Абу Аҳмад
РЎЗА ФИҚҲ
Арафа куни рўзаси:Ҳажда бўлмаган кишига арафа куни рўза тутиш мустаҳабдир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Арафа куни тутилган рўза икки йиллик: ўтган ва келажак йилдаги гуноҳларни каффорат қилади. Ошуро куни тутилган рўза эса ўтган йилги гуноҳларни каффорат қилади”[1].Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадисдаги гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлар”.Уламолар ҳаждаги киши арафа куни рўза тутиши борасида ихтилофлашганлар. Аксар уламолар ҳаж қилаётган инсон арафа куни рўза тутмаслиги мустаҳаб деганлар. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажда арафа куни рўза тутмаганлар. Уммул Фазл бинти Ҳорис розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир неча одамлар арафа куни менинг чодирим олдида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўза тутган ёки тутмаганликлари хусусида тортишиб қолдилар. Баъзилар “рўза тутганлар”, деса, бошқалар “йўқ, рўза тутмаганлар”, дейишар эди. Шунда мен у зотга бир қадаҳда сут бериб юбордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларига миниб турган ҳолларида сутни ичдилар”[2]. Шунингдек, бу ҳукмни Уқба розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди: “Арафа, наҳр ва Мино кунлари биз мусулмонларнинг байрамидир”[3].[1] Муслим (1163), Абу Довуд (2429), Термизий (740) ва Ибн Можа (1742) ривоят қилишган.
[2] Бухорий (1988), Муслим (1123) ва Абу Довуд (2441) ривоят қилишган.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (2419), Термизий (773), Насоий (5/252) ва Аҳмад (4/152) ривоят қилишган.
Эслатма: арафа куни зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни, наҳр куни зулҳижжанинг ўнинчи куни ва Мино кунлари ёхуд “айёмут ташриқ” зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунларига тўғри келади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев