ОТА-ОНАМ НАСИҲАТИ
Ҳаёт денгизининг қирғоқларида,
Ўйнаб юрган шўх-шодон боламан.
Аллоҳнинг ишқи дилларда мангу,
Мен бу ҳаётни шундай севаман.
Ҳаёт: йўлларимни тўсолмас сира,
Шукур, дуогўйим ота-онам бор.
«Яхшига, ёмонга сен кулиб қара,
Меҳр улашиб сен қилгин бахтиёр.
Қирқ ҳунарнинг қироли бўлгин,
Иш излаб кўчада қолмайсан.
Нурларинг ҳамиша ёнингда,
Зулматли кечада қолмайсан.
Бир гўзални шундай севгинки,
Номусин сотмагин ҳеч қачон.
У ҳам кимнингдир синглиси,
Синглинг бор, фикр қил лаҳза, он.
Каттага ҳурматинг, иззатинг ёшга,
Қариган чоғингда роҳати бордур.
Ҳаёт бошқа-ю, ҳой-ҳавас бошқа,
Билмайсан, муҳаббат нимага қодир.
Қўлингдан келса яхшилик қилгин,
Яхшиликни ҳеч қилмагин канда.
Бировлар кўнглига ёруғлик киргиз,
Ғамгусорларга сен бўлгин далда.
Ёмон ишлардан сен бўлгин нари,
Босган қадамингдан сен бўлгин огоҳ.
Одам бўл, олим бўл, кўнглимиз дарди,
Болам дуойимиз сенгадир паноҳ.
Бу сўзларимиз ёддан чиқарма,
Одамийликни унутма болам.
Умрингни беҳуда сувга оқирма,
Умринг - неъматингдир, мунаввар олам».
Ҳаётим мазмуни гулисиз она,
Сиз борсиз ҳаётда ўйнаб юрибман.
Панду-насиҳатлар уйисиз ота,
Сиз борсиз қувончга тўлиб юрибман.
08.12.2017
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев