Гуноҳ қилдим, билиб, билмайин,
Қачон тавба сўзин айтаман?!
Умр ўтаяпти, кун сайин,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Заҳрим сочдим, бегуноҳларга,
Умрим тўлди, унсиз оҳларга.
Кўнгил бердим, тиллога, зарга,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Орзуларим бўлдилар, сароб,
Давраларда симирдим, шароб.
Бўлмасимдан бир куни хароб,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Не тиласам, берди Таолло,
Омад тутди, Қодири Якто!
Бўғзимда зор инграйди нидо,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Ибодати, келдими малол?
Йигит бошим кўрмоқда завол.
Юрагимда оғриқли савол,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Беш вақт намоз қилмасдим канда,
Чиқсанг қайтмоқ қийин эканда.
Хеч ҳаловат қолмади танда,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Баъзан шайтон кўрсатди кучин,
Иймонимдан олмоқда ўчин.
Инсон бўлиб, покланмоқ учун,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Тушларимда отам йиғлайди,
Укам, синглим, онам йиғлайди.
Нигоҳлари бағрим тиғлайди,
Жойнамозга қачон қайтаман?
Парвардигор, - кечир, бугундан,
Жойнамозим олай тугундан.
Саждага бош қўяй шу кундан,
Жойнамозга бугун қайтаман,
Гуноҳларга тавба айтаман!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев