Мен ёмғирман, самода туриб
Ерни суйган, суюкли тутган.
Булутларнинг қўйнида ғариб
Ўз соатин йилларча кутган.
Мен ёмғирман, оромдан йироқ,
Орзуларга узанган тилак.
Ҳар томчимда кўз ёшча фироқ,
Ҳар сасимга умид чамбарак...
Мен ёмғирман, дардлар измидан
Қувган, қувган мисоли толиб.
Муҳаббатнинг кўҳна исмидан
Мана, келдим бир насийм олиб...
Мен ёмғирман, севаман, дунё,
Покланиб ол ювгиларимдан.
Адирларда яшиллик – гиёҳ
Уйғонажак севгиларимдан.
Мен ёмғирман, дилгир синчалак
Тутиб қолган... қўш қанотлиман.
Дарахтлардан сўра, қанчалик
Қувватлиман, ҳароратлиман!
Мен ёмғирман, ёмонлигим йўқ,
Қўнсам, тоғлар бошин эгарлар.
Кутиб олар юраги санчиқ
Дарёларим – содиқ жигарлар.
Мен ёмғирман, ҳар гулга қўнган,
Ҳар мунглуни эзиб йўқлагум.
Ғамларингни айтавер менга,
Сен учун ҳам қўшиб йиғлагум.
Ҳа, йиғлагум, тамомий меҳр
Сувидирман. Нидо этяпман --
Ўзим билан сен томон, ахир,
Ижобатлар олиб кетяпман.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев