Хатиб: Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Асл сарлавҳа: ﺟَﺮِﻳﻤَﺔُ ﺍﻟﺰِّﻧَﺎ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Биринчи хутба
(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
﴿ﻳَﺂ ﺃَﻳُّﻬَﺎ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺁَﻣَﻨُﻮﺍْ ﺍﺗَّﻘُﻮﺍْ ﺍﻟﻠﻪَ ﺣَﻖَّ ﺗُﻘَﺎﺗِﻪِ ﻭَﻻْ ﺗَﻤُﻮﺗُﻦَّ ﺇِﻻّ ﻭَﺃﻧﺘُﻢْ ﻣُﺴﻠِﻤُﻮﻥَ﴾
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
﴿ﻳَﺂ ﺃَﻳُّﻬَﺎ ﺍﻟﻨَّﺎﺱُ ﺍﺗَّﻘُﻮﺍ ﺭَﺑَّﻜُﻢُ ﺍﻟَّﺬِﻱ ﺧَﻠَﻘَﻜُﻢ ﻣِﻦ ﻧَﻔْﺲٍ ﻭَﺍﺣِﺪَﺓٍ ﻭَﺧَﻠَﻖَ ﻣِﻨْﻬَﺎ ﺯَﻭْﺟَﻬَﺎ ﻭَﺑَﺚَّ ﻣِﻨْﻬُﻤَﺎ ﺭِﺟَﺎﻻً ﻛَﺜِﻴﺮﺍً ﻭَﻧِﺴَﺂﺀً ﻭَﺍﺗَّﻘُﻮﺍ ﺍﻟﻠﻪَ ﺍﻟَّﺬِﻱ ﺗَﺴَﺂﺀَﻟُﻮﻥَ ﺑِﻪِ ﻭَﺍﻷَﺭْﺣَﺎﻡَ ﺇِﻥَّ ﺍﻟﻠﻪَ ﻛَﺎﻥَ ﻋَﻠَﻴْﻜُﻢ ﺭَﻗِﻴﺒﺎً﴾
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан
(Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз) ! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
﴿ﻳَﺂ ﺃَﻳَّﻬَﺎ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺁَﻣَﻨُﻮﺍْ ﺍﺗَّﻘُﻮﺍْ ﺍﻟﻠﻪَ ﻭَ ﻗُﻮﻟُﻮﺍْ ﻗَﻮْﻻً ﺳَﺪِﻳﺪﺍً ، ﻳُﺼﻠِﺢْ ﻟَﻜُﻢ ﺃَﻋْﻤَﺎﻟَﻜُﻢ ﻭَ ﻳَﻐْﻔِﺮْ ﻟِﻜُﻢْ ﺫُﻧُﻮﺑَﻜُﻢْ ﻭَ ﻣَﻦ ﻳُﻄِﻊِ ﺍﻟﻠﻪَ ﻭَﺭَﺳُﻮﻟَﻪُ ﻓَﻘَﺪْ ﻓَﺎﺯَ ﻓَﻮْﺯﺍً ﻋَﻈِﻴﻤﺎً﴾
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).
Сўнг …
Ҳой одамлар, ўзим ва сизларга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия этаман. Бас, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, Аллоҳ таолога қайтган одамлардек тақво қилинглар! Охират кунидан қўрққан одамлардек огоҳ бўлинглар! Аллоҳга динни холис қилиб ибодат қилинглар ва уни иймонли одамлардек риоя этинглар. Агар мўъмин бўлсангизлар Аллоҳга таваккул қилинглар!
Ҳой мусулмонлар, одамлар нафслари сулукларни тутиш ва ирода кучидан фойдаланишига қараб шараф ва обрў поғоналарида бир–бирларидан фарқли бўлишади ва ҳимматлари кўтарилади.
Иродали одамда инсоний эҳтиром ўзининг камолот ва фазилат суратида гўзал шаклда намоён бўлади. Ироданинг кучсиз бўлиши билан шахс башарий олий мақомдан ҳайвонга менгзаган пасткашликка оғиб кетади.
Инсоннинг қиймати – ибоси ва иродаси, мезони – поклиги ва обрўси билан бўлса, шарафу номусининг поклиги – покдомонлиги биландир.
Барча даврдаги халқлар ҳатто энг зулматли жаҳолат даврида яшаганлари ҳам, обрўларининг шарафи ва покдомонлиги билан ғурурланишар, шарафлари билан арслондек тик туришар, номусларининг тўкилишини эса қилич ва найзаларидан оққан қонлар билан ювишар, бундай шармандалик туфайли уйқулари қочар, номуссизликка чидашмас ва хорликни қабул қилишмас эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилар экан Утбанинг қизи Ҳинд: «Ё Расулуллоҳ, ҳур аёл ҳам зино қиладими?!» – деб сўраган эди.
Дўстлар, ушбу мавзу кўп очилиб, саҳифалари тез–тез варақланади. Бизга замондош бўлган талайгина халқлар турли ўлкаларда зино ва ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларни икки тараф томонидан розилик билан амалга оширилса қонун жазо бера олмайдиган даражада «жасад эҳтиёжи» бўлиши учун, ахлоқсизлик ҳукмрон бўладиган муҳитда яшамоқдалар. Ҳайвонларга жинсий яқинлик қилаётган ва разолат билан апоқ–чапоқ бўлган кимсаларни кўриш, ҳимматнинг йўқолиши ва одамгарчиликнинг ўлимини очиб ташламоқда. Бу разолатнинг эркагу аёлнинг кўзи ўнгида бўлиши эса, расволик ва ифффатсизликнинг кучайишидир. Бу – ўша диёрларнинг истироҳат боғлари, денгиз соҳиллари, фильмлари ва телеканалларида мавжуд бўлган ҳайвонот маданиятидир.
Дўстлар, шунинг учун ҳам бугунги мавзумиз энг қаттиқ жиноят, энг катта ҳаёсизлик ва энг ҳалокатли гуноҳлардан бири бўлган ва ушбу ҳайвонлик намоён бўлаётган, эркакларнинг ғайрати ва мурувватини кетказаётган, покдомонлик ўрнига фисқу–фужур, ҳаё ўрнига ахлоқсизлик тушадиган, шармандалик ҳаёни қувиб соладиган жиноят – зино ҳақидадир. У қанча аламларни чектирди, қанча неъматларнинг йўқолишига сабаб бўлди, қанча балоларни чорлади, зонийлар учун кутилган жазолар, қайғу ва аламларни гизлади: «Икки кўз зино қилади, уларнинг зиноси қарашдир. Икки қулоқ зино қилади, уларнинг зиноси эшитишдир. Оғиз зино қилади ва унинг зиноси гапириш ва ўпишдир. Қўл зино қилади, унинг зиноси ушлашдир. Оёқ зино қилади, унинг зиноси босишдир. Кўнгил (зинони) истаб орзу қилса, таносил аъзоси уни ё тасдиқлайди ёки ёлғончига чиқаради» (Имом Аҳмад 8507).
Дўстлар, Ислом дини бу жиноятга нисбатан ҳушёр, очиқ ва шафқатсиз муносабатда бўлди. Чунки у, номуслар ҳимояланиши ва шараф эъзозли бўлиши учун ўзи ва маҳрамларига рашкли бўлган одамни мақтаб, ўз маҳрамларида бундай разолатнинг бўлишига кўз юмаётган ҳезалакларни мазаммат қилади.
Аллоҳнинг Қуръонида зонийнинг ҳолати мушрикнинг ҳолатига боғлаб зикр қилинган:
﴿ﺍﻟﺰَّﺍﻧِﻲ ﻟَﺎ ﻳَﻨْﻜِﺢُ ﺇِﻟَّﺎ ﺯَﺍﻧِﻴَﺔً ﺃَﻭْ ﻣُﺸْﺮِﻛَﺔً ﻭَﺍﻟﺰَّﺍﻧِﻴَﺔُ ﻟَﺎ ﻳَﻨْﻜِﺤُﻬَﺎ ﺇِﻟَّﺎ ﺯَﺍﻥٍ ﺃَﻭْ ﻣُﺸْﺮِﻙٌ ﻭَﺣُﺮِّﻡَ ﺫَﻟِﻚَ ﻋَﻠَﻰ ﺍﻟْﻤُﺆْﻣِﻨِﻴﻦَ ﴾
«Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор экак ёки мушрик уйланур. Ва бу
(яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 3).
Зино – Қуръон Каримда, саҳиҳ суннатда, Ислом уммати балки бутун инсоният ижмоъси билан ҳаром қилинган жиноятдир. Зино, оятда, ҳалокатга элтувчи энг қаттиқ гуноҳлар: Аллоҳга ширк келтириш ва қотилликка боғлаб зикр қилинган:
﴿ﻭَﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﻟَﺎ ﻳَﺪْﻋُﻮﻥَ ﻣَﻊَ ﺍﻟﻠَّﻪِ ﺇِﻟَﻬًﺎ ﺁﺧَﺮَ ﻭَﻟَﺎ ﻳَﻘْﺘُﻠُﻮﻥَ ﺍﻟﻨَّﻔْﺲَ ﺍﻟَّﺘِﻲ ﺣَﺮَّﻡَ ﺍﻟﻠَّﻪُ ﺇِﻟَّﺎ ﺑِﺎﻟْﺤَﻖِّ ﻭَﻟَﺎ ﻳَﺰْﻧُﻮﻥَ ﻭَﻣَﻦْ ﻳَﻔْﻌَﻞْ ﺫَﻟِﻚَ ﻳَﻠْﻖَ ﺃَﺛَﺎﻣًﺎ ● ﻳُﻀَﺎﻋَﻒْ ﻟَﻪُ ﺍﻟْﻌَﺬَﺍﺏُ ﻳَﻮْﻡَ ﺍﻟْﻘِﻴَﺎﻣَﺔِ ﻭَﻳَﺨْﻠُﺪْ ﻓِﻴﻪِ ﻣُﻬَﺎﻧًﺎ ● ﺇِﻟَّﺎ ﻣَﻦْ ﺗَﺎﺏَ ﻭَﺁﻣَﻦَ ﻭَﻋَﻤِﻞَ ﻋَﻤَﻠًﺎ ﺻَﺎﻟِﺤًﺎ ﴾
«Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ
(ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гунохлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр» (Фурқон: 68 – 70).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ:
«Қотилликдан сўнгра зинодан кўра оғирроқ бўлган бирон гуноҳни билмайман»– деди.
Аллоҳ таоло Қуръон Каримда зинога яқинлашишни таъқиқлади. Унга яқин бўлиш эса зинонинг омиллари, муқаддималари, сабаблари ва қўзғовчиларидан йироқ туришни ифодалайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
﴿ﻭَﻟَﺎ ﺗَﻘْﺮَﺑُﻮﺍ ﺍﻟﺰِّﻧَﺎ ﺇِﻧَّﻪُ ﻛَﺎﻥَ ﻓَﺎﺣِﺸَﺔً ﻭَﺳَﺎﺀَ ﺳَﺒِﻴﻠًﺎ ﴾
«Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир – энг ёмон йўлдир» (Исро: 32).
Илм аҳллари: «Зинога яқинлашманглар!» жумласи зинонинг шаръий нуқтаи назардан қабоҳат, «у – бузуқликдир» жумласи зинонинг ақлий жиҳатдан қабоҳат ва «ёмон йўлдир» жумласи эса зинонинг оддий қабоҳат эканини ифодалайди. Қабоҳатнинг бунчалар қиррасини ўзида жамлаган гуноҳ, қабоҳатни бутунлай жамлаган бўлади,– дедилар.
Дўстлар, пайғамбарингиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган саҳиҳ хабарда: «Зоний зино қилаётган пайтида мўъмин бўла туриб зино қилмайди»– дейилган (Имом Бухорий 2475; Имом Муслим 211).
Насоий раҳимаҳуллоҳ эса ривоятида:
«Агар (банда) бу ишни қилса бўйнидан Ислом риштасини чиқаради. Агар тавба қилса Аллоҳ тавбасини қабул қилади» жумласини илова қилган (Насоий 4872).
Баззор раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида эса:
«Иймон, Аллоҳга бундан (зинодан) кўра ҳурматлироқдир» дейилган (Баззор «Муснад» 9716).
Абу Довуд, Термизий ва Байҳақий раҳимаҳумуллоҳларнинг ривоятида: «Агар банда зино қилса ундан иймон чиқади ва боши устида шамсиядек туради. Зинони тугатгач унга иймон яна қайтади» дейилган (Термизий 2625).
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонидаги Туш ҳақида нақл қилинган узун ривоятда нақл қилинишича Жибриил ва Микоил алайҳимассаломлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз кетдик ва тандирга менгзаган жойга етиб келдик. Унинг тепа қисми тор, пасти эса кенг эди. Ундан доду фарёдлар келар эди. Биз унга қарадик. Баногоҳ унинг ичида яланғоч эркагу аёллар бўлиб, тагларидан олов кўтарилиб уларга етиб келгач (ҳароратнинг баландлигидан) қичқиришар эди. Мен: Ҳой Жибриил, булар кимлар?,– деб сўрасам: Зоний ва зониялар,– деб жавоб беришди» (Имом Бухорий 1386).
Бу, Аллоҳ асрасин, зоний ва зонияларнинг Қиёмат кунигача чекадиган азобларидир.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ «Зуҳд» китобида Ийсо алайҳиссаломнинг: «Баттол одам доно бўла олмайди, зонийлар Само мулки (жаннат) га кира олмайди. Жаҳаннамда Ғавта номли дарё бўлиб, фоҳишаларнинг таносил аъзоларидан оқиб чиқади ва унинг бадбўй ҳиди жаҳаннамдагиларни азоблайди» деганини нақл қилди (Имом Аҳмад 19587).
Хароитий ва бошқалар ушбу марфуъ ҳадисни ривоят этганлар: «Зинога муккасидан кетган одам бутга сиғинган – бутпарастга ўхшаб қолади» («Масовиул ахлоқ» 456). Илм аҳллари бу ҳадисни саҳиҳ санад билан нақл қилинган ва ичкиликка ружу қўйган одам шундай алфозда ўлса, Аллоҳга бутпарастдек дуч келишини ифодалаган ҳадис ҳам қувватлайди. Зинонинг эса Аллоҳнинг даргоҳида ароқ ичишдан кўра қаттиқроқ гуноҳ эканида ҳеч қандай шубҳа йўқдир.
Зино – лоқайд диндорлик, тақвосизлик ва мурувватнинг кетиши каби барча ёмонликларни ўзида жамлайди. Макр ва алдов – зинонинг шиори, безбетлик ва хиёнат – бойлиги, Аллоҳнинг нигоҳбонлигини унутиш – ҳунари, лаёқатсизлик – одати, қалбдаги ҳамиятнинг кетиши – балосидир.
Аллоҳнинг ғазаби, аҳлу аёлнинг бузилиши, зинонинг расволиклари, лаззатларнинг кетиб, ҳасратларнинг қолиши етарли эмасми?!
Зино ҳайвоний пасткашлик ва разолат бўлиб, оила, олий инсоний туйғулар, оиланинг олий мақсадлари, қариндошлик ва маҳрамлик алоқаларини поймол қилади. Муҳтарам одамзодни пасткаш ҳайвонлик ботқоғига улоқтиради ва унинг мақсади ўткинчи лаҳзаларда шаҳватлар бўрони ва ҳайвоний туйғуларни қондиришдан бошқа нарса бўлмай қолади.
Покдомон жамиятлардаги зино жиноятининг таъсири икки оилагагина бўлиб, дардини иккови тортади.
Бундан ташқари, зино – юқумли касалликларнинг ёйилиши, баракаларнинг тортиб олиниши, дуоларнинг ижобат бўлмаслиги, демакдир. Сифилис, гонорея зинонинг касалликлари бўлса, герпес ва СПИД унинг вабоси ҳисобланиб, уларни Аллоҳ таоло қадимги халқларга юбормаган ва буларни улар билишган ёки билишмаган.
Дўстлар, мазкур манфур маданият эгалари ва у маданият билан мағрурланганларнинг ҳолига бир назар ташланглар. Улар шаҳватлари учун тизгинни бўш қўйдилар. Барча таъқиқланган нарсаларга рухсат бердилар. Кўмилган нарсаларни очиб, пардаларни йиртдилар. Оила масъулиятидан воз кечиб, ибосиз ва ҳаёсиз хотин–қизлар ортидан чопдилар. Хўш, бу қилмишлари, ўзлари айтишаётганидек, улардаги жинсий туйғуларни йўқ қила олдими? Улар гумон қилган «руҳий синиш»ни тузата олдими? Аксинча, уларни қонмайдиган ва тўхтамайдиган телбаларча қутиришга олиб борди. Уларнинг насллари озайиб, йўқ бўлишлари ҳақида бонг уришмоқда. Сабаби, улар масъулиятдан қочиб, ўз майлликларини машруъ йўллар билан қондирмадилар. Оила низомидан айрилдилар. Уларнинг тасаввурида ҳалол билан ҳаром ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмади. Уларда маҳрамларни қизғаниш, фаҳш ишлардан воз кечиш маҳол бўлиб қолди. Жамиятларидаги эркак ва аёл муносабатлари хулқ, руҳ, дин ва ибодатдан айрилди. Натижада, насли ноаниқ минглаб ҳаромзода ва асрандилар пайдо бўлди. Улар ўзларини билим ва маърифат арбоблари деб ҳисоблашсада, ота–онасиз наслларнинг ижтимоий таъсирларига эътибор беришмаяпти.
Ҳа, улар ҳайвонпараст ахлоқсизлар ёяётган шаҳватларни қўзғовчи ва лаззат «фанлари»нинг арбобидир! Улар бу «фанлари» асосида эркагу аёлни ҳалокатли аралишиш ва расво матбуотга ҳикоялари ва сериаллари билан ундамоқдаларки, бу фаҳш, ахлоқсизлик ва бузилишни кучайтирмоқда. Унинг ортида эса ҳайвонларнинг учрашувидан бошқа нарса йўқдир!
Ислом аҳли бу кўриниш ва натижаларни шиддат билан рад этади. Чунки, зино ҳалокатга элтувчи ахлоқсизлик ва катта гуноҳлардан бири бўлиб, Ислом унга олиб борадиган барча йўлларни тўсади ҳамда унга қўл урган уйланмаган бандани савалаш ва сургун билан, уйланган бандани эса тошбўрон қилиб ўлдириш билан жазолайди. Ислом динида одамларнинг шарафи ва эҳтироми боғланган машруъ жой – оила ҳисобланади.
Покдомон Ислом жамияти зинони ва зинога олиб борадиган воситаларни йўқ қилади. Бу жамиятда шариат аҳкомлари ва олий инсоний туйғулар асосида ахлоқсизликлардан айри алоқалар ҳукмрон бўлади ва бу алоқалар асосида икки қалб, икки руҳ ва икки инсон учрашади. Уларнинг учрашиш омили фақатгина ўткинчи лаззат ва бир–биридан узоқлашадиган жасад бўлмайди:
﴿ﻭَﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﻫُﻢْ ﻟِﻔُﺮُﻭﺟِﻬِﻢْ ﺣَﺎﻓِﻈُﻮﻥَ ● ﺇِﻟَّﺎ ﻋَﻠَﻰ ﺃَﺯْﻭَﺍﺟِﻬِﻢْ ﺃَﻭْ ﻣَﺎ ﻣَﻠَﻜَﺖْ ﺃَﻳْﻤَﺎﻧُﻬُﻢْ ﻓَﺈِﻧَّﻬُﻢْ ﻏَﻴْﺮُ ﻣَﻠُﻮﻣِﻴﻦَ ﴾
«Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар) . Бас улар маломат қилинмаслар» (Мўъминун: 5, 6; Маориж: 29, 30).
Шариатимиз бу иллатнинг илдизини қуритди ва унга жиддий жазони белгилади. Бундай разолатни қилаётган одамларга шафқат қилиш ва жазони ижро этмасликдан огоҳлантирди. Балки мўъминларнинг бир гуруҳининг кўзи ўнгида жазоларни ижро қилишга буюрди:
﴿ﺍﻟﺰَّﺍﻧِﻴَﺔُ ﻭَﺍﻟﺰَّﺍﻧِﻲ ﻓَﺎﺟْﻠِﺪُﻭﺍ ﻛُﻞَّ ﻭَﺍﺣِﺪٍ ﻣِﻨْﻬُﻤَﺎ ﻣِﺎﺋَﺔَ ﺟَﻠْﺪَﺓٍ ﻭَﻟَﺎ ﺗَﺄْﺧُﺬْﻛُﻢْ ﺑِﻬِﻤَﺎ ﺭَﺃْﻓَﺔٌ ﻓِﻲ ﺩِﻳﻦِ ﺍﻟﻠَّﻪِ ﺇِﻥْ ﻛُﻨْﺘُﻢْ ﺗُﺆْﻣِﻨُﻮﻥَ ﺑِﺎﻟﻠَّﻪِ ﻭَﺍﻟْﻴَﻮْﻡِ ﺍﻟْﺂﺧِﺮِ ﻭَﻟْﻴَﺸْﻬَﺪْ ﻋَﺬَﺍﺑَﻬُﻤَﺎ ﻃَﺎﺋِﻔَﺔٌ ﻣِﻦَ ﺍﻟْﻤُﺆْﻣِﻨِﻴﻦَ ﴾
«Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат
(туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!
И з о ҳ. Бу ҳукм бўйдоқ ёки тул ва бева (яъни оиласиз) зинокорларнинг жазосидир. Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир» (Нур: 2).
Аллоҳ таоло ва мўъминлар жазолар ижро этилса, жиноятчи қўллар кесилса ва туҳматчи оғизларни юмилсагина қонлар тўкилмаслиги, номуслар ҳурмат қилиниши, ўлкалар ислоҳ бўлиши, бандалар Тўғри йўлда юриши ва хавфсизлик жорий бўлишини яхши биладилар. Аллоҳ белгилаган жазолар нафсларни тажовузкорлик ва пасткаш ҳаёсизликлардан ҳимоя қилиш учун машруъ қилинган.
Уйланган ёки турмуш қурган зоний ва зонияларнинг қонини тўкиш ҳалол бўлиб, уларни муртад ва қотилларга боғлаб зикр қилинган: «Мусулмоннинг қони уч ҳолатдан бирида ҳалол бўлади: тул зоний, жонга жон, жамоатни тарк қилиб диндан чиққан одам» (Шу маънодаги ҳадис: Термизий 2311).
Аллоҳу акбар! Ҳой мусулмонлар, сизлар бу уч гуноҳдан кўра каттароқ жиноятни кўрганмисизлар?!
Ҳатто ҳайвонот оламига ҳам меҳру шафқат кўрсатиш дини ҳисобланган Исломнинг зоний ва зонияларга шундай қаттиқ муносабатда бўлиши, оқил инсонларнинг диққатини ўзига жалб этишидаги сир эмасми?!
Гуноҳларнинг хуфёна қолишини суйган ва шунга чорлаган дин, жазосини мўъмин ва мўъминалар кўзи ўнгида ижро этадими?!
Дўстлар, нега шундай?! Чунки, зиноси аниқ бўлган ва жинояти аниқланган зонийларга шафқат қилиш, аслида, жамиятга, инсоний одобларга, инсон виждони ва ҳуқуқларига нисбатан шафқатсизликдир. Жазонинг шафқатсиз бўлиши, фитратни бузиб разолат ботқоғига улоқтириши ва инсон касаллик ва ваболар ичида яшаши учун жамиятни кутаётган ҳаёсизликларнинг ёйилиши олдида катта шафқатдир!
Тўғри, Ислом белгилаган савалаш, тошбўрон қилиб ўлдириш ва қўлни кесиш каби жазолардан Аллоҳга ва Охират кунига ишонмайдиган кимсалар қўрқиши ва Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлмаган кимсалар норози бўлишлари мумкин.
Улар қуриб кетишсин! Улар: Шариат белгилаган жазоларни ижро этиш ҳозирги маданиятга тўғри келмайдиган бағритошлик, шафқатсизлик ва ваҳшийликдир!,– демоқдалар.
Уларнинг ҳолига маймунлар йиғласин! Бу маданият эгалари бегуноҳ инсонларга нималар қилишмоқда?! У бечораларнинг айби нима эди?! Булар ўзларининг даҳшатли ихтиролари билан бечора халқларнинг осуда ўлкаларини харобага айлантириб, миллионлаб бегуноҳ аҳолиси бўлган обод пойтахтларга зулму истибдоддан бошқа нимани беришди?! Бу «маданиятли» инсон амалга оширган вайронани кўриб, одамнинг лабига учуқлар тошади?! Ахир уларнинг билимлари ва маърифатлари бу харобани келтириб чиқармадими?!
Дўстлар, агар барча мусулмон ўлкаларда Аллоҳнинг шариатига риоя этилиб, жазолари ижро қилинса ва тажовузкор одамларнинг йўли тўсилса, разолат ботқоғига ботиш ва аҳволларидаги ўзгариш содир бўлмаган бўлар эди:
﴿ﺇِﻥَّ ﺍﻟﻠَّﻪَ ﻟَﺎ ﻳُﻐَﻴِّﺮُ ﻣَﺎ ﺑِﻘَﻮْﻡٍ ﺣَﺘَّﻰ ﻳُﻐَﻴِّﺮُﻭﺍ ﻣَﺎ ﺑِﺄَﻧْﻔُﺴِﻬِﻢْ ﴾
«Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11).
Наҳотки улар таносил аъзоларини ҳаром ишлардан сақлаш дунёдаги саодат ва муваффақият гарови эканини билишмаса?! Хоҳласангиз, ғорга қамалиб қолган пайтида иффатини қўриши одамга қандай ёрдам берганини эсланглар! Номусларни ҳимоя қилиш, соялар бўлмайдиган Кунда Аллоҳнинг соясида туриш, демакдир! Нозанин ва боён жувон ўз нафсига чорлагани маҳал Аллоҳдан қўрқиши тўсган одамни ҳам унутманг!
Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм
﴿ﺍﻟْﺨَﺒِﻴﺜَﺎﺕُ ﻟِﻠْﺨَﺒِﻴﺜِﻴﻦَ ﻭَﺍﻟْﺨَﺒِﻴﺜُﻮﻥَ ﻟِﻠْﺨَﺒِﻴﺜَﺎﺕِ ﻭَﺍﻟﻄَّﻴِّﺒَﺎﺕُ ﻟِﻠﻄَّﻴِّﺒِﻴﻦَ ﻭَﺍﻟﻄَّﻴِّﺒُﻮﻥَ ﻟِﻠﻄَّﻴِّﺒَﺎﺕِ ﺃُﻭﻟَﺌِﻚَ ﻣُﺒَﺮَّﺀُﻭﻥَ ﻣِﻤَّﺎ ﻳَﻘُﻮﻟُﻮﻥَ ﻟَﻬُﻢْ ﻣَﻐْﻔِﺮَﺓٌ ﻭَﺭِﺯْﻕٌ ﻛَﺮِﻳﻢٌ ﴾
«Нопок аёллар нопок эрлар учундир
(яъни лойиқдир) , нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ
(яъни жаннат неъматлари) бордир» (Нур: 26).
Иккинчи хутба
Кўзларнинг хиёнати ва кўнгиллар яширган туйғулардан бохабар бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ҳалим ва Шакур бўлан Аллоҳга шукроналар айтаман ҳамда: «Шериксиз ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг Қиёмат куни шафоат берладиган ва шафоат қилгувчи бандаси ва расули экани»га шаҳодат келтираман. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, унинг оиласи ва асҳобларига ҳамда тобиинларга ва уларга Қиёмат кунигача савоб умидида издош бўлганларга салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Ҳой мусулмонлар, Ислом дини фитрат истакларига қарши курашмайди ва Аллоҳ таоло инсон танасида яратган вазифаларни бекор қилмайди. Туйғуларни синдирмайди ёки улардан нафратлантирмайди. Балки уларни тарбиялайди, тартибга солади, покдомонлик йўлида юргизади ҳамда руҳий ва ижтимоий одоблар айланадиган ўққа айланиши учун туғуларни ҳайвоний босқичдан чиқаради. Ислом дини оила ва хонадонга эътибор бермайдиган, саодатли ҳаёт ва покдомон жамиятни вужудга келтирмайдиган пасткаш ҳайвоний ҳаётга қарши курашади.
Ислом орзу ва изтироблар муштарак бўладиган, ҳозирги кун билан келажакнинг ҳисоби назарда тутиладиган: солиҳ зурриёт учун тарбия гўшаси ва покдомон авлод учун улғайиш жойи бўлган ва ота–она бир–биридан айрилмайдиган ишончли қўриқчи – бахтиёр оила ҳаётини мақсад қилади. Ислом таълимотлари билан улғайган ушбу жамият, исломий одоблар билан ажралиб туради ва Ислом аҳкомларига қатъий риоя этади. Бундай жамият зино жиноятини қилишни қийинлаштиради. Унга, эътибор берилмайдиган нодир шахсларгина қўл урадилар, холос.
Бу жиноятнинг илдизига болта урадиган ва доирасини торайтирадиган ҳаёт дастури – ибтидоси Аллоҳга иймон келтириш, Аллоҳдан қўрқиб тақво қилиш, Аллоҳнинг нигоҳбонлигини унутмаслик билан бошланиб, сўнгра, фитнанинг омиллари, шубҳа ўринларини йўқ қилиш, одамзодни ҳимоя қилиб, фитналардан ҳимоя қиладиган кенг кийимларни кийишгача тарғиб этган эътиқод, аҳком ва одоблари билан Аллоҳ юборган Исломдир.
﴿ﻳَﺎ ﺃَﻳُّﻬَﺎ ﺍﻟﻨَّﺒِﻲُّ ﻗُﻞْ ﻟِﺄَﺯْﻭَﺍﺟِﻚَ ﻭَﺑَﻨَﺎﺗِﻚَ ﻭَﻧِﺴَﺎﺀِ ﺍﻟْﻤُﺆْﻣِﻨِﻴﻦَ ﻳُﺪْﻧِﻴﻦَ ﻋَﻠَﻴْﻬِﻦَّ ﻣِﻦْ ﺟَﻠَﺎﺑِﻴﺒِﻬِﻦَّ ﺫَﻟِﻚَ ﺃَﺩْﻧَﻰ ﺃَﻥْ ﻳُﻌْﺮَﻓْﻦَ ﻓَﻠَﺎ ﻳُﺆْﺫَﻳْﻦَ ﴾
«Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин
(воситадир) » (Аҳзоб: 59).
Ислом, авратларга боқиш ва хиёнат учун кўз қисишни таъқиқлади:
﴿ﻗُﻞْ ﻟِﻠْﻤُﺆْﻣِﻨِﻴﻦَ ﻳَﻐُﻀُّﻮﺍ ﻣِﻦْ ﺃَﺑْﺼَﺎﺭِﻫِﻢْ ﻭَﻳَﺤْﻔَﻈُﻮﺍ ﻓُﺮُﻭﺟَﻬُﻢْ ﺫَﻟِﻚَ ﺃَﺯْﻛَﻰ ﻟَﻬُﻢْ ﺇِﻥَّ ﺍﻟﻠَّﻪَ ﺧَﺒِﻴﺮٌ ﺑِﻤَﺎ ﻳَﺼْﻨَﻌُﻮﻥَ ● ﻭَﻗُﻞْ ﻟِﻠْﻤُﺆْﻣِﻨَﺎﺕِ ﻳَﻐْﻀُﻀْﻦَ ﻣِﻦْ ﺃَﺑْﺼَﺎﺭِﻫِﻦَّ ﻭَﻳَﺤْﻔَﻈْﻦَ ﻓُﺮُﻭﺟَﻬُﻦَّ ﻭَﻟَﺎ ﻳُﺒْﺪِﻳﻦَ ﺯِﻳﻨَﺘَﻬُﻦَّ ﺇِﻟَّﺎ ﻣَﺎ ﻇَﻬَﺮَ ﻣِﻨْﻬَﺎ ﻭَﻟْﻴَﻀْﺮِﺑْﻦَ ﺑِﺨُﻤُﺮِﻫِﻦَّ ﻋَﻠَﻰ ﺟُﻴُﻮﺑِﻬِﻦَّ ﴾
« (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) , мўминларга айтинг, кўзларини
(номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир) . Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир.
Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини
(номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур: 30, 31).
Ўзаро маҳрам бўлмаган эркак ва хотиннинг ёлғиз қолишларини ҳам, эркак ва хотинларнинг кўнгиллари пок қолиши учун ҳаром қилди:
﴿ﻭَﺇِﺫَﺍ ﺳَﺄَﻟْﺘُﻤُﻮﻫُﻦَّ ﻣَﺘَﺎﻋًﺎ ﻓَﺎﺳْﺄَﻟُﻮﻫُﻦَّ ﻣِﻦْ ﻭَﺭَﺍﺀِ ﺣِﺠَﺎﺏٍ ﺫَﻟِﻜُﻢْ ﺃَﻃْﻬَﺮُ ﻟِﻘُﻠُﻮﺑِﻜُﻢْ ﻭَﻗُﻠُﻮﺑِﻬِﻦَّ ﴾
«Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир» (Аҳзоб: 53).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Эркак (маҳрами бўлмаган) хотин киши билан танҳо қолса, учинчилари Шайтон бўлади» (Термизий 2165);
«Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган хотиннинг эри ёки маҳрами билан сафар қилишигина ҳалол бўлади» (Шу маънодаги ҳадис: Термизий 1169).
Эркаклар ўтирадиган жойларнинг ҳатто масжидлардаги жойларнинг хотин–қизлар ўтирадиган жойлардан йироқда бўлиши, намозларда эркакларнинг алоҳида, хотин–қизларнинг алоҳида сафларда туришлари, Ислом одобларидандир.
Ислом дини таълим олиш муассасалари, корхоналар ва фитнага олиб борадиган барча жойларда эркаклар билан хотин–қизларнинг аралаш юришларини таъқиқлаган бўлса, уйланишни осонлаштирди:
﴿ﻭَﺃَﻧْﻜِﺤُﻮﺍ ﺍﻟْﺄَﻳَﺎﻣَﻰ ﻣِﻨْﻜُﻢْ ﻭَﺍﻟﺼَّﺎﻟِﺤِﻴﻦَ ﻣِﻦْ ﻋِﺒَﺎﺩِﻛُﻢْ ﻭَﺇِﻣَﺎﺋِﻜُﻢْ ﺇِﻥْ ﻳَﻜُﻮﻧُﻮﺍ ﻓُﻘَﺮَﺍﺀَ ﻳُﻐْﻨِﻬِﻢُ ﺍﻟﻠَّﻪُ ﻣِﻦْ ﻓَﻀْﻠِﻪِ ﴾
«Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур» (Нур: 32).
Бошқалар турган хона ёки хонадонларга киришдан илгари рухсат сўраш ҳам, бировларнинг авратларига кўзнинг тушиши ёки инсонни фитнага соладиган ҳолатнинг олдини олган исломий одоблардандир.
Бу бобдаги энг буюк одоблардан бири – мўъминлар орасида фаҳш ишларни, фаҳш ишларга бўлган муҳаббат ва рағбатни ёйишдан сақланишдир. Аллоҳ бундай балолардан асрасин. Агар уммат орасида ҳаёсизликлар ҳақида гапириш ва уларни қилиш кенг ёйилса, у нарсалар инсон хаёлига келаверади ва уларни тинглаш оддий нарсага айланади. Натижада, ҳаёсизликларга нисбатан лоқайдлик пайдо бўлади ва заиф иймонли мусулмонлар уни қилишга шошилишади. Уни такрор қилавериш эса, сурункали шуғулланишга олиб боради. Буни билиш учун оммавий ахборот воситаларининг одамлар ва кўнгилларга бераётган таъсирларини кўриш кифоядир:
﴿ﺇِﻥَّ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﻳُﺤِﺒُّﻮﻥَ ﺃَﻥْ ﺗَﺸِﻴﻊَ ﺍﻟْﻔَﺎﺣِﺸَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺁﻣَﻨُﻮﺍ ﻟَﻬُﻢْ ﻋَﺬَﺍﺏٌ ﺃَﻟِﻴﻢٌ ﻓِﻲ ﺍﻟﺪُّﻧْﻴَﺎ ﻭَﺍﻟْﺂﺧِﺮَﺓِ ﴾
«Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир» (Нур: 19).
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳ устингиздан раҳматларини ёғдирсин, Аллоҳдан тақво қилингиз ва динингизга қатъий риоя этингиз! Динингизнинг одоблари ва жазоларини холис бандалик, покдомонлик ва иффат йўлларини сулук ўлароқ лозим тутингиз! Шундагина, жамият ислоҳ бўлганидек, шахс ҳам тузалади. Сизлар эса бу дунёда бахтиёр бўлиб, охиратда жаҳаннамдан саломат бўлиб, зафар қучасизлар. Сўнгра раҳмат ва ҳидоят элчиси бўлган Пайғамбарингизга салавоту саломлар йўллангиз! Чунки Роббингиз азза ва жалла сизларни буюриб шундай деган:
﴿ﺇِﻥَّ ﺍﻟﻠَّﻪَ ﻭَﻣَﻠَﺎﺋِﻜَﺘَﻪُ ﻳُﺼَﻠُّﻮﻥَ ﻋَﻠَﻰ ﺍﻟﻨَّﺒِﻲِّ ﻳَﺎ ﺃَﻳُّﻬَﺎ ﺍﻟَّﺬِﻳﻦَ ﺁﻣَﻨُﻮﺍ ﺻَﻠُّﻮﺍ ﻋَﻠَﻴْﻪِ ﻭَﺳَﻠِّﻤُﻮﺍ ﺗَﺴْﻠِﻴﻤًﺎ ﴾
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, муҳтарама рафиқалари ва зурриётларига салавоту саломлар йўлла!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев