____________________
Мусулмон биродарим, бева ва тул аёллар минилган эски мошина эмас, Аллоҳдан қўрқинг!
Мусулмон аёлнинг эри вафот этса ёки талоқ қилса, саҳобалар уни ўз қарамоғига олишга, иззат-ҳурмат қилиб, унга уйланишга шошилишар эди. Тарихга назар солсак, уч ёки тўрт марта турмушга чиққан саҳобия аёлларни кўришимиз мумкин. Лекин ҳеч ким бу аёлларга паст назар билан қарамаган, уларни камситмаган. Масалан, Отика разияллоҳу анҳо Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ўғлига турмушга чиққан. Улар бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлишган. Эри вафот этганидан кўп вақт ўтмай унга Умар разияллоҳу анҳу уйланган. Умар разияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаворийлари Зубайр ибн Аввом уни ўз никоҳига олган ва у ҳам шаҳид бўлган. Ҳеч ким уни “шумқадам” ёки “эр ейдиган аёл” деб ҳақорат қилмаган. Аксинча, ҳамма: “Ким шаҳид бўлишни истаса Отикага уйлансин”, деган.
Келинг, биргаликда Асмо бинти Умайснинг ҳаётига қарайлик. Унинг охирги турмуш ўртоғи эркаклар ва чавандозлар сардори Али разияллоҳу анҳу Асмонинг олдинги турмушидан туғилган фарзандларини эркалатар эди. Асмо уларга оталари ҳақида яхши гаплар айтиб беришини эшитиб рашк қилмай, табассум қилар ва: “Агар улар (олдинги турмуш ўртоқларинг) ҳақида бундан бошқача гапирсанг таъзирингни бераман. Улар менинг ўртоқларим”, дер эди. Бирон саҳобия эри вафот этганидан кейин турмушга чиқса, ҳеч ким уни собиқ эрига хиёнат қилганликда айбламаган.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиздан бошқа бокирага уйланмаганлар. Бугун биров олдин турмуш қурган аёлга уйланмоқчи бўлса, унга минилган мошинадек қарайди. Аллоҳга қасам, бу муслима аёлга нисбатан зулмдир. Кўп эркаклар аёл олдинги эрини эслашидан қийналишини айтади. Бу эса эркак ўзининг эркаклигига, шахсиятига, куч-қувватига ишончсизлигидан ёки мазкур нарсалар мутлақо йўқлигидан далолат. Аллоҳга қасам, турмуши бузилган ёки тул қолган муслима муваффақиятсиз саналмайди. Агар турмуши бузилиш ёки бева қолиш муваффақиятсизлик бўлганида Талоқ сураси «муваффақиятсизлик» ёхуд «муваффақиятсиз аёллар» сураси деб аталарди. Лекин муфассирлар бу сурани «Ечим сураси» деб номлашган. Сабаби, Аллоҳ таоло бу сурада: “Билмайсиз, шояд Аллоҳ бундан кейин бирон иш-ечим қилар”, деган. Биз ҳам талоқ мусибати бошига тушиб, келажагидан, келгусидаги машаққатлардан қўрқиб турган синглимизга: “Қўрқманг! Билмайсиз, балки Аллоҳ бундан кейин бирон ечим қилар”, деймиз. Қўрқманг, балки Аллоҳ ажралгандан сўнг бахт-саодат берар. Балки бу эрнинг ўрнига ундан ҳам солиҳроқ ва яхшироқ жуфт берар. Балки келгусида сизни хурсандчиликлар кутаётгандир!!!
Бева ва тул муслималарни қарамоғимизга олиш, уларнинг ҳам руҳий-маънавий, ҳам моддий зарарларининг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилиш, итфеъл ва пасткашларнинг ёмон назаридан уларни ҳимоя қилиш биз мусулмонларнинг бурчидир. Мана, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи турмуш ўртоғи Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо ҳам олдин турмуш қурган эди. Аёлнинг бир неча эрга тегиши ор бўлганида Ислом бизни бундан қайтарар, буни ҳаром қилар эди. Динимиз хулқ-атворда барчамиздан юқори. Зеро, ҳамма мақтовга лойиқ хулқ-атворни биз динимиздан ўрганганмиз.
Муслима аёл поклик манбаи, исломий жамият пойдеворидир. Муслима аёл исломий жамиятнинг гўзал ахлоқлар сари йўлланмасидир. Шундай экан, муслима аёллар борасида Аллоҳдан қўрқайлик! Аллоҳ таоло барча муслима хотин-қизларни Ўз ҳимоясида сақласин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев