Муҳаммад Ҳабибуллоҳ
12 УМР ЙЎЛДОШ ТАНЛАШ 21 НИКОҲФАТВОЛАР
Савол:
Мусулмон қиз ғайридин эркакка турмушга чиқиши мумкин эмас, деб эшитганман. Мен моддий томондан ҳаёт тарзимни яхшилаш мақсадида кореяликка турмушга чиқмоқчиман. Лекин у билан ҳаётимнинг охиригача яшаш ниятим йўқ. Маълум муддат бирга яшаганимдан сўнг ажрашиш ниятидаман. Аксар корейслар динсиз, худосиз, ҳеч нарсага сиғинишмайди. Баъзилари насроний. Корейсга турмушга чиқишдан олдин унга калимаи шаҳодатни айттириб, кейин турмушга чиқаман, деган фикрдаман. Лекин муаммо шундаки, корейслар исломни қабул қилгани билан барибир ўз яшаш тарзида давом этади: чўчқа гўшти ейди, ароқ ичади, намоз ўқимайди. Улар исломни тўлиқ қабул қилишига ишончим комил эмас, барибир ҳақиқий мусулмон бўлолмайди. Мен унга турмушга чиққаним билан уй-рўзғорга ҳаром аралаштирмасдан покиза яшасам, ибодат қилиб, тавба қилиб яшасам ҳам барибир охиратим куядими? Очиғини айтсам, бундай йўл тутишни асло хоҳламасдим, ғайридин кофир билан яшаш виждонимга тамоман зид иш. Лекин шароит шуни тақозо қиляпти. Нима сабабдан муслима аёл ғайридинга турмушга чиқиши мумкин эмаслигини, мажбурликдан шундай йўл тутса нима бўлишини, бу иш ҳаром эканини била туриб қилса, сўнг тавба қилса гуноҳи кечириладими ёки йўқми, шу ҳақда батафсил маълумот беринг? Нима қилишни, қандай йўл тутишни билмай бошим қотган. Нима маслаҳат берасизлар? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;
Аввало, бу иш шариатга тўғри келиш ёки келмаслиги ҳақида сўраганингиздан хурсандмиз. Бундан сизнинг ўз дини учун қайғурадиган муслима эканингиз кўриниб турибди. Қуйида бир қанча масалаларга тўхталиб ўтамиз:Биринчидан: муслима аёл ислом динини қабул қилган ҳар қандай миллат вакилига турмушга чиқиши мумкин. Унинг олдин қайси динга мансуб ва қайси миллат вакили эканининг аҳамияти йўқ. Чунки ҳар қандай инсон ислом динини қабул қилган заҳоти барча мусулмонлар билан тенг ҳуқуқли мусулмонга айланади. Агар сиз унга турмушга чиқишингиз унинг исломга киришига сабаб бўлса, у ҳолда бундай никоҳни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки бир кишининг исломга киришига сабабчи бўлишдан кўра катта бахт йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоятлаши қуёш нури етган бутун борлиқ сеники бўлишидан кўра яхшидир” – деганлар (Табароний “Кабир”да (930) ривоят қилган). Бироқ бўлажак куёв калимаи шаҳодатни тили билан айтса-ю, иймон келтирмаса, исломни дин деб қабул қилмаса, унинг ҳукмларига бўйсунмаса, у ҳолда шунчаки калимаи шаҳодатни айтгани билан мусулмон бўлиб қолмайди. Чунки исломга кириш учун тил билан айтиб, қалб билан тасдиқлаш лозим ва шундан кейин ислом аҳкомларига амал қилиши лозим. Фақат зоҳирда мусулмон бўлган кимсага турмушга чиқишнинг ҳукми қуйидагича:Иккинчидан: муслима аёл ғайридин кофирга турмушга чиқиши ҳаром. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ асло кофирларни мўминлар устидан ҳукмрон қилмайди” (Нисо: 141) сўзи далил бўлади. Маълумки, эр хотиндан устун ва унга масъул шахсдир. Муслимани ғайридин кофирга бериш уни кофирнинг қўлига топшириш ҳисоблангани учун ҳам ҳаром бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом олий бўлади, бошқаси ундан устун бўлолмайди”, деганлар (Бухорий (муаллақ) ва Дорақутний (3620) ривоят қилишган). Муслимани кофирга турмушга узатиш исломни куфрнинг қўлига топшириш демакдир.Учинчидан: муслима аёлни кофирга турмушга бериш ҳаром қилинишининг ҳикматларидан бири шуки, оилада эркак устун бўлгани учун у аёлини исломдан чиқишга мажбурлаши мумкин. Қолаверса, фарзандлар ҳам одатда оила бошлиғининг динида бўлади. Аллоҳ таоло муслималарни мушрикларга бериш ҳаром эканини баён қилиш асносида бу ҳикматга ҳам ишора қилиб шундай дейди: “Мушриклар иймон келтирмагунларича хотин-қизларингизни уларга турмушга берманглар. Мушрик сизларни ҳар қанча лол қолдирмасин, ундан кўра қул мўмин афзалдир. Мушриклар дўзахга чорлайдилар. Аллоҳ эса жаннатга ва мағфиратга чорлайди…” (Бақара: 221). Она ўз фарзандлари кофир бўлиб етишишига имкон яратиб беришидан кўра оғир жиноят бўлмаса керак.Тўртинчидан: мусулмон киши учун доим дини ва охирати бу дунёсидан устун туриши керак. Арзимаган ўткинчи дунёга эришиш мақсадида Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қўл уриш катта гуноҳ. Шуни унутмайликки, биз бой-бадавлат бўлиб яшашга эмас, Аллоҳ буюрганидек мусулмон бўлиб яшашга буюрилганмиз. Қиёматда бой бўлмаганимиз учун жавоб бермаймиз. Лекин бойликка эришиш йўлида қилган ҳар бир ҳаром ишимиз учун албатта жавоб берамиз. Аслида бахт-саодат пулдорлик ва бадавлатликда эмас, ҳақиқий бахт-саодат инсон Аллоҳнинг буйруқлари ва кўрсатмаларига риоя қилиб яшашидадир. Дунёдаги энг мукаммал ва энг бахтли ҳаёт кечирган Пайғамбаримизга бир назар солинг. У киши бадавлат бўлмаганлар. Баъзида егани овқат бўлмаганидан бир неча кунлаб рўза тутиб юрганлар. Инсон фақир бўлиб яшаса Аллоҳ таолони кўп эслайди. Бойлик одатда инсонни ҳавои нафсига қул бўлишга чорлайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасам, мен сизларга камбағалликдан қўрқмайман. Аксинча, худди сизлардан олдингиларга мўл-кўл дунё ато этилганидек сизларга ҳам мўл-кўл давлат берилишидан, улар бу борада кимўзар ўйнаганларидек сизлар ҳам кимўзар ўйнашингиздан, охир-оқибат, дунё уларни ҳалок қилганидек сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман”, деганлар (Бухорий (3158) ривояти).Бешинчидан: мажбурлик масаласига келсак, инсон бироз моддий томондан қийналиши, фаровон ҳаёт кечира олмаслиги мажбурлик дейилмайди. Бугунги кунимизда муслиманинг кофирга турмушга чиқишига мажбурлик деб бўлмайди. Чунки бунинг бошқа чоралари ҳам бор. Масалан, жуда танг аҳволга тушиб қолган аёл иккинчи хотин бўлиб мусулмон кишига турмушга чиқиши мумкин. Ёки бирон кишига уни никоҳига олишини таклиф қилиши ҳам жоиз. Салафи солиҳларимиз ўзларига муносиб диндор ва тақволи кишини кўрсалар, қизларини олишни таклиф қилишган. Жумладан, Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқиш истагини билдирган. Мусо алайҳиссалом Мадянга борганларида Шуайб унга ўз қизини никоҳига олишини таклиф қилган. Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳудан қизи Ҳафсани ўз никоҳига олишини сўраган. Бироқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса онамизни олиш ниятида бўлганларини билгани учун унамаган. Бунга салафи солиҳларимиз ҳаётида талайгина мисоллар бор.Олтинчидан: бир ишнинг гуноҳ эканини била туриб унга қўл уриш Аллоҳнинг наздида бу ишнинг гуноҳини янада орттиради. Модомики, сизнинг ғайридинга турмушга чиқишингиз ҳаром бўлса, ўқилган никоҳ шаръий никоҳ саналмаса, унда сизнинг бу кофир билан кечирган ҳар бир лаҳзангиз ва ҳар бир кечангиз зино бўлади. Сиз бу никоҳнинг вақтинча бўлишини, иқтисодий имкониятингиз ўнгланиши билан бу ишдан тийилишингизни айтмоқдасиз. Айтингчи, бир кофир билан яшашингиз ҳаром эканини била туриб, у билан пул учун вақтинча яшасангиз кўчада номусини сотаётган аёллардан нима фарқингиз қолади?! Қандай қилиб ҳаромга қурилган ҳаётда покиза яшаш мумкин?! Сизни пул учун ҳаром ҳаётга кўндирган шайтон вақтлар ўтиши билан сизни диндан чиқармаслигига ишончингиз комилми?! Тавба қиладиган кунингиз келишидан олдин кофирнинг қўйнида ҳаром ҳаёт кечираётган вақтингизда ўлим фариштаси жонингизни олмаслигига кафолатингиз борми?! Қолаверса, маълум муддатдан сўнг ажрашиш ниятида кофир у ёқда турсин, ҳатто мусулмонга ҳам турмушга чиқиб бўлмайди. Бундай ниятда тузилган никоҳ ношаръий бўлади.Хулоса шуки, агар бўлажак қаллиғингиз Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, исломни дин деб қабул қилса, ислом аҳкомларига амал қилса, у қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, турмушга чиқишингиз жоиз. Агар бу билан унинг мусулмон бўлишига сабабчи бўлсангиз, бу сиз учун Аллоҳнинг берган энг улуғ неъматларидан бири бўлади. Борди-ю, бўлажак қаллиғингиз тилида калимаи шаҳодатни айтгани билан қалбидан исломга иймон келтирмаса, у ҳолда бу эркакка турмушга чиқишингиз ҳаром. Никоҳ ўқитган тақдирингизда ҳам бу никоҳ шаръий никоҳ саналмайди, валлоҳу аълам.Эслатма: аёл аслида миллатидан қатъи назар ҳар қандай мусулмонга турмушга чиқиши жоиз бўлса-да, ҳаёт давомли бўлиши учун бир қанча масалаларда бўлажак эр-хотин ўртасидаги тенгликка риоя қилиши мақсадга мувофиқдир. Мазкур масалада батафсил маълумот олиш учун “Келин-куёв ўртасидаги тенглик” номли мақолага мурожаат қилинг. http://ixlos.org/?p=6454
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев