»
Ўзбекистон 26-миллий чемпионати биринчи лигасида «Цементчи» кичик олтин медалларни қўлга киритди. Қувасойликлар лига чемпиони бўлиш баробарида олий лига йўлланмасига ҳам эга чиқишди.
Абдумалик Ҳакимов шогирдлари бутун мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишганини жамоа қайд этган натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. «Цементчи» 34 та учрашувнинг 27 тасида ғалаба қозонди.
4 марта дуранг ўйнаб, 3та баҳсда мағлубият аламини тотиб кўрди. Тўплар нисбати 97-22. Жамоа 85 очко жамғарган ҳолда, энг яқин таъқибчиси «Истиқлол»ни 12 очко ортда қолдирди.
Ўтган ҳафта «Цементчи»нинг ўрнига олий лигада «Нефтчи» иштирок этиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар урчиди. Чунончи, ЎФФнинг олий лигада 12та жамоа қолиши ҳақидаги қароридан сўнг «Нефтчи»нинг биринчи лигага тушиб кетиши ойдинлашиб қолганди.
Биз ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Цементчи» бош мураббийи Абдумалик Ҳакимов билан боғландик.
- Абдумалик ака, биринчи галда, «Цементчи» жамоасини биринчи лига чемпиони бўлгани билан табриклаймиз. Назаримизда,бу натижага ортиқча қийинчиликсиз эришилди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Табрик учун раҳмат. Биласизми, мен бундай демаган бўлардим. Ҳар бир жамоа рақиблари қандай имконият беришига қараб ўйнайди.
Демоқчиманки, мавсум давомида ўзига яраша қийинчиликлар туғилди. Хуллас, олий лига йўлланмасини осонлик билан қўлга киритмадик.
- Лекин иккинчи ўриндаги жамоа билан очколар фарқи 12тани ташкил этди. Бу нимадан дарак беради?
- Гап шундаки, асосий рақибларга қарши кечган ўзаро ўйинларда ғалаба қозона олдик. Аввалдан асосий кураш шу жамоаларга қарши кечишини билардик.
- «Цементчи» муваффақиятининг сири нимада?
- Аҳиллик, ҳалоллик ва шаффофликда. Бундан ташқари, ҳар бир чизиқ бўйича жиддий ишладик. Меҳнатдан қочмадик. Футболчилар молиявий масалани биринчи ўринга қўйишмади. Ана шу омиллар бир бўлиб, жамоамизнинг умумий муваффақиятини таъминланди.
- Тақдирлаш маросими ўтказилдими?
- Асосий тадбир ҳали бўлгани йўқ. Лекин мухлислар билан ғалабани нишонладик.
- Мавсум аввалида жамоа олдига олий лигага чиқиш вазифаси қўйилганмиди ёки бу истак кейинчалик вазият тақозоси билан пайдо бўлдими?
- Йил бошида вилоят ҳокими жамоа олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган эди. Шу сабабли ҳам, чемпионатнинг 1-туриданоқ пешқадамликни ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик ва буни амалда уддаладик.
- Олий лигага чиқиш учун асосий даъвогар сифатида қаралган «Андижон» кутилмаган натижа қайд этди. «Истиқлол» эса аксинча, кўпчиликни ўз ўйини билан ҳайратлантирди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?
- Менимча, бу ички муҳит билан боғлиқ ҳолат.
- Иккала жамоа ҳақида ҳам шу фикрдамисиз?
- Ҳа, худди шундай. Иккисида ҳам ички муҳит ва руҳият билан боғлиқ ҳолат кўп нарсани ҳал қилган бўлиши мумкин.
- Эндиги режалар қандай? Жамоа қачон йиғилади? Футболчиларга неча кунлик таътил берилди?
- Янги мавсумга тайёргарликни декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида бошлашни мўлжаллаяпмиз. Лекин ҳозирча бу тахмин. Тез кунда тайёргарлик режасини ишлаб чиқиб, уни эълон қиламиз.
- Биринчи ва олий лига ўртасида катта тафовут бор. Элита жамоалари тайёргарликни эртароқ бошлайди. Шу маънода режа тузишда бу ҳолат эътиборга олинадими?
- Албатта. Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Олий лига умуман бошқа дунё. Тайёргарлик ҳам шунга монанд тарзда бўлади. Бу масалага жиддий қараяпмиз.
- Абдумалик ака, келаси йили олий лигада «Цементчи»нинг ўрнига Фарғона вилоятининг бош жамоаси - «Нефтчи» қатнашиши хусусидаги турли гап-сўзлар урчиди. Бу ҳақда шахсан ўзингиз ҳам эшитдингизми?
- Ҳа, эшитдим. Лекин нима учун ўз ўрнимизни «Нефтчи» ёки бошқа жамоага беришимиз керак? Ўз меҳнатимиз эвазига олий лига йўлланмасини қўлга киритдик. Бир йил давомида қилинган меҳнатни кўкка совуриш ниятимиз йўқ.
- Демак, «Цементчи»нинг олий лигада иштирок этиши аниқ.
- Албатта. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
- Жамоанинг ҳозирги уй стадиони олий лига талабларига жавоб берадими?
- Афсуски, йўқ. Буни очиқ-ойдин айтишим керак. Шу боисдан ҳам, учрашувларимизни Фарғонадаги «Истиқлол» марказий стадионида ўтказамиз.
- Бу масала ҳал бўлдими?
- Мана, вилоят ҳокими топшириғини бажардик. Бу масалани ҳам ҳал қилиб бўлганмиз. Хуллас, ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман.
- ЎФФнинг олий лигада 12та жамоа қолдириш ҳақидаги қарорига қандай муносабат билдирасиз?
- Шахсий фикрим ижобий. Федерация шундай қарор чиқардими, демак, уни ҳурмат қилиш керак.
- Тўғрику-я, лекин гап чемпионат тугашига 4та тур қолган бир пайтда чиқарилган қарор ҳақида кетяпти. Кўп жамоалар учун бу кутилмаган ҳолат бўлди. Шу нуқтаи назардан фикрингиз қандай?
- Федерациянинг бундай қарорга келганида бир ҳикмат бўлса керак. Ахир мутасаддилар шунчаки, бир иш қилишмайди. Лекин уларнинг нимани ўйлаётганини кўпчилик қатори мен ҳам билмайман.
Нима учун чемпионат якунида эмас, айнан мавсум тугашига 4та тур қолганда бундай қарор қабул қилингани бизга қоронғу.
- Олий лигада ўринбосарлар таркиби ҳам ўйнайди. Яъни, ёшлар лигаси бор. Бу борада қийналиб қолмайсизларми?
- Йўқ. Бу ҳолатни ҳам инобатга олиб, олдиндан тайёргарлик кўриб қўйганмиз. Қолаверса, Фарғона вилоятида истеъдодли ёшлар кўп. Фақат улардаги истеъдодни ўз вақтида аниқлаб, юзага чиқариш лозим. Асосий урғуни маҳаллий ёшларга қаратамиз.
- Таркибни олий лигага монанд тарзда кучайтириш бўйича ишларни бошлаб юбордингизми? Кўз остингизга олиб қўйган футболчилар борми?
- Албатта бор. Лекин ҳозирча уларнинг исм-шарифларини сўраманг (кулади).
- Тажрибали футболчилар барибир, керак. Шу маънода таркибга олий лига ҳавосини олган ижрочиларни таклиф қиласизми?
- Иккинчи даврада «Андижон» жамоаси сиз айтгандек, тажрибали футболчилар эвазига таркибни кучайтириб олганди. Аммо, якунда натижа қандай бўлганини ўзингиз кўрдингиз.
Тажрибали футболчилар ҳар доим ҳам жамоа олдига қўйилган вазифани бажаравермайди. Шахсан менга югурадиган, кучга тўлган, ғалабага чанқоқ ёшлар керак.
- Ҳар бир мураббийнинг ўз ўйин услуби бор. Сизнинг футбол фалсафангиз нимадан иборат?
- Қисқа айтганда, ҳимоявий футболга тоқатим йўқ.
- Ёшларга имконият беришни-чи?
- Бу асосий фалсафаларимдан бири.
- Таваккалчимисиз?
- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Ҳаётда таваккал қилиб туриш керак.
- Бу йилги чемпион таркиб сақлаб қолинадими ёки олий лиганинг бошқа клубларига йўл оладиган футболчилар борми?
- Муваффақиятли иштирокимиздан сўнг йигитларимизга олий лиганинг бир қатор клублари табиий равишда қизиқиш билдиради. Буни тушуниб турибман ва қандай бўлса, шундайлигича қабул қиламан.
Аввало, ўзимиз учун сув ва ҳаводек зарур футболчиларни олиб қоламиз. Ҳозирда шартномаси якунига етган футболчилар билан келишувни узайтиришимиз керак.
- Шахсан ўзингиз ҳам шартномани узайтирдингизми?
- Ҳозирча йўқ. Чунки, амалдаги шартномам муддати йил якунида тугайди. Яқин орада клуб раҳбарияти билан бу мавзуда суҳбатлашиб оламиз.
- Жамоангиздан мавсум кашфиёти сифатида кимни айтган бўлардингиз? Биринчи лигадан-чи?
- «Цементчи»дан Отабек Аҳмаджонов, биринчи лигадан эса «Машъал-2» футболчиси Шаҳбоз Убайдуллаевни алоҳида таъкидлашим мумкин.
- Мураббийлар штабида ўзгариш қиласизми? Кимдир қўшиладими?
- Ҳа, албатта бундай ўзгариш бўлади. Мураббийлар штаби бойитилади. Бизга дарвозабонлар билан ишлайдиган алоҳида мураббий керак. Кейин ёшлар лигасида ўйнайдиган таркиб учун ҳам мураббий олишимиз лозим.
Шунингдек, спорт директори, маркетинг ва яна бир қатор йўналишлар бўйича ходимларни ишга қабул қилиш шарт. Бежизга олий лига талаблари ҳақида сўз очмадик. Бу ерда талаблар умуман бошқача.
- Раҳбарият олий лига йўлланмаси қўлга киритилгани ва кичик олтин медаллар учун жамоани рағбатлантирдими?
- Рағбатлантириш йил якунларига бағишланган тадбиримиз доирасида бўлиб ўтади. Ўзи аслида олий лигага чиққанимизнинг ўзи ҳар бир мураббий ва футболчи учун катта рағбат ҳисобланади.
Футболчилар кучлилар сафида кечадиган ўйинларда ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўладилар. Буни уларнинг ўзлари ҳам жуда яхши тушуниб туришибди.
- Биринчи лиганинг савияси жуда паст эканлиги ҳақида кўп гапирилади. Бу борада фикрингиз қандай?
- Агар ўтган йиллар билан таққосласак, савия бироз ошганлиги кўзга ташланади. Лекин барибир, айрим жамоаларда камчиликлар ҳамон сақланиб қоляпти. Ташкилий масалаларда муаммолар бор. Кўпи билан 6-7та жамоа совринли ўринлар учун курашяпти.
Қолган жамоаларда эса қатнашишдан деярли мақсад йўқ. «Интрига» асосан турнир жадвалининг юқори қисмида бўляпти. Ёш футболчилар учун биринчи лига жуда ҳам яхши мактаб вазифасини ўтаб беради.
Агар улар ўзларини ижобий томондан намойиш этишса, келаси мавсумларда олий лига клубларида ҳам бемалол ўйнашлари мумкин. Стадионларнинг аҳволи, майдонлар чими ҳақида нима дейишим мумкин?
Афсуски, яхши сифатга эга майдонлар жуда кам. Юқорида айтганимдек, бизнинг стадионимиз ҳам олий лига талабига жавоб бермайди.
Сифатсиз майдонда ҳеч қачон савияли футбол намо-йиш этиб бўлмайди. Бунга исбот келтириш ҳам шарт эмас. Тақир майдонларда жароҳат олиш хавфи юқори. Мухлислар эса стадионга чиройли футбол кўриш учун келишади.
- Сўнгги ўйинларда олий лиганинг бир нечта жамоалари ҳакамлар қароридан азият чекди. Биринчи лигада ҳам мавсум давомида бу каби ҳолатлар кузатилдими?
- Йўқ, шукурки, бизда бундай нохуш ҳолатлар бўлмади. Энди кичик хатолар рўй бергандир, лекин ҳакамлар қайсидир жамоанинг зарарига хизмат қиладиган, натижага таъсир ўтказадиган қарорлар чиқаришмади.
Билмадим, балки бошқа айрим жамоаларнинг ўйинларида нохолис ҳакамлик кузатилгандир. Аммо бизнинг жамоа иштирокидаги ўйинларда бундай манзарага гувоҳ бўлмадим.
Интер футбол газетаси мухбири К. АЛИМОВ суҳбатлашди
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 32