ОТА-ОНА ҒАНИМАТ ЭКАН
Кўпни кўриб очилган кўзлар,
Гоҳ йўл босдик гоҳида тикан.
Дунё ғанимат эмас дўстлар,
Ота-она ғанимат экан.
Кўзи айтсин сочига боқманг,
У чеҳра у қошига боқманг,
Сиз ҳам мендек ёшига боқманг,
Ота-она ғанимат экан.
Улар кутса келмай қоламиз,
Гоҳ фарзандлик қилмай қоламиз,
Ўзимиз ҳам билмай қоламиз,
Ота-она ғанимат экан.
Дарахт минг йил яшаши мумкин,
Одам тугаб бораркан секин,
Сиз нима десангиз денг лекин,
Ота-она ғанимат экан.
Даврингизда даврон сурасиз,
Ўзингизни ўйлаб юрасиз,
Кўрсатади ҳаёт кўрасиз,
Ота-она ғанимат экан.
Меҳрингизга кўнгли кетади,
Ота-онага шу етади,
Зуҳро сизни огоҳ этади,
Ота-она ғанимат экан.
Етти ётнинг кўнглин оламиз,
Кимларнидир йўлга соламиз,
Бир сўз айта олмай қоламиз,
Ота-она ғанимат экан.
Сиз дард қўшманг яна дардига,
Фарзанд бўлинг бир Худо деган.
Борлигида етинг қадрига,
Ота-она ғанимат экан.
© Muxriddin Muxibillayev
💎💎💎💎💎💎💎💎💎💎💎
💖 《 》 💖
💎💎💎💎💎💎💎💎💎💎💎
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3