Абу Аҳмад
РЎЗА ФИҚҲ
Эслатма: Ражаб ойида рўза тутиш
Ражаб ойида рўза тутиш ёки бу ойнинг маълум кунларида рўза тутиш фазилати тўғрисида бирон далил келмаган. Бу ойда рўза тутиш худди бошқа ойлардаги рўза билан баробар. Агар бирон кишининг рўза тутишга одатланган кунлари бўлса, ўша кунларда ражаб ойида ҳам рўза тутаверади. Ҳар ойда муайян кун рўза тутишга одатланмаган киши ражаб ойини хослаб рўза тутмайди ёки бу ойнинг бошида, шунингдек, йигирма еттинчи кечасида ҳам махсус рўза тутмайди. Умар розияллоҳу анҳунинг ражаб ойини хослаб рўза тутишдан қайтаргани собит бўлган.
Хараша ибнул Ҳурдан ривоят қилинади: “Мен Умарнинг ражабпарастларни қўлларига уриб таом ейишга мажбурлаганини кўрдим”. У шундай дер эди: “Енглар, бу жоҳилият аҳли улуғлаган бир ойдир”[1].
Шунингдек, ражаб ойида рўза тутиш макруҳлиги Ибн Аббос, Абу Бакра, Анас розияллоҳу анҳум ва бошқалардан ҳам собит бўлган.
Албоний роҳимаҳуллоҳ айтади: «Умар розияллоҳу анҳунинг ражабпарастларнинг қўлларига уришидан тушунилган бу ойда рўза тутишдан қайтаргани мутлақ ражаб ойида рўза тутиб бўлмаслиги учун эмас, балки одамлар бу ойда рўза тутишни одат тусига киритиб олмаслиги ва худди рамазондагидек унда тўлиқ рўза тутмасликлари учундир».
Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражаб ойига атаб алоҳида рўза тутиш макруҳдир»[2].
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, «Ҳаром ойларининг баъзи кунларида рўза тутиб, баъзи кунларида рўза тутма»[3] деган ҳадис ҳужжатликка яроқсиз заиф ҳадисдир. Борди-ю, ҳадис саҳиҳ бўлганида ҳам унда ражаб ойига атаб алоҳида рўза тутишга далил йўқ.
Шунга кўра, инсон одатда тутадиган рўзасини ражаб ойида тутса бўлаверади. Аммо бу ойга хослаб алоҳида рўза тутиш ёки ражаб ойида рўза тутишнинг ўзига хос фазилати бор деб эътиқод қилиш учун бирон далил йўқ.
[1] Ибн Абу Шайба (2/345) ривояти. Албоний «Ирвоул ғалил»да (4/113) саҳиҳ деган.
[2] «Ал-муғний» (4/429).
[3] Абу Довуд (2428), Ибн Можа (1741) ва Насоий ривояти. Ҳадисни Албоний заиф деган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев