Муҳаммад Ҳабибуллоҳ
КУНДАЛИК ЗИКРЛАР МАҚОЛАЛАР
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда ўртасида: “Аллоҳим, гуноҳларимни мағфират қил, менга раҳм айла, хато-камчиликларимни тузат, тўғри йўлга ҳидоятла ва мени ризқлантир” – дер эдилар (Термизий (284) ривоят қилган).Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:
اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي وَاجْبُرْنِي وَاهْدِنِي وَارْزُقْنِي
Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳуммағфир лий варҳамний важбурний ваҳдиний варзуқний”.Мазкур дуо турли хил кўринишларда ривоят қилинган. Баъзи ривоятларда қисқароқ, бошқаларида эса баъзи қўшимчалар билан келган. Бу дуонинг энг қисқа кўриниши ҳақида Ҳузайфа розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда ўртасида: “Раббим, гуноҳларимни кечир, Раббим, гуноҳларимни кечир” – деб айтардилар” (Ибн Можа (897) ривояти).Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:
رَبِّ اغْفِرْ لِي رَبِّ اغْفِرْ لِي
Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Роббиғфир лий, Роббиғфир лий”.Юқорида Термизий ривоятини келтирдик. Абу Довуд (850) ривоятида эса “хато-камчиликларимни тузат” ўрнига “барча бало ва офатлардан сақла” дейилган. Мазкур дуонинг барча ривоятларини бирлаштирсак бу ўринда етти нарса сўралганини кўришимиз мумкин. Улар қуйидагилардир: “Аллоҳим, гуноҳларимни мағфират қил, менга раҳм айла, барча бало ва офатлардан сақла, хато-камчиликларимни тузат, дунёда ҳам, охиратда ҳам қадримни баланд қил, мени тўғри йўлга ҳидоятла ва ризқлантир”. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ривоятларнинг барчасини бирлаштириб айтиш тўғрироқ…” (“Ал-мажмуъ” (3\437). Шунга кўра, бу ўринда айтилиши керак бўлган дуонинг энг мукаммал кўринишининг арабча матни қуйидагича:
اللهُمَّ اغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي وَعَافِنِي وَاجْبُرْنِي وَارْفَعْنِي وَاهْدِنِي وَارْزُقْنِي
Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳуммағфир лий варҳамний ва аафиний важбурний варфаъний ваҳдиний варзуқний”.Икки сажда ўртасида мазкур дуони ўқиш жумҳур уламолар наздида мустаҳаб. Баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари ушбу дуони ўқишни вожиб дейишган. Лекин уларнинг бу фикрларига асосли далил йўқ. Шунингдек, баъзи уламолар икки сажда ўртасида юқоридаги дуога қўшимча сифатида ота-онанинг ҳаққига ҳам дуо қилиш жоиз дейишган. Бироқ бунинг ўрнига сажда, охирги ракаатда салавотлардан сўнг ва салом беришдан олдин ҳамда шунга ўхшаш ўринларда ота-онанинг ҳаққига дуо қилиб, икки сажда ўртасида эса фақат мазкур дуога чекланган афзал.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев