ошади. Гоҳида никоҳда гувоҳлар келтириш шарт бўлади, чунки бу ўринда никоҳ гувоҳлар орқали ошкор бўлади. Бу дегани ҳар қандай никоҳ дуруст бўлиши учун икки гувоҳ бўлиши шарт дегани эмас… ”
“ Агар никоҳда гувоҳлар келтириш ва ошкор қилиш жамланса, бундай никоҳнинг дурустлигида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аксинча, никоҳ гувоҳлар келтириш ва ошкор қилишдан холи бўлса, у ҳолда бундай никоҳ омма уламолар наздида ботилдир” [5] .
Юқоридаги нақллардан маълум бўладики, бугунги кунимизда никоҳда гувоҳлар келтиришга катта эҳтиёж бор, ҳатто никоҳ тўғрисидаги гувоҳномаларда ҳам гувоҳлар иштироки алоҳида таъкидланган. Негаки, одамлар никоҳни эълон қилишга имкон топмасликлари мумкин, валлоҳу аълам.
[1] Ибн Ҳиббон (4075), Дорақутний (3/225), Табароний “Авсат”да (9/117) ва Байҳақий (7/124) ривоят қилишган. Ҳадисни шайх Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (7557) саҳиҳ деган. Қаранг: “Ал-ирво” (6/241).
[2] Аҳмад (4/5), Термизий (1089) ва Ибн Можа (1895) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний “Ирвоул ғалил”да (1993) ҳасан деган.
[3] Термизий бу сўзларини “Сунани Термизий”да 1103-сонли ҳадис ортидан айтган.
[4] “Муҳалло” (9/465).
[5] Қаранг: “Мажмуул фатово” (32/127), айрим ўзгартиришлар билан олинди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев