Абу Аҳмад
РЎЗА ФИҚҲ
Ташриқ кунларида рўза тутмаслик
Ташриқ кунлари деб қурбон ҳайитидан кейинги уч кун (зулҳижжа ойининг 11, 12, 13-кунлари)га айтилади.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бу кунлар (яъни ташриқ кунлари) рўза тутиладиган кунлар эмас. Бу кунлар еб-ичиш ва зикр қиладиган кунлардир”[1].
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ отаси Амр ибн Оснинг ҳузурига кирса, у таом еяётган экан. Абдуллоҳ айтади: “Отам мени таомга даъват қилдилар. Мен “рўзаман”, дедим. Отам айтдилар: “Бу кунлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутишдан қайтарган ва еб-ичишга буюрган кунлар”[2].
Шунга кўра, бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир. Фақат қурбонлик топмаган ҳаж қилаётган кишигина бу кунларда рўза тутиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Кимда ким қурбонлик топмаса, у ҳолда уч кун ҳажда ва етти кун уйига қайтгач рўза тутсин» [Бақара: 196].
Ойша ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум шундай дейишган: «Ташриқ кунларида фақат қурбонлик топмаган (ҳаж қилаётган киши)ларга рўза тутишга рухсат берилган»[3].
Бу кунларда фарз рўзанинг қазосини ёки назр рўзани тутиш хусусида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Рожиҳ фикрга кўра, ташриқ кунларида фарз рўзанинг қазосини ёки назр рўза тутиш ҳам дуруст бўлмайди. Чунки Ойша ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумларнинг сўзига кўра, бу кунларда фақат ҳаж қилаётган кишигагина рўза тутиш учун рухсат берилган. Зеро, саҳобаларнинг бу мазмундаги сўзлари худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳукмида бўлади. Қолаверса, юқорида зикр қилинган ҳадисда «еб-ичишга буюрган кунлар», дейилди. Умумий тарзда айтилган бу сўз ташриқ кунларида тутилган ҳар қандай рўзага тааллуқлидир.
[1] Саҳиҳ: Аҳмад (1/92), Ибн Хузайма (2147) ривояти.
[2] Саҳиҳ: Абу Довуд (2418), Аҳмад (4/197), Ибн Хузайма (2149) ривояти.
[3] Бухорий (1997, 1998), Ибн Абу Шайба (3/155) ривояти.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев