Юрагим ёритган бошқа ҳилол йўқ,
Унингдек қалби пок қалби зилол йўқ,
Онамга ўхшаган бирор аёл йўқ,
Барча Оналарнинг аълоси Онам...
Ҳаммадан афзалим дўсту қадрдон,
Меҳри менинг билан кетмайди бир он,
У сабаб бошимнинг тожи эрур шон,
Дилимнинг тилимнинг саъноси Онам...
Қаламим тебратиб қилиблар сабр,
Йиллаб ашъор битсам чекиблар жабр,
У сиз ҳеч бир байтим топмасди қадр,
Ёзган шеърлариминг маъноси Онам...
У каби гўзалмас ҳурлар, малаклар,
У каби қайғурмас жони ҳалаклар,
Эшитинг қуёши ёрқин фалаклар,
Мен учун ҳаётнинг зиёси Онам...
Борлиги қувончим, аламлар нари,
Мискин юрагимнинг олтину зари,
Ер учун ой битта бўлган сингари,
Ҳеч жойда топилмас қиёси Онам...
Бошимни силаган қўллари бахтим,
Рози қилмоқликдир энг олий ахдим,
Дилимнинг устига шу сўзни тақдим,
Кўнгил дунёйимнинг, дунёси Онам...
Юрагим ёритган бошқа ҳилол йўқ,
Унингдек қалби пок қалби зилол йўқ,
Онамга ўхшаган бирор аёл йўқ,
Барча Оналарнинг аълоси Онам...
📝Муаллиф: Зоҳид Зиё...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев