💥МЕНИНГ_ИСМИМ_СОҒИНЧ...
1-қисм.
- Моҳиноз ! Қаердасан , ҳай қиз ! Сени чақириб чакагим қабарди , қиз бўлмай ҳар нарса бўлгур !
Ҳой қиз , ҳозир ўзим топиб олсам нақд кунингни кундан кўрсатаман !!!
Моҳиноз дедим...
Моҳиноз - бу мен ... Асл исмим - Моҳиноза ...
Ёшим бешда.
Жавраб- жавраб мени чақираётган инсон бу - аямлар.
Улар мени ўзимдан икки ярим яшар кичик синглим - Гулнозага қараш учун чақиряптилар .
- Моҳиноооз-ууу !
Аямларнинг овозлари энди жуда яқиндан кела бошлаганди.
- Ҳооов ...- дедим мен истар - истамас бута бўлиб ўсган атиргуллар ортида ўйнаб ўтирган ўрнимдан қўзғалар эканман кафтимдаги хонқизини қўлимни бир силтаб осмонга қарата отдим , сўнгра кенг қилиб тикилган шалваримга илашган тупроқни шоша - пиша қоқдим ,- мен шу ердаман, ая ...
- Дард шу ердаман ? ! Ҳалитдан бери нега жавоб қайтармайсан , қиз бўлмай ҳар нима бўлгур ! Қачон сенга ақл кираркан ?
"Қачон ақл киришини тўртта туққан аям бўлиб (бу бувимнинг кўзлари) сиз билмасангиз мен қаердан билардим ?!"- ҳайрон бўлиб ўйладим мен , аммо уларнинг янада жаҳллари авжига чиқишини истамай ўшшайганча индамай ерга қараб туравердим.
- Уфф, яна без бўлиб туришини-чи буни ?!- тоқатлари тоқ бўлди аямнинг ,- бўл тез туш олдимга , йиғлайвериб синглингнинг ҳам нафаси ичига тушиб кетгандир ... Сенам қиз бўлиб синглингга бир пас қараб турсанг эт- бетинг камайиб қолмайди. Ҳализамон уканг ҳам уйғониб қолади. Ана унда кўр томошани ...
Аям биқнай- биқнай нақд бир гектар келадиган ( бу аямнинг таърифлари) томорқамизни кесиб ўтиб ҳовлимиз томон йўлга тушдилар. Мен ҳам катта- кичик кесакларга туртина- суртина ҳолпиллаб қолган калишчамни судраганча уларга эргашдим.
"Аям ўзлари ёмон аёл эмаслар ...- деган ўйлар бир зум хаёлимдан ўтди ,- фақат жудаям чарчаганлари учун шунақа баджаҳл кўринсалар керак" ...
Улар айтганларича бор экан . Гулноза йиғламабди-ю , аммо дастурхондаги ўроғлик япроқ қилиб кесилган бўлка нонларни бурдалаб ён- атрофга сочиб ташлабди.
- Шу бурдаларни энди сен бир ўзинг ейсан ! - бу сафар нима учундир хўрсиндилар аям ,- қани бир бошдан тер-чи , ўзи ишим кам эди мени . Ҳам синглингни кўздан қочирма, ҳам бир дона қолдирмай ушоқларни териб ол! Билиб қўй битта ушоқ қолиб кетса ва уни кимдир босиб олса ўшанинг кўзи кўр бўлиб қолади . Шунга қараб иш қил !
Мен бу таҳлит гапларни аямдан кўп эшитган бўлишимга қарамай , ҳар сафар янгитдан қаттиқ чўчийман. Айниқса "Ўша ушоқларни ўзим босиб олсам- чи ? " деган хаёл мени қаттиқ ваҳимага солади.
Аям ҳар сафаргидек тушликдан аввал кир кийимларни ювиш учун тўплаб қўйган эдилар . Ҳаммом тарафга ўша кирларни ювиш учун йўл олдилар.
Мен эса узоққа кетиб қолмаслиги учун белидан айлантириб рўмол боғлаб давомига ўша рўмолга икки қулоч чилвир билан хонтахта оёғига чандиб қўйилган Гулнозага эртак айтганча ушоқларни тера бошладим.
"Бир бор экан , бир йўқ экан. Қадим замонда бир чол- билан кампир бўлган экан. Чолнинг Зумрад , кампирнинг..."
-Ғирч...
Эҳ... Эртак айтиш ва ушоқ териш билан овора бўлиб Гулнозага яқин келиб қолганимни билмай қолибман. У ҳам нақд елкамни мўъжалга олиб ғарчча тишлаб олганди .
- Ааайй!
Кўзларимдан олов чиқиб кетди. Оёқларим билан чўккалаб ўтирган жойимда сурилиб ўзимни четга олиб юзимни қўлларим билан ёпганча пиқиллаб йиғлай бошладим.
Тавба шу Гулнозага биб-бинойи эс кириб қолган- у , аммо ақл сира кирмади.
- Мани онаш қизим нимага йиғлаяпти ?! Яна синглиси хафа қилдими бобуна қизимни ?
Дадамни овозларини эшитиб кўнглим ёришди. Ўрнимдан туриб уларга салом бермоқчи эдим елкам қаттиқ оғриб , афтим буришиб кетди .
Дадам ўзлари томонга талпинган Гулнозани қўлига юмшоққина шимадиган конфет тутиб кўрпачага ўтқаздилар- у, ўзлари тиззалаб мени меҳр билан бағриларига босдилар :
- Жоним болам , яна эси йўқ синглинг ҳунар кўрсатдими ? Қани қаерингни тишлади тағин?
- Елкамни ...- дедим мен иложи борича қаттиқ йиғлаб юборишдан ўзимни тийганча ҳиқиллаб.
Дадам авайлаб кўйлагимни бўйин қисмидан елкамга назар ташладилар :
-Вой- бўўў, - жонилари озорланиб танглайларини тақиллатдилар улар ,- ёмон тишлабди-ю. Тишларини изи аниқ- таниқ кўриниб турибди-я ?
Бўлди, қизим йиғлама,- дадам шундай дея қулоғимга шивирладилар ,- яқинда ойлик оламан, ўшанда сенга ўзим кўппала шоколад олиб бераман. Фақат йиғлама хўпми ?
Дадам ваъда қилган шоколадларни кўз ўнгимга келтириб ютиниб бош силкидим :
"Хўп" ...
Дадам синглимга сал аввал узатган конфетдан менга ҳам узатдилар :
- Ононай ширин қизимдан. Мана буни **** кўр-чи ? Буям ширин бўлиши керак.
Дадамнинг қўлларидаги конфетни кўриб Гулноза хархашага тушди :
- Мантаям . Бейинг !
Дадам чўнтакларидан яна биттадан конфет олиб икковимизга берар эканлар , Гулнозага аста пўписа қилдилар :
- Агар опангни яна тишласанг , қайтиб сенга ҳеч қачон конфет олиб келмайман.
Гулноза "хўп" деганча қўлини узатди. Дадам уни боғланган жойидан ечишга тутиндилар .
- Моҳиноза , - дедилар улар иш билан андармон бўлганча ,- аяни чақир , овқатини тезлаштирсин. Ҳадемай дарсим бошланади.
Мен зинғиллаганча аямнинг ёнларига чопиб кетдим.
Дадам кўчанинг бошидаги мактабда математикадан дарс берадилар. Дарслари роса кўп. Сабаби қишлоғимизда ягона математика устози уларнинг ўзлари. Ҳар куни эрталаб биринчи соатдан бошлаб кечгача дарслари бор. Орада тушликга бир келиб наридан- бери овқатланадилар-у, яна мактабга чопадилар.
Аям кўпинча "Даданг душанба куни эрталаб мактабга кириб кетиб , шанба куни кечқурун чиқиб келадилар" дейдилар. Аммо уларни бу гаплари нотўғри . Дадам шанба куни эмас , ҳар куни туш вақти бировга ва кечки пайт ишлари тугагач уйга албатта қайтардилар.
Мен аямнинг ёнларига етиб борганимда улар хаёлга чўмганча кир ювиб ўтирардилар.
- Аяя ...
- Ҳааа ...- аям тезда хаёлларини йиғиштириб бир зумда жавоб қайтардилар, - уканг уйғондими ?
- Йўқ,- мен бошимни сарак - сарак қилдим ,- дадам келдилар. Овқат сўраяптилар.
- Ҳозир , - аям ҳорғин овозда кўпикли қўлларини тоғоранинг ўзида чайиб олар эканлар ўрниларидан турдилар ,- юрақол.
Сениларниям қорларинг очиб кетгандир- а...
Мен индамай аямга эргашдим. Улар очиқ айвонда Гулнозани тиззасида эркалаб ўтирган дадамнинг ёнларидан ўтар эканлар :
- Яхши келдингизми ? Мен ҳозир ... - деганча ўчоқбоши томонга ўтиб кетдилар. Кўп ўтмай сирлари кўчиб олачалпоқ бўлиб кетган эски патнисда катта темир чойнакда чой , тўртта пиёла, иккита косада ҳар хил сабзавотлар билан қовурилган помилдори қайласи олиб келиб дастурхонга қўйдилар.
- Нонни бурдалаб ўтирмайсиз ,- дедилар улар дадамга ўлимтик рангдаги чойни қуйиб узатар эканлар,- Гулнозангиз ейишга тап- тайёр қилиб қўйибди.
- Яхшида ,- дедилар дадам мен сал аввал катта ликопчага териб қўйган нон бурдаларини косадаги қайлага ботирар эканлар менга имладилар ,- Онаш , яқинроқ ўтир. Қорнингни тўйдириб ол.
Ол онаси ўзинг ҳам . Қўлинг бирам ширин- ки , пиширган таомларингни **** тўймайсан киши . Шунинг учун мактаб ошхонасида тушлик қилмай уйга келаман.
"Дадам ёлғон гапиряптилар . Уларнинг мактабда тушлик қилишларига асосий сабаб бу эмас. Тўғри аямнинг қўллари ҳақиқатда ширин. Бироқ мен дадамнинг аямга "Шу тушликка сарфлайдиган пулни рўзғорга сарфласам маъқулроқ. Унинг пулига бутун оиламиз тушлик қиламиз" деганларини кўп эшитганман.
Шу вақт ичкаридан укам Ғанижоннинг йиғи овози эшитилди.
- Бошланди ,- дедилар аям зарда аралаш ўрниларидан қўзғалганча ,- она овқатланишга ўтирдими , болани кетини шайтон чимчилар экан.
Дадам аямни овутишга сўз тополмадиларми ёки ҳозир ҳар қандай гап ортиқчалигини сездиларми уларга индамадилар.
Ойим шу кирганча ичкарида анча қолиб кетдилар.
Билиб турибман улар Ғанижонни ҳали- вери бешикдан ечмоқчи эмаслар. Укамни эмизиб яна ухлатиш пайидан бўлишларига барчамиз ўрганиб қолганмиз.
Дадам ҳам ўзлари овқатланиб, ҳам Гулнозага овқат едирардилар. Кўп ўтмай Гулноза ҳам дадамнинг қўлларида ухлаб қолди.
Дадам уни шифтда илинган беланчакка авайлаб ётқизар эканлар менга тайинладилар:
- Моҳигулим. Нозам ўзимнинг . Қорнингни яхшилаб тўйдириб ол. Кейин синглингга қараб турарсан. Сенга пиёлага чой қўйиб чойнакни ўзини нарига қўйиб кетаман. Яна синглинг уйғонганда чангал солиб бир нимани бошламасин.
Дадам айланиб ўтиб пешонамдан ўпарканлар, ортидан бурнимни аста чимдилар:
- Пучуққинам ўзимнинг ...
Улар чойнакни кўтарганча айвондан тушиб аям бешик тебратаётган хона деразасига яқинлашдилар:
- Аяси , мен қайтяпман. Ҳали ишдан келишда Мурод дўкончидан ойликкача у , бу нарса ёздириб қайтарман. Ойлик чиқишигаям кўп вақт қолмади. Сабзи - пиёз артиб қўйсанг , бир ош қилардик. Болаларни ҳам ичи ялансиб кетди ўзиям.
Майли яхши ўтиринглар... Чойнакни шу ерга қўйиб кетяпман.
Дадам шошилиб чиқиб кетдилар.
Муаттар бувимнинг айтишларича уларнинг қизлари Муножаат , яъни мени аям дадамнинг иккинчи турмушлари экан. Дадамнинг биринчи турмушидан бир ўғил , бир қизи бор экан. Дадамнинг топган ойлигининг бир қисми ўша болаларига кетар экан. Муаттар бувим аямга : "Набижон хўп яхши йигит-у , аммо жувон ўлгур шундоқ эрини битта такасалтанг мирзақуруққа алишиб кетганига нима дейсан?" деганларини кўп эшитганман. Улар яна "Мунож ... Бир кам дунё-да бу дунё, Комиланинг отаси сени қадрингга етмай Россига кетиб даф бўлди. Ўша ерда ойпатала Марусясига уйланиб "Мана энди хотинни маънисига етдим" деб сени талоғингни берганида қанча куйганимиз эсингдами ? Аммо Аллоҳ бир эшикни ёпса , ундан ҳам яхшисини очар экан. Унинг қайси ишида қандай хайр борлиги ёлғиз ўзигагина аён. Мана энди "Икки ёрти - бир бутун" деб борларингга ҳам , йўқларинга ҳам бирга кўниб яшаяпсизлар. Набижон куёвим барака топсин. Тенгги йўқ тилло йигит чиқди. Сен ҳам уни измидан чиқмай уйини уй , жойини жой қилишни уддасидан чиқ" деганларигаям сероб гувоҳ бўлганман.
Сал аввал таништирганим Комила опам бувимникида яшайдилар. Ёшлари саккизда. Д Мен дадамнинг :
- Муножаат , Комилани ҳам бу ерга олиб келайлик . Сингиллари ва укаси билан бирга яшасин ,- деганларида аям эътироз билдирганлар .
- Дадаси , қизим қорнимда уч ойлигида ота уйимга қайтиб келганман. Комила туғилганда уни деярли онам боққанлар. Комиланинг тили ҳам онамни "Ойи" , мени "Опа" деб чиққан. Мен Комилани бир ўйласам , онамни икки ўйлайман, сабаби Комила ҳам онам учун ўз қизиларидек бўлиб улгурган...
▪️▪️▪️
Мактуб шу ерга келганда иш кабинетим эшиги очилиб ўғлимнинг новдадек бўйи кўринди :
- Ойижооон, таомланайлик. Қорним жуда очқаб кетди.
"Оббо ,- дедим ўзимга ўзим. Мен ўрнимдан базўр қўзғалар эканман хаёлларимни йиғиштириб олишга жуда қийналардим , тўғрироғи айни дамда мактубнинг давомини ўқишга қизиқиш жуда устунлик қилаётган эди ,- ҳозир болам. Мана ... Мана кетяпман.
Бугун кечки овқатнинг ҳаяллашига бир сабаб бор . Янаям аниқроғи сабаблар сони иккита экан. Биринчиси бугун хўжайиннинг ўз дўстлари давраси- "чойхона"га кетишлари бўлса , иккинчиси фаҳмлаб турганингиздек Моҳинозадан келган мактуб эди. Аслида бу ёзишмаларни номини мактуб деб аташ ҳам тўғри бўлмаса керак . Моҳиноза ўз кўнгил кечинмаларини мен билан бўлишаётган эди.
Ростига кўчадиган бўлсам мен телеграмм тармоғида кўпчилик билан ёзишмайман. Бунинг сабаби оддийгина. Биринчидан тармоқда ёзишиб ўтиришга вақтим етишмайди. Иккинчидан кимгадир боғланиб қолишдан қўрқаман . "Кимгадир" деганимда назарда тутганим албатта аёллар. Шу чоққача тармоқ орқали бир , икки самимий кўнгилдош орттирдим- у , одатий кунларнинг бирида улар ҳаётимни зим- зиё қилиб ,изсиз ғойиб бўлиб қолдилар . Мен эса уларга қаттиқ боғланиб қолганим сабабли бу воқеаларни кўнглимга оғир олдим. Дугона бўлиб қолганларнинг изсиз кетишлари сабаб ана ўша вақтдаги юзага чиққан турфа саволлар , шубҳа, гумонларнинг юракни кемиришини- ку қўяверасиз.
Хуллас ...
Мен ўз ҳиссиётларимни шу тариқа ҳимоя ва суғурта қила бошладим. Яъни ортиқча суҳбатларга рағбат билдирмасликка ҳаракат қиламан.
Бироқ Моҳиноза ... У бутунлай бошқа масала эди...
- Оббо ... Хўжайиннинг айтганларича бор-да. "Бир нима ўқишга шўнғисанг бор дунёни унутасан. Ишқилиб шу аҳволда бир кунмас бир кун бир нимани бошламасанг бўлгани"
- Нимани бошларканман? - дейман менга уларнинг "бир" сўзлари қаторлашган танбеҳлари малол келганча , - нима бадиий асар ўқиш жиноятми ?
- Мен жиноят деганим йўқ шекилли ,- оғир- босиқлик билан жавоб қайтарадилар улар ,- аммо бир нарсани билки ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. "Ўқиш жиноятми ?" дея иддао қилиб дунёдан буткул узилиб ўқиш яхшимас. Шунақа қилиб бир куни бир нарсаларни бошламасанг бўлгани.
"Яна бииир ... Бор бўлсин-а шу бир сўзи " .
Аммо бугун хўжайиннинг сўзлари ўз исботини топибди. Асрдан сўнг қозонга солган шўрвам қайнай- қайнай суви қочиб жаркобга айланиб қолибди.
Хаёлимда қозондаги овқатни қоп- қора кўмирга айланиб кетишининг олдини олган ўғлимга раҳмат айта - айта дастурхон тузадим. Сўнгра ўғлим иккимиз ортиқча гап- сўзларсиз таомланиб олдик.
Таомдан сўнг идиш- товоқларни ювиб саранжомлар эканман ҳам-ки , бутун фикр-у хаёлим Моҳинозанинг ёзганларида эди.
Ишлардан қутилиб яна кабинетимга йўл олдим. Тармоққа улангач Моҳинозанинг кечмишларини давомини ўқий бошладим ...
▪️▪️▪️
Хаёлларимни аямнинг оёқ товушлари бузди. Улар сал аввал дадам дераза рахига қўйиб кетган темир чойнакдаги чойни кўтариб келиб беланчакда ухлаб ётган Гулнозага ҳорғин назар ташлаганча аста хонтахта ёнидан жой эгалладилар.
Аям иложи борича чойни шўлдиллатмасликка харакат қилиб пиёлага қуяр эканлар, афтилари борган сари буришиб борар эди.
Улар пиёладаги чойни бир , икки хўпладилар - у , ўкинч аралаш аста шивирладилар :
- Қуриб кетсин. Совиб қолибди. Ўзи қачон охирги марта қайноққина чой ичганим эсимда ҳам йўқ. Қайта дамлай десам қуруқ чой сайталмоннинг охиргисини дамлаган эдим.
Аям чуқур хўрсиндилар .
- Дадангга қуруқ чой тугаганини айтмабмиз- ку?! Бутунлай ёддан чиқибди. Ўзлари билиб олиб келармиканлар?
Улар ҳафсаласизлик билан билан нари- бери қайлага ботирилган нонни кавшар эканлар , менинг кўз ўнгимдан дадам ваъда қилган , кечқурун пиширилиши керак бўлган палов лоп этиб ўтди.
Оғзимнинг суви келиб беихтиёр "қулт" этиб ютиндим. "Ишқилиб Мурод магазинчи дадамга йўқ демай қарзга масаллиқ бериб турсин-да,
- ўйладим мен,- бахтимизга бугун савдода шанғи хотини бўлмасин. Йўқса ўтган сафаргидагидек ...
Ўтган сафар Мурод амакининг икки юзидан қон томиб турган хотини Лазакат келинойи аямни қон-қон йиғлатганди. Ўшанда аям дўкондан худди бугунгига ўхшаб қарзга ош масаллиғи сўраб борган эдилар. Аслида аям жудаям ғурурли аёллар. Бироқ ўша куни Комила опачамнинг туғилган куни эди. Аям ўзларича гўштсиз бўлса-да сал кўпроқ ош дамлаб, ундан бир товоқчага босиб бувимникига боришни режа қилгандилар.
Бироқ Лазакат келинойи ... Улар аямга юзингда кўзинг борми демай бобиллаб ташлагандилар...
"Биз сизга ўхшаган боқимандалар ош дамлаб , пишиллаб **** ўтирсин деб дўкон очганимиз йўқ, оповси. Қаторасига бола туғишни билган одам уни боқишни ҳам билса нур устига аъло нур бўларди"
▪️▪️▪️
Ёзишма шу ерга етганда Моҳинозанинғ ёзишмаси узилган ва кўп ўтмай алоҳида саҳифадан давом этган эди.
▪️▪️▪️
- Гули ... Мен беш ёшлик давримни сизга ҳикоя қиляпман-у , ҳудди ўша вақтларни қайтадан яшаётгандекман.
Тўғри у вақтлари ҳозиргидек сўзларни териб ҳикоя қила олмаган бўлардим. Бироқ айни дамда ҳаётимнинг ўша бир куни , бир саҳифасини ёзмоқдаман- у , ўзимни беш ёшлик Моҳиноза эмас , балки умри ҳаётнинг турли чиғириқларида обдон эланган аям Муножаат ўрнига қўйиб кўриб дунёларга сиғмай кетяпман.
Ҳаа ... Бу бешафқат ҳаётда яшаш аямга осон бўлмаганлиги аниқ ...
Ўша куни уларнинг кун тиғида қорайиб кетган чеҳраси янаям унниқиб кетган эди. Дўкон яқин бўлганлиги учун аям бешикда ухлаб ётган Ғанижонни уйда бирровга ёлғиз қолдирганча Гулнозани кўтариб , мени етаклаб дўконга чиққан эдилар. Ким билсин балки "Дўкончининг кўнгли юмшаб турган бўлса" деган гумонда мен ва синглимни ҳам ўзларича конфет билан сийламоқчи бўлгандирлар.
Хуллас , аям Лазакат кеннойининг бир даста пиёз гап- сўзини эшитиб , бир оғиз эътироз билдирмай мулзам бўлганча дўконни тарк этдилар .
Мен уларнинг ғам бамайлихотир ўрнашиб олган чеҳраларига қараб "Ҳозир уйга бориб тўйиб- тўйиб йиғласалар керак" деган ўйда эдим. Мен ёш эдим- у , бироқ шу билан бирга инсон зотининг иккинчи бир қиёфадоши томонидан изза бўлиши алами қандайлигини ҳис қила оладиган даражада лаёқатли ҳам эдим.
Аммо аям уйга келиб мен кутгандек йиғламадилар. Улар пастки лабларини маҳкам тишлаб шу қадар шиддат билан ишга киришиб кетдилар- ки , кўрган одам "Бу аёл бунча кучни қаердан олаяпти ?" деб ўйлаши табиий эди.
Аям шу куни дадамга ҳам Лазакат келинойининг устидан арз-и дод қилмадилар. Бироқ касалини яширсанг иситмаси ошкор қилиши бор гап.
Кечга яқин режа қилинган паловнинг ўрнига лаганда пиёз аралаш қовурилган сабзини олиб келиб дастурхонга қўйган аям ўзларига ҳайрон боққан дадамга сокин овозда тушунча бердилар:
- Битта бизникида эмас , дўконда ҳам гуруч тугаб қолибди...
Дадам уларнинг юзларидаги ифодадан ҳеч нарсани тушунмадиларми ёки ич- ичларидан ўтган қириндини сездиришни истамадиларми ортиқча гап- сўз қилиб ўтирмадилар :
- Бугунги ризқимиз шу таом экан-да , олинглар . Кўринишидан жуда мазалига ўхшаяпти,- улар шундай деб пилчираб ёғи тепчиб турган зирвакка нон ботирдилар ва ҳушнуд овозда қўшимча қилдилар, - оҳ, оҳ. Аввал ҳам айтганман , аяси , ҳозир ҳам қайтараман . Қўлинг бирам ширин- ки . Оддий сув қайнатсанг , бир олам маза кириб кетади-я ...
Мен эса аямга қараб уларга ҳаммадан ҳам Комила опамни туғилган кунлари баҳонасида бориб бир бора қучоқлай олмаяпганлари алам қилаётгани ҳақида ўйлар эдим.
Шу - шу аям Мурод амакининг дўконига қайтиб оёқ босмадилар.
Гули ...
Кейинчалик ёшимга ёш қўйилган сари "Камбағални урма , сўкма - тўнини еч" деган халқ мақолини теранроқ англаб бордим. Камбағалнинг тўни эса бу унинг ори , номуси , ғурури экан.
Мен бу билан "Бой одамларда юқорида санаган ҳислатлар йўқ" демоқчимасман. Шунчаки қўли қисқа кишиларнинг бор бойлиги шулар деган хулосадаман халос...
Ўша гўштсиз , гуручсиз "ош" еган кунимизнинг эртасига дадам қучоқларида мўъжазгина қопчада гуруч ва иккита музлатилган товуқ гўшти, темир консерва идишида қуюлтирилган сут олиб келдилар. Ўзлари эса шу кундан эътиборан тахминан бир хафтача уйга биз ухлаб қолганда қайтадиган бўлдилар.
Кейинчалик эшитишимча дадам ишдан сўнг нариги маҳалладаги Истам амакиникида шомдан то ярим кечагача сувоқчилик қилган эканлар.
Хуллас ўша дадам "Ош учун майда- чуйда бозорлик қилиб келаман" деган куни аям пешиндан сўнг кирларни ювиб , дорга ёйиб бўлгач, менга ухлаб ётган синглим ва укамдан бохабар бўлиб туришни тайинладилар. Ўзлари эса томорқа этагидаги "қора қош" деб номланувчи ловияларни теришга тушдилар. Мана бир неча кундан буён аям тагларига тўрт буклаб елим тизимча билан қўлбола боғлаб стулча вазифасини ўташга мўъжалланган эски кўрпачани тагларига солганларича мийиғларида ҳиргойи бошлаб ловия теришга тутинадилар :
- Ҳой оқ илон, оппоқ илон....
Ойдинда ётганинг қани ?
Сен- ку мени ёмон дединг ,
Яхшини топганинг қани ?
Ҳой оқ илон, оппоқ илон....
Тўнингни ташлаб кетма ...
Олиб, олиб менга ёмон ,
Кунингни ташлаб кетма ...
Мен бу қўшиқни аямнинг оғизларидан кўп эшитганман. Гоҳида "Улар шундан бошқа қўшиқни билмасалар керак" деб ҳам ўйланиб қоламан. Аммо ... Телевизорда кўп қўшиқлар қўйиб эшиттирилади. Бироқ аям ҳеч қачон оёқ узатиб телевизор кўрмайдилар ... Бор сабаб шундамикан?!
Ана унинг тили узун,
Менинг дилим узундир ...
Ана унинг қўли узун ,
Менинг йўлим узундир...
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Аям ҳамон куйлардилар . Терган ловияларни ҳам қопни анча дўппайтириб қўйибди:
Узун - узун ишончларим
Жон - жойидан узилди...
Мен паст овозда қўшиқ куйлаётган аямга аранг сўз қотдим :
- Ая...
Аям доим ҳеч ким йўқлигида куйлардилар . Шу сабаб менинг овозимдан бир чўчиб тушдилар :
- Ҳаа ...
- Ая , Гулноза ғалати товуш чиқаряпти.
Аям ўрниларидан сапчиб турдилар :
- Вой ўлмасам ! - улар югургудек олдинга отилдилар ,- яна дарди тутдими ?
Мен ҳам аямнинг ортларидан ортда қолмасликка ҳаракат қилганча эргашдим. Бироқ аям билан орамиздаги масофа тезда йироқдашди.
Узоқдан уларнинг айвонга отилиб чиққанларини , оёқларидаги орқаси кесилиб шиппак қилиб кийиб олган калишларини зарб билан силтаганларида бир пойи икки метрча берида, қўл чайишга сув тўлдириб қўйилган обдастанинг ёнига отилиб тушганини илғаб қолдим.
Аям беланчакда питир- питир қилиб ётган Гулнозани шарт кўтариб бағриларига босдилар-у, йўл- йўлакай этакларига артиб келган қўллари билан тилини босиб ўзларига торта бошладилар.
Аям менга кўпинча "Ўзимга ўхшаб дийданг қаттиқ сен қизни, дердилар,- қанча уришсам ҳам лўқ бўлиб тураверасан. Бир тукинг ҳам қимирлай демайди-я?"
Ўша дийдаси қаттиқ қиз мен- Моҳиноз, ҳозир синглимнинг юзини аниқ- таниқ кўрмасам ҳам , унинг кўз қорачиқлари буткул оққа айланиб кетаёзган , оғизчасидан оппоқ кўпик тошиб чиқаётган чиройли юзини кўз ўнгимга келтириб қалт-қалт титроқ боса бошлаган, кўзларим жиққа ёшга тўлган эди.
Кўп ўтмай Гулноза тинчланиб, аямнинг йўлларида ожизгина ингради.
- Моҳи , - дедилар аям ортларига ўгирилмай, - эҳтиёт бўлиб битта косага чойгумдан сув қўйиб кел.
Улар шундай деб кўнгиллари бўлмай ўтирган жойларида синглимни қучганча ярим айландилар,- эҳтиёт бўл. Сенам мени куйдириб бир балони бошлама ...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев