Шайх Саидаҳмад Нуриддин
20 ТАОМ ВА ИЧИМЛИКЛАР ФАТВОЛАР
Савол:
Қимиз ичиш мумкинми?
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Маълумки, қимиз бия (от) сутидан тайёрланади. Ҳар қандай гўшти ҳалол ҳайвоннинг сути ҳам ҳалол. От гўшти жумҳур уламолар билдирган рожиҳ фикрга кўра ҳалолдир. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир от сўйиб, едик» [Бухорий (5191) ва Муслим (1942) ривояти]. Гўшти ейилган ҳайвоннинг сутини ичиш албатта жоиз, чунки сут гўштдан пайдо бўлади ва унинг ҳукми гўштнинг ҳукми билан бир хил бўлади.Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарга чиқдик. Сафарда от гўштиердик, сутини ичар эдик» [Дорақутний ва Байҳақий ривояти. Ҳадис санадини Нававий саҳиҳ деган].От гўшти ва сути ҳалол деган фикр шофеий ва ҳанбалий мазҳаблари, шунингдек, ҳанафийлардан имом Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг фикридир.Шофеий мазҳабига доир «Аснал матолиб» китобида шундай дейилади: «От сути каби гўшти ейиладиган ҳайвонлар сутига келсак, гарчи от хачир туғса ҳам унинг сути ҳалолдир».«Туҳфатул муҳтож» китобида эса шундай дейилади: «Хачир туққан отнинг, шунингдек, ит туққан қўйнинг сутини ичиш жоиздир. Чунки сут эркак ҳайвондан (яъни уни қочирган хачир ёки итдан) эмас, балки унинг ўзидан пайдо бўлади».Ҳанафий мазҳабига оид «Табйинул ҳақоиқ шарҳи канзуд дақоиқ» китобида айтилишича, от гўшти ва сутини истеъмол қилиш макруҳдир. Ҳанафий мазҳабида от гўшти ва сутини истеъмол қилиш танзиҳий (ҳалолга яқин) макруҳ, деган фикр ҳам мавжуд.Моликий мазҳабига оид машҳур фикрга кўра («Мавоҳибул Жалил шарҳу мухтасаруш шайх Халил»), от гўшти ҳаром бўлганидек, унинг сути ҳам ҳаромдир. Шунингдек, моликий мазҳабида от сутини истеъмол қилиш макруҳлигини айтганлар ҳам бор.Хулоса қилиб айтганда, рожиҳ фикрга кўра отнинг сути ҳалол. Бироқ шуни эслатиб ўтиш лозимки, от сути – қимиз ҳалол бўлиши учун унга маст қилувчи бошқа нарсалар қўшилмаган бўлиши керак, валлоҳу аълам.
Савол:Ота-онам хорижда диний таълим олишимга қарши бўлсалар, нима қилишим керак?Жавоб:Алҳамдулиллаҳ.Аввало ота-онанинг илм олишга тўсқинлик қилиши деган гапга очиқлик киритиш лозим. Чунки илмнинг фарзи айн бўлгани ва фарзи кифоя бўлгани бор. Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан билиши фарз бўлган илмлардир. Таҳорат, намоз, рўза ва ҳоказо ибодатлар дуруст бўладиган миқдорда илм ўрганиш, ҳалол-ҳаромни ажратиш, шунингдек, Аллоҳ ва Расулини таниш ва ҳоказо эътиқодий ҳукмларни билиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Бу илмларни инсон ўз юртида ҳам ёки хорижда ўрганиши учун имконият бор.Энди фарзи кифоя бўлган илмларга келсак, бу илмларни ҳамма ўрганиши шарт эмас, балки бир тоифа мусулмонлар ўрганса кифоя, шу билан қолганлардан мажбурият соқит бўлади. Турли шаръий илмларда, шунингдек, уммат муҳтож бўлган дунёвий бирон илмда мутахассис бўлиб етишиш фарзи кифоя бўлган илмлардир.Шунга биноан, ота-она фарзандини фарзи айн бўлган илмдан тўсишга ҳаққи йўқ, аксинча, улар фарзандларига бундай илмларни ўрганишлари учун муносиб шароит яратишлари лозим. Фарзи кифоя бўлган илмларга келсак, бунинг ҳукми вазиятга қараб ўзгариши мумкин. Саволдан маълум бўлишича, ота-онангиз сизнинг илм олиш учун хорижга сафар қилишингизга норози. Шунинг учун сиз аввало ўрганмоқчи бўлган илмингизни ўз ватанингиздаги уламолардан ўрганишга ҳаракат қилинг. Агар сиз яшаб турган жойда бундай уламолар йўқ бўлса, у ҳолда ота-онангизни рози қилишга уриниб кўринг. Агар бунга рози бўлмасалар, у ҳолда фарзи кифоя учун ота-онани ранжитиш, уларни норози қилиш ярамайди. Чунки мазкур ҳолатда сиз ўрганмоқчи бўлган илм фарзи кифоя бўлса, ота-онани рози қилиш эса фарзи айндир. Айниқса, ота-онангизнинг сиздан бошқа фарзандлари бўлмаса ёки улар сизнинг моддий ва маънавий ёрдамингизга муҳтож бўлсалар, асло улардан узоқлашишингиз жоиз бўлмайди.Ундан ташқари алоқа воситалари ва интернет ривожланган ҳозирги замонда инсон ўз юртида туриб ҳам дунёнинг турли чеккаларидаги олим ва шайхларнинг билимидан баҳраманд бўлиш имконияти туғилди. Фақат бунинг учун толиби илмдан қатъий ирода ва қунт талаб қилинади холос.Хулоса қилиб айтганда, динимизда она-онани рози қилишга катта эътибор қаратилади, модомики гуноҳ ишга буюрмасалар фарзанд уларга итоат қилиши фарз. Хорижда таълим олишингиз учун жиддий зарурат бўлмаса, ота-онангизнинг гапига кириб, шу ернинг ўзида имкон қадар таълим олишингиз мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.
Савол:Ароқ сотиладиган дўкондан бирон нарса харид қилиш жоизми?Жавоб:Алҳамдулиллаҳ.Эслатиб ўтиш ўринлики, шариатимизда ароқ ва умуман маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиш ва уларни сотиш ҳаром.Ароқ ёки бошқа ҳаром нарсалар сотиладиган дўконлардан бирон ҳалол нарса харид қилиш аслида жоиз ва ҳалол. Бироқ ён-атрофда фақат ҳалол нарсалар сотиладиган дўконлар мавжуд бўлса, ҳаром нарсалар сотиладиган дўконлардан харид қилмаган афзал. Чунки бу қайсидир маънода бундай дўкон соҳибларига ҳаром ишдан тийилишлари учун босим ва тазйиқ ўтказиш вазифасини ўташи билан бир қаторда ҳалолликка интилган тижоратчиларга ёрдам бўлади, валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев